Янгиликлар. Ўзбекистон: Толибон ҳукумати янги баёнот билан чиқди, расмий Тошкент ҳозирча жим Qozog‘iston O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Нима гап?
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео
- Янгиликлар. Бунақаси кўрилмаган: Минтақага Россия таҳдиди кучайдими - Қозоғистон чегараларини мустаҳкамлашга киришди...
- Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?

Сурат манбаси, Reuters
Толибон муваққат ҳукуматининг расман хабар беришича, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига бошчилик Исломий Амирлик томонидан тайинланган ўз элчиси Мавлавий Муғфируллоҳ Шаҳобга топширилган.
Бу ҳақда Толибон ҳукуматининг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид кеча, 4 февраль куни Х - (аввалги Twitter) платформасида маълум қилган.
Аммо, шундай деркан, Толибон ҳукумати расмий вакили унинг мавқеи муваққат экани-йўқлигига ойдинлик киритмаган.
У, шунингдек, янги "элчи"нинг қачон иш бошлагани ёки бошлаши, Ўзбекистондаги элчихона ходимларига расман таништирилгани ёки йўқлиги ва президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиқлари топшириши кутилаётгани ёки эмаслиги тафсилотларига ҳам ойдинлик киритмаган.
Забиуллоҳ Мужоҳиднинг ёзишича, "Афғонистон элчиларини қабул қилиш ва дунё мамлакатларидаги элчихоналарини топшириш силсиласи жадал суръатлар билан давом этмоқда".
Би-би-сига маълум бўлишича, Толибон муваққат Ташқи ишлар вазирлиги уни вақтинчалик ишончли вакиллари сифатида тилга олган.
Мавлавий Муғфируллоҳ Шаҳоб Афғонистоннинг амалдаги Кончилик ва нефть вазирининг ўғли экани айтилмоқда.
Сўнгги янгилик Толибон муваққат ҳукумати, икки йилдан ошиқки, Ўзбекистон илова дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган бир манзарада олинган.
Толибон муваққат ҳукумати расмий вакилининг айни мазмундаги баёнотига ҳозирча расмий Тошкент муносабати маълум эмас.
Янги тайинлов?..

Сурат манбаси, Socialmedia
Би-би-си суҳбатлашган манбаларга кўра, Толибон бундан аввал мазкур масалани Ўзбекистон томони билан кўтарган.
Айтилишича, Мавлавий Муғфуруллоҳ Шаҳоб сўнгги икки ой давомида Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида биринчи котиб сифатида фаолият юритиб келган.
Манбаларга кўра, Толибон муваққат Ташқи ишлар вазирлиги ўтган икки ярим йилдан ортиқроқ вақт ичида ўз назоратлари остида ишлаб келган сўнгги сайланган афғон ҳукуматининг элчисини мактуб орқали ўз вазифасидан озод қилган.
Айрим хабарларда бунга Аҳмад Холид Илмийнинг элчилик ваколати тугагани ҳам сабаб қилиб келтирилган, унинг аллақачон Афғонистонга қайтгани ҳам айтилган.
Сўнгги янгиликка ҳозирда собиқ экани айтилаётган афғон элчиси ўзининг муносабати маълум эмас.
Расмий Тошкент Толибон қудратга қайтиши ортидан кечган вақт оралиғида Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси мавқеига расман ойдинлик киритмаган.
Аммо Ўзбекистон Россия ва Хитой каби бу вақт оралиғида ўзининг Афғонистондаги элчихонаси ва консуллигини ёпмаган, бу каби қарорда бўлган дунёнинг саноқли давлатларидан бири.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Skrinshot
Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасини энди Толибон муваққат ҳукумати вакили бошқаришига оид хабар минтақадаги аксарият йирик нашрларнинг эътиборига тушган, бунинг Россияда ҳам беэътибор қолмагани кўрилган.
Уларда ёзилишича, Мавлавий Муғфуруллоҳ Шаҳоб ўз вазифаси ижросига де-факто киришган, элчихонага де-юре раҳбарликни эса, Ўзбекистон президенти ишонч ёрлиқларини қабул қилганидан кейин бошлайди.
"Медиазона"га кўра, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги янги элчисининг миссияси ҳатто ўтган жума куни бошланган, аммо бу ҳақда фақат энди маълум бўлган.
Агар, бошқа бир нашрларга таянилса, у икки кун олдин элчихона ходимларига расман элчи сифатида ҳам таништирилган.
Би-би-си суҳбатлашган манбаларга кўра, Республика давридаги дипломатлар ва ходимларнинг аксарияти бу элчихонани аллақачон тарк этиб бўлишган.
Ўзбекистондаги айрим йирик нашрларнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришларича эса, Толибон муваққат ҳукумати вакили элчихонага вақтинчалик бошчилик қилади ва унинг расмий мақоми элчи эмас.
Ўтган ҳафта Хитой президенти Толибон муваққат ҳукумати элчисининг ишонч ёрлиқларини расман қабул қилиб олган дунёнинг илк давлати бўлган, янгилик жаҳон бўйлаб катта шов-шувга ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.
Бугунги сиёсат

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон қудратга қайтиши ортидан кечган икки ярим йилдан ортиқроқ вақт ичида ҳукумати расман тан олинмаган эса-да, минтақанинг Афғонистонга чегарадош қатор давлатларига ўзининг дипломатларини юборган, бу мамлакатлар билан фаол мулоқотда бўлиш, айниқса- савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш ва кўпроқ хорижий сармояни кўлга киритишга ҳаракат қилиб келади.
Толибон муваққат ҳукуматининг айни саъй-ҳаракатлари манзарасида бундан икки йилча муқаддам Туркманистон уларнинг вакилларини қабул қилган биринчи минтақа давлати бўлганига оид хабарлар ҳам олинган.
Орада Қозоғистоннинг Толибон вакилларига Афғонистоннинг пойтахт Остонадаги элчихонасини тақдим этиш, улар дипломатик вакилларини аккредитациядан ўтказиш режасида эканига оид расмий баёнотлари минтақада яхшигина шов-шувга ҳам сабаб бўлмай қолмаган, бу ўшанда расмий Остона Толибон ҳукуматини тан олмоқчими, деган саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Қозоғистон яқинда Афғонистон Толибон ҳаракатининг расман террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришган ҳам қарор қилган.
Афғонистоннинг қўшнилари орасидан Тожикистоннинг Толибонга қарши қатъий мавқеи эса, воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида минтақада эътибор топган алоҳида бир воқеъликка ҳам айланган.
Pасмий Душанбе улар билан на-да фаол дипломатик алоқа ўрнатган ва на-да Афғонистоннинг сайланган ҳукуматидан қолган элчихонасини уларга берган.
Ўзбекистон бугун Қозоғистон ва Туркманистон ортидан Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга ҳар томонлама яқинлашиш истаги, ҳаракати ва режасида бўлган минтақа давлати. Афғонистонга хавфсизликдан кейин, айниқса, савдо-сотиқ ва транспорт-логистика масалаларида кўз тиккан.
Ўзбекистон 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистонни буткул тарк этиши ва қудратга яна толибларнинг қайтиши манзарасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан биринчилардан бўлиб тўғридан-тўғри дипломатик алоқа ўрнатган.
Расмий Тошкент истаги

Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келишидан саноқли кунлар ўтиб, Афғонистондаги вазиятга тўхталган.
Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун "ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.
"Мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр экани ва Афғонистондаги вазиятни назорат қилиб турганликлари"ни баён қилган.
Президент Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.
Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилган.
Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўтган ҳафта Кобулга қилган сафари чоғида ҳам чегаралар ҳимояси масаласи кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири бўлгани маълум бўлган.
ИШИД Хуросон қанотининг қайта фаоллашаётганига оид хабарлар фонида Афғонистондан чегараоша ҳужумлар бугун бу уч минтақа давлатининг ҳам диққат-эътиборидаги хавотирга молик воқеълик, хавфсизликлари билан боғлиқ реал муаммолардан бири бўлади.
Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг турли жангари ташкилотлар фаол бўлган саноқли давлатларидан бири бўлади, ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топиб келган, келаётган мамлакат саналади.
Амалдаги муваққат Толибон ҳукуматининг бирор бир келишувларсиз трансчегаравий Амударё сувининг янги истеъмолчисига айланиш - зиддиятли Қўштепа каналини қуриб, битказиш қарори эса, бугун минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдидга айланиши мумкин бўлган янги ва рад этиб бўлмас фактор ўлароқ ўртага чиққан.
Расмий Тошкент ўзлари учун зиддиятли бўлган янги канал қурилиши масаласида Толибон билан ҳамкорлик қилишга рози эканини билдиришгача борган.
Айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, айнан минтақада хавотирли даражада кучайиб бораётган сув муаммосининг ечими ҳам Толибонни тан олишда ўзининг ифодасини топиши мумкин.
Толибон Афғонистони

Сурат манбаси, EPA
Афғонистон дунёнинг энг кўп миллатли давлатларидан бири бўлади. Дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати ўлароқ кўрилади.
Толибон ҳукумати муваққат ҳукуматининг расман тан олиниши учун халқаро ҳамжамият томонидан илгари суриб келинаётган асосий талабларни ҳозиргача бажармаган.
Афғонистонда турли миллат, сиёсий партия ва ҳаракатлар вакилларини ўз ичига олувчи инклюзив ҳукумат яратиш, афғон хотин-қизларининг ишлаш, таълим олиш имкониятларини тўлиғича таъминлаш ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш каби шартлари ҳануз кун тартибидан тушмаган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи ортидан, Ғарб Афғонистонга бериб келаётган молиявий кўмакларини кесиб қўйган, мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активларини музлатган, халқаро ҳамжамият, дунёнинг бирор бир давлати Толибон муваққат ҳукуматини ҳали-ҳануз тан олмаган.
Мавжуд вазият Афғонистон "Ер юзининг жаҳаннами"га айланиши, жангари гуруҳларнинг қайта бош кўтариши, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосининг янада кучайиши, қочқинлар бўҳронини пайдо қилиши ва буларнинг барчаси минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни издан чиқаришига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Афғонистонда қисқа вақтнинг ичида юзага келган бу каби ҳолатдан, айниқса, унга қўшни ва яқин минтақа давлатларининг ниҳоятда ташвишда эканликлари кўрилган.
Афғонистондаги вазиятга бағишланган минтақавий анжуманларнинг сўнггиларидан бирига пойтахт Тошкент мезбонлик қилган, ҳайъатлар Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида томонларнинг ўз мажбуриятларини босқичма-босқич бажаришга қаратилган алгоритмни тайёрлаш ва Афғонистонда амалда бўлган ҳукумат билан келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини ташкил этиш ташаббусига ижобий муносабат билдиришган.
Толибон, аксинча, сўнгги ойларда афғон хотин-қизларининг ҳуқуқларини янада чекловчи янги тақиқлар билан чиққан, аввал уларнинг нодавлат ташкилотлари, кейин эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти идораларида ишлашларини ҳам расман маън этган.
Имкон қадар кўпроқ хорижий сармоя, савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик илинжи сўнгги йилларда Афғонистонга қаратилган минтақавий йиғинларда Толибон муваққат ҳукуматини энг кўп қизиқтираётган мавзу экани кўрилган.
Толибон Афғонистонга гуманитар ёрдам сиёсийлаштирилмаслиги керак, хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласи эса, мамлакатнинг "ички иши" эканини айтиб турибди.
Бу галги бошқарувининг аввалгисига ўхшамаслиги, мўътадил бўлажагига оид ваъдалари ҳозирча Афғонистон ижтимоий, иқтисодий, маиший ва сиёсий ҳаётида ўзининг тўлақонли исботини топмаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Толибон муваққат ҳукумати юборган элчиси номзодини ҳали-ҳануз маъқулламаган ва уларни тан олиш-олмаслик масаласи муҳокамасини ортга суриб келмоқда.

Охирги пайтларда Ғарбда Афғонистоннинг яна террорчилик плацдармига айланганига оид хулосаларга келинаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Воқеаларнинг Толибон муваққат ҳукумати бошқаруви остидаги Афғонистон билан боғлиқ бу каби ривожи эса, энди Бирлашган Миллатлар Ташкилотига уларни тан олиш масаласини кўтаришдан бошқа танлов қолдирмайди, деган таҳлил ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Толибоннинг Афғонистондаги халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган илк тузуми 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари томонидан ағдарилган.
Бунга Толибон ҳаракатининг худди ўша йилнинг 11 сентябрь куни Америка Қўшма Штатларига уюштирилган ҳужумларга масъулликда айбланган "ал-Қоида" тармоғига Афғонистондан бошпана бергани сабаб ўлароқ кўрсатилган.
Арзон ишчи кучи, табиий маъданларга бой, муҳим транзит йўлида жойлашган, аммо иқтисоди таназзулга юз тутиш ёқасида қолган ва аксар аҳолиси қашшоқ Афғонистон эса, аксарият Марказий Осиё давлатлари баробарида дунёнинг ядровий қудратлари бўлган Хитой ва Покистон, бошқа томондан, геостратегик муҳим Эронга чегарадош, Россия ва Ҳиндистонга эса, яқин жойлашган, минтақанинг аксарияти ўзаро адоватда бўлган бу ўйинчи давлатлари, йилларки, ўз таъсирлари остига олиш, ўз манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган мамлакат.
Марказий Осиёни Жанубий Осиёга боғлаш, минтақа давлатлари, айниқса, минтақанинг энг йирик, аммо денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистонни жаҳон сув йўллари ва улар учун ноанъанавий бозорларга олиб чиқиш потенциалига эга муҳим давлат.
Айрим етакчи минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, расмий Тошкентнинг стратегияси Толибоннинг тафаккури, хатти-ҳаракатини йиллар давомида тадрижий ўзгартириб бориш ва Толибонни масъул бўлган, масъулиятли бўлган сиёсий кучга айланишидан манфаатдорликка қаратилган.
Уларнинг айтишларича, бугун Афғонистонга янада яқинлашиш ҳаракатида бўлган Қозоғистон мисолида олганда, расмий Остона ўзининг "прагматик" сиёсатида дунё давлатлари эртами-кечми, Толибон билан музокаралар столига ўтириши, Толибонни де-факто ва ундан кейин кейин де-юре тан олишга мажбур бўлиши мантиғига таянмоқда.

Афғонистон Толибон ҳаракати яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлган.
Халқаро ҳарбий доираларда ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони 100 мингга яқин экани айтилган.
Ўзи Афғонистонда қудратга қайтган қисқа вақтнинг ичидаёқ хавфсизлик кучлари сонини 150 мингга етказган ва шу кунларда бу рақамларни яна эллик мингтага ошириш режасида эканини ҳам расман баён қилган.
Уларнинг бу каби баёнотлари айнан Толибон муваққат ҳукуматининг халқаро миқёсда тан олинмаётгани манзарасида янграгани билан ҳам минтақавий экспертларнинг эътиборларига тушмай қолмаган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













