Мусулмонларга чўчқа юрагини кўчириб ўтказиш мумкинми? Илм-фан ва ахлоқ - dunyo musulmonlar yangiliklar

Сурат манбаси, UMSOM
- Author, Жек Ҳантер
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Гени ўзгартирилган чўчқа юрагининг илк бор одам боласига ўтказилиши яқинда катта шов-шувга сабаб бўлди. Аммо оламшумул янгилик жиддий саволларни ҳам пайдо қилди. Хўш, чўчқа трансплантацияси қанчалик баҳсли?
Одам ва чўчқа ҳомиласи. Видеолавҳа:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Оламшумул трансплантация
Америкалик эркак гени ўзгартирилган чўчқанинг юраги трансплантация қилинган дунёдаги биринчи одамга айланди.
Шифокорларнинг таъкидлашича, 57 ёшли Дэвид Беннеттнинг аҳволи 7 соатлик экспериментал жарроҳлик амалиётидан сўнг уч кун ўтибоқ яхшиланмоқда.
Бу операцияни кўпчилик трансплантацияни кутиш вақтини қисқартириши ва бутун дунё бўйлаб беморлар ҳаётини ўзгартириши мумкин бўлган тиббий ютуқ сифатида баҳоламоқда.
Аммо баъзилар бу процедурани ахлоқий жиҳатдан оқлаш мумкинми дея савол қўймоқда.
Улар беморнинг хавфсизлиги, ҳайвонлар ҳуқуқлари ва диний қарашлар билан боғлиқ эҳтимолий ахлоқий муаммоларга ишора қиладилар.
Тиббий оқибатлар
Бу экспериментал операция бўлиб, бемор учун катта хавф туғдиради. Трансплантациядан сўнг ҳатто тўғри танланган инсон донорлар органини ҳам бемор организми қабул қилмаслиги мумкин, ҳайвонлардан олинган органлар билан эса хавф янада катта бўлади.
Шифокорлар бир неча ўн йиллар давомида ҳайвонларнинг аъзоларини ксенотрансплантация деб аталадиган усулда қўллашга ҳаракат қилишди, аммо муваффақият даражаси ҳар бир амалиётда турлича бўлган.
1984 йилда калифорниялик шифокорлар бир қизнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб, унга бабун юрагини қўйишди, бироқ у 21 кундан кейин вафот этди.
Ушбу муолажалар жуда хавфли бўлса-да, баъзи тиббий этика мутахассислари, агар бемор хавфлардан хабардор бўлса, уларни ҳали ҳам қўллаш мумкинлигини айтишади.
Оксфорд университетининг Уэҳиро амалий этика кафедраси профессори Жулиан Савулеску: "Даволагандан сўнг қисқа вақт ичида одамнинг ҳалокатли ўлишини ҳеч қачон билиб бўлмайди, лекин таваккал қилмасдан даволанишни давом эттира олмайсиз".
"Хавфларнинг тўлиқ спектрини тушуниб етар экан, менимча, одамлар бу радикал тажрибаларга рози бўлишса керак", дея қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, UNIVERSITY OF MARYLAND SCHOOL OF MEDICINE
Профессор Савулескунинг таъкидлашича, беморларга барча мавжуд вариантлар, жумладан, юракни механик қўллаб қувватлаш ёки инсон органи трансплантациясини таклиф қилиш муҳимдир.
Беннеттни даволаётган шифокорларнинг айтишича, операция ўзини оқлаган, чунки уни барибир бошқа йўл билан даволаб бўлмасди ва бусиз ўлиб кетарди.
Профессор Савулескунинг айтишича, процедура хавфсиз бўлиши учун ҳар қандай операциядан олдин "жуда қаттиқ текширувлар" ўтказилиши керак.
Жаноб Беннеттнинг трансплантацияси одатда экспериментал муолажалар учун талаб қилинадиганидек, клиник синовнинг бир қисми сифатида амалга оширилмади. Унга берилган дорилар ҳатто приматларда синовдан ўтказилмаган.
Аммо жаноб Беннеттнинг операциясини режалаштиришда ёрдам берган Мэриленд университети тиббиёт факультетидан доктор Кристин Лау операцияга тайёргарликда ҳеч қандай камчилик бўлмаганини айтди.
"Биз буни ўнлаб йиллар давомида приматлар лабораториясида қилдик ва одамда қўллаш хавфсиз деб ўйлайдиган нуқтага боришга ҳаракат қилдик", дейди у Би-би-сига.
Ҳайвонлар ҳуқуқлари
Жаноб Беннеттнинг даволанишида чўчқа юраги ишлатилгани ҳам кўплаб мунозараларга сабаб бўлди. Жумладан, ҳайвонлар ҳуқуқлари учун курашувчи кўплаб гуруҳлар бундай амалиётга қарши.
Ҳайвонларга Ахлоқий Муносабат Ташкилоти (PETA) жаноб Беннеттнинг чўчқа юраги трансплантациясини "ахлоқсиз, хавфли ва катта ресурсларни исроф қилиш", деб қоралади.
"Ҳайвонлар исталган пайтда фойдаланиш мумкин бўлган асбоблар қутиси эмас, балки мураккаб, ақлли мавжудотлардир", дейилади PETA баёнотида.
Фаолларнинг айтишича, ҳайвонларнинг генларини уларни одамларга ўхшатиш учун ўзгартириш нотўғри иш. Олимлар жаноб Беннеттнинг танаси қабул қила олиши учун юраги трансплантация қилинган чўчқанинг 10 та генини ўзгартирди.
Операция ўтказиладиган куни эрталаб чўчқанинг юраги олинди.
Британия ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти "Animal Aid" вакили Би-би-сига айтишича, ташкилот "ҳеч қандай шароитда" ҳайвонлар генларини ўзгартириш ёки ксенотрансплантациялар ўтказилишига қарши.
"Ҳайвонлар ўз ҳаётларини генетик жиҳатдан манипуляция қилинмасдан, бунинг оқибатида келадиган оғриқ ва жароҳатларсиз яшашга ҳақли", дейди ташкилот.
Баъзи фаоллар генетик модификациянинг чўчқалар соғлиғига узоқ муддатли номаълум таъсиридан хавотирда.
Оксфорд университети биоэтики доктори Кетрин Деволдернинг айтишича, агар биз "кераксиз зарар етказилмаслигига кафолат бера олсак"кина, гени таҳрирланган чўчқалардан фойдаланишимиз керак.
"Гўшт ишлаб чиқариш учун чўчқалардан фойдаланиш ҳаётни сақлаб қолиш учун ишлатишдан кўра анча муаммоли, аммо бу ҳайвонларни ҳимоя қилишга эътибор бермаслик учун сабаб эмас", дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Дин
Ҳайвонлар органини қабул қилишни эътиқодий жиҳатдан номақбул санайдиганлар ҳам бу амалиётларга эътироз билдиради.
Чўчқалар тегишли органларининг катталиги бўйича одамларникига ўхшашлиги ва уларни кўпайтириш нисбатан осон бўлгани учун танланади.
Аммо бу танлов динлари ҳайвонларга нисбатан қатъий қоидаларга эга бўлган яҳудий ёки мусулмон беморларга қандай таъсир қилади?
Буюк Британия Соғлиқни сақлаш департаментининг Ахлоқий маслаҳат кенгаши аъзоси Лондон бош раввини, доктор Моше Фридманнинг айтишича, яҳудий қонунлари яҳудийларга чўчқа боқиш ёки ейишни тақиқлаган бўлса ҳам, чўчқанинг юрагини инсонга ўрнатиш "ҳеч қандай ҳолатда яҳудийларнинг озиқ-овқат қонунларини бузмайди".
"Яҳудий қонунчилигининг асосий мақсади инсон ҳаётини сақлаб қолиш бўлганлиги сабабли, яҳудий бемор, агар омон қолиш учун энг катта имконият ва келажакда ҳаёт сифатини яхшилаш таклиф қилса, ҳайвон аъзоси трансплантациясини қабул қилишга мажбур бўлади", дейди раввин Фридман Би-би-сига.
Исломда ҳам худди шундай хулоса бор: ҳайвонлардан олинган материаллардан фойдаланишга, агар инсон ҳаётини сақлаб қолса, рухсат этилади.
Мисрнинг марказий диний бошқарув органи - Дар ал-Ифта фатвосида шундай дейилади: агар "беморнинг ҳаёти учун қўрқув бўлса, унинг аъзоларидан бири ишдан чиқса, касалликнинг кучайиши ёки давом этиши кузатилса", чўчқа юраги клапанларини ишлатишга рухсат берилган.
Профессор Савулескунинг айтишича, агар кимдир диний ёки ахлоқий сабабларга кўра ҳайвон трансплантациясидан бош тортса ҳам, унинг инсон аъзолари донорлари учун кутиш рўйхатидаги ўрнини пастлатиш шарт эмас.
"Баъзилар айтади агар сизга ҳайвон органини олиш имкони берилса ю, рад этсангиз, кутиш рўйхатида ўрнингиз пастроққа тушиши кераклигини айтишади, бошқалар эса ундай бўлмаслиги керак дейди."
"Бу нуқтаи назарларни келиштиришимиз керак", дейди Савулеску.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02














