Ўзбекистон ССВ: "Жиноят аломатлари мавжуд, барча масъуллар ишдан олинди... " Бу даҳшатли воқеа фақат Самарқандда юз берганми?, видео

kids

Сурат манбаси, BBC Uzbek

    • Author, Аваз Тоҳиров
    • Role, Тошкент-Самарқанд-Тошкент
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Самарқанд сафарим тафсилотларини ҳикоя қилишдан аввал шу соатлар чиқарилган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хабарини тўлалигича келтирсам:

Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги -Док-1 Макс сиропи ўрганиш натижалари: Жиноят аломатлари мавжуд, барча масъуллар ишдан олинди, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди

Самарқанд шаҳрида Док-1 Макс дори воситасини қабул қилиш натижасида болаларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойига чиққан ҳолда хизмат текшируви ўтказилди.

Ҳиндистоннинг "Marion Biotech Pvt. Ltd" компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситаcи мамлакатимизда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги берган маълумотга кўра, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Юртимизга ушбу препарат "Quramax Medical" МЧЖ томонидан импорт қилинган.

Текширув жараёнида мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланди.

Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.

Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.

Ваҳоланки, парацетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади.

Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар Док-1 Макс сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Вазирлик ишчи гуруҳи ўрганиш давомида аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари юртимиздаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган. Ўрганиш материаллари асосида аниқланган камчиликлар, тиббиёт ходимларининг масъулияти масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади.

Шу ўринда вазирлик ота-оналардан фарзандлари саломатлигига бефарқ бўлмасликларини, дорихоналардан фақат шифокор рецепти билангина дори воситаларини харид қилишларини сўраб қолади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигиМатбуот хизмати.

Самарқандда ўндан ортиқ гўдакнинг бир дори туфайли ҳаётдан кўз юмгани тўғрисидаги қўрқинчли хабар деярли ҳар бир ўзбекистонликни хавотирга солди. Мен бу даҳшатли янгилик ижтимоий тармоқ бўйлаб тарқалган замон воқеа жойига йўлга отланишга қарор қилдим.

Самарқанд томон кетиб борар эканман, нега айнан болалар, деган саволни тинмай ўзимга берар эдим.

Болалар ўлган тиббиёт марказига етиб борганимда, турли интернет нашрлари ва телеканаллар мухбирлари аллақачон етиб келганини кўриб, матбуот вакиллари инсон ҳаётига бефарқ эмаслигидан бироз кўнглим ёришди.

Шифокорлар эса ҳар бир журналист билан алоҳида суҳбатлашиб, уларга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилар эди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Даҳшатли хабар

21 декабрь куни тармоқда Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзов номига йўллаган ташвишли хати тарқалди.

15 декабрга оид хатда сўнгги икки ойдан бери марказга келаётган болаларда буйрак билан муаммолар кўпроқ учрай бошлагани ва бу ҳолатга Док-1 Макс препарати сабаб бўлаётгани ҳақида сўз боради.

Ички хатда даҳшатли рақамлар келтирилган: ўтган икки ой ичида ушбу препаратни ичган 21 боланинг 15 нафари ҳаётдан кўз юмган.

"Бемор болаларда, асосан, анурия кузатилган. Булардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто, бир нечта гемодиализ сеансларини ҳам ўтказишга тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди", дея ташвиш билдирилган марказ бош врачи Маматқул Азизов имзолаган хатда.

Ушбу хат қўлимга тушиши билан, зудликда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби билан боғланиб, ундан хатнинг қанчалик ҳақиқий эканини текшириб беришни сўрадим.

kids

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Буйрак етишмовчилиги кузатилган болалар сони сентябрдан ортганини кузатдик, дейди Самарқанддаги тиббиёт маркази шифокорлари.

Бу орада тармоқда кенгроқ тарқала бошлаган хат одамларни янада ваҳимага солаётган эди.

Болалар ўлмоқда, деган хабарлар урчиган бир вақтда ҳам расмийларнинг сукут сақлаб туришини кўргач, Самарқандга йўлга чиқишга қарор қилдим.

Ниҳоят, айни ўша дақиқаларда ССВ препарат билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилгани ҳамда бу дорининг савдоси тўхтатилганини хабар қилди ва хат фейк эмаслигини билвосита тасдиқлади.

Келган - ўлган…

Хавотирга сабаб бўлаётган Док-1 Макс таблеткалари ва сиропи 22 декабрга қадар дорихоналарда эркин сотиб келинган, у шифокорлар ва ота-оналар томонидан, асосан, болалар шамоллаганда, иссиғи чиққанда ишлатилган.

kids

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Келган - ўлган...

Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари мазкур препаратни ичган болаларда анурия - буйрак етишмаслиги, сийдик тўсилиб қолиши кузатилганини қайд этганлар.

Мен билан суҳбатлашган марказ бош шифокори ўринбосари Фазлиддин Файзуллаев сентябрь ойидан соғлиғида бундай муаммо юзага келган болалар сони ортгани кўзга ташлангани ҳақида гапирди.

"Бу албатта эътиборимизни тортди. Бошида роса иккиландик. Кейин болалар сони орта бошлагач, ҳолатни ўргандик, ота-оналардан қандай дорилар берганини суриштирдик. Натижада, барча беморларда бир умумийлик, яъни Док-1 Максни ичганини аниқладик", деди расмий текширув натижалари эълон қилинмагунга қадар камерага гапирмасликни маъқул билган Файзуллаев.

Шунингдек, шифокор бу ҳали гумон экани, болалар ўлимига айнан мазкур препарат сабаб бўлмаган бўлиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

"Ҳар қандай омил бўлиши мумкинда бу ерда. Биз энди беморларда умумий бир ўхшашлик борлигини аниқлаб, ҳолат ҳақида бошқармага хат чиқардик. Доридан бўлмаслиги ҳам мумкин. Ҳозир коронавируснинг янги штаммлари ҳам тарқаляпти. Якуний хулосани ишчи комиссия беради".

Шифокорлар билан суҳбатлашиб, улар ўз бурчига садоқат билан ёндашгани, болалар соғлиғига беэътибор бўлмай, 2 ой давомида ўрганиш олиб борганини англадим.

Тиббиёт марказида 21 боланинг рўйхати билан танишар эканман, эътиборимни бир жумла ўзига тортди - "Келган-ўлган". Ҳаётдан кўз юмган болалар эса мурғак эса 2 ойликдан 4 ёшгача бўлган.

hospital

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Малакали шифокорлар ишлаганидан бошқа вилоятлардаги ота-оналар ҳам болаларини Самарқанддаги бу марказга олиб келади.

Марказ бош врачи Маматқул Азизов 15 декабрь куни йўлланган хатда амалдор Жуманиёзовдан ушбу препаратни болаларда қўллашни зудликда тўхтатиб беришни сўраган.

Эътиборли жиҳати, 9 декабрь куни ҳам марказдан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига айни мазмундаги хат чиқарилганидан хабар топдим.

Аммо на Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, на Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 декабрга қадар болалар соғлиғидан хавотирга тушган шифокорлар чақириғига очиқ муносабат билдиргани ёки ота-оналарни огоҳлантириб чиққани кўзга ташланмаган.

"Камерангни ўчир!"

Шифокорлар, камида, икки бор хат орқали хавотир билдирган бўлсада, нега ҳолат ўз вақтида назоратга олинмади, деган саволлар билан Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бордим.

Бошқарма матбуот котиби Элдор Муҳаммадиев раҳбарият ССВнинг махсус ишчи гуруҳи билан "узоқроқ туманда ўрганиш олиб бораётгани", ўзи эса вазирлик топшириғига кўра, текширув натижалари расман эълон қилинмагунга қадар ҳеч қандай изоҳ бера олмаслиги ҳақида гапирди.

Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, тиббиёт марказидан хавотирли хат олинган заҳоти "ўрганиш ишлари бошлаб юборилган".

sam

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Матбуот котиби билан суҳбатдан сўнг саволларим янада кўпайган бўлсада, ноилож унинг хонасидан чиқдим. Шу вақтда эса остонада камерани йиғиштиришни талаб қилиб, акс ҳолда, ички ишлар ходимларини чақириш билан таҳдид этган бошқарма бошлиғи Даврон Жуманиёзовга дуч келдим.

Би-би-си Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган, деган иддао билан саволларимга жавоб беришни истамаган Жуманиёзовнинг қисқа изоҳига кўра, ташвишли хабар юзасидан текширув "икки кун олдин", яъни 21 декабрдан бошланган.

Нега тиббиёт маркази шифокорлари хавотир билдирган заҳоти вазиятни ўрганиш бошланмади ва вилоятдаги соғлиқни сақлаш тизимига жавобгар амалдор сифатида болалар ҳаётига хавф туғилгани тўғрисидаги эҳтимолий хабарлар сизни қанчалик ташвишга солди, деган саволларни унга беришга улгура олмадим.

Нега айнан Самарқанд?

Ҳолатга бефарқ бўлмаган ўзбекистонликлар мазкур препарат билан юз берган бундай нохуш вазият нега айнан Самарқанд вилоятида кузатилганини савол остига олганлар.

Менга маълум бўлишича, бемор болалар фақат Самарқанддан бўлмаган - Жиззах, Қашқадарё, Навоий вилоятларидан ҳам кўплаб гўдаклар малакали шифокорлар ишлайдиган ушбу тиббиёт марказига олиб келинган.

Умумий манзара эса қуйидагича - аксар ота-оналар айрим шифокорлар, дорихоначилар ва таниш-билишлар тавсияси билан фарзандларига бу дорини ичирган, вазият болалар пешоб қилолмай қолган даражага етгач, ўз ҳудудида даво топа олмай, тиббиёт марказига олиб келган.

"Хўжайиним аптекадан шу дорини олиб келганди. Бир ҳафта давомида 40 та ичирдим. Тўртинчи кундан сийдиги тўхтаб қолди. Ўзимизни туманга олиб боргандим, бирор натижа чиқмади. Духтирлар тезда Самарқанддаги кўп тармоқлига олиб боринглар, дейишди. У ерда врачлар анча бола келяпти ҳар хил вилоятлардан, сабабини билмаяпмиз, деди", сўзлайди 2 яшар қизининг ҳаёти бир неча бор гемодиализ муолажасидан сўнг асраб қолинганини айтган она мен билан суҳбатда.

Фақат Ўзбекистон эмас

kun

Сурат манбаси, Skrinshot/Kun.uz

Сурат тагсўзи, РШТЁИМнинг тармоқда тарқалган хатида охирги ойларда ўткир буйрак етишмовчилиги билан мурожаат қилаётган гўдаклар сони ортиб бораётган ва вазият сабаби номаълум қолаётгани ҳақида сўз боради.

Йўталга қарши болалар дори воситаларининг ножўя таъсири мавзуси октябрь ойидан буён дунёда долзарб бўлиб келаётган эди.

5 октябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган бир қатор йўталга қарши сиропларнинг Африка давлати бўлмиш Гамбияда 70 га яқин боланинг ўлимига алоқадор экани аниқланганидан огоҳлантириб чиққан.

Октябрь ойи охирига келиб, шифокорларнинг тинимсиз бонг уриши ортидан Индонезияда болалар учун мўлжалланган барча сироп кўринишидаги дорилар савдоси тақиқланган - мамлакат расмийлари 100 га яқин бола таркибида заҳарли моддалар мавжуд сироплар туфайли ҳаётдан кўз юмганини билдирган.

Гамбия, Индонезияда ҳам Ўзбекистондаги ҳолат кузатилган - ўткир буйрак етишмовчилиги ва сийдик камайиб кетиши.

ЖССТ октябрь ойидаёқ бундай дори воситалари ноқонуний йўллар билан бошқа давлатларга ҳам кириб боргани эҳтимолидан огоҳлантириб, давлатларни ўз ҳудудидаги дори воситаларини текширишга чақирганди.

23 декабрь куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ЖССТ огоҳлантиришидан сўнг ўз вақтида ўрганиш олиб боргани ва ташкилот тилга олган Ҳиндистон компаниясининг "бирор маҳсулоти айни дамда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмагани" маълум бўлганини билдирган.

Бироқ мамлакат бозоридаги бошқа дорилар устидан назорат қанчалик кучайтирилган — буниси ҳозирча номаълум.

Айни вақтда, Док-1 Макс препарати билан боғлиқ вазият бошқа вилоятларда ҳам юз берганми, деган савол очиқ қолмоқда.

Интернетга сизаётган ахборот эса "ҳа, юз берган" деган хулоса сари етакламоқда.

Маълум бўлишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Даврон Тўлаганов ҳам 20 декабрь куни соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевга айни мазмундаги хавотирли хат йўллаган.

20 декабрь куни имзоланган хатда айтилишича, бир кун аввал ўткир буйрак етишмовчилиги билан марказга ётқизилган 14 нафар боланинг 12 нафари уйида айнан Док-1 Макс сиропини қабул қилгани ва унинг таркибида ёрдамчи восита сифатида пропиленгликоль моддаси борлиги аниқланган.

pharmacy

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Дорихоналардаги бошқа препаратлар устидан ҳам назорат кучайтириладими - буни ҳозирча номаълум.

Бундан ташқари хатда охирги ойларда марказ ва унинг вилоятлардаги филиалларига гўдак ёшдаги болаларнинг ўткир буйрак етишмовчилиги ва анурия билан мурожаатлари сони "кескин ошиб бораётгани" ҳамда "бу ташвишли ҳолатнинг сабаблари номаълум қолаётгани" таъкидланган.

"Мамлакатимиз дорихоналарида ишлаб чиқариш технологиясига риоя қилинмаган ҳолда ишлаб чиқарилган ва таркибида пропиленгликолнинг юқори концентрацияси мавжуд бўлган сироплар савдога чиқарилганлиги хавфи борлигига сизнинг эътиборингизни қаратган ҳолда ушбу ҳолат бўйича тегишли тафтиш ўтказишга ёрдам беришингизни сўрайман", дейилади Тўлаганов имзолаган хатда.

Самарқандда бир кун давомида ўрганиш олиб бориш ва ўзаро суҳбатлардан сўнг менда, ҳозирда, аксар расмийларни бир дори туфайли болалар ҳаётдан кўз юмаётган бўлиши мумкинлигидан кўра, ижтимоий тармоқда юзага келган тарангликни юмшатиш кўпроқ қизиқтирмоқда қабилидаги тасаввур пайдо бўлди.

Айрим амалдорларни болалар ўлимидан кўра, ички хатнинг тарқалиб кетгани кўпроқ ғазаблантираётганига гувоҳ бўлдим.

Ота-оналар билан суҳбатлашиб эса мамлакатдаги дори бозорининг етарли даражада назорат этилмаслиги яна қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўйладим.

Мавзуга диққат қаратган фаоллар аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш вақти келгани, одамлар контрафакт воситалар назорат қилинмаётган бир манзарада дуч келган дорини текшириб ҳам ўтирмай сотиб олаётгани ва Ўзбекистонда ҳам хориждаги каби рецептсиз дори сотилишига чек қўйиш зарурлиги ҳақида ёзганини ўқидим.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek