Видео. Россия ва Марказий Осиё: Энди Путиндан "қўрқмаса" ҳам бўладими? Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar

Vladimir Putin

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Россия Украинага очган уруш фонида минтақада кузатилаётган воқеаларнинг кутилмаган ва шов-шувли ривожи худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймади. Бунақаси сўнгги 30 йил ичида бўлмаган. Нима ўзгарди - Путин ва Россия заифлашдими?

Би-би-си Ўзбек хизматининг таҳлилий подкастида батафсил танишинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

"Марказий Осиё давлатларига собиқ Совет Иттифоқидек қараманг...". Тожикистон президентининг Остонада Путинга қилган туғридан-тўғри ошкора мурожаати сўнгги кунларда минтақада энг кўп акс-садо берган воқеъликка айланди.

Эмомали Раҳмон Россия президентидан ҳурматларига яраша ҳурмат, Совет давридагидан фарқли эътибор ва қўллов талаб қилди.

Уларни Тожикистоннинг бор имкониятларига яраша сармоя киритишга ҳам чақирди.

Эътироз, сўров ва талаблари эса, "Марказий Осиё +Россия" форматининг ўтган ҳафта Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган саммити чоғида янгради.

Тожикистон президентининг мурожаати минтақанинг сиёсий ҳаётида бўлмаган, деган баҳо ва талқинларга сабаб бўлди.

Украина уруши фонида кузатилгани билан аксариятнинг диққат-эътиборини ўзига тортди.

Тожикистон президенти нега айнан бугун Путинга бу каби мурожаат билан чиқди ва ўзининг сўрову талаблари билан нима демоқчи бўлди?

Суҳбатдошимиз минтақадан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ва иқтисодий эксперт Сапарбой Жубаев.

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, .

Камолиддин Раббимов: Ҳақиқатда Марказий Осиё президентларидан Эмомали Раҳмон ҳали жамоатчиликка кўринмаган бир шаклда Путинга, яъни Кремлга ўзининг маълум эътирозларини билдирди.

Менинг назаримда, қаранг, мен ўша ерда бошқа президентларнинг, залда ўтирган бошқа сиёсатчиларнинг эмоциясига, мимикаси, жестикуляциясига жиддий эътибор бердим. Ва улардаги асосий бир ёндашув ҳайрат бўлгани йўқ.

Демак, хулоса қилиш мумкинки, мана бундай эътирозлар ёки мана бундай чиқишлар ёпиқ эшиклар ортида Путинга ёки президентлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда тез-тез айтиб турилади. Ва шунинг учун ҳам Раҳмоннинг айтган гаплари у ерда ўтирганларни у қадар ҳам ҳайратга солгани йўқ. Бу - биринчиси.

Иккинчиси эса, Раҳмон айтаяптики, биз қанчалик Россияга садоқатли бўлмайлик, биз, мана, Россияга ҳарбий база учун жой берганмиз, шу пайтгача Россиянинг геосиёсий чизиғидан оғишганимиз йўқ, аммо, шундай бўлса-да, Россия бизни назар-писанд қилмайди. Ҳурматсизлик билдиради. Бизнинг мана бу садоқатимизни у қадар эъзоз этмаяпти, англамаяпти, бу - нотўғри, деган бир эътироз билдирилди, дейиш мумкин. Яъни, Раҳмоннинг самимий эканлигини кўриш мумкин ва буни Путин, албатта, салбий, уни обрўсизлантириш эмас, кўпроқ бир ижобий шаклдаги ҳасрат, деб қабул қилаяпти.

Савол: Шундай экан, айни мазмундаги эътирозлар нега бир мустақил минтақа давлати раҳбари томонидан ўтган 30 йил давомида эмас, айнан бугун ошкора янгради?

Камолиддин Раббимов: Бундай эътироз билдиришнинг бир қанча сабаблари, яъни фон дейишимиз мумкин, ўша фон мавжуд бугун.

Яъни, Украина уруши соясида Путиннинг авторитетига шубҳа билдириш бу - нормал ҳолат.

Чунки Путиннинг постсовет ҳудудидаги у билан ижобий алоқалари шаклланган, яъни сақлаб қолаётган минтақа бу - Марказий Осиё.

Лекин Марказий Осиёда ҳам Москванинг таъсир қилиш салоҳияти жиддийгина пасайди.

Ҳаттоки Путин кетганидан кейин ҳам, Зеленский ҳокимиятда бўлмаса ҳам, бу икки давлат - Россия ва Украинанинг ўзаро муносабатлари ўта салбий бўлиб қолаверади.

Кавказда ҳам катта трансформация бўлди. Мана, бугун Арманистон Россиядан жудаям бир чуқур шаклда аразлаб турибди.

Марказий Осиёда ҳам Қозоғистон Россиянинг лойиҳаларига жиддий бир шубҳа билан қарайди.

