Ўзбекистон, коронавирус: Бозорларда озиқ-овқат етарлими? Янгиликлар O'zbekiston

Ўзбекистон
Ўқилиш вақти: 2 дақ

16 мартдан бошлаб Ўзбекистонда карантин жорий этилиши маълум бўлиши ортидан одамлар озиқ-овқат ғамлашга тушиб, савдо дўконларида тақчиллик юзага келгани ва нархлар ошгани борасида хабарлар тарқалди. Би-би-си пойтахт озиқ-овқат таъминотининг муҳим бўғимларидан бири бўлмиш Ўрикзор савдо комплексидаги вазиятни ўрганди.

Ўрикзор Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги катта-кичик дўконларни озиқ-овқат ҳамда бирламчи кундалик эҳтиёж моллари билан таъминлайдиган йирик ва муҳим улгуржи бозорлардан бири.

Ҳам ташқаридан келган, ҳам маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар катта қисми дўконларга тарқашдан аввал шу бозорда тўпланади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Шу жиҳатдан қараганда, Ўрикзор Тошкент шаҳри дўконларидаги ҳам маҳсулот таъминоти, ҳам нархларга таъсир қила олади.

Бироқ сўнгги йилларда маҳсулотни бевосита ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчидан олувчи йирик супермаркет тармоқлари сезиларли кўпайгани, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотини дўконларга тўғридан-тўғри етказиб бериш сифатини ошираётгани сабабли Ўрикзор каби бозорларга эҳтиёж камаймоқда.

Шунга қарамай, фавқулодда вазиятларда озиқ-овқат таъминотидек муҳим масалага Ўрикзор бозоридаги мавжуд вазият сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўрикзорда ҳаммаёқ тинч…

16 март куни Ўрикзорда одатдагидан кўп харидор кўзга ташланмади.

Бозорда савдо бир маромда давом этаётгани, аравакашлар юкларни доимгидек ортқилаётганини кўриш мумкин эди.

Маҳсулотлар тақчиллиги сезилмас, дўконлар молга тўла эди.

Камера ва "Би-би-си" ёзуви туширилган микрофонни кўриб, табиийки, бир қанча бозор қўриқчилари, ички ишлар ходимлари ва бошқа масъуллар бир пасда етиб келдилар.

Уларнинг орасида ўзини бозор маъмуриятида юқори лавозимда ишлашини айтган эркак (унинг исми ва лавозими Би-би-сига маълум) шахсини ошкор этмаслик шарти билан бозордаги вазиятни изоҳлаб беришга рози бўлди.

BBC

Масъулнинг айтишича, карантин эълон қилингандан сўнг "озиқ-овқат тақчиллиги ва нархлар осмонга сакрагани борасида нотўғри ахборотлар тарқалган" бўлса-да, "Ўрикзорда ҳаммаси олдингидек".

"Мана ҳолатни кўряпсиз. Ажиотажимиз йўқ, бозорларимиз бир маромда ишлаяпти", дейди у.

Масъул маҳсулотлар нархларида ҳам ўзгариш деярли кузатилмаганини таъкидлайди.

Буни Би-би-си суҳбатга тортган сотувчилар ҳам тасдиқлайди.

Карантин ортидан аҳоли ўртасида тарқаган хавотирлардан бири - бу чегаралар ёпилиб, четдан маҳсулот кирмай қолиши оқибатида тақчиллик юзага келиши эҳтимоли эди.

Ўзбекистон

Аммо масъул бозорда фаолият юритувчи тадбиркорларнинг катта миқдорда захираси мавжудлигига ишонтиради.

"Тадбиркорларимизнинг захираси етарли. Агар карантин чўзилиб, чегарадан мол кириши қийинлашса, давлат захира ажратади", тушунтиради у.

Бозордаги нархлар кескин қимматлашгани яққол кўзга ташланмасада, маҳсулотларга илинган нархномалардаги рақамлар бироз ўсгандек туйилади.

Бозор маъмурияти масъули Ўрикзорда маҳсулотлар нархи ўзгарса, бу пойтахт ичидаги нархларга у қадар таъсир қилмаслигини айтади.

"Биласизми, таъсир қилмайди. Ҳозирги кунда фирмалар маҳсулотни бозорларга ҳам, шаҳар марказидаги дўконларга ҳам бир хил нархда етказиб бермоқда", тушунтиради у.

Ҳақиқатан, Ўрикзор бозоридаги вазият осойиштадек кўринади.

Бироқ ижтимоий тармоқларда вилоят деҳқон бозорларидаги харидорларнинг ур-тўполони ва саримсоқпиёз, картошка каби маҳсулотларнинг нархи ошиб кетгани тасвирланган видеолар тарқалган.

Бозорлар мўл-кўлми?

Маҳаллий Кун.уз нашрига интервью берган Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев нарх-наволарнинг ошишини одамларнинг саросима ичида ортиқча маҳсулот ғамлашга уриниши билан боғлаган.

У республикадаги бирорта бозор ёпилмаслиги, бозорларда эса "маҳсулотлар мўл-кўл" эканини таъкидлаган.

Бундан аввалроқ расмийлар маҳсулотлар нархининг асоссиз оширилишига қарши чоралар кўрилишини маълум қилган эди.

16 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 8 нафарга етган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek