Эрондаги сув инқирози туфайли тимсоҳлар одамларга ҳужум қилмоқда Dunyo Yangiliklar

- Author, Сарбоз Назарий
- Role, BBC News
Ўзининг одмигина уйининг полида ётган Сиахук даҳшатли тўқнашувда орттирган ўнг қўлидаги жароҳат сабабли чидаб бўлмас оғриқдан азоб чекмоқда. Икки кун олдин, август ойининг жазирама оқшомида 70 ёшли кекса заиф чўпон кўлмакдан сув олиш учун бориб, Эроннинг Балужистон вилоятида маҳаллий аҳоли "гандо" деб атайдиган ботқоқ тимсоҳи ҳужумига учраган эди.
"Уни кўрмай қолдим", деб эслайди у икки йил олдин юз берган даҳшатли воқеани. Унинг кўзларида ҳайрат ва қўрқув порлаб турарди.
Сиахук "унинг жағлари орасига пластик [сув] идишни тиқиб қўйганимдан кейингина қочиб қутула олдим", дейди у ва ўша лаҳзани эслаб, ажин босган чап қўли билан ориқ юзини силар экан.
Кўп қон кетиши сабабли Сиахук ярим соат ҳушсиз қолди. Уни қўйлари митти Домбак қишлоғига унинг кузатувисиз қайтганидан кейингина одамлар қидириб топди.
Хавф билан ёнма-ён
Сиахукнинг бошидан кечган бу воқеа кўплаб бошқа жабрланганларнинг, асосан болаларнинг кечмишларига ўхшайди. Кўпинча Эрон оммавий ахборот воситаларида даҳшатли жароҳатлар олган балуж болалари ҳақидаги таъсирли сарлавҳалар тез орада унутилади.
2016 йилда ана шундай тимсоҳлардан бири Алиризо исмли тўққиз ёшли болани ютиб юборган. 2019 йил июль ойида эса 10 ёшли Хава ҳужум натижасида ўнг қўлидан айрилган. Кир ювиш учун сув олгани борганида, ўртоқлари уни тимсоҳнинг жағларидан тортиб олган эди.

Ҳужумлар Эрон қаттиқ сув танқислигидан азият чекаётган бир вақтда содир бўлди. Қурғоқчилик натижасида табиий яшаш жойлари қисқариб бориши тимсоҳларнинг емишлари камайиб кетишига ҳам сабаб бўлди. Бу оч ҳайвонлар ўз ҳудудига яқинлашаётган одамларга ўлжа сифатида ёки камайиб кетаётган емишларига таҳдид сифатида қарайди.
Эрон ва Ҳиндистон яримороли бўйлаб тарқалган гандо - Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (ХТМҚИ) томонидан хавф остидаги тур сифатида таснифланган кенг тумшуғли тимсоҳлардир. Эронда 400 га яқин шундай тимсоҳ бор, бу турларнинг деярли 5 фоизни ташкил қилади. Эрон Атроф-муҳит вазирлиги гандони сақлаш ва маҳаллий аҳолини ҳимоя қилиш ўртасида мувозанат топиш учун қўлидан келган барча ишни қилаётганини айтади.

Сўнгги йиллардаги сувсизлик сабабли рўй берган барча фожиаларга қарамай, бу ваъдалар амалга ошаётган кўринмайди. Эрондаги гандонинг асосий яшаш манзили бўлган Баҳу Калат дарёси бўйлаб саёҳат қилсангиз, ҳеч бир ерда одамларни хавфдан огоҳлантирувчи белгини кўрмайсиз.
Ҳукуматнинг аниқ стратегияси йўқлиги сабабли, кўнгиллилар бу турнинг чанқоғини қондириш ва тўйдириш орқали уни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Дарё номи билан аталган Баҳу-Калат қишлоғида, Домбакдан унча олис бўлмаган жойда, кўп йиллардан бери гандолар билан бирга яшайдиган Малек-Динор билан гаплашдим.
Бир пайтлар банан, лимон ва манго билан гуллаб-яшнаган ўз ерлари ҳақида: "Мен боғимни шу жонзотларга сув етарли бўлиши учун йўқ қилдим", дейди у.

Яқин атрофдаги дарёда бир нечта тимсоҳ яшайди, у мунтазам равишда товуқ гўшти билан уларни озиқлантиради, чунки "жазирама иссиқ улар доимий тановул қиладиган қурбақалар ва бошқа емишларини камайтириб юборган".
"Кел бу ёққа, кел жонивор", деб Малек-Динор қайта-қайта тимсоҳларни чақиради ва мендан хавфсиз масофада туришни сўрайди. Кўз очиб юмгунча иккитаси пайдо бўлиб, ўзларига таниш оқ челакдан товуқ ейишга ҳозирланади.
"Сувсиз ким яшай олади?"
Эрондаги сув танқислиги фақат Балужистонга хос эмас. Июль ойида нефтга бой жануби-ғарбий Хузистон вилоятида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Ноябрь ойи охирида эса марказий Исфахон шаҳрида полиция Заяндеҳ дарёсининг қуриган ўзанида тўпланган намойишчиларга қарата ўт очди.
Глобал исиш Эронда ўзининг хунук қиёфасини кўрсатаётган бир пайтда, ўнлаб йиллар давомида сув самарасиз бошқарилган Балучистонга таъсири ҳалокатли бўлиши мумкин.
Чанг бўронидан паноҳ топиш учун Шер Муҳаммад бозорида тўхтаб, ташқарида кир юваётган аёлларни учратдим.

35 ёшли Малик-Ноз менга: "Қувурлар ётқизилган, лекин сув йўқ", дейди. Унинг турмуш ўртоғи Усмон менинг саволимга тиржайиб, қўшни дарвозада ўғлини бир кўза шўр сувга чўмилтираётган аёлга ишора қилди.
Беш фарзанднинг отаси Усмон ва суҳбатга қўшилган амакиваччаси Нушервон қўшни Покистонга бензин ташиб кун кечиришади, у ерда бензинни қимматроққа сотиш мумкин.
"Кўп хавф бор, - деб тан олади Нушервон, юмшоқ оҳангда. - Иш бўлмагандан кейин бошқа нима қилайлик?" Хавф чиндан бор. Февраль ойида Эрон чегарачилари "ёқилғи контрабандачилари" гуруҳига қарата ўт очган ва камида 10 киши ҳалок бўлган эди.
Бундай ҳужумлар Эрон ҳукумати хавфсизлик ҳақида қайғурган нозик чегара зонасида тез тез бўлиб туради.
"Улар бизнинг азоб-уқубатларимизга атай кўз юмадилар. Менга ишонинг, биз давлатнинг душмани эмасмиз", дейди Усмон ўзи ва кўплаб норози балужлар "тизимли эътиборсизлик" деб атайдиган нарсадан шикоят қилиб.

Шунга қарамай, у ва бошқа сон-саноқсиз балужлар учун ишсизлик сув етишмаслигидек жиддий муаммо эмас. Айнан сув танқислиги сабабли улар бир пайтлар ўзаро тинч-тотув яшаган мавжудотлар - гандоларга қарши бўлиб қолди.
"Биз ҳукуматнинг ҳеч қандай ёрдамига ишонмаймиз. Бизни иш билан таъминлашларини кутмаймиз, - дейди Нушерван. - Биз балужилар саҳрода қуруқ нон билан яшай оламиз. Аммо сув ҳаётнинг моҳиятидир. Усиз биз яшай олмаймиз, ким ҳам яшай оларди?"
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














