Видео. Ўзбекистон: Қорақалпоғистонда “ғойиб бўлган” намойишчилар, аҳолига ер тарқатилади ва куйдирги қанчалик хавфли касаллик? Video O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, BBC O'zbek
- Намойишлар ортидан одамлар бедарак кетгани тўғрисидаги хабарлар изоҳланди;
- Мирзиёев раҳбарларга ўн кун ичида иш услубини ўзгартиришни буюрди;
- Аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқатга сарфланаётгани айтилди;
- Трансафғон темирйўли лойиҳаси бўйича амалий ишлар бошланди;
- Сирдарёда куйдирги касаллиги расман тасдиқланмаган - Нурмат Отабеков;
"Ғойиб бўлган" намойишчилар
Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги оммавий норозилик намойишларида иштирок этган бир қанча инсон бедарак йўқолгани тўғрисидаги хабарларни "фейк" деб атаган.
Бундан аввал Reuters агентлиги Open Dialogue Foundation инсон ҳуқуқлари ташкилоти 1-2 июль кунлари намойишларда қатнашиши ортидан ғойиб бўлган камида 58 инсоннинг шахсини аниқлагани ҳақида ёзган эди.
"Ваҳоланки, тармоқларда тарқатилган рўйхатда кўрсатилган бир қисм фуқаролар ўз яшаш уйида эканликлари, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетганликлари, айримлари эса, умуман мавжуд бўлмаган шахслар эканлиги аниқланди", маълум қилган Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов 18 июль куни ўтган брифингда.
Шунга қарамай, Шамсутдинов ушбу ҳолат назоратга олингани ва ҳозирги вақтда яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилаётганини қўшимча қилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
18 июль кунги брифингда, шунингдек, норозилик намойишлари ортидан қурбон бўлган инсонлар сони яна ортгани - касалхонада бўлган 3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис вафот этгани ҳам хабар қилинган.
Алоқадор мазвулар:
- Қорақалпоғистон: Норозилик намойишлари ортида ким турган?, видео
- Ўзбекистон Қорақалпоғистон воқеаларини қандай текширмоқчи, вабо чегараоша ўтиши мумкинми ва Ўзбекистон ҳужумга тутилдими ёки йўқ? Дайжест
- Ўзбекистон ва дунё: Куйдирги бутун дунёга қандай тарқалганини биласизми?
- Ўзбекистон: аҳоли 35 млн дан ошди. Дунёга карантин қайтадими? Учинчи жинс баҳси: у расман тан олинадими? Дайжест.
10 кунда ўзгарадиган услуб

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Президент Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва ҳокимлар ўз тизимида ўн кун муддатда структураси ҳамда иш услубларини ўзгартириши шартлигини таъкидлаган.
18 июль куни ўтган йиғилишда давлат раҳбари бундан буён йиғилиш ва қарорлар камайтирилиб, ижро ва аҳоли муаммолари бўйича ишлайдиган тизим бўлиши ҳақида гапирган.
Йиғилишда ҳар бир вилоят ҳокимига бир ойдан кейин қилган ишлари ҳақида алоҳида ҳисобот бериш вазифаси юклатилган.
Адлия вазирлигига қонунчиликни ихчамлаштириш бўйича янги тизимни ишлаб чиқиш топширилган.
Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги олдига берилаётган маблағлар мақсадли ишлатилиши, айниқса, қурилишни молиялаштириш, субсидия ва компенсация ажратиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича янги тизим ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Озиқ-овқатга кетаётган даромад

Сурат манбаси, BBC O'zbek
"Бизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади", деган президент Мирзиёев 18 июль кунги йиғилишда.
Йиғилишда давлат раҳбари дунёда озиқ-овқат танқислиги муаммоси кучайиб бораётганини тилга олиб, 2022 йилда жаҳондаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинаётганини эслатиб ўтган.
Бир вақтнинг ўзида йиғилишда ишсизлик ва озиқ-овқат муаммосига қарши чора ўлароқ йил охиригача 20 минг гектар, келаси йилда яна қўшимча 100 минг гектар экин майдони аҳолига бўлиб берилиши юзасидан қарор олинган.
Шунингдек, мутасаддилар, вилоят ва туман ҳокимларига бир ой муддатда камида мингта маҳаллада кичик ҳажмли музлаткичлар ўрнатиш ва 3 минг гектар ерда парник усулида эртаки маҳсулотлар етиштириш дастурини бошлаш вазифаси топширилган.
Бу ишларни амалга оширишга жорий йилда $50 миллион, келгуси йилда яна $100 миллион йўналтирилиши маълум қилинган.
Трансафғон темирйўли

Сурат манбаси, Illustration/Reuters
18 июль куни Афғонистон ҳудудида "Термиз-Пешовар" темирйўл алоқаси йўналиши ва техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланган.
Бу ҳақда ТИВнинг "Дунё" ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Термиздан Покистонга чиқувчи темирйўл алоқасини барпо этиш Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон қўшма лойиҳаси ҳисобланади.
"Дунё" хабарида маълум қилинишича, "Термиз - Мозори Шариф - Кобул — Пешовар" трансафғон темирйўли лойиҳасининг тахминий қиймати $5 миллиардни ташкил этади.
"Узунлиги 600 километрни ташкил этажак темирйўл Марказий Осиё давлатларига Покистоннинг йирик денгиз портларига чиқиш имконини очади", дейилади хабарда.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш аввалгидек 35 кун эмас, 3-5 кун вақтга чўзилиши, битта стандарт юк контейнерини ташиш харажати эса қарийб уч баробарга камайиши кутилмоқда.
Куйдирги хавотири

Сурат манбаси, Kun.uz
Сирдарёлик инсоннинг чорва молларидан касаллик юқтириб олгани ва ҳолат юз берган аҳоли яшаш масканида 10 кунлик карантин эълон қилингани тўғрисидаги сабаб хавотирли муҳокамаларга сабаб бўлган.
Тарқалган хабарга муносабат билдирган Сирдарё вилояти Санэпидем хизмати бошқармаси ушбу фуқарода А-22 касаллиги аниқланганини маълум қилган.
Касалликларнинг халқаро таснифида А-22 - бу Сибир яраси (куйдирги) экани белгиланган.
Бироқ Санэпидем хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг Daryo.uz билан суҳбатда маълум қилишича, Сирдарёдаги ҳолатда ушбу касаллик ҳали расман тасдиқланмаган.
У махсус лаборатория текширувлари ортидан А-22 гумон ташхисида қанчалик асос борлигига ойдинлик киритилишини билдирган.
Отабеков, шунингдек, асосан ҳайвонлардан одамларга юқувчи хавфли куйдирги касаллигининг одамдан одамга юқиши эҳтимоли жуда кам экани ҳақида гапирган.
Масъул Ўзбекистонда куйдирги касаллигига гумон қилинган ҳар бир инсон рўйхатга олиниши, аммо шу вақтга қадар куйдиргидан вафот этиш ҳолатлари қайд этилмаганини қўшимча қилган.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда бу касалликнинг, асосан, тери шакли учраб туради.
"Лекин битта нарсани аниқ биламиз, бу касалликдан тўлиқ даволаниб кетиш мумкин ва ҳеч қандай асорат қолмайди", таъкидлаган Отабеков нашр билан суҳбатда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