Лекин Россияда ресурслар бўлмагани учун ҳам Қозоғистоннинг оғишувига муносабаи билдира олмайди.

Чунки Россиянинг ресурслари ўта чекланган экани мана шу уруш фонида жудаям яққол кўринди.

Путин ва Марказий Осиё давлатлари президентлари

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, Эмомали Раҳмон Россия президентидан ҳурматларига яраша ҳурмат, Совет давридагидан фарқли эътибор ва қўллов талаб қилди

Савол: Россиянинг айнан Украина уруши сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда иҳоталаниб бораётгани ва Тожикистон президентининг оҳанги кескинлиги аксарият таҳлилчилар томонидан бирдек эътироф этилаётган Путинга бевосита мурожаати худди шу манзарада янграгани назарда тутилса, бу расмий Кремлнинг мустақил Марказий Осиё давлатларига нисбатан сиёсатига амалга таъсир қилармикан? Энди Путин, Эмомали Раҳмон таъбири билан айтганда, минтақа давлатларининг ҳурматига яраша ҳурмат кўрсатармикан?

Камолиддин Раббимов: Менимча, қаранг, Россиянинг ресурслари чекланган.

Россия риторика даражасида жудаям катта бир сармоя, инвестиция, ҳамкорлик қилаётгандек кўринади.

У ҳарбий ўқув машқларига катта эътибор бераётгандек кўринади.

Лекин, аслида, бу фақат пропаганда учун, икки тарафлама, яъни, Марказий Осиё давлатлари, Ғарб, Америка, Хитой муносабатлари фонида Россия худди шундай ижобий фон яратишга ҳаракат қилади.

Ва фақатгина Россиянинг манфаатларига тўғри келадиган нефть, газ, шунга ўхшаш бир лойиҳалар амалга ошади.

Айтмоқчиманки, Путин даврида Россиянинг Марказий Осиёга бўлган сиёсати кардинал бир равишда ўзгармайди.

Аксинча, Марказий Осиёнинг Россиянинг орбитасидан чекиниш, узоқлашиши оҳисталик билан амалга ошаверади.

Айни пайтда, масалан, Марказий Осиё давлатлари Россияга қарши геосиёсий бир демарш ёки қадамлар ташламайди.

Чунки Марказий Осиё пойтахтлари яхши тушунадики, Россия қанчалик заифлашмасин, барибир, агрессив давлат. Провокация қила оладиган давлат.

Сабаби - Путин даврида Марказий Осиё давлатлари унинг кетишини кутади. Путин кетганидан кейингина улар Россия билан муносабатларини қайтадан тафтиш қилади, қайтадан кўриб чиқади.

Бугун Путиннинг йўқотадиган нарсаси қолмади. Ташқи дунёдан узилган, Украина билан уруш бошланган, Кавказда шу пайтгача бир қанча ўша ҳарбий ва геосиёсий бир лойиҳалар амалга оширилди.

Россия ҳам, бир томондан, Марказий Осиёни йўқотишни истамайди.

Лекин Марказий Осиё билан ижобий динамикага эришиши учун унда на интеллектуал, на ғоявий ва на иқтисодий ресурслар мавжуд, дейди минтақадан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Орадан кун ўтиб, Путин Тожикистон президентининг айнан собиқ Иттифоқ ҳақидаги эътирозларига расман ва ошкора жавоб бергандек бўлди.

У Эмомали Раҳмоннинг фақат қисман ҳақ бўлганини эътироф этди. Аммо, шунда ҳам, тилу маданият масаласи билан чекланди.

Совет Иттифоқининг парчаланиши Путин сўнгги йилларда ўзининг афсус-надоматларини изчил равишда расман ва ошкора билдириб келаётган мавзулардан бири бўлади.

Россия президенти буни очиқча "ХХ асрнинг энг йирик геосиёсий фалокати"га қиёс берган.

Путиннинг айни мазмундаги чиқишлари, бошқа томондан, расмий Кремлнинг империалистик амбициялари қайта кучайиб бораётган бир пайтда ҳам кузатилади, тўғри келади.

Россия Марказий Осиёга чегарадош ва минтақадаги йирик геосиёсий қудратлардан бири саналади.

Ҳали-ҳануз барча мустақил Марказий Осиё давлатларининг энг йирик стратегик ҳамкори ва савдо-иқтисодий шеригидан биттаси бўлади.

Россия яна нисбатан қашшоқ минтақанинг аксарият аҳолиси учун энг катта меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.

Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида Россия ҳозир Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигини ҳар томонлама кучайтириш, шу йўл билан ҳам халқаро иҳотадан чиқиш ҳаракатига тушиб қолган.

Бу унинг минтақадаги геосиёсий таъсирини ҳозиргисидан-да кучайтиради, деган хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Устига устак, Путиннинг қисман сафарбарлигидан қочган минглаб россиялик ўз йўлини Марказий Осиёга ҳам солган.

