Ўзбекистон, Фарғона водийси: Газ заправкалар ёпилдими ё фаолияти чекланди? (видео)

АЁҚШ
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда шундоқ ҳам газ заправкалари фаолиятига 9 ноябрдан бошлаб чекловлар киритилган эди.

7 декабрдан бошлаб бутун Фарғона водийсидаги газ заправкалари фаолияти тўхтатилиши расман маълум қилинди, аммо шу куннинг ўзида бу хабарга ўзгартириш киритилгани кўзга ташланди.

Мамлакатда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши ортидан янада кучайган энергетика бўҳрони фонида "Ўзтрансгаз" аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларининг газга бўлган талаби ошгани сабабли Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари иш фаолияти вақтинча тўхтатишини хабар қилган.

Расмий хабарда янги тартиб 7 декабрь соат 11:00 дан кучга кириши айтилган.

Аммо келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган "Ўзтрансгаз" бир неча соатдан сўнг ушбу хабарини ўчириб ташлаган.

Янгиланган хабарда заправкалар фаолияти тўхтатилмаслиги, балки режа-жадвалга мувофиқ вақтинча чекланиши, вазият изга тушиши билан аввал эълон қилинган режа-жадвалга асосан таъминот йўлга қўйилишини таъкидланган.

Шу тариқа Фарғона водийсидаги газ заправкалари тақдири янада мавҳумлашган.

Алоқадор мавзулар:

Чекланган фаолият

"Фарғона водийси вилоятларидаги АГТКШларининг иш фаолиятида аввал эълон қилинган Режа-жадвалга ўзгариш киритилган ҳолда, 7 декабрь куни соат 11:00 дан вақтинча чеклов ўрнатилганини маълум қиламиз. АГТКШлар фаолияти тўхтатилмайди. Режа-жадвалига мувофиқ вақтинча чекловлар жорий қилинади. Вазият изга тушиши билан аввал эълон қилинган Режа-жадвал асосида таъминот йўлга қўйилади", дейилади "Ўзтрансгаз"нинг 7 декабрь кунининг иккинчи ярмида янгиланган хабарида.

Ўзбекистонда шундоқ ҳам газ заправкалари фаолиятига 9 ноябрдан бошлаб чекловлар киритилган эди.

Бу қарор газ тўлдиришга келган автомобилларнинг чақиримлаб навбатлари ҳосил бўлишига сабаб бўлган.

gas

Мамлакат иқтисодиётида муҳим ҳудуд бўлмиш ва аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийсидаги газ заправкалар фаолияти энергетика таъминоти билан боғлиқ мавжуд вазиятдан аҳоли норозилиги ортаётган бир пайтда чекланмоқда.

Тармоқда умидсизликка тўла чиқишлардан тортиб одамларнинг жорий шароити ҳазиломуз тарзда тасвирланган шеърларгача тарқалган.

"Тепадагилар, газни беринг, қийнаманг,

Свет ҳам йўқ, асабларни ўйнаманг,

Газсиз, токсиз сабримизни синаманг,

Бу совуқда кўзлар ёшланди, халқим", дейди Хоразм шевасида ҳазиломуз шеър ўқиган йигит.

Мамлакатда йиллардан буён совуқ мавсумда одатий ҳолга айланган энергетика бўҳрони жорий йилда пойтахт Тошкентга қадар таъсир қилган.

Одамлар пойтахтнинг бир қатор туманларида газ босими кескин пасайиб кетгани ҳақида ёзганлар.

4 декабрь куни расмийлар ресурслар етишмаётгани сабабли Тошкент шаҳридаги метан заправкалар фаолияти номаълум муддатга тўхтатилишини маълум қилган эди.

Бироқ автомобилларнинг асосий қисми газда юрадиган Фарғона водийсида метан заправкаларнинг ёпилиши эҳтимоли уч вилоятдаги ҳаётни фалажлантириб қўйишига оид хавотирлар юзага келишига сабаб бўлган.

"Графикка ўзгартириш киритишга мажбур бўляпмиз"

minister

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Энергия таъминотидаги узилишларга қарши норозилик кучаяётган бир пайтда лавозимига яқинда тайинланган Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакатда юзага келган бўҳронга изоҳ берган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити янада жиддийроқ талафотларга йўл қўймаслик учун режали ўчиришларни тақозо этади.

"Бизнинг вазифамиз — одамларнинг хонадонини газ билан таъминлаш, шунингдек, табиий газ ёрдамида иссиқлик электр станцияларида электр энергия ишлаб чиқариб, электр энергиясини етказиб беришдир. Тўғри, эътирозлар бор. Ҳаммага ҳам етиб бормаяпти. Жуда кўп ўчишлар бўляпти. Буни биз тан оламиз, буни ҳеч ким инкор этмаяпти", деган вазир.

Мирзамаҳмудов, шунингдек, метан газ қуйиш шохобчаларининг иш вақтларини аниқ маълум қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

Вазирнинг билдиришича, газ заправкалар фаолияти ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда назорат қилинмоқда.

"… биз соат 15.00 дан ўчиришни бошлаяпмиз. Сабаби одамлар кечки пайт соат 6-7 да ишдан қайтганда, овқат пишириш вақти келганда, трубаларда етарли газ захирасини шакллантириш, босимни ушлаб қолиш мақсадида соат 15.00 дан ўчириб, шу нарсани таъминлаяпмиз".

Энергетика вазири эрталабки вақтда ҳам айни сабабларга кўра газ заправкалар фаолиятига чеклов киритилаётгани ҳамда кунлик чекловларга ўзгартиришлар киритилишига мажбур бўлинаётганини тилга олган.

"Албатта, графиклар бор, лекин айрим ҳолларда ушбу графикларга кунбай ўзгартиришлар киритилишига ҳам мажбур бўлиняпти. Чекловлар ҳам шунга қараб мослаштириляпти", деган Мирзамаҳмудов.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek