Йўтал дори ўнлаб ёш болаларни ўлдирди - ЖССТ огоҳлантирди Dunyo, Yangiliklar, Hindiston

dori

Сурат манбаси, WHO

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) йўталга қарши 4 дан ортиқ сироп Гамбияда 66 боланинг ўлимига боғлиқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

"Ушбу сироплар ўткир бўйрак етишмовчилигига олиб келган ва болаларнинг ичида 66 ўлимга сабабчи бўлган", дейилади унда.

Маҳсулотларни Ҳиндистоннинг Maiden Pharmaceuticals ширкати ишлаб чиқарган. ЖССТнинг айтишича, компания дориларнинг хавфсизлиги борасида кафолат тақдим қилолмаган.

Ширкат ҳозирча ушбу воқеага изоҳ бермади.

Би-би-си изоҳ олиш учун Maiden Pharmaceuticals га боғланди.

Ҳиндистон расмийлари ЖССТдан сироплар ва ўлимлар ўртасида боғлиқлик борасида далилларни тақдим қилишни сўраганини айтди.

Алоқадор мавзулар:

ЖССТ ҳисоботида оғиздан қабул қилинувчи Promethazine, чақалоқлардаги йўталга қарши Kofexmalin ва Makoff сиропи ҳамда шамоллашга қарши Magrip N сироп каби дорилар кўрсатилган.

ЖССТнинг веб саҳифасида эълон қилинган огоҳлантиришда айтилишича, ушбу тўрт маҳсулот Гамбияда топилган, бироқ қора бозор орқали бошқа давлат ва минтақаларга ҳам етказилган бўлиши мумкин.

Tedros Adhanom JSST

Сурат манбаси, Getty Images

Ташкилот дориларни истеъмол қилиш, айниқса, болалар орасида, жиддий мажруҳлик ёки ўлимга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Сайёҳлар кўп борадиган Гамбия соғлиқни сақлаш расмийлари июл ойида 5 ёшгача бўлган болалар орасида ўткир бўйрак етишмовчилиги ҳолатлари кўпайганини қайд этган. Шундан сўнг масалага ЖССТ аралашган.

Гамбия ҳукумати ўшандан бери барча парацетамол сиропларини истеъмол қилишни тўхтатди ва одамларни уларнинг ўрнига таблетка ичишга чақирди.

Гамбия Соғлиқни сақлаш хизмати директори Мустофа Биттайнинг Би-би-сига айтишича, тақиқ жорий қилингандан сўнг ўлимлар сони тушган, аммо сўнгги икки ҳафтада яна икки ўлим ҳолати қайд қилинган.

Унинг айтишича, айни дамда Гамбияда дориларнинг хавфсизлигини текширадиган лаборатория йўқ ва уларни текшириш учун хорижга юборишга мажбур. Биттайнинг кўшимча қилишича, Гамбия сифатни текширувчи лаборатория қуриш учун Жаҳон банкидан маблағ олиш учун муҳокамалар олиб бормоқда.

ЖССТнинг айтишича, маҳсулот намуналарининг лаборатория таҳлиллари "улар таркибида ҳаддан зиёд зиёнли диэтиленгликол ва этиленгликол борлигини тасдиқлаган".

Ушбу моддалар заҳарли ва улар қорин оғриғи, қайт қилиш, ич кетиши, пешобни чиқаролмаслик, бош оғриғи, психик ҳолатнинг ўзгариши ва ўлимга олиб борувчи ўткир бўйрак етишмовчилиги каби ён таъсирларни келтириб чиқариши мумкинлиги айтилган.

Мустофа Биттайнинг айтишича, дорилар таркибидан ич кетиши ва қайт қилишга сабабчи бўладиган E.Coli излари ҳам топилган.

Гамбия соғлиқни сақлаш мулозимлари ўтган ой ўндан зиёд бола ўлганини айтган, бироқ уларнинг аниқ рақамини бермаган.

Чоршанба куни Женевада чиқиш қилган ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесус бу болаларнинг ўлими уларнинг оиласига қайғу олиб келганини айтган.

ЖССТнинг айтишича, Ҳиндистоннинг Дори-дармон стандарт назорати марказий ташкилоти ишлаб чиқарувчи ушбу дориларни фақат Гамбияга етказиб берганини билдирган.

Бу ҳақда AFP хабар агентлиги БМТнинг соғлиқни сақлаш агентлигидан олинган электрон хатга асосланиб иқтибос келтирган.

Бироқ ЖССТ ишлаб чиқарувчи ўша зарарли материалларни бошқа маҳсулотларда ҳам ишлатган ва уларни мамлакат ичида ҳамда чет элга сотган бўлиши мумкинлиги сабаб унинг таъсири глобал бўлиши мумкинлигини билдирган.

Би-би-си ушбу сироплар Ўзбекистонга кириб келган ёки келмаганлигини ўрганмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek