Ўзбекистон: Аёз ва қор бор муаммоларни очиб ташлади O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Тошкент кўчаси

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистонда қор ёғиб ҳаво ҳарорати совуши бутун мамлакат бўйлаб қатор муаммоларни пайдо қилди, аҳолида, раҳбарлар қиш мавсумига умуман тайёргарлик кўрмаганлар, деган таассурот ҳам уйғонди.

Сўнгги кунларда пойтахт Тошкент атрофида газ таъминоти узилгани, бу аҳвол Тошкент шаҳрида ҳам кузатилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Қор ёққанидан кейин газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар келиб чиққанини шаҳар ҳокимлиги тан олди.

Алоқадор мавзулар:

Фақат жамоат транспортига мўлжалланган суюлтирилган газ қуйиш шохобчаларидан бошқа "метан заправка"ларини вақтинча ёпишга қарор қилинди.

Лекин 5 декабрь куни тошкентликлар йўналишдаги автобуслар сони камайганини кузатдилар, бу вазият илгари блогерлар ёзган Тошкент жамоат транспорти бошқарувидаги камчиликларга боғлиқлиги айтилди.

Хусусан, узоқ йиллик автобус маршрутлари бекор қилингани, суюлтирилган газда юрадиган транспорт воситаларининг кўпайтирилгани ва бошқалар.

Шу куни Тошкент кўчалари лойга айланган қорга тўлди, сал олдин бу кўчалар ёмғир сувларига тўлганди.

Фейсбукдаги пост

Сурат манбаси, Facebook_screenshot

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва блогерлар душанба оғир кун бўлиши ҳақида ёздилар, чиндан ҳам жамоат транспортига ишончини йўқотиб, таксида ишга боришга қарор қилган тошкентликлар тирбандликда қолиб кетдилар.

Ишга кечикиб борганлар бўлди.

Вилоятларда электр ва газ таъминоти узилиши кузатилди.

Расмийларнинг қиш мавсумига 2 триллион сўм ажратилгани, етарли кўмир ва газ баллонлари аҳолига тарқатилгани ҳақидаги ҳисоботларига қарамасдан, одамлар уйларида овқат пишириш учун газ балонлари топа олмаётганидан шикоят қилмоқдалар.

"Ўзбекнефтгаз" газ конларида табиий газ ишлаб чиқариш камайгани ҳақида хабар қилди.

"Мисол учун, 2021-йилда белгиланган режага нисбатан 200 млн метр куб кам табиий газ қазиб чиқарилган, 2022-йилнинг 11 ойида режага нисбатан 5 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилди", деди "Ўзбекнефтгаз".

Ижтимоий тармоқлар газ ва свет тақчиллигига бағишланган постлар билан тўлди.

"Олий Мажлис биносига газ ва иссиқлик беришни тўхтатиш керак", деб ёзди Ҳамид Содиқ.

Депутат Алишер Қодиров бу постга шундай муносабат билдирди:

Муаммо Олий Мажлис биносида бўлса бузиб ташланг, депутатда бўлса Парламентни тарқатиб юборинг. Эртасидан уйларда температура 1 градусга ўзгарса мен шахсан розиман. Ҳайдовчи машинасини ҳайдаяпди. Учувчи самолётини ҳавога кўтарди. Қози ҳукмини ўқиди. Ўқитувчи дарсини бошлади. Бугун депутатлар ҳам Қонунчилик палатасида янги қонун лойиҳалари кўриб чиқишади.

TROLL UZ: O'zbekiston kelajagi buyuk davlat… Qish kelguncha… Shu jumladan kuz, bahor va yoz ham.

Жамолиддин Муҳаммаджон: Газ, ток муаммоси ўз йўлига, оёққа махси, бошга яхши қалпоқ кийинглар.

Шарифа Мурод: Ростини айтинглар, муҳтарамлар! Қиш мавсумига тайёргарликни қаерда кўргансизлар? Метан заправкаларда газ йўқ!!! Уйларда газ йўқ!!! Суюлтирилган баллонларда газ йўқ! Газни қаерингизга тиқяпсизлар??? Бир йигит мурожаат қилди. Қишлоғига баллон газ бормаяпти экан. Ҳеч бўлмаса шу газни бериб туришсин, овқатланиб турайлик, деди мурожаатчи. РайГазга қўнғироқ қилсам "Хўп опа, бугун ё эртага олиб борамиз, тўла балонимиз йўқ. Уёқдан газ беришмаяпти" деди. Ҳеее... Ўл бу кунингдан халқнинг бошига чиқмай!??

Депутат Кушербаев: Метан "заправка"ларидаги турнақатор навбатлар энергетика соҳамизнинг асл аҳволини кўрсатмоқда. Ўзим ҳам энергетика соҳасини шу аҳволга солиб, иссиқ кабинетларда кофе ичиб ўтирган нўноқ раҳбарлардан қаттиқ норозиман. Вазиятни шу даражага олиб келган, газ конларимизни сув текинга бериб юбориб, ўзлари" "вилла"ларда дам олиб юрганлар унутмасин: ҳар бир юртдошимиз чекаётган азияти учун вақти келиб улар албатта жавоб беришади.

Шарофиддин Тулаганов: Тошкент (Ўзбекистон шаҳар, қишлоқлари ҳам) қишга тайёр эмас экан. Қадим замондан бери(ибтидоий даврда ҳам, феодализмда ҳам, социализмда ҳам, капитализмда ҳам) вазир-у ҳокимлар халқ дардида бўлганини маҳаллий амалдорларга эслатиб қўйиш керакка ўхшайди.

Алишер Қодиров ҳақ. Энергетика соҳаси хусуслаштирилиши керак ва шарт. (Шу билан бирга ўқитувчи, шифокор ва журналистларнинг ҳозирги ойлик ва пенсиялар ҳам кўтарилиши керак. Давлат ходимларининг ойлиги оширилди. Бечора ўқитувчи, шифокор ва журналистнинг ойлиги 3 миллиондан ошмаяпти. Пенсия ва нафақалар ҳам шу аҳвол). Бозор иқтисодига ўтиш керак. Қачонгача босқичма босқич бозор иқтисодиётига ўтамиз деб халқни қийнаймиз.

Musannif Adham: Ўзбекистонда энергетика инқирози чўққисига чиқди: электр токида муттасил узилишлар, газ етмайди, кўмир қиммат, ўтин бўлишга ярайдиган дарахтлар аллақачон кесиб бўлинган, камига газ билан юрадиган машиналар ҳам кўчада бир неча километрлик навбатларда қолиб кетган...

Балки, бу ҳали энг юқори чўққи эмас, сал пастроғидир. Балки янада авж олар бу ҳолат. Ҳукуматнинг мум тишлаб туриши, халқнинг ҳисобидан бола-чақа боқадиган биронта расмий чиқиб вазиятга изоҳ бермаётганидан гўё янада баттар бўлганидан кейин гапиришни кутишаётгандек: "Шошма, ҳаммасини битта қилиб тасалли берамиз, узр сўраймиз".

36 миллион одам яшайдиган, доимо мавҳум келажакдаги буюкликни даъво қиладиган мамлакатда энг зарурий эҳтиёж - исиниш ва ёруғда яшаш ҳалигача муаммо. Яна бунга масъул бўлган, "Менинг хатоим билан бўлди, энди тўғрилайман", дейдиган одам ҳам йўқ.

Хуллас, буёғига нима қилмоқчисизлар, жаноб амалдорлар?

Olimjon Haydarov: Фарғонада қор учқунлай бошлади. Ҳеч хам хурсанд эмасман негадир, ёшлигимда бўлгани каби хурсанд бўлолмаяпман. Аллоҳ нажот берсин уйини иситишга қийналаётганларга. Аллоҳ мазлумларга нажот берсин, золимларга кифоя қилсин.

Davletov.uz: Ҳукумат қишга тайёр эмас, бугунги энергетика инқирозини бартараф эта олмайди. Буни тушундик. Хўш, яқин ва узоқ истиқбол учун қанақа режалари бор? Янги вазир лавозимга тайинланганидан бери халққа изоҳ бергани йўқ, қорасини ҳам кўрсатмайди. Бир-иккита жойда каска кийиб, расмга тушишдан бошқасига ярамайдиганга ўхшайди.

Ҳамма нарсанинг сабаби бор. Сабабчиси бор. Бугунги энергия инқирозининг сабабчилари бор. Уларнинг исми, фамилияси бор. Беш-олти йил олдин баралла гапирганлар, лавозимдаги қарорлари билан шу кунга олиб келганлар қани? Балки уларнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқармиз? Халқ билсин қаҳрамонларини.

Barnogul Санакулова Твиттерда: Хозир газ заправкадаги навбатни ва инсонларни аҳволини кўриб тушиндимки, ҳаммангни гапинг бир тийин, инсон қадри учун ҳеч нарса қилмапмиз аслида ((

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek