Россия фуқаролигидан воз кечиш асли ўзбекистонликларни урушдан асраб қоладими? Икки фуқаролик-чи? Чегарада яна отишма: Ким биринчи ўқ узди? Ўзбекистон ва дунё. Янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
- Россия фуқаролигидан воз кечиш асли ўзбекистонликларни урушдан асраб қоладими?
- Икки фуқаролиги бор шахслар сафарбарликка олинадими?
- Озарбайжон-Арманистон чегарасида яна ўзаро отишма содир бўлди.
- Эрон президенти Ўзбекистон билан визасиз режим жорий қилиш масаласига тўхталди
Чора - Россия паспортидан кечишми?
Россия фуқаролигини олган Марказий осиёликлар энди ундан воз кечиш ҳаракатида.
21 сентябр куни Россияда «қисман сафарбарлик» эълон қилинганидан сўнг кўплаб россияликлар мамлакатни тарк эта бошлашди. Натижада самолетлар нархлари кескин кўтарилди, чегараларда узун-қатор навбатлар ҳосил бўлди. Шундай вазиятда Россиядан кета олмаётган чақирув ёшидагилар урушга бормасликнинг бошқа йўлларини кўра бошлашди.
Ҳуқуқшуносларга Россия фуқаролигидан чиқиш сафарбарликка олинишдан асраб қолиши мумкинлиги ҳақидаги саволлар туша бошлаган.
Алоқадор мавзулар:
РБК нашри таҳририятига шу мазмунда келган кўплаб саволларга 122 ишонч телефонига қўнғироқ қилиб олган жавобини эълон қилди.
Жавобда Россия қонунга биноан россияликлар ихтиёрий равишда фуқароликдан воз кечиши мумкинлиги, аммо улар бундай ҳуқуққа фақат фуқаронинг давлат олдидаги бажарилмаган мажбуриятлари бўлмасагина амалга ошира олиши айтилди.
«Ишонч телефони» мутахассисининг айтишича, шундай мажбуриятлардан бири сафарбарлик эълон қилинганда муддатли ҳарбий хизматни ўташдир.
- «Агар сиз тартибларга мос келсангиз, хорижга чиқишингиз ва фуқароликни ўзгартиришингиз мумкин. Аммо агар сизга чақирув келган бўлса, Россия Федерацияси олдидаги аввал мажбуриятингизни бажаришингизга тўғри келади», - дея тушунтиради мутахассис.
«Чақирув қоғозини олгандан сўнг Россия фуқароси фуқароликдан воз кеча олмайди ва шу тариқа қисман сафарбарлик доирасида муддатли ҳарбий хизматдан бўйин товлай олмайди», хулоса қилинади нашрда.
Икки фуқаролилик-чи?

Сурат манбаси, TASS/ ALEXANDER RYUMIN
Марказий Осиё давлатларидан Россия паспортини олган шахсларнинг айримлари икки фуқароликка эга.
Қўшпаспортли фуқаролар сафарбарликка жалб этилмаслиги мумкинми?
РБК нашри таҳририятга ўқувчиларидан тушган саволлар орасида икки фуқароликлар ҳам борлигини ҳисобга олади ва бу борада ҳам мутахассислар жавобини билдиради.
«Тушунтиришларда қўш фуқароликка эга бўлган россияликлар сафарбарликка тортилиши айтилади», деб ёзади нашр.
Нашрга кўра, Россия бундай шахсларни хизматга чақириши мумкинлиги сабабли, АҚШ элчихонаси ўз фуқароларини имкон қадар тезроқ Россияни тарк этишга чақирган.
- «Россия икки фуқаролиги бор шахсларни АҚШ фуқаролигини тан олишни рад этиши, уларга АҚШ консуллик ёрдамини олишдан бош тортиши, Россиядан чиқиб кетишига йўл қўймаслиги ва икки фуқаролик фуқароларини ҳарбий хизматга чақириши мумкин», - АҚШ дипломатик миссия баёнотидан иқтибос келтиради нашр.
Эрон визасиз бўладими?
ШҲТ саммити доирасида ЎзА мухбири Эрон президенти Иброҳим Раисий билан суҳбатлашган. Унда Эрон президенти Ўзбекистон билан визасиз режим жорий қилиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.

Сурат манбаси, Getty Images
- Туризм кўп сонли аҳолига эга бўлган мамлакатларимиз учун кескин ривожлантирса бўладиган аниқ-равшан имкониятдир. Бизни қувонтирадигани шуки, икки мамлакат туристик жозибадорлик бўйича дунёда юқори ўринларни эгаллайди. Биз ўзаро авиақатнов сонини ошириш ва визасиз тартиб ўрнатиш орқали иқтисодий ҳамкорликни юқори нуқтага чиқара олишимиз мумкин, - дейди Иброҳим Раисий.
Шунингдек, Президент жаноблари Эрон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқани кенгайтиришга қаратилган кўплаб шартномалар имзоланганини таъкидлаган.
Фикримизча, бу етарли эмас, мавжуд имкониятга мос эмас. Шубҳасиз, ҳар икки мамлакатда нисбатан устунликни таъминлайдиган ва бир-бири иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатадиган салоҳият бисёр, - дейди Президент Раисий.
Ким биринчи ўқ узди?
Озарбайжон-Арманистон чегарасида 28 сентябр куни яна отишма содир бўлди. Томонлар бир-бирини сулҳ битимларини бузганликда айблашмоқда.

Сурат манбаси, official
«28 сентабр куни соат 18:00 дан бошлаб Озарбайжон Қуролли кучлари бўлинмалари Арманистон-Озарбайжон чегарасининг шарқий йўналишида жойлашган жанговар позициялар йўналиши бўйича миномётлар ва йирик калибрли ўқотар қуроллардан ўт очди. Арманистон томони жавоб чораларини қўллади», — дейилади Арманистон Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Маълум қилинишича, ўққа тутилиши натижасида уч арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ўққа тутилиш Арманистон томонидан бошланганини билдирган.
«Эришилган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга зид равишда, 28 сентябр куни соат 18:00 атрофида Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Қалбажар вилояти, Аллахйўллар тумани йўналишда Озарбайжон армияси бўлинмаларини турли калибрли автоматлардан ўққа тутди», дейилади вазирлик баёнотида.
Баёнотда келтирилишича, отишма натижасида бир нафар озарбайжонлик ҳарбий хизматчи яраланган.
Хабарларга кўра, соат 22:00 га бориб Арманистон-Озарбайжон чегарасида вазият нисбатан барқарорлашган.
Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можаро 13 сентябр куни қайта бошланган, мамлакатлар бир-бирини отишмада айблаганди. Арманистон КХШТдан ёрдам сўраган, бироқ улар тинчликпарвар кучларини юборишдан бош тортган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













