Болалар ўлими: Омбудсман нималарни аниқлади? Путин Мирзиеёвга берган тилла узук. Россия МДҲ билан ҳам келишмай қолдими? Ўзбекистон, янгиликлар.

- Болалар Омбудсмани касалхонада нималарни аниқлади?
- Путиннинг Мирзиёевга совға қилган тилла узугида нималар ёзилган?
- Россия МДҲ билан келишмовчилик борлигини тан олди
- Олмалиқда конидаги пресс-тур
Қурбонлар сони ортди
Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги Док-1 Макс сиропи таркибида заҳарли модда - этиленгликоль топилини маълум қилди.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили эса Самарқанддаги болалар шифохонасида вафот этган болалар сони 18 тага етганини билдирди.
Омбудсман матбуот хизматининг маълумотига кўра, 24 декабрь куни болалар омбудсмани Алия Юнусова Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори вакиллари ва яна бир қатор масъул ташкилотлар вакиллари билан биргаликда Самарқандда болалар ўлими борасида мониторинг ўтказган.
«Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар», дейилади Омбудсман ахборотида.
Шунингдек, Болалар омбудсмани вафот этган беморларнинг бирортаси ҳам патологик-анатомик тадқиқотдан ўтказилмаганини ҳам билдирган.
«Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Самарқанд вилояти прокурори биринчи ўринбосаридан ҳолат бўйича чуқур ўрганиш олиб боришларини ва ҳар бир ҳолатда айбдорлар жазосиз қолмаслиги, қонун устуворлиги таъминланиши шартлигини сўради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан ҳолат тўлиқ назоратга олинди», - деб ёзади Омбудсман ахборот хизмати.
Алоқадор мавзулар:
Ихтилофлар бор, аммо…

Сурат манбаси, Rasmiy
Россиянинг МДҲ давлатлари билан келишмовчиликлар борлиги айтилди. Владимир Путин бу ҳақда навбатдаги Санкт-Петербургдаги норасмий саммитда таъкидлаб ўтди.
Россия президентига кўра, МДҲ давлатлари ўртасида юзага келган ихтилофларга қарамай, ҳамкорликни давом эттирмоқда ва муаммоли масалаларни биргаликда ҳал қилишга интилмоқда.
"Афсуски, тан олишимиз керакки, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасида ҳам келишмовчиликлар юзага келди. Лекин асосийси, биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ва ҳамкорлик қиламиз. Ҳар қандай муаммоли масалалар бўлса ҳам, уларни ўзаро ёрдам ва воситачилик орқали ҳал қилишга ҳаракат қиламиз", деди Владимир Путин норасмий саммитида сўзлаган нутқида.
Путин, шунингдек, жорий йил якунларига кўра, Россиянинг МДҲ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 100 миллиард долларга етиши мумкинлигини таъкидлади.
Россия президенти МДҲ давлатлари раҳбарларига Санкт-Петербург норасмий учрашувига келганликлари ва қўллов учун миннатдорчилик билдирди.
«Бу биз бир неча бор мурожаат қилган умумий хоҳиш эди. Лекин барибир, расмий равишда бу Россиянинг ташаббуси ва уни қўллаб-қувватлаганингиз учун сиздан миннатдорман», - деди Владимир Путин.
Путин, шунингдек, Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг бундай норасмий учрашувлари «қоидага кўра, жуда самарали» бўлишини қўшимча қилди.
Путиннинг 9 та тилла узуги
Россия президенти МДҲ давлатлари раҳбарларига янги йил совғаси сифатида тилла узук совға қилган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Россия ҳукуматига қарашли расмий сайтларда таъкидланишича, ушбу қамматбаҳо узук рамзий ҳадядир.
Узукнинг марказида МДҲ нишони, узук айланаси бўйлаб эса «Янги 2023 йил билан» дея рус тилидаги янги йил табриги ёзилган. Шунингдек, узукда «Россия» сўзи ҳам бор.
Россия нашрлари 9 та қимматбаҳо узукни норасмий саммит меҳмонлари - МДҲ давлатлари президентлари учун махсус тайёрланганини ёзишмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Путиннинг махсус ҳадясини олганини Россия ҳукуматига қарашли «Спутник.уз» нашри маълум қилди.
«Санкт-Петербургда Мирзиёевга узук совға қилишди», деб ёзди «Спутник.уз».
Хабарга кўра, Путиннинг ҳамкасбларига янги йил совғаси «клуб узуклари» деб изоҳланмоқда.
Олмалиқда пресс-тур

Тошкент вилояти Олмалиқ кон-металлургия комбинатида йил дастури ижроси борасида ҳисобот берилди. Бу ҳақда 27-декабр куни пресс турда иштирок этган Би-би-си мухбири хабар бермоқда.
Йиғинда иштирок этган ОАВ ходимлари Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Нодир металлар ва қаттиқ металлар ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолияти билан таништирилган.
Маълумотга кўра, бирлашмада молибден ва вольфрам метали, тузлари, Молибден ҳамда волфрам штабиклари ва брикетлари, Вольфрам карбиди, оловбардош керамик маҳсулотлар, қаттиқ қотишмалардан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилган.
«Бирлашма томонидан 2022 йил январь-декабрь ҳолатига кўра, 33,3 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ички бозорга эса 29,18 млрд.сўмлик маҳсулот етказиб берилган. Комбинат таркибий бўлинмаларига эса 1,09 млрд сўмлик маҳсулот юборилган», - дея ташкилотчилар томонидан маълум қилинди пресс-тур давомида.
Шунингдек, матбуот ходимлари Самарқанд вилоятида жойлашган «Ингичка» вольфрам кони фаолияти ва амалга оширилаётган ишлари билан таништирилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