Шундай экан, минтақанинг Россиянинг иқтисодий, бунинг ортидан эса, сиёсий ва геосиёсий орбитасидан чиқиб кетиш имкониятларининг ўзи қанчалик реал?

Saparboy Jubayev

Сурат манбаси, .

Сапарбой Жубаев: Раҳмон ҳам, бошқа Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳам, шу жумладан, Сардор Беридмуҳамедов ҳам минтақанинг Россия орқали жаҳонга чиқа олишини тушуниб етади. Бошқа йўллар бизда йўқ.

Чунки, биламиз, жанубига, Ҳинд океанига чиқадиган ягона яқин йўл биттаси Афғонистон орқали, бошқаси эса, Эрон орқали.

Биласиз, Эрон санкциялар остида. Афғонистонни эса, тушунасиз, у томонга боришга ҳали жуда эрта.

Ғарбда Каспий денгизи, қардош Туркманистон давлати бор, аммо у нейтралман, деб ҳеч кимни ўтказмайди, ҳеч кимни киритмайди. Биласиз, бизнинг қўшни давлатларга ҳам виза қилиб қўйган.

Шарқда Хитой давлати. Улар ўзига керак вақтида инвестицион, бошқа, йўл-транспорт, яъни Ипак йўлини очишга ҳаракат қилади. Лекин бизнинг эркин бориб, шу уйғур халқи билан аралашишимизга йўл қўймаса керак, деб ўйлайман. Бу - энди сиёсат, геосиёсат.

Шунинг учун ҳам бизда фақат шимолдаги Россия қолади, холос. Бу - биринчи, жўғрофий томондан.

Иккинчиси эса, биз яхшими-ёмонми, биз 100-150 йил Россия билан биргаликда бўлдик. Совет Иттифоқи даврида, ундан олдин ва ҳозирги вақтларда. Бир-биримизнинг тилимизни тушунамиз.

Раҳмон шунга, "Тожикистоннинг меҳнат муҳожирлари, яъни ишчи кучи Эронга боргани йўқ, Саудия Арабистонига боргани йўқ, Европага боргани йўқ, фақат Россияга кетаяпти, чунки тилимиз бир- бир-биримизни тушунамиз, 150 йиллик ўртоқ тарихимиз бор", деб айтди.

Шунинг учун Россия бошқа чиқадиган йўлимиз ҳам, иқтисодий ҳамкорлик қиладиган давлатимиз ҳам ҳозирча йўқ.

Энди, албатта, Хитойнинг ҳам инвестицияси керак. Американинг ҳам инвестицияси керак. Европанинг ҳам инвестицияси керак.

Лекин улар, биласиз, ўзининг фойдаси бўлмайдиган бўлса, бу ерга ҳеч ким билмайди.

Бизда ҳам, ўзимизда ҳам камчиликлар жуда катта. Коррупция....Сиёсий ўзгаришлар керак. Иқтисодий ўзгаришлар керак.

Агарда бизнинг орамизда Грузияга ўхшаган бир демократик давлат чиқиб қоладиган бўлса, биласиз а, Қирғизистон шунга ҳаракат қилган эди, унда Россия билан муносабатимиз жуда қийин бўлиб қолади...", - дейди минтақадан иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.

Тожикистон президентининг Путинга мурожаати ҳафтанинг ижтимоий мулоқот тармоқларида энг кўп эътибор топган, ёқтирилган, шарҳланган ва улашилган постларидан бирига ҳам айланди. Миллионлаб марта кўрилиб, минглаб маротаба шарҳланди.

Қолдирилган шарҳларнинг фақат бир тилда эмаслиги ҳам кишининг диққатини ўзига тортди.

Шарҳларда эса, кўпчилик "ҳақиқатни бетига айта олди", дея Тожикистон президентини мақтаган.

Яна Россиянинг заифлашган пайтидан фойдаланиб, Эмомали Раҳмон ўзининг узоқ йиллик ранжу аламини тўкиб солди, дегувчиларнинг ҳам борликлари кўрилган.

Айримлар эса, ўзларида иш ўринларини яратиш, завод ва корхоналар барпо этиш, иқтисодини бунёд этиб, юксалтириши учун кичик халқларга ким тўсқинлик қилаяпти, дея муаммони ўзларидан излашлари кераклигига ҳам ишора қилган.

Тожикистон Россиянинг минтақадаги энг яқин иккита иттифоқчисидан биттаси, деб кўрилади.

Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам айнан Тожикистонда жойлашган.

Аммо Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг нисбатан камбағал икки давлатидан бири ҳам бўлади.

Айрим таҳлилчиларга кўра эса, президент Раҳмоннинг Путинга мурожаати Марказий Осиё давлатларининг геосиёсий қудратларга стратегик шерик ва иттифоқчиликларининг қанчалик номига эканию, манфаатларга қараб аҳамият касб этишини амалда кўрсатгану қўйган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek