Ўзбекистон, янгиликлар: Ерни ҳайдамаслигимиз, шудгор қилмаслигимиз керакми? Олимлар иқлим ўзгаришига мослашиш ҳақида нима демоқда? видео

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Глобал очлик индексида Ўзбекистон озиқ-овқат етишмовчилиги хавф солмайдиган давлатлар қаторидан жой олди. Аммо мутахассислар мамлакат озиқ-овқат таъминотидаги хатарлардан тўлиқ ихоталанмаганини айтади. Шундай манзарада 7-8 сентябрь кунлари айни муаммога бағишланган халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Глобал очлик индексида мамлакат Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичга эга бўлиб, 121 давлат орасидан 21-ўриндан жой олган бўлса-да, реал вазиятга солиштирганда, бу рақамлар нисбий бўлиши мумкин.
Сабаби индексга АҚШ ва Европа Иттифоқи аъзолари каби ўзига тўқ давлатлар киритилмаган.
Коронавирус пандемияси, Россиянинг Украинага босқини каби глобал инқирозлар эса Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатларга сезиларли салбий таъсир кўрсатган - озиқ-овқат импорти нархлари осмонга сапчиган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистоннинг ўзида қурғоқчилик кузатилаётган ҳудудлар сони ортаётгани, чўллашиш даражаси ошаётгани, яйловлар шиддат билан яроқсиз аҳволга келаётганига оид хабарлар кўпайган.
7-8 сентябрь кунлари Самарқандда ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда ҳам асосий эътибор бутун дунёда кузатилаётган айни муаммога қаратилди.
Тадбир доирасида Би-би-си билан суҳбатлашган ўзбекистонлик мутахассислар қишлоқ хўжалиги соҳасида хавотирли вазият юзага келганига қарамай, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида умидбахш чоралар ҳали бор экани ҳақида гапирдилар.
Алоқадор мавзулар:
27 фоиз аҳоли ишлаётган соҳа

Сурат манбаси, BBC Uzbek
32 мамлакатдан вазирлар, дипломатлар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари вакиллари иштирок этган тадбир президент Шавкат Мирзиёев табригини ўқиб эшиттиришдан бошланди.
Президент табригида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 27 фоизи айнан қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётгани, шу сабабдан агротармоқ мамлакат иқтисодиётининг етакчи секторларидан эканига урғу берилди.
Ўзбекистон раҳбари коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсатидаги инқироз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизими занжирларининг узилиши ва нархлар ошишига сабаб бўлаётганини таъкидлади.
"Бундан айниқса ривожланаётган мамлакатлар жабр кўрмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимига инвестиция ҳажми камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни хавф остида қолдирмоқда", дейилади бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирган президент табригида.
Табиийки, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши ва ерларнинг деградацияси халқаро тадбирнинг энг муҳим мавзуларидан бўлди.
Тадбирнинг техник кўмакчиси бўлмиш БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори Сюй Дунюй ўз нутқида Марказий Осиё иқлим ўзгариши муаммоларига айниқса заиф экани ҳамда минтақага технологиялар, инвестициялар билан ёрдам бериш зарурлигини тилга олди.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов журналистлар билан мулоқотда мамлакатда очлик у қадар чуқур муаммо эмаслиги, аммо иқлим ўзгариши туфайли юзага келиши мумкин бўлган асоратларни олдиндан айтиб бўлмаслик сезиларли хатарларни юзага келтириши ҳақида гапирди.
Халқаро тадбир сўнггида қабул қилинган декларацияда ҳам иштирокчи томонлар иқлим ўзгаришининг жаҳон, жумладан, Марказий Осиёдаги озиқ-овқат хавфсизлигига нисбатан таҳдиди ортиб бораётгани, вазиятни юмшатиш йўлида сувдан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар, инновацияларни қўллаш заруриятини қайд этдилар.
"Ойлик ёғин бир кунда ёғяпти"

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбекистон фермерлари иқлим ўзгариши асоратларини аллақачон ҳис қила бошлаганликларини айтадилар.
"Сув тақчиллиги охирги икки йилдан бери сезиляпти. Ёз пайтлари қуёш иссиғида ҳосилни ҳам йўқотяпмиз. Шунинг ҳисобига пахта теримини одатдагидан 20-25 кун кечроқ бошлаяпмиз", дейди Би-би-си билан гаплашган карманалик фермер.
FAO'нинг Ўзбекистондаги миллий лойиҳа координатори бўлмиш Азиз Нурбеков иқлим ўзгариши нафақат ҳарорат кўтарилиши, балки ёғингарчилик миқдорида ҳам кўзга ташланаётганини айтади.
"Мисол учун 2022 йил Форишда кузатилган сел. Табиий офат қабристонлар, бошқа объектларни бузиб кетди. Бир кунда шунча ёмғир ёғди. Аслида, бу ёғин миқдори бир ойда давомида аста-секин ёғиши керак эди", дейди мутахассис.
Экспертлар иқлимнинг шиддат билан ўзгаришига қўшимча тарзда инсон омили, яъни сувдан нооқилона фойдаланиш, ерга ўз вақтида ишлов бермаслик ёки нотўғри ишлов бериш оқибатида мамлакат қишлоқ хўжалигида хавотирли вазият юзага келганини таъкидлаб келадилар.
Шу йилнинг июлида қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов айни сабаб туфайли 1 миллион гектардан зиёд майдон яроқсиз аҳволга келиб қолгани, замонавий технологиялар қўллаш ортидан уларнинг 600 минг гектардан зиёдроқ қисми фойдаланишга қайтарилганини маълум қилганди.
Азиз Нурбековнинг сўзлашича, мамлакат ресурс тежовчи, тупроқ деградацияси олдини олувчи замонавий технологияларга муҳтож.

Тошкент Давлат аграр университети профессори ҳам бўлган Нурбеков айни йўналишда йиллардан буён илмий изланиш олиб бораётганини билдиради.
"Биз таклиф қилаётган технология ресурс тежовчи ва тупроқни ҳимоя қилишга қаратилган. Бизда тупроқ унумдорлиги йилдан йилга камайиб кетяпти. Агар шу технологияни кенг жорий қилсак, тупроқ таназзулини олдини олишимиз мумкин".
Тажрибали агрономнинг таъкидлашича, бундай усул орқали қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш харажатлари ҳам камаяди.
"Бизнинг технологияда ер ҳайдалмайди, аввалги экин қолдиқлари олиб ташланмайди, солинадиган ўғит миқдори юқори бўлмайди, уруғлар махсус сеялка орқали экилади. Ҳозир фермерларимизнинг асосий харажати ерни ҳайдашга кетяпти - гектарига 50 литрдан 80 литргача солярка сарфлашяпти. Бу технологияда эса солярка сарфи атиги 5-6 литр бўлади".
"Бундан ташқари яна бир жиддий муаммо мавжуд - намлик. Шудгор, культивация қиламиз, қаторлар орасига ишлов берамиз, тупроқнинг ост қисмини ҳайдаб, тепага чиқарамиз. Оқибатда, намликни ўзимиз сунъий йўқотяпмиз. Мазкур технологияда эса тупроқдаги намликни сақлаймиз. Агар бошқа тежовчи усуллардан фойдалансак, сувни янада тежаймиз", қўшимча қилади профессор.
Аммо Нурбеков ўзи тилга олган технологиядаги энг муҳим жиҳоз - махсус сеялкалар қимматлигидан аксар фермерлар бундай усулдан фойдаланишга иккиланаётгани ҳақида гапиради.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Бундай сеялкаларнинг яхшиси $32 минг. Оддийроғи $15 минг. Фермерлар буни қиммат деяпти. Ҳозир Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу сеялкаларни ўзимизда ишлаб чиқариб, фермерларга лизинг асосида бермоқчи. Агар шу усулни йўлга қўя олсак, бу бизнинг иқлим ўзгаришига қарши қўл урган энг катта ишимиз бўлади. Тупроғимизни ҳимоя қилиб, сувимизни тежаб, олаётганимиздан кўпроқ ҳосилга эга бўламиз".
Деградацияга учраган яйловлар
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажмидаги чорвачиликнинг улуши 13 фоизни ташкил этади.
Қишлоқ аҳолиси даромадининг 45 фоиздан 67 фоизгача бўлган қисми ҳам айни соҳа ҳиссасига тўғри келади.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ичида чорвачиликнинг улуши эса 43 фоиз.
Бироқ бутун қишлоқ хўжалигида кузатилаётган муаммо чорвачилик соҳасига ҳам жиддий хавф туғдира бошлаган.
Экспертлар чорва молларини пала-партиш ўтлатиш туфайли яйловларнинг катта қисми яроқсиз аҳволга келгани, ем-хашак базасини яратишга етарли эътибор қаратилмаганидан озуқа етишмовчилиги юзага келаётганидан огоҳлантирадилар.
Бунинг ортидан Ўзбекистон охирги йилларда гўшт нархи кескин ошган, ҳукумат эса бу маҳсулот импортини кўпайтириб боришга мажбур бўлмоқда.
Мамлакат олимлари эса чорвачиликда пайдо бўлган муаммоларни бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани, шулардан бири қумликларни тупроққа айлантириш экани ҳақида гапирадилар.
"Ўзбекистонда яйловларнинг умумий майдони 20 миллион гектар атрофида бўлса, бугун шуларнинг 80 фоизга яқини сувсизлик, тартибсиз фойдаланиш туфайли таназзулга юзга тутган. Мана Самарқандда хитойликлар чўл қумларини унумдор тупроққа айлантириш лойиҳасини тақдим қилишди. Лойиҳа бўйича Қизилқумнинг маълум қисмидаги қумлар экин экиш мумкин бўлган майдонларга айлантирилади", дейди Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институти бўлим бошлиғи Ҳусанжон Ғиёсов.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Чорвачилик соҳаси мутахассиси иқлим ўзгариши ва бошқа қийинчиликларга мослашувчанликнинг турли йўллари устида бош қотирилаётганини билдиради.
Унинг сўзлашича, республикада гўшт ва сут маҳсулотлари таъминотини барқарор сақлаб туриш йўлларидан бири - бу фермерларни сувсизликка чидамли экинлар экишга ўргатиш.
"Озуқа базаси чорвачиликнинг 70 фоиз тақдирини ҳал қилади. Ҳозирда президентимиздан ҳар бир гектардан 12-13 тонна озуқа бирлиги олмасак, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш вазифасини бажара олмаймиз, деган талаб бор. Аммо кўплаб фермерларнинг ҳосилдорлик даражаси бу талабдан анча паст. Шу сабабдан биз уларга ўзимизнинг институтда яратилган сувсизликка чидамли қашқар беда ёки кузда экиб, баҳорда ўриб олинадиган рапс, жавдар, сули навларини экишни таклиф қиляпмиз", сўзлайди мутахассис.
Шунингдек, Ғиёсов чорва моллари наслдорлигини яхшилаш, иқтисодий тежамкорликни ошириш мақсадида олимлар биотехнология йўналишида қатор янгиликларга қўл ураётгани ҳақида гапиради.
"Фермерларимиз қиммат-қимматга четдан зотдор мол олиб келишяпти. Бир боши $3,5 - $4 минг туради. Унинг ўрнига $250 — $300 га шундай зотларнинг эмбрионини олиб келиб, ўзимизнинг маҳаллий зотларга қўйиш фойдали. Яқинда АҚШдан 31 та эмбрион олиб келдик. Худо хоҳласа, октябрь ойида халқимизга мана шу эмбрион кўчириб ўтказиш технологиясини намойиш қиламиз".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















