Россия. Янги таклиф: Россия паспортини олганларга энди янада қийин бўладими ё улар урушга бормаса нима кутади? Rossiya Ukraina Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Россия паспортига эга чет элликлар учун ҳарбий хизматга чақирув ёшини 50 гача кўтариш таклиф қилинди. Сўнгги янгилик Россияда Украина уруши учун қисман сафарбарлик давом этаётган бир пайтда олинди. Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликлар сони ҳам ўн минглаб экани айтилади.
Алоқадор мавзулар:
- Россия: Путин қисман сафарбарлик эълон қилди - янгиликлар
- Россия: Путин мобилизацияси мамлакат ичида қандай қабул қилинмоқда?
- Путин буни билармиди: Россия Украина урушида нега энг сара ҳарбийларини йўқотмоқда?
- Россия Жиноят кодексига «мобилизация» ва "уруш вақти" киритилди. Бу ким ва нимага хавф солади?
Янги таклиф билан Россия президенти қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари чиққан.
Бу ҳақда кенгаш ўзининг расмий Telegram каналида маълум қилган.
Валерий Фадеевнинг таъкидлашича, амалдаги қонунчиликка кўра, ёши 27 ёшдан ошган бўлса, Россия фуқаролигини олган чет элликлар ҳарбий хизматга чақирилмайди. Ҳарбий мутахассислик бўйича рўйхат ва захирага олинмайди.
Аммо, Конституцияга мувофиқ, Ватанни ҳимоя қилиш биргина туғилиш орқали фуқароликни олганлар эмас, барча россияликларнинг бурч ва масъулиятидир, дея баён қилган бу амалдор.
Унга кўра, энди "бу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш ва фуқароликка олинганларнинг ҳарбий хизматга чақирув ёшини 45 ёки 50 гача кўтариш имкониятини кўриб чиқиш керак".
Россия ва Ўзбекистон

Ўзбекистон - Марказий Осиёнинг аҳолиси энг йирик давлати.
Расмий маълумотларга таянилса, мамлакат аҳолисининг сони ҳозир 35 миллион кишидан кўпроқни ташкил этади.
Россия эса, йилларки, миллионлаб сондаги ўзбекистонликлар учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини бажариб келади.
Россия ковид пандемиясигача ҳар йили ўртача 9-11 миллион хорижий ишчи кучига эҳтиёж сезган.
Улардан салмоқли қисмини эса, айнан Ўзбекистон ва қолган Марказий осиё давлатларидан бўлган меҳнат муҳожирлари ташкил этишган.
Россия фуқаролигини олаётган ўзбекистонликлар сони ҳам йилдан йилга ортиб бораётгани қайд этилган.
Бунга Россия Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотлари ҳам далолат қилган.
Дейлик, 2012 йилда 13 ярим мингга яқин ўзбекистонлик Россия паспортини олган бўлса, 2017 йилга келиб бу рақамлар 23 300 дан ошган.
Бу рўйхатда фуқаролари пешқадамлик қилаётганлар орасида Қозоғистон ва Тожикистоннинг ҳам борлиги кўрилган.
Қисман сафарбарлик ва мигрантлар

Сурат манбаси, ALEXANDER DEMIANCHUK/TASS
Шу йилнинг 21 сентябрь куни эса, Владимир Путин Украина уруши учун Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди.
Путиннинг айни хусусдаги фармони Давлат думасининг Россия фуқаролиги билан боғлиқ амалдаги қонунчиликка киритилган янги тузатишларни маъқуллаши ортидан бўй кўрсатди.
Янги ўзгартиришларга мувофиқ, хорижликлар Россия Қуролли кучлари сафларида шартнома асосида хизмат қилган тақдирда, фуқароликни соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин бўлади.
Тегишли тузатишлар тезда Россия президентининг ўзи томонидан ҳам тасдиқланган.
Бунинг ортидан Москва мэри яна бир янгилик билан чиққан.
Сергей Собянин ўзининг сайтида айни муносабат билан пойтахт маъмурияти Россия Мудофаа вазирлиги билан биргаликда тез орада Сахарова кўп тармоқли миграция маркази ҳудудида чақирув пунктларини очишини маълум қилган.
Пойтахт Москва Россиянинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд шаҳри бўлади.
Бу Россия президенти қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгашининг айни хусусдаги биринчи ташаббуси эмас.
Янги таклифларни Путин қисман сафарбарликка оид фармонни имзолашидан кун ўтиб, айни шу кенгаш аъзоси ўзининг Telegram каналида бошлаб берган.
Кирилл Кабанов камида 10 йил Россия паспортига эга бўлган Марказий Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларининг бир йил давомида мажбурий ҳарбий хизматни ўташлари бўйича таклифлар тайёрлаётганликларини маълум қилган.
Унинг ёзишича, ҳарбий бурчни бажаришдан бош тортиш нафақат ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахс, балки унинг оила аъзоларини ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум қилишга олиб келиши керак.
Кенгаш аъзосига кўра, ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши мазкур давлатлар томонидан ўз фуқароларининг Украинадаги махсус ҳарбий амалиётда кўнгилли равишда иштирок этишларини расман тақиқланишига муқобил жавоб бўлади.
Валерий Фадеев эса, айнан Кирилл Кабановнинг Россия фуқаролигини олган чет элликларни ҳарбий хизматга чақириш ташаббусига изоҳан ўзининг янги таклифларини илгари сурган.
ТАСС агентлигига берган интервьюсида Кирилл Кабаевнинг таъкидлашича, кенгаш бу таклифларни бир ҳафта ичида тайёрлаб, Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши, Давлат Думаси ва президент маъмурияти раҳбариятига юборади.
Орада ҳар икки рақиб томондан ҳам чет эллик легионерлар ва ташкил топаётган "хорижий легион"ларга оид ҳам хабарлар олинган.
Аммо уларнинг сафларида Марказий Осиё фуқароларининг бор-йўқлиги, бўлса, аниқ қанча сонда эканига оид ишончли маълумотлар ҳалича имконсиз.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













