Ўзбекистон: Депутат Расул Кушербаевга бўлаётган босимлар ортида юқори мансабдор шахс турибдими? - O'zbekiston

kusherbayev

Сурат манбаси, IPC

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ижтимоий тармоқдаги ўнлаб фаол ўзбекистонликлар депутат Расул Кушербаевнинг ҳимоясига отланди. Бош прокуратура депутатга нисбатан прокуратура таъсир кўрсатаётганини рад қилди. Бироқ Кушербаевнинг ўзи бу борада юқори органларга мурожаат қилиб, бўлаётган ишлардан қаттиқ хафалигини билдирди.

Кушербаев шахсига бўлган босимлар ортида Ўзбекистондаги юқори лавозимли шахслардан бири тургани айтилмоқда.

Би-би-си танқидий чиқишлари билан машҳур депутат Расул Кушербаев атрофидаги машмашанинг тафсилотларини ўрганди.

Сардоба фожиаси, карантин давридаги машмашалар ортидан ўзбекзабон ижтимоий тармоқ фаоллари депутат Расул Кушербаев ҳимоясига отланди.

Депутатни қўллаб-қувватловчи гуруҳлар пайдо бўлди. Facebookдагилар профилларига Расул Кушербаевнинг суратини қўйиб, у билан бирдам эканлигини намойиш қила бошлашди.

qo'llash

Сурат манбаси, Facebook

Кушербаевни қўллаш ҳаракати реал ҳаётга ҳам кўча бошлади.

Ижтимоий тармоқдан реал ҳаётга кўчаётган бу ҳаракатга Расул Кушербаевга босим бўлаётгани ҳақида "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Facebookга жойлаган хабари сабаб бўлди.

Унда айтилишича, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида тергови кетаётган бир неча тадбиркорларга Расул Кушербаевга қарши кўрсатма берасан, деган босим бўлган.

"Уларнинг айтишича, 2017 йилда тадбиркорлик субъектини ташкил қилиш чоғида Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутати Расул Кушербаев ҳуқуқий кўмак берган. Энди тадбиркорлар мазкур "шағал бизнеси асли Кушербаевники" эканини айтишса бўлди, ҳаммаси жойида бўлармиш", деб ёзди Абдураҳмон Ташанов.

Ташанов Кушербаевга қарши яна бир ишни мисол келтирган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Бундан 6-7 йил муқаддам Расул Кушербаев марҳум отасига ажратилган ер участкасини экилган тераклари билан бирга маҳаллий фуқаролардан бирига эҳтиёж туфайли сотган. Энди депутатнинг ерини сотиб олган фуқарони сиқувга олишмоқда. Юқоридаги каби у ҳам мазкур ишга "фириб" аралашганини тан олса, ҳаммаси жойида бўларкан", дейди Ташанов.

Би-би-си Кушербаевга гўёки уюштирилаётган ишларни ўрганишга ҳаракат қилди

Ташанов келтирган гапларни айни дамда прокуратура томонидан қидирувда бўлган балиқчилик хўжалиги раҳбарларидан бири Бекзод Қўзиев тасдиқлаган

Тошкент вилояти прокуратураси туҳматларидан чарчадим, деб гап бошлаган Кузиев. У укаси Жавоҳир Зокиржоновга ноқонуний иш очиб қамаб қўйишганини айтган.

"Прокуратура ўйинларининг тагида Расул Кушербаев ётибди. Бу ўйинларини Шавкат Миромоновичдан бошқа ҳамма билади. Чунки бу иш бўйича республика прокуратураси Олий Мажлис спикери, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ОМБУДСМАНи Президент администратори Зайнобиддин ака ҳаммасига ёзиб мурожаат қилганман. Расулнинг ўзи ҳам бу ишлар билан мурожаат қилган бу ишлар бўйича. Лекин ҳеч қандай реакция бўлмаяпти. .Расулнинг ўзиниям хабари бор, битта қишлоқда турамиз у билан. Мени ҳамма бизнесларим прокуратуранинг фикри бўйича уники эмиш", дейди Бекзод Кузиев.

Би-би-си манбаларининг айтишича, Янгийўл туманида ака-ука Бекзод Қўзиев ва Жавоҳир Зокиржоновлар тадбиркорлик қилиш учун туман ҳокимлигидан ер ололмагач 2017 йили ўзлари сайлаган депутат Расул Кушербаевга мурожаат қилишади.

"Кушербаев оддий депутат сифатида бошқа мурожаатлар билан ушбу мурожаат бўйича ҳокимликка сўров юборган. Аммо депутатнинг ушбу ишга бошқаларидан кўра кўпроқ эътибор қаратиши ҳуқуқ тартибот органларининг шу жойдан ушлашга ҳаракат қилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин", дейди Би-би-би манбаси.

Кушербаевнинг депутатлик сўровидан сўнг ака-укага ҳокимлик томонидан 12 гектарга яқин ер тадбиркорлик учун ажратилади.

Бош прокуратура маълумотига кўра, тадбиркорлар 4 гектар жойда балиқ етиштириш учун ҳовуз қазишади.

bosh
Сурат тагсўзи, Bosh prokuratura javobi

Яна бир Би-би-си манбасининг айтишича, шу йилнинг 20 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев Расул Кушербаевга жонкуярлиги учун миннатдорчилик билдирганидан сўнг депутатни йўлдан олиш мақсадида унинг фаолиятидан камчилик ахтара бошлашади.

У Расул Кушербаевга тегишли қилиб кўрсатиш учун очилган жиноий иш Мирзиёевнинг чиқишидан 4 кун ўтиб 24 январда очилганига эътибор қаратади.

Бироқ Би-би-си гўёки Кушербаевга ағдарилиши мумкин бўлган иш юзасидан суриштирув ишлари 2019 йилнинг 24 декабрида бошланганини аниқлади.

Ўша куни кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси балиқчилик хўжалигида текширув ишларини ўтказади.

Прокуратура айни дамда ака-укага ердан қазиб олинган шағални ноқонуний сотиш билан давлатнинг 600 миллион 789 минг 105 сўмлик мулкини талон-тарож қилди, деб айб қўйган.

Тадбиркорларнинг таъкидлашича, ердан чиққан тош ва шағалнинг асосий қисмини Янгийўл туман ҳокимлиги Обод маҳалла дастури асосида баённома тузиб машиналарда олиб чиқиб кетган.

Би-би-си манбасининг айтишича, айбни Кушербаев зиммасига қўйиш ва шу йўл билан уни сиёсатдан четлатиш режаси Ўзбекистондаги юқори лавозимли мансабдорнинг кўрсатмасига биноан бўляпти.

Манба ушбу шахс бу мақсадда прокуратурадаги яқинларини ҳам ишга солганини айтди.

Ушбу иддаоларни мустақил манбалардан тасдиқлатиш имкони йўқлиги боис Би-би-си ушбу мансабдорнинг исм-шарифини келтирмайди.

Бош прокуратура депутатга босимни инкор қилди

Бош прокуратура матбуот котиби Би-би-сига прокуратура органлари Расул Кушербаевга нисбатан таъсир кўрсатишга уринаётгани ҳақидаги хабарларни "тўлиқ инкор" қилишини билдирди.

"Бундай асоссиз иддаолар ортидан келиб чиқаётган шов-шувлар жамоатчилик фикрини чалғитиши баробарида холис терговга таъсир қилиши эҳтимолини юзага келтираётганини таъкидлайди

"Р. Кушербоевга нисбатан кўрсатма олиш" учун гўёки "ҳиққилдоғидан олинаётган" тадбиркорларнинг важлари ҳам асоссиз. Улардан ўзларига нисбатан дастлабки тергов жараёнида нисбатан руҳий ёки жисмоний босим ўтказганлик ҳолати бўйича ҳеч шикоят келиб тушмаган", дейилади хабарда.

Бироқ Расул Кушербаевнинг сўнгги мурожаатида прокуратура масъуллари унга айблов уюштиргани ҳақидаги хабарларни рад қилмаган. Балки уни ўрганиб, тегишли идораларга мурожаат қилганини таъкидлаган.

"Янгийўллик тадбиркор видеода баён этган ҳолатлар, ер участкаси билан боғлиқ вазият ва бошқа ишлар бўйича айрим прокуратура масъулларининг менга айблов уюштириш, мажбуран кўрсатма олишга уринишлари ҳақида фуқаролар томонидан менга ҳам мурожаатлар бўлган ва уларни имкон даражасида ўрганганман.

Ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш, депутат фаолияти, ўзи ва оиласи дахлсизлиги билан боғлиқ кафолатларни тўлиқ таъминлаш юзасидан тегишли юқори идораларга мурожаат қилганман", дейди Расул Кушербаев.

Олий мажлис депутати бўлаётган ишлардан қаттиқ хафалигини таъкидлаган.

"Депутатнинг одамларга, тадбиркорларга ҳуқуқий кўмак бериши, мулоқот қилиши, дўстларга эга бўлиши, халқ дардини эшитиб ҳар қандай вазиятда ҳам фуқароларнинг ёнини олишга уриниши қонунбузарлик бўлиши мумкинмас. Бу фақат айрим нопок шахсларнинг дунёқараши холос. Бўлаётган ишлардан қаттиқ хафаман", дейди Расул Кушербаев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek