Янгиликлар: Зеленский яна Украинага кирди, Путин, Россия яхшими – ёмонлар ким ва энди Украина кучаядими ёки Россия? Rossiya Ukraina Putin Yangiliklar

Украина президенти

Сурат манбаси, Zelensky

Сурат тагсўзи, Украина президенти шу ҳафта Россия босқинидан сўнг ўзининг илк хорижий сафарини амалга оширган, Америка Қўшма Штатларига боришнинг уддасидан чиққан

Украина президенти "ҳаммани енгмоқчи". Путин нима қилаяпти? Сўнгги тафсилотлар.

Алоқадор мавзулар:

Зеленский Киевда

Володимир Зеленский яна Украинага кирди.

Ишчи хонасидан видео ёзиб, Украина халқига ўзининг Киевда эканини билдирди.

"Ҳаммага хайрли тонг. Барчага соғлик тилайман. Мен ишчи хонамдаман. Биз ғалаба учун ишлаймиз. Кунингиз яхши ўтсин. Биз ғалаба қозонамиз", - деб айтди.

Украина президенти шу ҳафта Россия босқинидан сўнг ўзининг илк хорижий сафарини амалга оширган.

Уруш шароитида Украинадан поездда Польшага етволган, Польшадан АҚШ Махсус кучлари самолётида Вашингтонга боришга муваффақ бўлганди.

Вашингтонда Володимир Зеленский АҚШ президенти билан шахсан кўришган, юзма-юз музокаралар олиб борган, АҚШ Конгрессида чиқиш қилган, Америкадан Россияни енгишда ўзларига ёрдам беришини сўраганди.

Америка Қўшма Штатларидан қайтишда Украина раҳбари Польша Президенти Анжей Дуда билан ҳам учрашган.

Айбдор ким?

Россия президенти

Сурат манбаси, GAVRIIL GRIGOROV/POOL/TASS

Сурат тагсўзи, Россиянинг Украинага босқинига эртага, 24 декабрь куни роппа-роса 10 ой бўлади

Путин Россиянинг Украина урушидаги муваффақиятсизликлари учун айбни бошқаларга ағдараяптими?

Американинг Урушни ўрганиш институти ўзининг навбатдаги ҳисоботида худди шу каби фикрни илгари сурган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Путин ўзининг сўнгги оммавий чиқишларида худди шу нарсага уринган.

Россияликларга ўзини яхши қилиб кўрсатиш учун урушдаги мағлубиятларида бошқаларни айбдор қилиб кўрсатган.

Урушни ўрганиш институти ўз ҳисоботида Россия президентининг сўнгги пайтларда қилган қатор баёнотларига ҳам эътибор қаратган.

Путин бу баёнотларида мамлакати урушга тезроқ чек қўйишни истагида эканини даъво қилган.

Талафотларнинг олдини олиш учун ҳужумларини кучайтирмаётганликларини айтган.

"Ҳар икки баёнот ҳам Кремлнинг Путиннинг қимматга тушаётган урушини россияликлар олдида оқлашга қаратилган мувофиқлаштирилган кампаниянинг бир қисмидир. Чунки Кремлнинг хаёлий мақсадларини амалга оширишга қаратилган уруш тобора кўпроқ талафотларга сабаб бўлаётир. Россия Лисичанск таслим бўлган 3 июлдан бери бирор бир жиддий ютуққа эриша олгани йўқ", - дейди ISW.

АҚШ жим турмоқчи эмас

"Вагнер" гуруҳи аъзолари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Вагнер" Шимолий Кореядан қурол-яроғ харид қилгани ҳақида кеча, пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилган

АҚШ Шимолий Кореянинг "Вагнер"га қурол-яроғ етказиб бергани масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама этмоқчи.

"Вагнер" Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси бўлади.

Америка томонига кўра, бу БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Кореяга қарши санкциялар ҳақидаги резолюциясининг бузилишидир.

"Вагнер" Шимолий Кореядан қурол-яроғ харид қилгани ҳақида кеча, пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилган.

Аммо расмий Пхеньян бу баёнотни рад этаётир.

Хабарларга кўра, Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги буни "фирибгарлик", деб атаган.

"Япония оммавий ахборот воситалари"нинг хабаридан ўзга нарса эмаслигини таъкидлаган.

АҚШ бундан аввал Россия Шимолий Кореядан снарядлар сотиб олганини ҳам айтиб чиққан.

Томас-Гринфилднинг баён қилишича, мамлакати Россиянинг Шимолий Корея ва Эрондан қурол-яроғ харидини БМТ резолюциясига зид бир иш, деб кўради.

Унга кўра, АҚШ бу масалани БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишлари кун тартибига қўймоқчи.

Аммо, шуниси ҳам борки, Хавфсизлик Кенгаши ҳеч қандай мажбурловчи қарор қабул қила олмайди.

Чунки мазкур кенгашнинг доимий аъзоси сифатида Россия ўзини қоралаш ёки жазолаш уринишларига ҳар доим вето қўяди.

Хавотирлар ўзини оқламади

АҚШ ва Украина байроқлари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Келаси йил Украинанинг бундан ортиқ кўмакка умид қилиши қийин бўлади, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас

АҚШ Сенати Украинага $45 миллиард долларлик ёрдамни ҳам ўз ичига олган келаси йил бюджетини тасдиқлади.

2023 молиявий йилга мўлжалланган бюджет 30 сентябргача бўлган муддатни қамраб олади.

Янги йиллик бюджет миқдори қарийб $1,7 триллион долларни ташкил этади.

$44,9 миллиард долларлик кўмакдан 23,5 миллиарди Украинага ҳарбий кўмакни кўзда тутади.

Қолгани эса, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, жиҳозлар (шу жумладан, қурол-яроғ), логистика, разведка хизматларини қўллаб-қувватлаш ва Американинг Украинага ўтказилган захираларини тўлдиришни кўзда тутади.

Кечаётган йилда АҚШ Конгресси Украинага тахминан $67 миллиард долларлик иқтисодий ва ҳарбий ёрдам пакетларини маъқуллаган.

Аммо келаси йил Украинанинг бундан ортиқ кўмакка умид қилиши қийин бўлади, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek