Нуқтаи назар: Ёзёвон чўллари йўқолиш арафасида? Ўзбекистон, табиат, янгиликлар

Наргис Қосимова
Сурат тагсўзи, Наргис Қосимова
    • Author, Наргис Қосимова
    • Role, Журналист, Ўзбекистон

Фарғона водийси (Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари) қадимий, ўзига хос табиий ҳудуд бўлиб, унинг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мавжуд. Шу билан биргаликда бу ерда аҳоли жуда зич жойлашган. 18543 квадрат километр (водийнинг Ўзбекистон ҳудуди) ерда 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра 10 080 960 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Айнан водийнинг қоқ марказида ноёб қум барханлари мавжуд. Мазкур ҳудудда 1991 йили ташкил этилган қўриқланадиган ҳудуд Ёзёвон чўллари (1820,4 га) ва Мингбулоқ (1000 га) табиат ёдгорликлари жойлашган. Аммо ҳудуднинг ҳажми ерларнинг ўзлаштирилиши натижасида тобора қисқариб бораётир.

Ёзёвон чўлларининг ноёблиги шундаки, бу ерда дунёнинг ҳеч бир бурчагида учрамайдиган ўнлаб ўзига хос, илмий тил билан айтганда эндемик ўсимликлар, беш турдаги эндемик ҳашарот ва беш турдаги эндемик судралиб юрувчилар истиқомат қилади. Аммо мутахассисларнинг фикрига кўра, улар 4-5 йилнинг ичида умуман йўқ бўлиб кетиши мумкин. Нега дейсизми?

Ёзёвон чўлларининг муаммоси нимада?

Калтакесакларга қирон келадими?
Сурат тагсўзи, Калтакесакларга қирон келадими?

- Фарғона водийсининг бетакрор, ўзига хос табиати бўлиб, бу ерда минглаб йиллар давомида тўқайлар шаклланган. Юзлаб йиллар илгари бу ердан оқиб ўтган Сирдаре дарёсининг қуриган ўзанида бу ерга ҳос бўлмаган туронғил дарахтлари ўсган. Қум барҳанларида эса жуда ҳам ноёб дунёнинг бирорта нуқтасида учрамайдиган судралиб юрувчи ва ҳашаротлар яшайди, дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Зоология институтининг териологи (сутэмузувчиларни ўрганувчи зоология фанининг бир бўлими) Мария Грицина. - Бугун Ёзёвон ҳудуди 13 та бир биридан ўзлаштирилган ерлар билан ажралган қисмга бўлиниб, 0,46 кв. км. дан 58.66 кв.км.гача майдонга эга. Умумий майдони эса 175.71 кв.км. Қумли жойларнинг аксарияти ишланган ерларга қўшиб олиниши натижасида қисқараётир. Ўтган йилларда мазкур ҳудудда ҳукумат томонидан балиқчилик ривожлантириш қўллаб-қувватланиши оқибатида қумли ҳудуднинг аксарият қисми балиқ хўжаликларига берилди. Ҳозирда далалар орасида сақлаб қолган ва бир биридан узилган қум барханлари бузилган популяция алоқаларини ўзида акс этади. Бундан ташқари далаларни сўғорилиши ва кўплаб балиқ хўдаликларнинг барпо этилиши ҳам гидрологик режимни бузилишига олиб келиб, шўрхок майдонларнинг пайдо бўлиши ва қумликларнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда.

-Ёзёвон қум барханларида 5 та эндемик судралиб юрувчилар яшашади. Бу Штрауха юмолоқбоши (Phrynocephalus strauchi Nikolsky, 1899), Саидалиев тақир юмалоқбоши (Phrynocephalus helioscopus saidalievi Sattorov, 1981) Фарғона қум калтакесаги (Eremias scripta pherganensis Szczerbak et Washetko, 1973), зирҳли геккон (Alsophylax loricatus Strauch, 1887) ва Рустамовнинг сцинксимон гекконидир (Teratoscincus rustamowii Szczerbak, 1979) . Ушбу калтакесак турлари дунёнинг бошқа бирор жойида учрамайди. Бундан ташқари бу ерда 50 турдан кўпроқ ноёб ҳашаротлар, кулранг эчкиэмар, илонларнинг бир нечта турлари мавжуд. Уларнинг деярли барчаси Ўзбекистон Қизил Китобига киритилган. Мазкур турлар фақатгина ўзларининг белгиланган ҳудудлардагина яшашаши ва бир-бири билан аралашиб кетмайди. Бу жиҳатни ҳам ўрганиш керак, дейди Роман Назаров, Россия Фанлар Академияси, Москва давлат университети Зоология музейи илмий ходими. -Шунга қарамай Фарғона водийсида Ёзёвон табиий ёдгорлигидан ташқари бирорта ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза этадиган қўриқхона ёки унинг муқобили йўқ. Афсуски, бу ерда балиқчиликни ривожлантириш айнан ана шу турларнинг яқин 5 йил ичида йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади. Ўйламанки, хукумат аҳолининг ижтимоий ҳолатини яхшилаш борасидаги қарор қабул қилишдан олдин, албатта жойнинг флора ва фаунасини ўрганиш, уларни йўқ қилмасдан, табиатни асраб қолиш борасидаги мақбул қарор қабул қилиши лозим. Чунки биргина кулранг эчкиэмарни олсак, Ёзёвон чўлларида бу судралиб юрувчи деярли қолмади. Биринчидан унинг табиий яшаш ҳудудининг ўзлаштириш натижасида қисқариши , иккинчидан одамларнинг "Эчкиэмар турли касалликларга даво" дея асоссиз сабаблар билан уни ўлдириб, еб қўйишлари сабаб бўлмоқда.

Фазодан қараганда охирги 38 йил, яъни 1984 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар Ёзёвон чўлларининг инсон томонидан тегилмаган 10/1 қисми қолганлигини кўриш мумкин. Ҳудуд 235 кв.км.дан 23,2 кв.кмгача қисқарган. Энг йириклари — Мингбулоқ ва Ёзёвонлар 1984 йилда 58,5 км², 2020 йилда эса атиги 14,6 км² (ёки 1460 га)га эгадир. 1995 йили Фарғона вилояти хокимлиги томонидан Ёзёвон табиат ёдгорлигини Фарғона ўрмон хўжалигига ўтказган эди. Унинг бошида ўрнатилиб, маълумотлар қайд этилган тош ўрнатилган. Пастида "Кириш тақиқланади" деган ёзув эса фикримизча бемалол қўриқланадиган ҳудудга кириб-чиқиб, унинг табиат неъматларидан бемалол фойдаланиб юрувчи шахслар томонидан ўчирилган, шекилли.

Ёзёвон чўлларининг кушандаси кимлар?

Ёзёвон чўллари
Сурат тагсўзи, Ёзёвон чўллари

Ноёб қум барханлари ва уларда яшовчи ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг биринчи кушандалари фермерлардир. Фарғона вилояти Ёзёвон тумани, Наманган вилояти Поп туманлари хокимлиги томонидан бу ерлар фермерларга шоли экиш ва балиқчиликни ривожлантириш учун бўлиб берилмоқда. Улар эса ўз фаолияти билан балки ноёб охирги калтакесак, ёки ҳашаротни йўқ қилаётганидан хабари ҳам йўқ. Бу ердаги жониворлар Қизил Китобга киритилганми ёки йўқми, афтидан улар учун барибир ёки айни муҳим масаладан фермерларнинг хабари, маълумоти йўқ. Табиий, фермер учун асосий мақсад даромад олиш. Фермерларга ерларни бўлиб бериш чоғида хокимият вакиллари ҳам айни масалага алоҳида эътибор беришмаган кўринади.

Ёзёвон табиатининг яна бир кушандаси қум карьеридир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 28 мартдаги фармойиши ва Фарғона вилоят ҳокимининг 2012 йил 5 июлдаги 05-30/1786-сонли ер ажратиш ҳақидаги кафолат хатига асосан Ёзёвон табиий ёдгорлиги ҳудудида, "Марказий Фарғона" сув омбори қурилиши учун қум каръери ташкил қилиш мақсадида 2009-2011 йилларда Фарғона вилояти 22-сон Қурилаётган корхоналар бирлашган дирекцияси буюртмасига асосан, "Гидропроект" ОАЖ томонидан Ёзёвон туманидаги жанубий 4 ва 5-қум заҳира манбаларида геологик қидирув ишлари олиб борилиб, аниқланган заҳиралари 2012 йил 16 май кунги Заҳиралар марказий қўмитасининг 18-сонли Протокол билан Марказий Фарғона қум заҳираси 12417.2 минг м3 миқдорда тасдиқланган.

Фермер хўжаликлари кўпайиши табиатга зарар келтирмоқдами?
Сурат тагсўзи, Фермер хўжаликлари кўпайиши табиатга зарар келтирмоқдами?

Сув омбори қурилиши ишлари муносабати билан Марказий Фарғона қум заҳира манбаидан фойдаланиш учун "Юггазспецмонтаж" унитар корхонасига 4 ва 5-сонли участкалар учун 04.04.2013 йилда FR 0018 F5 серияли норуда фойдали қазилмалари ўз ичига олган ер қари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар берилган. Шунингдек, жамият томонидан 4 ва 5-сонли участкаларда (жами 100 га ер майдонида) қум қазиш ишлари олиб бориш учун Давлат геология қўмитаси томонидан 2019 йил 22 октябрдаги FR 0108 F5 серияли лицензия берилган бўлиб, унинг амал қилиш муддати 2022 йил 20 июль кунига қадар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан 2019 йил 24 июлда сув омбори учун бу ҳудуддан қум олишга хулоса берилган.

2018 йил 28 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг махсус баённомасига асосан объектда бош пудратчи қилиб "Узгидротехник"МЧЖ (номи ўзгарган "Ёзёвон махсус сув қурилиш" ДУК) тайинланган. Ушбу қарорга асосан, "Иншоот" қурилиши учун зарур бўлган қум каръери берилиши бўйича Ёзёвон тумани ҳокимининг 2019 йил 18 апрелдаги №96-сонли,Фарғона вилояти ҳокимининг 2019 йил 16 майдаги №01-25/2109-сонли кафолат хатлари олиниб, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитасидан 2019 йил 22 октябрь куни FR №0108-сонли каръердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олинган. Ер қари участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш жараёнидаЎзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан 2019 йил 24 июль кунги №01-01/10-08-1574-сонли Давлат экологик экспертиза хулосалари олинган.

Изоҳга ҳожат йўқ
Сурат тагсўзи, Изоҳга ҳожат йўқ

2020 йили Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Ёзёвонмахсуссувқурилиш» корхонасига саноат эҳтиёжлари учун 30,88 минг кубометр қум олишга рухсат берган эди. Давлат экология қўмитасининг 2020 йил 22 апрелдаги хатига асосан Вазирлар Маҳкамасига дастлабки хулоса киритилган. Хулосада «Кон участкасида қолган қум заҳирасини Давлат геология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва «Ёзёвонмахсуссувқурилиш» ДУК иштирокида жойига чиқиб ўрганиш мақсадга мувофиқлиги маълум қилинган. 2020 йил 7 май куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Фарғона вилояти бошқармасининг 4 нафари мутахассиси, «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси инспектори, «Узгидротехник» МЧЖ директори ўринбосари, Фарғона давлат ўрмон хўжалиги ўрмон устаси иштирокида «Марказий-Фарғона» қум конининг 5-участкасида ўрганиш ўтказишган. Ўрганиш жараёнида5- участка «Ёзёвон чўллари» табиат ёдгорлиги ҳудудида жойлашган бўлиб, 105.7 гектар майдонни эгаллайди.

Ўрганиш жараёнида Табиат ёдгорлигидаги ўсимлик дунёсининг 188 туркумга оид бўлган 302 хилдаги ўсимлик тури шу жумладан 5 турдаги дарахтлар, 24 турдаги буталар ва 10 турдаги чала буталар, 98 турдаги кўп йиллик ўтлар, 165 турдаги бир йиллик ўтлар, Ёдгорлик ҳудудидаги ўсимликларнинг 91 тури шифобахш 81 тури эса бегона ўтларни ташкил қилиши аниқланган.

Ишчи гуруҳининг хулосасига асосан қум заҳираларини ўзлаштириш натижасида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган кўплаб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг йўқолиб кетишига ёки камайиб кетишига ҳамда мазкур ҳудудда ер ости сизот сувлари кўтарилишига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда ушбу ҳудудда қазиш ишларини олиб бормаслик мақсадга мувофиқ, деб топилган.

Қўмитанинг хабарига кўра, "2020 йил 15 майдан алоҳида ишчи гуруҳ тузиб "Ёзёвон чўллари" табиат ёдгорлиги ҳудудида қум қазиб олишга йўл қўймаслик юзасидан табиат ёдгорлиги ҳудуди қатъий назоратга олинган". Фарғона сув омбори қуриб тугатилиб, аллақачон сув билан тўлдирилган ҳам.

Аммо «Ёзёвонмахсуссувқурилиш» эса қумни қазиб олишда давом этмоқда. 2022 йил 20 июлда муддати тугайдиган лицензияни эса узайтириш қийин эмас. Ёзёвон қум барханлари ва у ерда яшаётган донивор ва ўсимликлар карьерда ишлаётган экскаваторларнинг чўмичи остида аста-секинлик билан йўқ бўлаётганлигига гувоҳ бўлдик. Даҳшат...

Қўқон шаҳридан 19 км. узоқликда Фарғона вилоятининг Данғара туманида Катта турк қишлоғи жойлашган. Қишлоқнинг деярли ҳар бир хонадоннинг ҳовлисида деярли қум бархани мавжуд бўлиб, уларда эндемик судралиб юрувчилар яшамоқда. Қишлоқ аҳолисидан "Уйингизга калтакесак кириб қолса, нима қиласизлар" деб сўраганимизда аксарият "ўлдирамиз" деб, жавоб беришди.

Улар бу калтакесакларнинг дунёнинг бирор бурчагида учрамаслиги ва Ўзбекистон Қизил Китобига киритилганидан хабари ҳам йўқ. Бундан ташқари томорқа ерларни кенгайтириш учун ҳар йили барханлар аста секинлик билан текисланиб, сув чиқарилиб, жойига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилмоқда.

Ёзёвон чўлларини сақлаб қолиш учун нима қилиш керак?

Айни пайтда Ёзёвон чўлларида Critical Ecosystem Partnership Fund (CEPF)- йўқолиб кетаётган экотизимларни сақлаш ҳамкорлик жамғармаси, Ёввойи табиатни асраш халқаро фонди (WWF) нинг "Марказий Осиё тоғли ҳудудларида биохилмахилликнинг асосий ҳудудларини сақлаш Дастури" доирасида Россия Федерациясининг Михаиль Зуков Жамғармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон ФА Зоология институти ва Россия Федерацияси ФА олимлари томонидан «Фарғона водийси ҳудудида асосий табиий мажмуаларни сақлаш" бўйича 2 йиллик лойиҳасини асалга оширишмоқда. Мақсад - Фарғона водийсида давлат томонидан муҳофаза этиладиган ҳудудни ташкил этиш. Олимлар томонидан Поп адирлари, Мингбулоқ, Ёзёвон, Қайроқум, Сирдарё дарёсининг қирғоқбўйлари, Фарғона вилоятининг бир қисмида ўсимлик ва ҳайвонот турларининг саноғи ўтказилган. Шунингдек Ёзёвон чўлларида калтакесакнинг мутлақо янги тури Alsophylax sp. Геккони аниқланган. WWF-RUSSIA ва CEPF лойиҳаси координатори Александр Григорьянцнинг фикрича, бу зоология йўналишида жудда катта тарихий воқеа бўлиб, унинг айнан аҳоли зич жойлашган ҳудудда топилиши ҳам қувонтиради ҳам қайғуга солади, чунки унинг сони ҳали аниқ бўлмай, сўнгги гекконни аҳоли ўйлаб ўтирмай ўлдириб қўя қолиши мумкин.

Роман Назаров, Россия Фанлар Академияси, Москва давлат университети Зоология музейи илмий ходими:

Роман Назаров, Россия Фанлар Академияси, Москва давлат университети Зоология музейи илмий ходими:
Сурат тагсўзи, Роман Назаров, Россия Фанлар Академияси, Москва давлат университети Зоология музейи илмий ходими:

-Биз Экология қўмитасидан Ёзёвон ва Мингбулоқ табиат ёдгорликларидан судралиб юрувчиларни тутиш учун рухсатнома олган эдик. Тутилган калтакесаклар суратга олиниб, сўнг табиатга қўйиб юборилади. Олинган маълумотлар эса Москва давлат университети, АҚШнинг La Sierra университетлари илмий лабораторияларига ўрганиш учун жўнатилади. Уларни келажакда сақлаб қолиш учун албатта қўриқланадиган ҳудудлар ташкил этиш керак. Мавжуд табиат ёдгорликларининг муҳофаза этиш мақоми жуда ҳам заиф. Иложи борича бу ерда ландшафт буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши зарур. Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати ва одамлар келажакни кўра билишлари зарур. Одамлар оғирлиги атиги 2 грамм келадиган кичкина калтакесакни муҳофаза қилиш нима кераги бор, дейишлари мумкин. Аммо табиатдаги биологик занжир мавжуд. У шундай тузилганки, бирор бир олим қолган турлар қандай ривожланишини башорат қила олмайдилар. Бу "Капалак эффекти"га ўхшайди ва ақл бовар қилмас ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, одамларга шу кичкина калтакесакларни сақлаб қолиш учун у улар яшайдиган ҳудудда оиласини боқиш учун тадбиркорлик билан шуғулланиши керак эмаслигини тушинтириш қийин. Бунинг учун экологик тарбия ва экотаълимни ривожлантириш, ҳар бир таълим босқичига киритиш зарур.

Мария Грицина, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Зоология институтининг териологи:

Мария Грицина, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Зоология институтининг териологи
Сурат тагсўзи, Мария Грицина (чапда), Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Зоология институтининг териологи

-Лойиҳа якунига кўра, биз тадқиқот натижаларини Экология ва атроф муҳит муҳофазаси давлат қўмитасига Ёзёвон чўлларининг қолган ва бир биридан ажралган 13 та қисмини давлат муҳофазаси остига олиш учун тақдим қилмоқчимиз. Агарда Ёзёвон чўллари муҳофаза остига олинса бу ерлар шоли экиш ва балиқчилик учун ажратилмайди, дунёнинг бирорта бурчагида учрамайдиган камёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраши борасидаги аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича ишлар олиб борилади. Бу мураккаб жараён. Қум барханлари оддий четан билан ўраш мумкин эмас. Шунингдек, инсон томонидан ўзлаштирилган ҳудудларларни муҳофаза остига олишдан эса фойда йўқ, чунки у ерлар эндемик ўсимлик ва ҳайвонларнинг яшаши учун яроқсиз ҳолга келган. Аслида бу қумлар, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Ўзбекистон, Фарғона дунёсининг бойлигидир.Бу ерларни ўзлаштириш орқали йўқ қилиш, ана шу бойликни йўқотиш демакдир.

Сергей Чеботарев, энтомолог:

Сергей Чеботарев, энтомолог
Сурат тагсўзи, Сергей Чеботарев, энтомолог

-«Ёзёвон чўлларида жуда кўплаб эндемик ҳашаротлар мажуд. Бу ерда сўнгги 50 йил давомида жиддий ўрганишлар ўтказилмаган. Энг асосийси 10 га яқин ҳашаротлар Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Биз уларни чироқ ўрнатилган тунги экранда йиғамиз. Улар чироққа учиб келишади, уларнинг сони, турини аниқлаб ёзиб оламиз. Ҳашаротларни тутмаймиз, ўлдирмаймиз. Мен ҳамкасбларим фикрига қўшилган ҳолда, бу ерлар зудлик билан муҳофазага олинмаса, ўсимликлар ва сдралиб юрувчилар билан биргаликда мана шу ноёб ҳашаротлар ҳам йўқолиб кетиши мумкинлигини айтмоқчиман.

Халилулла Шеримбетов, ЎзР Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар бошқармасининг бошлиғи:

Халилулла Шеримбетов, ЎзР Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар бошқармасининг бошлиғи
Сурат тагсўзи, Халилулла Шеримбетов, ЎзР Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар бошқармасининг бошлиғи

-Муҳофазага олинадиган ҳудуд мақомини бериш учун ўша ҳудуд бир нечта критерияларга жавоб бериши керак. Булар: у ер инсон фаолияти аралашмаган ёки кам аралашган нисбатан катта ҳудуд бўлиши, мазкур ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонот ва ўсимлик турларининг мавжудлиги, инсон фаолияти билан ўзгартирилмаган табиий ландшафтнинг мавжудлиги, ҳудуднинг мумкин қадар аҳоли пунктларидан узоқда жойлашганлиги ва бошқалар. Қўриқланиши таклиф этилаётган ҳудудлар алоҳида участкалардан иборат бўлиб Фарғона ва Наманган вилоятларида жойлашган. Мазкур ҳудудларни қамраб олган ягона Миллий табиат боғи ташкил этиш мумкин. Аммо бунинг учун аниқ, асосланган илмий хулосалар зарур. Чунки қўриқланадиган ҳудудни ташкил этиш маълум бир харажатлар билан боғлиқдир.

Хулоса шуки, Ёзёвон чўллари ва унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини зудлик билан муҳофазага олиш зарур. Бир қарашда кўпчиликка кўзга кўринмас калтакесак ва ҳашаротлар, чўл ўсимликлари инсон учун аҳамиятсиздек туюлиши мумкин. Аммо уларнинг яшаб қолиши биозанжир ҳалқларининг узилмаслиги, келажак авлод учун Ёзёвон табиатини сақлаб қолиш учун ҳам муҳимдир.

Таҳририятдан: Би-би-си Ўзбек айни мақола юзасидан барча томонларнинг фикр ва мулоҳазалари учун очиқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek