Қизиқ: Одамлар ўзлари билмай нима ишлар қилишмоқда - инсоният ва дунё dunyo yangiliklar

Улкан тошбақалар

Сурат манбаси, © Cinoby | Getty

Сурат тагсўзи, Алдабрада 100 000 дан ортиқ улкан тошбақалар яшаб, умргўзаронлик қилишади

Одамлар ўзлари билмай қилаётган бир иш олимларда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг хосан ўрганишларига сабаб бўлди. Қизиқ, одамзод ўзидан бошқа мавжудотларни ўзгартириб қўяяптими?

Алоқадор мавзулар:

Сейшелдаги сокин маржонорол - атоллда улкан тошбақалар одамлардан кўп.

Бу катта судралиб юрувчиларнинг 100 000 дан ортиғи Алдабра оролида кезиб, ҳукмронлик қилади. Бу тошбақалар бир вақтлар Ҳинд океанининг бошқа оролларида ҳам яшаган сўнгги омон қолган турдир. Одамлар сингари, атоллнинг ҳар икки чеккасидаги улкан тошбақалар ҳам ҳар хил характерга эга. Аммо уларни ажратиб турадиган яна бир нарса бор: ўлчамдаги фарқ.

Атоллнинг бир томони тақир манзара. Дарахтлар сийрак, Африкадан оқиб келган катта миқдордаги пластик қолдиқлар қирғоқ атрофида сузади. Тошбақаларга одамлар эмас, балки ташлаб кетилган шиппаклари ҳамроҳлик қилади.

Бироқ 30 километрдан кўпроқ масофада, атоллнинг нариги томонида зич яшил ландшафт мавжуд. Тошбақалар бу ерда анча катта - майда зотларини учратмайсиз.

Хью Корди ушбу оролга Девид Эттенборонинг сўнгги диққатга сазовор сериали "Мукаммал сайёра"ни тасвирга олиш учун борган. Тошбақаларнинг турли ўлчамлари ҳақида, атоллнинг бир томонини бошқа томони билан таққослаб, у BBC Earth подкастида сўзлади.

17-асрда денгизчилар улкан тошбақаларни еб, деярли қириб юборган. Бу судралиб юрувчилар сувсиз ва озиқ-овқатсиз ойлар давомида яшай олгани туфайли уларни узоқ сафарга бирга олиб кетиш ва тановул қилиш мумкин эди.

Минг йиллар давомида одамлар итлар, чўчқалар ва сигирлар каби уй ҳайвонларининг эволюциясига таъсир кўрсатди. Аммо бу қасддан хонакилаштиришдан ташқари, инсоният бошқа турларнинг эволюциясига ҳам беихтиёр таъсир қилишини биламиз.

Содда қилиб айтганда, биз ДНКнинг кичик қисмлари бўлган генларимизни ота-онамиздан мерос қилиб оламиз ва бу генлар инсоннинг соч ёки кўз ранги каби хусусиятларини шакллантиради.

Генлар тасодифий ўзгариши мумкин (бу жараён мутация, деб аталади). Саноат инқилоби даврида ген мутацияси натижасида қора доғли капалаклар пайдо пайдо бўлди. Янги ифлосланган шаҳарларда бу қуюқроқ "камуфляж"ли капалаклар осонроқ кўпайиши мумкин эди.

Капалаклар

Сурат манбаси, © Ian Redding | Getty

Сурат тагсўзи, Саноат инқилоби даврида ген мутацияси натижасида қора доғли капалаклар пайдо пайдо бўлди

Муайян турдаги ҳайвонлар ҳудудий ажралиб, ўзаро чатишмаслик ҳолатлари учраб туради, бу узоқ вақт давом этса, улар икки ёки ундан ортиқ алоҳида турга айланиши ёки қирилиб кетиши мумкин.

Лондон метросидаги чивинлар қушлар йўқлиги сабабли бемалол сутэмизувчилар қони билан озиқланиши, ёпиқ жойларда кўпайиши сабабли ер устидаги зотдошларидан анча фарқланиб қолгани аниқланган. Бу икки чивин популяцияси катта генетик фарқларга эга эканлиги ҳам аниқланди. Географик дислокация ва чатишувнинг йўқлиги янги турнинг пайдо бўлишига олиб келди.

Аммо сайёрамизнинг энг чекка жойларидан бири бўлган Алдабра атоллида ҳам одамлар улкан тошбақаларнинг генетикасига таъсир қилган бўлиши мумкинми?

Ҳозирча бу фикр назариядан бошқа нарса эмас.

Чивин

Сурат манбаси, © Paul Starosta | Getty

Сурат тагсўзи, Лондон метросидаги чивинларнинг хулқ-атвори ер устидагиларидан сезиларли даражада фарқ қилиши аниқланди

Ҳинд океани тошбақалари бўйича альянс директори Ричард Бакстер: "Биз тана ўлчамидаги бу ўзгариш генетик жиҳатдан бўлаётганини ҳали кўрсата олмадик", дейди.

"Эҳтимол, улар кўпроқ озиқ-овқат ва камроқ рақобат туфайли каттароқ ўсиши мумкин".

"Аммо бу каттароқ ҳайвонлар репродукцияда омади келган бўлиши мумкин, бу эса ушбу турнинг генетик таркибига таъсир қилади."

Бошқача айтганда, майда тошбақаларни атоллнинг нариги томонига кўчириш, озиқланиш имконияти кўпроқ бўлиши уларнинг катталашишига ёрдам бериши мумкин. Аммо агар "катталик" гени ирсий нарса бўлса ва катта тошбақалар осонроқ кўпая олса, демак, вақт ўтиши билан атолдаги тошбақалар катталашган.

Бироқ, Бакстернинг қўшимча қилишича, гигант тошбақаларни қирилиб кетиш ёқасига олиб келган инсон фаолияти тошбақалар популяциясида генетик турфаликнинг йўқолишига ҳам олиб келган. Унинг сўзларига кўра, бу кўпроқ деформацияларга ёки касалликларга нисбатан камроқ қаршиликка сабаб бўлиши мумкин.

Генетик турфалик турлар ичидаги ва турлар орасидаги биологик фарқларни англатади ва турнинг иқлим ўзгариши ёки касаллик каби келажакдаги таҳдидлардан омон қолиши эҳтимолини оширади. Генетик турфалик билан боғлиқ хавфларнинг машҳур мисоли 1990 йилларда Флоридада шаҳарлашув кучайиши билан Флорида пантераси популяцияси изоляцияланиб, уларнинг сони атиги 20-25 гача камайиб кетди.

Тирик қолганларида ўзаро яқин индивидларнинг чатишуви (inbreeding) натижасида турли касалликлар - юрак анормалликлари, кам сперма сони ва иммунитет пасайиши билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. Бу уларни йўқ бўлиб кетиш ёқасига олиб келди.

Фақат бу пантералар билан тарихан қариндош бўлган саккизта Техас тоғ шерлари - пумалар ҳудудга қўйиб юборилгач, популяциядаги бу касалликлар озайиб, пантералар сони ҳам кўпайди.

Шундай қилиб, биз умумий маънода одамларнинг бошқа ҳайвон турларининг эволюцияси ва камайишига таъсир қилишини билсак ҳам, бу таъсир асосан ижобий ёки салбий эканлиги ҳақида хулоса чиқариш қийинроқ.

"Умумий фаразга кўра, одамлар салбий таъсир кўрсатади, чунки биз атроф-муҳитга қилаётган ишимиз даҳшатли, - дейди Кети Миллет. Унинг тадқиқоти аҳоли ўсиб бориши ва ердан фойдаланиш туфайли дунёдаги ҳайвонларнинг генетик хилма-хиллигига инсон таъсирини баҳолашга қаратилган.

Унинг мақоласида қушлар, балиқлар, ҳашаротлар ва сутэмизувчиларнинг 17 000 дан ортиқ турларидан олинган 175 000 дан ортиқ генетик сиквенсларидан тўпланган маълумотлар ўрганилди.

"Биз баъзи турларда генетик хилма-хилликдаги ўзгаришларни кўрдик. Ердан интенсив фойдаланиш натижасида балиқларнинг ирсий хилма-хиллиги ва аҳоли зичлиги ошгани сайин ҳашаротлар генетик хилма-хиллиги камайишига гувоҳ бўлдик. Аммо биз баъзи турлар учун инсон фаолияти ижобий ўзгаришларга олиб келганини ҳам кўрдик", деб тушунтирди у.

Болалар

Сурат манбаси, © Silverback Films

Баъзи ҳолларда шаҳарлашув каби инсон таъсири турларнинг генетик хилма-хиллигига салбий таъсир кўрсатиши кўрсатилган. Аммо бошқа ҳолларда, бу турларнинг ҳаракатланишига ва бошқа популяцияларга қўшилишига олиб келиши мумкин, бу эса уларнинг омон қолиш имкониятларини оширади.

Аммо кўплаб аниқ жавоб талаб қилувчи саволларда бўлгани каби, бундай ҳолатда етарли, ишончли маълумотлар зарур ва Миллетт улар бизга кўпроқ кераклигини айтади.

"Маълумотлар базаларида мавжуд бўлган кўплаб маълумотлар ҳайвонларнинг генетик хилма-хиллигига инсон таъсири ҳақидаги саволга жавоб бериш учун етарли эмас. Бизнинг мақоламиз шуни кўрсатадики, одамларнинг таъсири бор, лекин унинг қанчалик экани манзараси жуда чала ва хира.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek