Ўзбекистон: Чегаралар баҳси якун топяптими? Ўзбек мигрантларни Путиннинг янги фармонидан ким қутқариши керак?

кўргазма

Сурат манбаси, Nemolchi.uz

Ўқилиш вақти: 4 дақ
  • Чегара атрофи тақсимланиши бўйича нималар маълум?
  • Путин хорижликларни ҳарбий хизматга олмоқчи
  • Ўзбекистон Россия борасида ўз муносабатини билдира олмайдими?
  • Жинсий зўравонлик статистикаси ҳақиқатдагидан камми?

Ҳудудлар алмашиш

14 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Ўзбек-Қирғиз давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги Андижон (Кампир-Обод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни қабул қилдилар. Бош вазир Абдулла Арипов ҳудудлар алмашинуви тафсилотларини маълум қилди.

харита

Алоқадор мавзулар:

- «Кейинги беш йил давомида Қирғизистон билан 1170 км, Тожикистон билан 193 км узунликдаги чегара чизиқлари келишилиб, делимитация шартномалари имзоланди. Қозоғистон билан 2356 км узунликдаги давлат чегараси демаркация қилинди. 15 та чегара ўтказиш пунктлари фаолиятлари қайта тикланди: Тожикистон билан — 10, Қирғизистон — 3, Қозоғистон билан — 2 та. Ҳозирда ушбу янги очилган чегаралардаги ўтказиш пунктларидан кунига 18 минг фуқаро ва мингдан ортиқ юк автомобиллари ўтади», — деди Абдулла Арипов.

Шунингдек, бош вазир чегара ҳудудлари — Фарғона вилоятининг Сўх тумани (эксклав) ва Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги Боботоғ ҳудуди, шунингдек, Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри ҳамда Тошкент туманидаги бир қанча маҳаллаларни ривожлантириш бўйича алоҳида президент қарорлари қабул қилинганини ҳам қайд этди.

Абдулла Арипов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома тафсилотларини айтди.

«Қирғизистон ҳудудидаги Андижон сув омбори мамлакат қишлоқ хўжалиги учун муҳим стратегик объект саналади. Бугунги кунда ушбу сув омборидан вилоятларда (Ўзбекистоннинг Фарғона водийси) 175 минг гектардан ортиқ, Қирғизистонда 25 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерлари суғорилади. Сув омборининг сиғими 1 млрд 578 млн куб метр бўлиб, 4957 гектар майдонни эгаллайди. Биз ушбу сув омбори эгаллаган майдон ўрнига Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Пошахўр участкасидан 1019 гектар яйлов ер майдони ажратишни таклиф этяпмиз», деди ҳукумат раҳбари.

Ҳукумат раҳбари давлатлар сув омборидан фойдаланиш механизмини мувофиқлаштириш доирасида сув омборининг «объективини» (сув сатҳи) , гарчи Қирғизистон кўпроқ талаб қилган бўлса-да, 906 метрдан 900 метрга туширишга келишиб олганини аниқлик киритди.

Бундан ташқари, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги 20 дан ортиқ аҳоли пунктлари аҳолисини бошқа жойга кўчиришга тўғри келади, чунки канал Ўзбекистон ҳудудидан ўтади ва бу мамлакатнинг 2000 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларининг йўқолишига олиб келади, дея тушунтирди у.

Абдулла Ариповнинг айтишича, Наманган вилояти депутатлари Ғовасой участкасининг 6000 гектар майдони баҳсли ҳудуд бўлиб, амалда Қирғизистон фуқаролари томонидан фойдаланилаётганидан хабардор.

Бош вазирнинг қайд этишича, бугунги кунда Наманган вилоятининг Косонсой ва Чуст туманларидаги 27 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда асосий манба бўлиб хизмат қиладиган сиғими 165 млн кубометр бўлган Косонсой сув омборидан фойдаланиляпти.

Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистондан 10 та баҳсли участка бўйича 429 гектар ер олишга ва Фарғона водийси вилоятлари ҳудудидан 294 гектар ер беришга рози бўлган.

Шунингдек, 2020 йил баҳори охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида чегара низосига сабаб бўлган Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш ва тозалаш тўғрисида алоҳида ҳукумат битимини имзолашга келишиб олинди, деди Абдулла Арипов.

Бош вазирнинг таъкидлашича, келишувнинг имзоланиши Қирғизистон билан чегарадаги келишмовчиликларга тўлиқ барҳам бериш, Ўзбекистон чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ва чегара ҳудудларида қонли можароларнинг олдини олиш имконини беради.

Ўзбек мигрантлар учун катта хавф

Россия президенти Владимир Путин чет эл фуқароларини Россия армиясида ҳарбий хизматни ўташга рухсат берувчи фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, икки фуқароликка эга бўлган россияликлар ҳам ҳарбий хизматга чақирилади.

Бу борада «Ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар ҳам киритилди.

Ҳужжатда тергов остида бўлган, судланган ёки айблов олиб ташланмаган хорижлик билан шартнома тузилмаслиги белгиланган. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани учун маъмурий жазога тортилган чет эл фуқароси билан ҳам жазо муддати тугагунга қадар шартнома тузилиши мумкин эмас.

Шунингдек, эндиликда иккинчи фуқароликка эга бўлган россияликлар ҳам ҳарбий хизматга армияга чақирилади. Илгари хизматга фақат Россия фуқаролари чақирилар эди.

Владимир Путиннинг мазкур фармони кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Аввало, Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар тақдири кўпчиликни хавотирга солган.

«Россияда кучга кирган чет элликларни ҳарбий ҳизматга чақириш ҳақидаги қонун ватандошларимиз учун ўта катта ҳавф туғдиради. Бунинг устига Россия қоракўзларимизга ишчи квотани бекор қилибди. Барча куч ғайрат йигитларимизни бу бегона урушда қатнашишдан сақлашга қаратилиши керак», - деб ёзади Зафар Хошимов «Твиттер»даги саҳифасида.

Ўтказиб юборинг X пост
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири X пост

Сусма - бу уят эмас

Ўзбекистонда Nemolchi.uz — зўравонликка қарши лойиҳаси ва 139 Documentary Center галереяси ташаббуси билан NeUyat фестивали ўтказилмоқда. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри хабар бермоқда.

кўргазма

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Хабарга кўра, тадбир мақсади жинсий зўравонлик ҳодисалари атрофидаги сукунат маданиятини сукунат маданиятини йўқ қилишдир. Кўргазма экспонатларида жабрланган аёлларнинг ҳикоялари ва муаллифларнинг шахсий тажрибаси акс эттирилган.

Ташкилотчиларнинг фикрича, бу муаммо гўёки «ёпиқ қопқоқ остида»: у мавжуд, аммо бу ҳақда гапириш одатий ҳол эмас — яъни «уят»дир. Жамият зўравонлик қилган тажовузкорларни эмас, қурбонларни қоралаши вазиятни янада оғирлаштиради. Кўпинча бундай вазиятга дуч келган аёллар ва болалар «ўзини нотўғри тутган» ёки «провокация қилган»ликда айбланишади.

«Жамиятда жинсий зўравонлик одатда нотўғри кийинган, нотўғри жойда бўлиб қолган, нотўғри гапирган ёки нотўғри иш қилганлар билангина содир бўлади деб қабул қилинади. Кўргазма бу ерда „нотўғри" деган тушунчанинг йўқлигини кўрсатади. Бу каби зўравонликлар ҳаммага таъсир қилиши ва ҳар дақиқада содир бўлиши мумкин», — дейди Nemolchi.uz лойиҳаси координатори Нигина Худайбергенова.

Nemolchi.uz лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко бу борада статистик маълумотлар ҳақонийликка мос эмаслигини айтади.

«Ўтган йили 300 га яқин зўрлаш ҳолатлари кузатилгани ҳақида маълумот берилган — аҳоли зичлигини ҳисобга олсак, бу кичик статистик кўрсаткичдир. Бу жиноятнинг ушбу тури яширин жиноятлар тоифасига киритилганлигини кўрсатади. Улар ҳуқуқ-тартибот идораларига билдирилмайди, чунки бу табу мавзу», — дейди Ирина Матвиенко.

Фаолнинг сўзларига кўра, содир этилган яширин жиноятлар жазосиз қолаётгани билан ҳам хавфлидир.

Ўзбекистон яна "жим"

БМТ Бош Ассамблеясининг 14 ноябр куни бўлиб ўтган 11-фавқулодда сессияси йиғилишида Марказий Осиёнинг тўртта давлати - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Россия томонидан Украина учун товон тўлаш бўйича резолюция лойиҳаси бўйича овоз беришда бетараф қолди.

БМТ матбуот хизмати хабарида таъкидланганидек, ўнлаб давлатлар Украинага "Россия агрессияси" натижасида етказилган зарарни қоплашни таъминлайдиган халқаро механизм яратиш бўйича резолюция лойиҳасини тақдим этган.

Ҳужжат 94 давлат томонидан қўллаб-қувватланган, 14 делегация қарши овоз берган ва 73 давлат бетараф қолган, жумладан, юқорида санаб ўтилган Марказий Осиё давлатлари ҳам бор. Сессияда Туркманистон вакиллари қатнашмаган.

Ҳужжат муаллифлари Бош Ассамблея аъзоларини Россия Федерацияси Украинага босқини давомида содир этган халқаро ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилиши учун жавобгарликка тортилиши кераклигини тан олишга таклиф қилади. Россия армиясининг Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларида етказилган зарарни қоплашга мажбурдир. Шу мақсадда ҳужжат халқаро механизмни яратишни назарда тутади.

Бундан ташқари, ҳужжатда Халқаро суднинг 2022 йил 16 мартдаги қарори ҳам келтирилган, унда Россиядан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилинган.

Эслатма: Мақоладаги ташқи ҳаволалар мазмуни учун Би-би-си масъул эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek