Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев ўрнига нега Арипов кетди? Намойишчи ишчилар қамалдими? Мухбирлар қариндошлари орқали босимдан шикоятда O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
- Милиция мухбирларнинг ёзган изоҳ ва пости учун қариндошларини сўроқ қилаяптими?
- ИИБ жавоби: яқинлардан "вақтинчалик қийинчиликларга холис ёндашишлари" сўралган;
- Фарғоналик ишчиларнинг шикояти "жамоат тартибига қарши нозориликларни уюштириш"ми?
- Бишкекда ЕОИИ саммити иш бошлади: Ўзбекистон номидан Бош вазир қатнашмоқда;
Ўзбекистон Ички ишлар идоралари ходимлари журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги изоҳлари учун уларнинг ота-оналарини сўроқ қилди, деб ёзмоқда "Газета.uz".
Нашрга кўра, "Газета.uz" мухбирининг "Facebook"даги изоҳи учун ота-онасининг уйига ИИБ тергов-қидирув бўлими ходими келган. Бошқа журналистнинг "Facebook"даги постлари учун ота-онаси ИИБ Миграция бўлимига чақиртирилган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Газ узилгани боис одамлар ишсиз қолдилар - Видео
- Ўзбекистон, Фарғона водийси: Газ заправкалар ёпилдими ё фаолияти чекланди? (видео)
- Ўзбекистон: Аёз ва қор бор муаммоларни очиб ташлади
- Ўзбекистон Россия газ иттифоқига қўшилмайди
- Ўзбекистон гази тугамоқда - атиги 15 фоиз қолган. Ерости сувлари ҳам қурияптими? Янгиликлар
"Газета.uz" мухбири Шоҳрух Ҳайдаров 9 декабрь куни унга нотаниш эркак қўнғироқ қилиб, ҳозир унинг ота-онаси яшайдиган уйга келганини, Шоҳрухнинг ўзи қаерда экани, қачон уйга келишини сўраб, у билан гаплашиб олиши кераклигини айтган.
Мухбир кимлигини сўраганида "ИИБ тергов-қидирув бўлимиданман, "Facebook"да бир изоҳ қолдирибсан", деган жавобни олганини билдирган.
Шоҳрух Ҳайдаров ИИБ ходими ташрифидан сўнг, онасининг қон босими кўтарилиб, саломатлиги ёмонлашганини маълум қилган.
Нашр шунга ўхшаш яна бир воқеа бир кун аввал журналист Инобат Аҳатова билан содир бўлганини ёзади.
Инобат Аҳатова онаси туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чақиртирилиб, унга қизининг "Facebook"да ёзиб қолдирган постлари ҳақида "нега бундай ёзди, бу постида нега бунақа деган", каби саволлар берилганини айтган.
"Масъулларга танбеҳ берилди"
Мухбирларнинг ижтимоий тармоқлардаги изоҳ ва пости учун Ички ишлар идоралари ходимлари уларнинг яқинларини сўроққа тутгани тасдиқланди. Бу ҳолати юзасидан ИИВ Матбуот хизмати расмий ахборот берган.
"Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳамда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ИИБ раҳбариятининг шахсий ташаббуслари билан жамоатчилик фаоллари томонидан жамиятдаги турли ҳодисаларга ҳамда вақтинчалик қийинчиликларга холис ёндашишлари сўраб, И.Аҳатова ва Ш.Ҳайдаровнинг яқинлари билан суҳбат уюштирилган", дейилади ИИВ Матбуот котиби ахборотида.
ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Ўзбекистонда "очиқлик ва шаффофликни таъминланиши, ижтимоий ҳодисаларга танқидий ёндашув фақатгина қувватланиши"ни билдирган ва журналистлар ва жамоатчилик фаолларига мурожаат қилган.
"Юқоридаги ҳолат ўрганилди ва масъулларга танбеҳ берилди, келажакда Ички ишлар органлари ходимларининг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолиятингиз бўйича сўровлар ёки таклифлар келиб тушганда Ички ишлар органларининг Ахборот хизматларига боғланишингизни сўраймиз", дейилади хабарда.
Ишчилар қамаладиган бўлишдими?
"Фарғонада саноат корхоналаридан газ узиб қўйилиши натижасида 10 минглаб аҳоли ишсиз қолмоқда, улар газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишмоқда" сарлавҳали видеохабар юзасидан Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматининг расмий баёноти эълон қилинди.

Сурат манбаси, FACEBOOK/OLIMJON HAYDAROV
Вилоят Ички ишлар бошқармаси хабарида 29 ноябрь куни аҳолига табиий газни кўпроқ етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон тумани, Шўрсув МФЙда жойлашган "ALBUS" гипс ишлаб чиқарувчи заводи олдиндан тузулган шартнома шартларига биноан туман газ идораси томонидан газ қувуридан узилгани тасдиқланган.
Газсиз ва ишсиз қолган ишчиларнинг шикояти ИИБ томонидан "юқоридаги ҳолатни нотўғри талқин қилиб, ўзбошимчалик билан жамоат тартибига қарши нозориликларни уюштирган", дея изоҳланган.
- "Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИБ томонидан заводнинг жами 7 нафар ишчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органига тақдим қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди 07.12.2022 йил куни ҳуқуқбузарларнинг 1 нафарига 10 сутка, 6 нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган", дейилади вилоят ИИБ Ахборот хизматининг расмий баёнотида.
Ишчиларнинг ўзларига тайин этилган маъмурий қамоқ жазоларига муносабати ҳозирча маълум эмас.
Президент ўрнига Бош вазир

Сурат манбаси, Rasmiy
9 декабрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити ўтказилмоқда. Саммитга бир неча кун қолганида ОАВларда Ўзбекистон номидан Президент Шавкат Мирзиёев эмас, Бош вазир Абдулла Ариповнинг иштирок этиши маълум қилинган.
"Қирғизистон ТИВ раҳбари ўринбосари Айбек Молдогазиев маҳаллий нашрларга берган интервьюсида Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи мақомига эгалиги ва бугунги саммитда Ўзбекистон номидан бош вазир Абдулла Арипов иштирок этишини маълум қилган", - деб ёзади Кун.уз нашри.
Айбек Молдогазиев Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи эса кейинроқ алоҳида амалга оширилишини билдирган.
"Газета.uz" сайти эса ушбу ташрифнинг муддатига аниқлик киритган. Нашр Ўзбекистон президенти Администрациясидаги манбасига таяниб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи декабр ойининг охирида бўлиб ўтишини маълум қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















