Видео. Россия уруши: "Ўзбекистонлик маҳбусларга фақат Худо ёрдам бериши мумкин” O'zbekiston Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Россиянинг Украинадаги уруши кўплаб ўзбекистонликлар ҳаётига бевосита дахл қилаётганига оид хабарлар кун сайин ортиб бормоқда.
Ҳуқуқ фаоллари Россия қамоқхоналаридаги ўзбекистонликлар урушга боришга мажбурланаётгани, меҳнат муҳожирлари эса босиб олинган Украина шаҳарларини қайта тиклаш ишларида қатнашиш ёки рус армияси сафида хизмат қилишга жалб этилаётганини хабар қилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мазвулар:
- Урушга мажбурланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкент Москвага нота юборадими?
- Россия босиб олган Украина одамларининг ҳаёти қандай ўзгарди?
- Ўзбекистон. Украина ва Дунё: Энди Путин ва Россиядан қўрқиш керакми?
- Ўзбекистон. Дунё. Янгиликлар: Путиннинг марҳум ота-онасига ўғлидан шикоят қилиш қанақа бўлади? Трампга ҳам 'повестка' келдими? Чегарада нима бўлди?
"Ахир улар чет эллик-ку!"
12 октябрь куни тармоқда ўзини Россияда яшаётган Сирож Набиев исмли Ўзбекистон фуқароси эканини айтган йигит ҳарбий хизматга чақирув қоғози олгани ҳақида мурожаат тарқатган.
Набиев ўз мурожаатига Москва шаҳар мудофаа бўлими муҳри урилган чақирув қоғози суратини ҳам илова қилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Би-би-сига мазкур ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.
Деярли бир вақтнинг ўзида "Русь Сидящая" инсон ҳуқуқлари ташкилоти асосчиси Олга Романова Россия қамоқхоналарида сақланаётган тўрт ўзбекистонлик Украина заминида жанг қилишга мажбурлангани ҳақида ёзган.
"МДҲ давлатларидан "Русь Сидящая"га оммавий мурожаатлар келиб тушмоқда. Россия Федерацияси қамоқхоналарида жазосини ўтаётган Беларус, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон фуқароларини урушга олиб кетишмоқда.

Сурат манбаси, AFP
Ўтган ҳафта Ярослав қамоқхоналаридаги тўрт Ўзбекистон фуқаросини олиб қолдик. Ахир улар чет элликку!" дея ёзган Романова ўз Телеграм саҳифасида.
Фаол Би-би-си билан суҳбатда ушбу инсонларни Ўзбекистон элчихонаси кўмагида қамоқхонада қолдиришга муваффақ бўлингани, аммо Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳридан унча узоқ бўлмаган яна бир қамоқхонада камида икки Ўзбекистон фуқароси урушга боришга мажбурлангани ҳақида гапирди.
"Қариндошининг хабар қилишича, Бошқирдистоннинг Салават шаҳрида жойлашган колонияда уч йилдан бери ўтирган 29 яшар ўзбекистонлик йигитни урушга боришга мажбурлашган", маълум қилди Романова.
Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари урушда иштирок этиш ҳамда босиб олинган, аммо халқаро ҳамжамият, жумладан, Ўзбекистон томонидан Россия ҳудуди, дея тан олинмаган Украина шаҳарларида ишлашга турли йўллар билан ундалаётганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлган.
Россияда ўзбекистонликлар учун иш топиб бериб бериш билан шуғулланадиган Телеграм каналларидан бири юритувчиси Би-би-сига россиялик иш берувчилар томонидан бир қанча таклифлар олгани сўзлаб берди:
"Сафарбарликдан олдин шундай эълонлар қўйиб беришимни сўрашган эди. Аниқ эсимда ёқ - Украинанинг қайсидир шаҳрида ишчилар кераклиги, ойлик 70-80 минг рубль эканини айтишди. Уруш бўлаётган жойда қанақа қилиб ишлаш мумкин, дедим. Сафарбарликдан кейин бундай таклифлар бўлмади ҳали".
3,1 миллион ўзбекистонлик
Мустақил нашрлар Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинган 21 сентябрдан буён юзлаб Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳарбий хизматга чақирув қоғози ола бошлагани, яна кўплаб меҳнат муҳожирлари катта маош ваъдаси билан босиб олинган Украина шаҳарларига олиб кетилгани ҳақида ёзган.
Озодлик радиосининг тожик хизмати август ойида юздан зиёд тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядаги қурилиш компанияси томонидан Украинанинг босиб олинган Мариупол шаҳрида қайта тиклаш ишларига олиб кетилганини хабар қилган.
Gazeta.uz нашри билан суҳбатлашган ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик 5 октябрь куни 1,000 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам Мариуполдаги вайроналарни тозалашга бориш тўғрисида шартнома имзолагани ҳақида гапирган.
Айни вақтда Россия уруши бевосита ва билвосита ҳаётига дахл қилган ўзбекистонликларнинг аниқ сони маълум эмас.
Аммо хабарлар вақт ўтган сайин Украинадаги уруш домига тортилаётган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таянилса, жорий йилнинг биргина январь ойидан июнь ойига қадар 3,1 миллиондан зиёд Ўзбекистон фуқароси ушбу мамлакатга келган ва уларнинг 2,9 миллиондан кўпроғи рўйхатга олиш ҳужжатларида ишлаш мақсадида келганини кўрсатган.
"Мигрантларимиз вазиятни тушунмаяпти"

Сурат манбаси, Courtesy
Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётган фаол, "Pardaev Law Group" адвокатлик фирмаси раҳбари Хайрулло Пардаев Россияда юзага келган вазият меҳнат муҳожирларини мушкул вазиятга солиб қўйганини айтади.
"Мигрантларимизни урушга ёллаш, асосан, яхши гаплар, алдов йўллари билан бўляпти. Топаётганидан бироз кўпроқ пул таклиф қилиняпти. Мажбурлаш ҳолатлари ҳам бўляпти. Масалан, патенти тугаб қолса, шу жойга борсанг, узайтириб берамиз, дейишяпти".
Пардаевнинг сўзларига кўра, энг оғир аҳволдаги қатлам Россия қамоқхоналарида сақланаётган чет элликлардир.
"Қамоқхоналарда ўзбекистонликлар сони жуда кўп. Ҳозир уларни жазодан озод этиласан, фуқаролик оласан, деб урушга боришга қизиқтиришяпти ёки ундашяпти. Маҳкумларнинг яқинларига тавсиям - улардан тез-тез хабар олиб туринг. Агар хабар олиб турадиган бирор яқини бўлмаса, у ҳолда, маҳкумга фақат Худонинг ўзи ёрдам бериши мумкин. Қонунчилик бўйича маҳкумлар ўзлари истамаган танловларга дуч келганда, арз қилишга ҳаққи бор. Лекин Россияда демократик институтлар абгор ҳолатда, бундан бирор фойда чиқмаслиги мумкин".
Россия жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ўзбекистонликлар сони охирги марта 2017 йилда очиқланган. Ўшанда Россия матбуоти қамоқхоналарда 6,362 нафар ўзбекистонлик ўз жазосини ўтаётгани ҳақида ёзган.

Сурат манбаси, Reuters
Шунингдек, Пардаев айрим меҳнат муҳожирлари ўз ихтиёри билан ҳам урушга боришга рози бўлаётган ҳолатлар мавжудлигини қайд этади.
"Афсуски, аксар мигрантларимизнинг билимлари етарли, деб бўлмайди. Ҳуқуқларини билмайди, вазиятни тушунмаяпти. Агар улар урушда қатнашишга таклиф олишса ёки бунга мажбурланса, дарҳол элчихонага, Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиш керак. Биз ҳам уларга бепул юридик маслаҳат беришга тайёрмиз. Яна Россиянинг ўзида бундай маслаҳатлар бераётган ўнлаб мустақил ташкилотлар бор".
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларга бориш хавфли экани, ўзга давлат қуролли кучларига қўшилиш Ўзбекистон қонунчилиги билан жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлишини таъкидлаб, меҳнат муҳожирларини бир неча бор огоҳликка чақирган.
Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов Би-би-си орқали фуқароларга яна бир бор мурожаат қилиб, ҳарбий тўқнашувлар давом этаётган ҳудудга бориш ва қайтишда ҳеч ким хавфсизликни кафолатламаслигидан огоҳлантирди.
"… Ўзбекистон бу ҳудудларни Украина ҳудуди деб билади, демак, агар шу фуқаро бориб тирик қайтган тақдирда ҳам, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддаси билан озодликдан маҳрум қилинади. Россияда яқинда эълон қилинган қисман сафарбарлик тоифасига Ўзбекистон фуқаролари кирмайди. Демак, бизни фуқароларни мажбуран ҳеч ким ушбу низоли ҳудудларга ишга, урушга деб мажбурий олиб кетолмайди.
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизга такрор ва такрор айтар гапимиз: Россия ва Украина ўртасидаги ҳамда бошқа зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмаслик, зиддиятли ҳудудларга ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш ёки ишлаш учун бормаслик", деди Норов Би-би-си саволларига жавобан.
"Бир нарсани тушунишлари керак - уруш кетаётган ҳудудда ҳар қандай кўринишда қатнашиш ёлланиш ўлароқ малакаланиши мумкин. Улар мигрантларимизни жанг кетаётган ҳудудларда ишлатишни кўзлаяпти, холос", таъкидлайди Хайрулло Пардаев.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















