Янгиликлар: Ўзбекистон, 'ҳақиқий демократия' ёки кенг очилган эшиклар қайта ёпиладими? Video Turkiya O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy/reuters
Президент сайлови ҳаммасини ўзгартирадими?
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: Мирзиёев Туркияга шунчалик яқинлашдими ёки Эрдоған Ўзбекистонга?
- Мирзиёев Ўзбекистонда Каримовдан қолган диктатурани йўқотди
- 'Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдек тоталитар эмас': Ўзбекистон-Туркия алоқаларининг истиқболига назар
- Тошкент: Туркия Ўзбекистонга ҳарбий жиҳатдан яқинлашмоқчи - бу нима дегани?
- Туркия: Вазият хавотирлими, ўзбеклар нима дейди? Ўзбекистон ва миграция
Буёғи нима бўлади?
28 май куни Туркия президент сайловининг иккинчи босқичида овоз беради.
Бу каби ўта рақобатли сайлов Туркиянинг бу яқин тарихида кузатилмаган.
Сайлов Туркияда президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг 20 йиллик бошқарувига чек қўйиши мумкинлиги билан бутун дунёнинг эътиборини ўзига тортган.
Туркиянинг ўзи қолиб, четда ҳам "аср сайлови", деган баҳоларгача сабаб бўлиб улгурган.
Худди шу манзарада, таъбир жоиз, Туркия президент сайлови натижаси ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг тақдири шу кунларда аксарият ўзбекистонликларни жиддий қизиқтираётган энг муҳим саволлардан бирига айланган.
Бунга Эрдоғаннинг Туркия президент сайловидаги асосий рақиби Кемал Қиличдарўғлининг сайловолди бераётган ваъдаю янграётган баёнотлари ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қиличдарўғли шунчалик кескин кетадими?

Сурат манбаси, MAHMUT SERDAR ALAKUS/ANADOLU AGENCY/GETTY IMAGES
Кемал Қиличдарўғли сайлов арафасида айрим Ғарб нашрларига берган интервьюсида агар президент этиб сайланса, Туркиянинг ташқи сиёсатини кескин - "180 градусга" ўзгартиришини айтган.
"Туркияга ростмана демократия олиб келиш истагида" эканини баён қилган.
Туркиянинг "НАТОга аъзо ва Европа Иттифоқига кириш учун ариза берган давлат" эканини эслатиб, ўзларининг "Ғарбга юз тутажаклари"ни таъкидлаган.
Кемал Қиличдарўғлининг яқинда Германиянинг "Немис тўлқини"га берган интервьюсида айтишича, президент этиб сайланса, Туркиянинг Европа Иттифоқига кириш бўйича узоқ йиллик ташаббусини қайта жонлантиради.
"Европа Иттифоқи томонидан белгиланган барча демократик тартиб-қоидаларни Туркияга келтиради".
Қиличдарўғли ўз интервьюси чоғида "олти партиядан иборат мухолиф коалиция лидерлари мазкур шартнома чаҳорчўбида қабул қилиниши керак бўлган чоралар бўйича ҳам келишиб олишгани ва уларни Туркияда тадбиқ этишни кўзда тутишган"ини ҳам маълум қилган.
Кемал Қиличдарўғлининг бу сўзлари президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг, айниқса, сўнгги йиллардаги бошқаруви "авторитарлик"да жиддий танқидларга учраётган бир вазиятда янграган.
Амалдаги президент ўзининг ташқи сиёсатида Россия илова дунёнинг "авторитар", деб кўрилувчи ҳукуматларига кўпроқ мойиллик кўрсатаётганига оид баҳолар кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Туркия дунёнинг НАТОга кирувчи ягона мусулмон давлати бўлади.
Хабарларга кўра, Кемал Қиличдарўғли ўзи президент бўлган тақдирда, Россия билан алоқаларини бузмасликларини айтган.
Аммо "Россиянинг Украинага бостириб киришини тўғри деб ҳисобламасликлари, буни қабул қилмасликлари"ни ошкора баён қилган.
Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас...

Сурат манбаси, GOKTAY KORALTAN / BBC
74 ёшли Кемал Қиличдарўғли сиёсатга киришдан аввал иқтисодчи ва давлат хизматчиси бўлиб ишлаган.
Бу йилги президент сайловига номзоди Туркиядаги олти мухолиф партияни ўз ичига олувчи коалиция томонидан илгари сурилган.
Худди шу иттифоқчилик уни бу галги сайловда президент Эрдоғанга қарши энг кучли рақибга айлантирган.
Кемал Қиличдарўғли президент сайловининг иккинчи босқичи арафасида янада қаттиқ кетган.
Ўзининг муҳожирларга қарши кескин мавқеи билан эътибор тортган, аллақачон мамлакат ичкариси ва ташқарисида жиддий хавотир ҳамда қўрқувларни ҳам пайдо қилган.
Туркиядаги миллатчиларнинг овозини қўлга киритиш илинжида экани билан изоҳланаётган сўнгги чиқишларида у президент этиб сайланган тақдирда, мамлакатдаги "10 миллион қочқин"нинг барчасини ортга қайтариб юборажагини айтган.
"Ватанларини 10 миллион тартибсиз муҳожирнинг ўзларига кириб келишига йўл очган менталитетда қолдирмасликлари"ни баён қилган.
Шундай деркан, Кемал Қиличдарўғли президент Эрдоғанни "Туркия чегараларини ҳимоя қила олмаганлик"да айблаган, аммо келтирган рақами манбасини очиқламаган.
Бундан ташқари, иккинчи тур олдидан ҳам ўзининг муҳожирларга қарши кескин мавқеи билан танилган ўнг қанот сиёсатчи Умит Ўздағ билан иттифоқчиликка киришган.
Икковлоннинг Туркиядаги миллионлаб сондаги қочқинни "бир йилнинг ўзидаёқ мамлакатдан чиқариб юбориш" режасида эканликларига оид хабарлар ҳам аллақачон бўй кўрсатиб бўлган.
Агар дунёнинг айрим етакчи нашрлари Туркия Ички ишлар вазирлигига таяниб келтираётган рақамларга қаралса, туркиялик масъуллар кечаётган йилда 50 мингдан зиёд ноқонуний муҳожирни ушлашган.
Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган ўзбекистонликларнинг ҳам оз эмасликлари айтилади.
Президент сайлови Туркия бу яқин йилларда кўрилмаган инфляция ва иқтисодий қийинчиликларга юз тутиб турган бир пайтга тўғри келган.
Туркия ва ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлатидан биттаси бўлади.
Президент Эрдоған бошқаруви остида Ўзбекистон билан стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган мамлакат.
Дунёнинг ўзбекистонликларга жиддий виза енгилликларини берган саноқли давлатларидан бири.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик давлати бўлади.
Мамлакат аҳолисининг сони биргина расмий ҳисоб-китобларнинг ўзида бугун 36 миллиондан ортади.
Аммо улардан аксарияти ишсизлик ва камбағаллик ҳануз анчайин долзарб муаммолигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида яшайди.
Худди шу манзарада Туркия Ўзбекистон, ўзбекистонликлар учун йирик меҳнат бозори сифатида ҳам муҳим.
Чунки бугун Туркияда турли иш ва юмушда банд ўзбекистонликларнинг сони ҳам расмий ва ҳам расмий манбаларда ўн мингларга нисбат берилади.
Бундан ташқари, Туркия, йилларки, саёҳат ва тижорат илинжидаги катта сондаги ўзбекистонликлар учун ҳам ўзининг жозибасини йўқотмай келади.
Устига устак, Туркия дунёнинг энг йирик туркий тилли давлати, Ўзбекистон халқига қардош, тилдош ва диндош мамлакат.
Туркия яна президент Эрдоған бошқаруви остида халқаро саҳнада янги геосиёсий қудрат сифатида бўй кўрсатган.
Россия, Хитой ва АҚШнинг зиддига минтақада янги ўйинчига айланиши кутилаётган яна бир давлатга айланган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорлигини кучайтиришга тушган.
Шимолий Кавказдан кейин Марказий Осиёда ҳам ўз сўзини айтиш ҳаракатида экани кўрилган.
Ўзбекистон ҳам Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, айнан президент Эрдоған бошқаруви даврида Туркий тилли давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кирган.
Худди шу ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг кучайиши Украина уруши фонида минтақада Россия, АҚШ ва Хитой зиддига геосиёсий ва геоиқтисодий мувозанатни таъминлаши мумкинлигига оид умидларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Ким президент бўлади ва...

Сурат манбаси, Reuters
14 май кунги Туркия президент сайловининг биринчи босқичи ғолибни аниқлаб бера олмаган.
На-да амалдаги президент Режеп Таййип Эрдоған ва на-да Кемал Қиличдарўғли илова унинг қолган икки мухолиф рақиби ғалаба қозонишлари учун лозим, деб кўрилган 50 фоизлик тўсиқдан ўта олишмаган.
Унда аксарият таҳлилчиларнинг башоратларига зид равишда қарийб 5 фоизлик фарқ билан (49.51%) президент Режеп Таййип Эрдоған пешқадамлик қилган.
Кемал Қиличдарўғли ундан кейинги ўринда (44.89%) келган, унинг биринчи турдаёқ ғалаба қозонишига оид прогнозлар ўзини оқламаган.
Туркия президент сайлови ўзининг иккинчи турига ўтган ва бу, бир томондан, Эрдоғаннинг ютуғи сифатидаги талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Шавкат Мирзиёев ҳам 14 май кунги президент ва парламент сайлови ортидан Туркия президентига сим қоққан.
Президент Эрдоғанни сайловларнинг муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлаган.
Сайловнинг иккинчи босқичи арафасида ҳар икки асосий рақиб ҳам ўз имкониятларини яхшилаш учун қолган икки номзоддан бири билан иттифоққа кириш, уларнинг эҳтимолий овозларини қўлга киритишга муваффақ бўлганликларини эълон қилишган.
Сайловчиларнинг 5 фоиздан кўпроқ овозини қўлга киритиб, биринчи босқични учинчи ўрин билан якунлаган рақиби Синан Оған билан бир келишувга кела олгани эса, президент Эрдоғанни ғалабага яқинлаштирганига оид гап-сўзларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Президент Эрдоғаннинг иқтидордаги "Адолат ва Тараққиёт" партияси ўта ўнг қанот "Миллатчи Ҳаракат" партияси билан иттифоқчиликда 14 май кунги парламент сайловида ҳам кўпчилик ўринларни қўлга киритган.
Сайловнинг биринчи босқичида кутилмаганда ўз номзодини қайтариб олишга қарор қилган Муҳаррам Инжанинг партияси эса, бу гал бетараф мавқеъда қолишини эълон қилган.
Аммо бу ҳам Туркияда қудрат алмашинуви эҳтимолининг мамлакат ташқи сиёсатига таъсири қанчалик жиддий бўлиши мумкинлигига оид саволларни ҳалича арита олмаган.
Шундай экан, президент сайлови ҳаммасини ўзгартирадими?
Би-би-си Ўзбек хизмати Туркиядаги президент сайловининг 2-тури арафасида худди шундай саволлар билан ҳозир Туркиянинг ўзида бўлган қатор экспертларга мурожаат қилди:

Сурат манбаси, .
Серкан Демиртош
Ташқи сиёсат бўйича эксперт, журналист.
Туркия, Анқара
Серкан Демиртош: Туркия президент сайловига саноқли кунлар қолди. Мамлакат шу якшанба куни ўзининг янги президентини сайлайди. Агар биз ҳар икки номзод - ҳам амалдаги президент Режеп Таййип Эрдоған ва ҳам унинг сайловдаги рақиби Кемал Қиличдарўғлининг ташқи сиёсат кун тартибига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг сайловолди кампаниясида бу мавзу яққол устунлик қилаётганини кўрмаймиз. Энг кўп эътибор жорий пайтда мамлакат ичкарисидаги сиёсий вазият, иқтисод, қочқинлар ва хавфсизлик масалаларига қаратилган. Туркия ташқи сиёсатида ўзгариш бўлиши-бўлмаслиги янги ҳукумат қудратга келиши ортидан кўпроқ аён бўлади. Агар, Эрдоған қудратда қоладиган бўлса, Туркиянинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан ташқи сиёсати ва Ўзбекистон билан алоқаларида катта ўзгариш бўлмайди. Чунки, айниқса, президент Эрдоған бошқарувининг сўнгги йилларида Ўзбекистон илова аъзо давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликдан ташқари Туркий тилли давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг ҳам ўта фаоллашганига гувоҳ бўлдик. Шунинг учун ҳам, президент Эрдоған яна қудратда қоладиган бўлса, кўп нарса ўзгаради, деб ўйламайман. Бу Туркиядан Марказий Осиё, Марказий Осиёдан Хитойгача бўлган янги транспорт йўлакларини ҳам кўзда тутади. Чунки Туркия савдо ва энергия ҳабига айланмоқчи. Европани Марказий Осиё билан янада кўпроқ боғламоқчи. Шунинг учун Марказий Осиёдан Туркияга узанган, таъбир жоиз, "Оралиқ йўлак" аҳамиятини ошириш учун туркий тилли давлатлар билан алоқаларига жуда кўп эътибор қаратмоқда. Шунинг учун ҳам, қандайдир жиддий ўзгаришлар бўлади, деб кутиш ноўрин.
Савол: Мухолиф номзод Кемал Қиличдарўғли қудратга келса-чи?
Серкан Демиртош: Кемал Қиличдарўғли президент бўлса, яъни мухолифат қудратга келса, Туркия билан Европа, Ғарб ўртасида мулоқот кучаяди. Чунки ўтган даврда бу алоқалар анчайин кучсиз эди. Кемал Қиличдарўғли бир неча бор Туркиянинг ташқи сиёсатини "180 градус"га ўзгартиришини айтди. Туркиянинг НАТО, Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши ва бошқа Европа ташкилотлари билан муносабатларига кўпроқ урғу берамиз, деди. Аммо шундай дейиш баробарида, Кемал Қиличдарўғли Туркияни Хитой билан боғловчи, Эронни ҳам ўз ичига олган ва Марказий Осиёдан ўтувчи янги транзит йўли таклифи билан чиқди. У ҳам Туркияни Хитой, Хитойни Туркия билан боғловчи кенг қамровли транспорт йўлаги яратиш умидида. Савдо-сотиқ, ўзаро мулоқот, транспорт-логистика ва ҳамкорликнинг бошқа соҳаларини кучайтирмоқчи. Шундай экан, умуман олганда, қай бир номзод қудратга келмасин, Марказий Осиё Туркиянинг диққат-эътиборидалигича қолади. Қудратга Қиличдарўғли келса, фақат биргина фарқли жиҳати бўлиши мумкин. Юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, Марказий Осиё илова дунёнинг бошқа минтақалари билан солиштирганда, Туркия кўпроқ Европа билан мулоқот қилади.
Савол: Эрдоғанга мухолиф номзод Кемал Қиличдарўғлининг Туркияни "ҳақиқий демократияга айлантириш" тўғрисидаги сўзлари назарда тутилса-чи? Сайловда ғолиб чиққан тақдирда, унинг айни мазмундаги баёноти Туркиянинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларида нимани англатиши мумкин?
Серкан Демиртош: Ташқи сиёсатнинг ўз меъёрлари бўлади. У ўз эшикларингизни очиқ тутишингиз, лидерлари авторитар ёки демократик бўлишидан қатъиназар, дунёнинг барча давлатлари билан камида мулоқотда бўлиб туришингизни тақозо этади. Туркия Марказий Осиёда ўзининг таъсири, қизиқишларига эга. Шунинг учун ҳам, Туркия президент сайловида мухолифат номзоди ғалаба қозонса, мулоқот тақа-тақ тўхтайди, деган фикрдан йироқман. Яъни, айни ўринда бу оқ, бу қора, деб кўрилмайди. Яна шуни ҳам эсдан чиқармаслигимиз керакки, Туркия билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқалар тарихи улар ўз мустақилликларини қўлга киритган 90-йиллар бошларига бориб тақалади. Туркия бу давлатлар билан тарихий ва маданий ришталарга эга. Шу боис ҳам, уларга муҳим аҳамият беради. Бошқарувлари у қадар демократик бўлмаса-да, сиз бу давлатларга барибир орқа ўгириб кета олмайсиз. Шундай экан, Туркия президент сайловида мухолифат ютган тақдирда ҳам, Эрдоған давридагичалик бўлмаса-да, улар билан мулоқот ва ҳамкорлик давом этади. Туркиянинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаси тўхтаб қолмайди.

Сурат манбаси, .
Фазлиддин Мадиев
Карабук давлат университети
Халқаро сиёсий иқтисод факультети магистранти
Туркия, Анқара
Фазлиддин Мадиев: Кемал Қиличдарўғлининг Ғарбга мойил бўлган сиёсий қарашлари ва Туркиядаги қочқинлар борасидаги фикрлари албатта унинг сиёсий обрўсига кам бўлса-да ютуқ сифатида қўшилаяпти.
Лекин, шуни ҳам унутмаслик керакки, иқтидорга келгандан кейин бундай ваъдаларни амалга ошириш осон бўлмайди.
Бунинг бир нечта сабаблари бор:
- Энг бирламчи муаммо, бунга жиддий маблағ талаб қилинади;
- Иккинчиси эса, қочқинлар ва меҳнат муҳожирлари борасида халқаро конвенциялар иқтидорга келган мухолифатнинг истакларига мос тушмаслиги эҳтимоли катта (иккала эҳтимолда ҳам Ғарб давлатлари бу борада ёрдам ажратишлари мушкул масала);
Менимча, бу борада амалга ошириш мумкин бўлган осонроқ йўл меҳнат муҳожирлигини тартибга солишни кучайтиришга қаратилган эътибор бўлади.
Кемал Қиличдарўғлининг Ғарб матбуотларига бераётган баёнотларида, жумладан, агар президентлик лавозимига келадиган бўлса, Туркиянинг сиёсий йўналишини тамоман Ғарб андазаларига мослаш ва яна Европа Иттифоқига аъзо бўлиш саъй-ҳаракатларини қайта бошлаши борасидаги кескин гаплари амалда рўёбга чиқиши мумкинлиги жуда қийин масала бўлса ҳам, "Туркия Ғарбнинг бир парчасидир" маъносида илгари сурилиши ва давом эттирилиши мумкин бўлган сиёсатдир. Бу борада эса, Кемал Қиличдарўғлида имкониятлар йўқ эмас.
Иккинчи масала, агар мухолиф партиялар альянси вакили иқтидорга келадиган бўлса, (айни пайтда бунинг эҳтимоли пасайди - муаллиф) Туркиянинг Туркий тилли давлатлар, жумладан, Марказий Осиё билан бўладиган ташқи сиёсатида салбий ўзгаришлар бўлади, деб ўйламайман.
Негаки, бу борада Туркия томони ҳам, Марказий Осиё тарафи ҳам сиёсий ва иқтисодий тарафдан манфаатдор.
Бундан ташқари, узоқ давом этган танаффусдан сўнг муносабатларни яна сусайтиришдан ҳеч қандай маъно йўқ.
Балки, биз кутмаган равишда ва кўламда муносабатлар яна ҳам жадаллашиб кетиши мумкин.
Эҳтимолий ўзгаришлар
Фикримча, ўзаро муносабатларда ўзгариши мумкин бўлган айрим жиҳатлар ҳам йўқ эмас.
Масалан, Туркия томони Марказий Осиё ва бошқа Туркий тилли давлатларга демократик тамойиллар борасида тезроқ ўзгаришга ундовчи маслаҳатлар бериши мумкин.
Яъни, "мана, бизда демократик тенг курашлар остида халқнинг иродаси билан президент сайланиши мумкин. Нега сизда мумкин бўлмасин?" деган имо-ишора.
Аммо бундай маслаҳатлар ҳам кескинлик билан эмас, юмшоқ оҳанг ва ўрни келганда, дипломатик усулда билдирилади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мухолиф номзод вакили ва партиялар бошқарувга келадиган тақдирда ҳам Туркия ўзининг ички ва ташқи сиёсатида кескин бурилиш қилиши жуда қийин.
Шунинг учун имконлар даражаси ўлчаб кўрилиб, кейин амалиётга ўтилади, деб ўйлаяман.
Айни пайтда эса, Туркиянинг олдида турган энг катта ва бирламчи муаммо иқтисод ва инфляцияни барқорорлаштириб бўлиб турибди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















