Ўзбекистон: Кушербаев энди расман собиқ депутат, вазирлик-идоралар қисқаришидан триллионлаб сўм тежалади ва Россия яна “газ иттифоқи” масаласини кўтарди – янгиликлар

mp

Сурат манбаси, Daryo.uz

  • Кушербаевнинг депутатлик ваколати расман тугатилди;
  • Тўра Боболов ҳокимликдан кетди;
  • Вазирлик-идоралар қисқартирилишидан қанча маблағ тежалиши айтилди;
  • Россия расмийлари яна "газ иттифоқи" ҳақида гапирди;
  • Тадбиркор-фермер оқсил касаллиги тарқалаётганини иддао қилди;

Собиқ депутат

Расул Кушербаевнинг депутатлик ваколати расман тугатилди.

26 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси бу борада тегишли қарор қабул қилган.

Жонли эфирга узатилган МСК йиғилишида Кушербаевнинг депутатлик мандати унинг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақида берган ёзма аризасига мувофиқ тугатилаётгани тилга олинган.

Фақат бир йиғилиш иштирокчиси Кушербаевнинг бундай қарорга келиши сабабларини сўраган, бунга жавобан МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев аризада сабаблар кўрсатилмаганини айтган.

Алоқадор мавзулар:

Сўнг йиғилиш иштирокчилари Расул Кушербаевнинг депутатлик фаолиятини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги қарорни бир овоздан маъқуллаган. Қаршилар ва бетарафлар бўлмаган.

23 декабрь куни Кушербаев депутатлик фаолиятини якунлашга қарор қилганини эълон қилганди.

"Бундай ишлай олмас эканман. Бунга мажбур бўлганимдан афсусдаман", дея ёзган эндиликда собиқ депутат ўзининг Telegram'даги каналида.

Кейинроқ, Кушербаев Олий Мажлисда ўтган бюджет лойиҳаси муҳокамасида спикер ўринбосари Улуғбек Иноятов очиқчасига унга сўз бермагани учун бундай қарорга келганини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқда эса 19 декабрь куни ўтган айни мажлисда олинган видео тарқалган ва тўрт дақиқадан ошиқроқ давом этган видеода Кушербаев бир неча бор сўзга чиқишга урингани, аммо бунга муваффақ бўлмагани кўринади.

"Мен кетдим. Бундай йиғилишда ўтиргандан ўтирмаган яхши. Мен кетаман. Ҳаммаси ясама, сўз бермайди", деган у видеони ўчиришдан олдин.

Кушербаевнинг депутатликдан кетиши тўғрисидаги хабар ижтимоий тармоқда кенг акс-садо берган.

Аксар ўзбекистонликлар бу ҳолат иккинчи ҳукумат даврида Парламентга билдирилган энг йирик ишончсизлик экани ҳақида ёзганлар.

Боболов кетди, ўрнига прокурор келди

hokim

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурхондарё вилоятини 2019 йилдан буён бошқариб келган Тўра Боболов 26 декабрь куни ишдан олинган ва унинг тақдирига оид сўнгги вақтларда тарқалган турли тасдиқланмаган хабарларга нуқта қўйилган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Боболов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилганини маълум қилган.

Айни вақтда, собиқ ҳокимнинг янги иш жойи маълум қилинмаган.

Президентнинг тегишли фармони билан Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Тежаладиган триллионлаб сўм

vm

Сурат манбаси, AFP

Ўзбекистонда вазирлик ва идоралар сонининг қисқартирилиши ортидан йилига қарийб 3 триллион сўм маблағ тежаб қолинади.

Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Одилбек Исаковнинг сўзларига таяниб, Рост24 нашри хабар бермоқда.

Нашр 26 декабрда ўтган Халқаро Пресс клуб сессиясида сўзга чиққан Исаков қисқартиришдан аввал фаолият олиб борган муассасалар сабабли ҳар йили бюджетдан 3 триллионга яқин маблағ сарфланганини айтгани ҳақида ёзган.

"Дастлабки ҳисобларга кўра, 2,8 триллион сўм маблағ тежалади. Шунингдек, 300 дан ортиқ бинони сотишдан камида 300 миллиард сўм бюджетга тушади. Автомобилларни сотишдан 16 миллиард сўм тушиши, канцтоварларни тежаш натижасида 20 миллиард давлатда қолади", дея вазир ўринбосаридан иқтибос келтирган Рост24.

Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни имзолаган тегишли фармон ва қарор билан Ўзбекистонда ҳукуматга бўйсунувчи мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари сони 61 тадан 28 тага қисқартирилган эди - вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилган, 20 та идора тўлиқ тугатилган.

Газ музокаралари

gas

Сурат манбаси, Reuters

Россия ички талабнинг ўсиши фонида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистонга табиий газ етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини муҳокама қилмоқда.

Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак ТАСС ахборот агентлигига маълум қилган.

"Биз Ўзбекистон, Қозоғистондаги ҳамкорларимиз билан уларда истеъмол ўсаётгани сабабли газ етказиб бериш ҳажмини оширишни муҳокама қиляпмиз", деган Новак.

Бироқ амалдор истиқболда турган рақамларга тўхталмаган.

Айни куни Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Тошкент ва Астана "уч томонлама газ иттифоқини ташкил этиш бўйича ўзаро қадамларга тайёр" экани ҳамда ғояни амалга ошириш йўлида "бирор муҳим тўсиқ йўқ"лиги ҳақида гапирган.

Ноябрь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев президент Владимир Путин Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида "газ иттифоқи" тузиш ташаббуси билан чиққанини маълум қилган эди.

Бу ташаббус ҳар икки Марказий Осиё давлатида Россия таъсирига янада тушиб қолишга доир хавотирларни юзага чиқарган.

21 декабрь куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров "газ иттифоқи" ташаббуси ғоя даражасида қолаётгани ҳамда ҳозирча ҳеч нарса расмийлаштирилмагани, Россия томонидан бу қандай амалга оширилишига оид бирор тафсилот ва таклиф олинмагани ҳақида гапирган.

Аввалроқ, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов туғилган ташвишли саволларга жавобан масала "аллақандай иттифоқ эмас, балки импорт шартномаси орқали газ олиш" ҳақида эканини билдирган.

26 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев МДҲ норасмий саммитида иштирок этиш учун Россияга жўнаб кетган.

Санкт-Петербургда 27 декабрь кунга қадар давом этадиган учрашувларда "газ иттифоқи" масаласи ҳам муҳокама этилиши тахмин қилинмоқда.

"Вакциналар ишламаяпти"

yashur

Сурат манбаси, Videodan skrinshot/Kun.uz

Сурат тагсўзи, Азиз Мирзакаримов.

Андижонлик тадбиркор-фермер оқсил (яшур) ва бошқа касалликларга қарши қўлланилаётган вакциналар иш бермаётгани, оқибатда, хориждан олиб келинган зотдор қорамоллар нобуд бўлаётгани ҳақида хабар қилган.

15 декабрь куни Савдо-саноат палатасида ўтган тадбиркорлар билан давра суҳбатида Қўрғонтепа туманидаги фермер хўжалиги раҳбари Азиз Мирзакаримов Ветеринария қўмитасидан олинаётган вакциналар фойда бермаётгани ва қорамоллар нобуд бўлаётгани, шунга қарамай, қўмита бирор чора кўрмаётганини иддао этган.

"Озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозига олиб келаётган катта сабаблардан бири - бу Ветеринария қўмитаси фаолияти, деб биламан. Шу кунларда юзага келаётган ва ҳар йили бўладиган масала - бу яшур касаллиги. Бу ҳақда негадир ҳеч ким гапирмаяпти", деган Мирзакаримов.

Тадбиркор $1 миллион доллардан зиёд маблағ сарфлаб, Европадан олиб келган зотдор қорамоллари орасида нобудгарчилик "жуда юқори" экани ҳақида гапирган.

"Яшур энг катта зарар етказувчи касалликлардан бири. Бунинг вакцинаси мавжуд. Ҳар йили битта ишлаб чиқарувчининг вакцинасини қиламиз. Натижа йўқ. Айнан шу турга қарши ишлайдиган вакцина ишлаб чиқармасдан, ҳар йили бир хил вакцинани сотишади. Бу шахсий фикрим - бу Ветеринария қўмитасининг шу вакцинани олиб кириш бўйича мутасаддиларининг холислигида савол туғдиради", деган Мирзакаримов.

Тадбиркор билдирилаётган хавотирларга қарамасдан, "ишламаётган вакцинани йиллар давомида олиб келишдан мақсад нима", дея ўртага савол ташлаган.

Мирзакаримов, шунингдек, касалланган моллар гўшти ва сути бозорларда эркин сотилаётганини даъво қилган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тадбиркор-фермернинг иддаоларига расман муносабат билдиргани, ҳозирча, кўзга ташланмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek