Ўзбекистон: Путинсевар раққос Тошкентда урушга чорловчи қўшиқ цензура қилинганини иддао этиб чиқди O'zbekiston, Rossiya

ballet

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сергей Полунин.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россиялик таниқли балет раққоси Сергей Полунин Тошкентда ўтган концерт вақтида ҳалок бўлган рус аскарларига бағишланган қўшиқ туфайли ташкилотчилар цензурасига учраганини иддао қилиб чиққан.

Бу ҳақда раққос 27 сентябрь куни ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилган.

Полуниннинг сўзларига кўра, ҳолат концерт вақтида "ҳалок бўлган рус аскарлари" ҳақидаги қўшиқ садолари остида яккахон рақс тушмоқчи бўлган вақт юз берган.

Раққос Тошкентда "тақиққа учраган" қўшиқ ўзининг ватанпарварлик руҳи ҳамда кремлпараст кайфиятдаги қўшиқлари билан танилган россиялик хонанда SHAMAN'нинг "Встанем" (Оёққа турамиз) треки бўлганини билдирган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мазвулар:

"Биз бунга йўл қўймаслигимиз шарт!"

Асли Украинанинг Херсон вилоятида туғилган Сергей Полунин иштирокидаги "Сатори" балети намойиши 25-26 сентябрь кунлари пойтахт Тошкентда жойлашган Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида бўлиб ўтган.

Концерт Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкилланган.

concert

Сурат манбаси, Screenshot/Social media

Сурат тагсўзи, Тошкентда ўтган концертдан парча. 26 сентябрь

27 сентябрь куни мухлисларига мурожаат қилган Полунин жамғарма ходимлари хатти-ҳаракати устидан шикояти борлигини таъкидлаган.

"Қўшиқ ёқимли, биз улардан [ҳалок бўлган рус аскарлари - таҳр.]дан қанчалик миннатдор эканлигимиз ва улар билан сўзсиз қайта кўришишимиз ҳақида.

Ўзбекистон маданий ташаббуслар жамғармаси ходимлари бутун театрга "Унга бу қўшиққа рақс тушишга ким рухсат берди?" дея қичқиришдан ўзларини тийиб турмадилар. Уни [қўшиқни - таҳр.] дарҳол ўчириш керак эмиш. Қўл остимдагиларга ҳам бақирдилар. Шундан сўнг раққосларга кунлик ҳақларини бермасликка қарор қилдилар. Улар вақт сарфлаб, саҳнага чиқишган, иккита концертни муваффақиятли ўтказишган эди. Шундан кейин бизни судга бериб, тўлаган пулларини қайтариб олишга қарор қилдилар", дея юз берган ҳолат бўйича ўз талқинини илгари сурган 32 яшар раққос.

Полуниннинг ушбу мурожаати дунё, айниқса, Собиқ Иттифоқ мамлакатлари бўйлаб кремлпараст кайфият, шунингдек, Россиянинг жорий сиёсатига ён босувчи санъат ва маданият вакилларига нисбатан муносабат таранглашган бир пайтда янграгани учун эътиборни тортган.

Сергей Полуниннинг ўзи ҳам Ўзбекистонда юз берган ҳолат Россияга нисбатан салбий муносабат белгиси экани тўғрисидаги даъвони илгари сурган.

"Одатда, бундай нарсалар ҳақида гапиришни хуш кўрмайман, аммо Ватан мураккаб вазиятда ёрдамга, англашга муҳтож бўлиб турган бир пайтда… Бу жамғарма ходимларининг ҳалок бўлган рус аскарлари ҳақида куйланганда қичқиришга ақли етар экан… Нима дейишни ҳам билмайман".

Балет раққоси мазкур ҳолатда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан кўмак кутишини билдирган.

"Рус артистлари, рус маданиятига нисбатан бундай муносабатда бўлишларига йўл қўймаслигимиз шарт… Ўзбекистонликларнинг боболари, оталари Иккинчи Ватан урушида ҳалок бўлган. Улар ҳақида кўп яхши нарсалар эшитганман. Улар энг содиқ, энг жасурлардан бўлганлар… Ўзини бундай тутиш эса шунчаки уят", таъкидлаган Полунин.

Мурожаати охирида раққос "ушбу қўшиқ садоси остида рақс тушишда давом этиши"ни айтган.

"Бу нима билан тугашини ҳали кўрамиз. Рус артистини тинч осмонимиз, тупроғимиз учун жонини қурбон қилган рус аскарлари ҳақидаги қўшиққа рақс тушгани, ўз миннатдорчилигини билдирганини қоралаш… Шунчаки нимадир дейишга сўз топа олмаяпман".

Бир вақтнинг ўзида Полунин юз берган ҳолат Ўзбекистон ва Россия муносабатларига "яхшилик келтирмаслиги"дан огоҳлантириши ҳақида гапирган.

Расмий муносабат

Би-би-си Сергей Полунин илгари сурган иддаолар ортидан юзага келган саволлар билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига мурожаат қилди.

Жамғарма Полуниннинг мусиқани ўчириш талаб этилгани борасидаги даъвосини рад этди.

Расмий муносабатда жамғарма ходимлари Полунин ва унинг жамоаси аъзолари билан "фақатгина ҳурмат тарзида" муомалада бўлгани, ҳатто, буни раққоснинг ўзи ҳам эътироф этгани таъкидланади.

"С. Полуниннинг "бутун театрга "Унга бу қўшиққа рақс тушишга ким рухсат берди?" дея қичқиришдан ўзларини тийиб турмадилар" деган баёноти чалкаш ва ҳақиқатга тўғри келмайди", дейилади жамғарма муносабатида.

Жамғарма Полуниннинг "раққосларга кунлик ҳақларини бермасликка қарор қилдилар" деган баёноти ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

"Тошкентда "Сатори" балетини саҳналаштириш тўғрисидаги шартномада жамғарма томонидан С. Полунин ва унинг жамоасига кунлик ҳақ тўланиши кўзда тутилмаган. Мазкур масала С. Полунин ва унинг агенти ўртасида тартибга солинади".

Шунингдек, жамғарма баёнотида Сергей Полуниннинг концертдаги чиқиши тадбирдан икки кун аввал раққоснинг ўзи томонидан тақдим этилган тасдиқланган дастур бўйича ўтмагани ҳақида сўз боради.

Ўз фаолияти давомида нафақат жаҳон, балки россиялик санъат вакиллари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириб келаётганини билдирган Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Сергей Полунин тарқатган баёнотни "зиддиятли" деб атаган.

"Жамғарманинг ушбу йўналишдаги фаолиятининг асосий ғояси "маданият ва санъат - сиёсатдан ташқарида" тамойилига содиқлик ҳисобланади. Ушбу манзарада, С. Полуниннинг жамғармага нисбатан баёноти зиддиятли, ҳақиқатга тўғри келмайди".

Аслида нима бўлган эди?

Ушбу ҳолатни ёритган Gazeta.uz нашри концерт дастурида Полунин ирландиялик хонанда Ҳозиер ижросидаги Take me to Church қўшиғи остида саҳнага чиқиши белгилангани, аммо у мутлақо бошқа мусиқа садосига рақс ижро этгани ҳақида ёзган.

Айни концертда тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқда тарқатилган видеода балет раққоси ҳарбий кийимда россиялик SHAMAN ижросидаги "Встанем" қўшиғига рақсга тушаётгани кўринади.

Видеода Полунин даъво қилганидек унинг ижросига на залдан, на саҳнада тўсқинлик қилингани ёки норозилик билдирилгани кўзга ташланмайди.

Бироқ айрим томошабинлар концертдан сўнг Полуниннинг ижросидан норози бўлганликларини ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирганлар.

"Афсус, унинг позициясини билгунимизга қадар чипталарни сотиб олиб бўлгандик. Бизнинг хатомиз. Лекин биз бундай даҳшатни кутмаган эди. Ҳозир минглаб эркаклар омон қолишга уринаётган, одамлар ўлдирилаётган, оналар, рафиқалар, опа-сингиллар намойишларга чиқаётган кунлар… Сергей Полунин саҳнага гимнастёркада чиқиб, фронтга бориш ва ҳалок бўлишни тарғиб қилувчи қўшиққа рақс туша бошлади. Бундай иш қилишга ягона мос жой - бу фронт", дея ёзиб қолдирган Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Полунин ким ўзи?

dancer

Сурат манбаси, Instagram: @poluninink

Сурат тагсўзи, Путинни улуғлашини яширмайдиган Полунин август ойида танасига Россия президентининг учинчи суратини чиздирганини эълон қилган.

Сергей Полунин 1989 йилда Украинанинг айни вақт Россия босиб олган Херсон вилоятида туғилган.

Болалигидан Лондонда балет рақсини ўргана бошлаган ва 17 ёшида Лондондаги Қироллик балет труппасига қабул қилинган.

2010 йилларда халқаро эътиборга туша бошлаган Полунин, кейинчалик, Россия президенти Владимир Путинни улуғловчи қарашларини очиқ билдира бошлаган.

Шу йилнинг август ойида раққос президент Путиннинг учинчи суратини танасига чиздирганини мухлисларига маълум қилган.

"Встанем" қандай қўшиқ?

SHAMAN тахаллуси остида ижод қилувчи Ярослав Дронов Иккинчи Жаҳон Урушида ҳалок бўлган совет аскарлари хотирасига бағишланган "Встанем" синглини шу йилнинг 23 февраль куни оммага тақдим этган.

Қўшиқда ватан учун урушга бориб, ҳалок бўлишни улуғловчи сўзлар мавжуд.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан мухолиф қарашдаги россияликлар Дроновни Кремлнинг муҳим маданий тарғибот қуролларидан бирига айланишда танқидга тутганлар.

Июнь ойида "Вести недели" телекўрсатувида "Встанем" ноодатий равишда тўлиғича намойиш этилиб, у "нафақат фронтдагилар, балки Европани денатсификация қилиш бўйича Россиянинг навбатдаги миссиясига нисбатан дастак ва ғурур туйғусини туяётганлар" қўшиғига айлангани таъкидланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek