Америка TikTok хавф дейди. Ўзбекистон-чи?

Сурат манбаси, AFP
АҚШда TikTokни судга беришди, Конгресс TikTok фаолиятини мамлакат ҳудудида тақиқлайдиган қонунни маъқуллади.
Президент Байден "бу қонун столимга келиб тушиши билан имзолайман" деди, Хитой эса бундай қонун қабул қилинишини адолатсизлик деб таърифлади.
Хўш, нега Ғарб TikTokка қарши?
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистонда Telegram, Facebook ва Youtube ишламай қолди
- TikTok узр сўради ва Хитой ҳукуматининг мусулмонларга қилаётган жабри қораланган видеони қайта жойлади
- TikTokда қандай машҳур бўлмоқдалар ва минглаб доллар пул топмоқдалар?
- ТикТокда Россиядаги митингларга қарши пуллик постлар қаердан пайдо бўлди?
TikTok дунёнинг айниқса ёшлар орасида ҳаддан зиёд машҳур бўлган ижтимоий тармоқ платформаларидан бири.

Сурат манбаси, .
3 миллиард ойлик фаол фойдаланувчиси билан Facebook биринчи ўринни, WhatsApp 2,78 млрд билан иккинчи, 2 миллиард 490 миллион фойдаланувчиси билан YouTube учинчи ўринни эгаллайди.
Instagram ва WeChat дан кейинги ўринни эгаллайдиган TikTokнинг 1 миллиард 220 миллион ойлик фаол фойдаланувчиси(MAU) бор деб кўрилади 2024 йил январида эълон қилинган ҳисоботларда.
АҚШ сиёсатчилари "мамлакат ҳудудида TikTok фаолиятини тўхтатиш керак" деган мақсаддаги ҳаракатларини бошлаганидан кейин кўплаб TikTok фойдаланувчилари норозилик намойишига чиқдилар, уларнинг қўлида "Мен 170 миллионлик америкалик фойдаланувчилардан бириман" деган ёзувни кўриш мумкин эди.

Сурат манбаси, Getty Images
TikTok бошқаларга қараганда ҳам 2000 йилдан кейин дунёга келган ёшлар орасида ўта машҳур.
TikTok ижтимоий тармоғининг эгаси Пекин шаҳрида жойлашган ByteDance компанияси.
ByteDance хусусий ширкат, аммо Ғарбда Хитой ширкатларига ишонч кам, шунинг учун кўплаб мамлакатлар давлат идоралари ходимларига, сиёсатчилар ва хавфсизлик хизматлари ходимларига ўзларининг иш телефонларига TikTok аппликациясини ўрнатиб олишни тақиқлаганлар.
Асосий хавотир шуки, Хитой ширкатининг мобил телефон иловасини ўрнатган одам ҳақидаги шахсий маълумотлар, мобил телефони ичига ўрнатилган бошқа аппликацияларга тааллуқли маълумотларни TikTok "суғуриб олади" ва сўнг бу маълумотларни Хитой ҳукуматига тақдим этади, деган хавотир.
Танқидчилар шундай танқид қиладилар: TikTok ўзининг фойдаланувчилари ҳақида ҳаддан зиёд кўп маълумотни йиғади.
Олиб борилган тадқиқотлардан шу нарса маълум бўлдики, TikTok фойдаланувчисининг жойлашган жойи, TikTokка қанақа ускунадан "кираётгани" ва бу ускуна ичида яна бошқа қайси аппликациялар борлиги ҳақидаги маълумотни чиндан ҳам тўплар экан.
Бироқ Citizen Lab ширкати ва Жоржия Технология институти ўрганишларидан аён бўлишича, агар TikTok тўплаётган маълумотлар бошқа ижтимоий тармоқ платформалари ўз фойдаланувчилари ҳақида йиғаётган маълумотлар билан солиштирилса, ҳаммасиники деярли бир хил.

Сурат манбаси, Getty Images
Фақат битта фарқи Facebook, Instagram, Snapchat ва YouTube АҚШники, TikTok Хитойники.
Ҳали 2020 йилдаёқ Дональд Трамп президентлиги вақти TikTokни АҚШда блоклашга ҳаракат қилган, бу аппликация АҚШ давлат идоралари ходимлари ҳақидаги шахсий маълумотларни тўплайди, бу маълумотлардан ўша одамларни шантаж қилиш мақсадида фойдаланади, Хитой фойдасига жосуслик мақсадида фойдаланади, деган иддаони илгари сурган.
TikTok раҳбарлари Америка парламенти аъзолари савол-сўроғига бир неча марта чақиртирилдилар.
TikTok эса 2020 йилдан буён мустақил хусусий ширкат экани, Хитой ватандоши бўлмаган одамлар ҳақидаги маълумотлар базаси АҚШнинг Техас штати ва Европада жойлашганини такрорлаб келади.
2022 йили ByteDance ўзининг Пекиндаги офисида ишлайдиган бир неча ходими АҚШ ва Буюк Британиядаги камида икки журналистга оид маълумотларни қўлга киритганлари, уларнинг ҳаракатланган жойларини кузатганлари ва компанияга оид маълумотларни ўша журналистларга сиздиришда гумон этилган TikTok ходимлари билан учрашган-учрашмаганларини билишга уринганларини тан олди.
Компания бу ходимларини ишдан ҳайдаганини эълон қилди.
TikTok Европадаги фойдаланувчилари маълумотларини сақлаш учун янада қаттиққўл чораларга қўл урган, Европа Иттифоқи бирорта ижтимоий тармоқ платформаси олдига бундай талабларни қўймаган.
Шундай бўлса-да, TikTokка ишончсизлик ҳамон мавжуд, бунга АҚШ Федерал Тергов Бюроси директори Кристофер Врейнинг Америка қонун чиқарувчилари олдидаги савол-жавобда айтган гаплари асосий сабаблардан дейиш мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
У шундай деган:
"Хитой ҳукумати таъсир ўтказиш амалиётида фойдаланиш мумкин бўлган тавсия алгоритмларини назорат қилиши мумкин".
АҚШлик фойдаланувчи ўсмир қиз Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан сиёсатини қоралаган видеосини эълон этгани учун ўзининг TikTok аккаунти ёпилганини эълон қилди.
TikTok цензурага йўл қўяётгани ҳақидаги кескин танқидлар ортидан ижтимоий тармоқ расман кечирим сўради ва Феруза Азизнинг аккаунтини қайта тиклади.
Хитой ичкарисида Интернет, барча ижтимоий тармоқ платформалари қаттиқ кузатиб борилади, бутун бошли цензорлар армияси аксилҳукумат постларни ўчириб ўтириш билан шуғулланади.
Аммо TikTokнинг ташқи дунёдаги амалиётини кузатган тадқиқотчилар мунтазам сиёсий цензура билан шуғулланмайди деган хулосага келдилар.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон ҳукумати ҳам TikTokка 2021 йили тўсиқ қўйган
Аммо TikTokнинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари аллақачон ижтимоий тармоқларга қўйилган тўсиқларни "айланиб ўтиш" йўлларини яхши ўзлаштирганлар, VPN Ўзбекистонда 2018 йилдан буён анча машҳур.
TikTokнинг реклама бошқармаси маълумотларига кўра, 2024 йил бошида платформанинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари сони 3 миллион 120 минг атрофида деб кўрилган.
Йил бошида Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари сони 29 ярим миллиондан ошган, фаол ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг жами сони 9 миллион атрофида деб кўрилади.
Очиқ маълумотлар базасида ўзбекистонлик TikTok фойдаланувчиларининг 50 фоизидан ортиғининг ёши 25-34 орасида, 44 фоизининг ёши 18 ва 24 орасида эканини, энг кўп фойдаланувчилар Beeline мобил алоқа ширкати хизматидан фойдаланаётганлари ва энг кўп ишлатилаётган мобил телефон Хитойда ишлаб чиқарилган Xiaomi Redmi Note 8 эканини билиб олиш мумкин.
Ғарбда TikTok инсонлар онгини "заҳарловчи" восита бўлиши мумкинлиги ҳақида гапира бошланган.
Бунда заҳар таҳдиди Хитойдан кўрилади.
Ўзбекистонда эса ёшларнинг одобсиз, ахлоқсиз видеолари TikTokни мамлакатда тақиқлаш чақириқларига етаклаган ва раҳбарларни уни блоклашига сабаб бўлган деб кўрилади.
TikTokка Ўзбекистонда 2021 йилдан блок қўйилганига қарамасдан, ширкат 2023 йили Ўзбекистонда солиқ тўловчи компания рўйхатига киритилган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















