Ўзбекистонда Telegram, Facebook ва Youtube ишламай қолди O'zbekiston Internet

3 ноябрь кечки соат 8 дан кейин ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари Telegram, Facebook, Youtube ва Одноклассникига киролмай қолганларини хабар қилдилар.
Ўзбекистондаги веб-сайтлар Информатизация ва телекоммуникация назорати бўйича Давлат инспекцияси - "Ўзкомназорат" қатор ижтимоий тармоқларни шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритгани ҳақида хабар тарқатдилар.
"Ўзкомназорат"нинг "Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри" Ўзбекистон Давлат Персоналлаштириш марказининг расмий веб саҳифасида эълон қилинди.
Бу рўйхатга "Moy mir", "Odnoklassniki", YouTube, LinkedIn, Instagram, Facebook, Telegram 3 ноябрдан киритилганини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, https://pd.gov.uz/spoiler/?type=spoiler
Россиянинг Спутник канали Президент Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни сақлашга доир қонунни бузгани учун Интернет ижтимоий тармоқ компанияларини жаримага тортиш ҳақидаги фармонни имзолади, дея хабар тарқатди.
"Ўзкомназорат" Facebook, Google, Mail. ru, Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter ва Yandex компанияларини Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажариш лозимлиги ҳақида огоҳлантирган.
Шу йил июлида Skype, Twitter, TikTok, "ВКонтакте" ва WeChat фаолиятларини Ўзбекистонда тўхтатишга қарор қилинганди.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Қатор фойдаланувчилар ва ўзбекистонлик блоггерлар Телеграм ва сайтларга VPN орқали киришга мажбур бўлаётганларини хабар қилган вақтда Тошкентдаги ҳамкоримиз Фейсбук ҳам, Телеграм ҳам ишлаётганини айтди.
Интернетдаги навбатдаги чеклов Ўзбекистондаги президентлик сайлови ўтиб бўлиши ортидан кузатилди.
Фойдаланувчилар ушбу қадамга салбий муносабат билдира бошладилар, яқиндагина Freedom House Ўзбекистонни Интернети эркин бўлмаган мамлакат лар рўйхатига киритган эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов "Ўзкомназорат" раҳбари лавозимидан бўшатилгани ҳақида Телеграм каналида хабар тарқатди.

Сурат манбаси, Telegram/Prezident matbuot kotibi Sherzod Asadov
"Президент топшириғига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди, рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади".
Шерзод Асадов ёзишича, "Ўзкомназорат"нинг ушбу ҳаракати "бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат" бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















