Ўзбекистон, нуқтаи назар: Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва қушларга ким ёрдам беради? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, facebook
- Author, Наргис Қосимова
- Role, Журналист, фаол, Ўзбекистон
Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва қушларни, хусусан, маҳаллий аҳоли томонидан Қашқадарё ва Наманган вилоятида қўнғир айиқлар, Андижон вилоятида оқ турна, Бухоро ва Қорақалпоғистонда жайронлар, Тошкентда оққушлар, эчкиэмар ва мамлакатнинг бошқа минтақаларида учровчи судралиб юрувчиларни ўлдириш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Агар биз умумий зарарни ҳисоблаб чиқмоқчи бўлсак, фақатгина жайронларнинг ўлдирилиши ортидан келган зарар 68 907 000 сўмга (тахминан $6 761 доллар) баҳоланмоқда.
Аҳоли вакиллари овчи-браконьерларни ва улар томонидан ўлдирилган ҳайвонларни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришмоқда.
Шу 2020 йилнинг сентябрь ойида Instagram ижтимоий тармоғида Тошкент шаҳридаги тўй маросимидан олинган видеолар пайдо бўлди, у ерда Қизил китобга киритилган иккита оққушлар бир-бирига боғлаб қўйилган ҳолда ҳовузда сузаётгани тасвирланган эди.
Тўйга таклиф этилганлар сувга истеъмол қилиш мумкин бўлган ва бўлмаган турли нарсаларни ташлаганлиги сабабли, оққушлардан бири тўйнинг эртасига нобуд бўлган.
Энг даҳшатлиси шундаки, бу урфга айланиб бормоқда. Instagram ижтимоий тармоғида бир актёрнинг Қизил китобга киритилган лочинни ўз машинасига боғлаб қўйганини кўрсатган сурати оммани ғазаблантирди.
Россиялик овчи Евгений Широковга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг раиси А.Максудов имзоси билан Қизил китобга киритилган 2 та қўнғир айиқни отишга рухсат берилиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини яна жаҳлини чиқарди.
Аслида Фанлар Академиясининг хулосаси билан қонуний иш қилинган бўлса-да, мазкур ҳолат бўйича бир қанча саволлар келиб чиқади.
Энг асосийси йўқолиб бораётган ҳайвон, қуш ва ўсимликларни келгуси авлод учун сақлаб қолиш мақсад бўлган Қизил китоб Ўзбекистонга керакми?
Барибир йўқолиб бораётган турларни фойда кўриш учун ўлдириш мақсад бўладиган бўлса, бундай хўжакурсинга тузилган рўйхатнинг, Қизил китобнинг нима кераги бор?
Янги Қизил китоб
2019 йил декабрь ойида Ўзбекистонда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳайвонлар, қушлар ва ўсимликларни ўз ичига олган "Ўзбекистон Қизил китоби"нинг янгиланган нашрини тақдим этди.
10 йил олдин бутун Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган дашт тошбақаси йўқ бўлиб кетиш арафасида тургани ачинарли.
"Қизил китоб"нинг янги нашри 2-жилдига сутэмизувчи ҳайвонларнинг 30 тури, қушларнинг 52 хили, судралиб юрувчиларнинг 21 тури, балиқларнинг 17 тури, 3 хил чувалчанг, 14 хил моллюска, бўғимоёқлиларнинг 66 тури киритилган.
Ўзбекистон Қизил китобининг биринчи нашри 1984 йилда нашр этилган.
Кейинги нашрлари 1998, 2006 ва 2009 йилларда чиқди. Янги нашр ҳисоб бўйича бешинчиси бўлди.

Сурат манбаси, official
Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, бир пайтлар Ўзбекистон флора ва ҳайвонот дунёсига жуда бой бўлган, лекин улар аста-секин йўқолиб бормоқда.
Ҳаёти хавф остида бўлган ва йўқолиш арафасида турган турларнинг кўпайишининг асосий сабаби - браконьерликнинг кучайиши, муҳофаза қилинадиган турлар тўғрисида аҳолининг кам хабардорлиги, шунингдек, атроф-муҳитнинг антропоген ўзгариши, яъни аҳоли пунктларини интенсив равишда қуриш, автомобиль ва темир йўл транспорти, чорвачиликни ривожлантириш, яйловларни эътиборсиз қолдириш ва ерларнинг деградациясидир.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳитни ва табиатни муҳофаза қилиш илмий-техникавий технология институтининг биохилмахилликни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиси Фазлулло Аъзамовнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган ҳайвонлар яхши ҳимояланмаган:
-Ҳозиргача бозорлардан ота-оналар ўз фарзандлари учун ўйинчоқ сифатида дашт тошбақаларининг болаларини сотиб олишмоқда. Кейин улар ўлмаса, шунчаки кўчага ташлаб юборилади. Қизил Китобга киритилган судралувчилардан гюрза, кўлвор ва бошқа илон сотувчиларини ҳам тез-тез учратиш мумкин. Халқ табобатига кўра, ушбу илондан тайёрланган шўрва барча касалликларга "даво" экан. Интернетда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қушлар ва ҳайвонларни сотиш ҳам ривожланмоқда. Аммо биз табиатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларга кўз юммаслигимиз керак, дейди Фазлулло Аъзамов.
- Ҳозирги кунда қор қоплонини сақлаш бўйича Глобал Экологик Жамғарма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа Чотқол ва Ҳисор қўриқхоналарининг моддий-техник базасини яхшилашга, видео ва камерали тузоқлар ҳайвонлар ҳаётини кузатиш имконини берди. Сайғоқ қўриқхонаси Қорақалпоғистондаги сайғоқлар сонини кўпайтириш учун ташкил этилган. Муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш бўйича Миллий стратегияни қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Қизил китобга киритилган ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси ва экологик жиноятларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси прокуратура билан биргаликда мобил ишчи гуруҳини тузиши ва уларга ҳуқуқбузарларни ҳибсга олиш, жазолаш бўйича тегишли ваколат берилиши керак. Чунки ҳозирги кунда Экология қўмитаси экоинспекторлари тартибсизликни тўхтата олмайдилар. Аввало уларнинг ваколатлари чекланган, яна бир томони уларнинг маошлари камлигидадир. Бу эса ўз ишига холисона ёндошмайдиганлар орасида пора эвазига браконьерликка ҳайрихоҳликни келтириб чиқаради.
Ўзбекистонда Қизил Китобга киритилган ҳайвонларни отиш тақиқланади.
Бироқ бу уларни на браконерлардан, на маҳаллий аҳолидан қутқариб қоляпти.
2020 йил май ойи Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан "Браконьерликка қарши курашиш ойи" деб, эълон қилинди.
Қўмита браконьерлик, балиқ ва ҳайвонларни ов қилиш ва ўлдириш, шунингдек, ўсимлик дунёсидан ноқонуний фойдаланиш ва дарахтларни кесишга қарши курашиш учун кўпроқ ҳаракатларни амалга оширишини айтди.
Ойнинг натижаси қувонарли бўлмади. Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, бир ой давомида табиатга нисбатан 629 та қонун бузилиши ҳолати аниқланди.
465 ҳуқуқбузарга 421,9 миллион сўм (тахминан, 42 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солинган. 345 та ҳуқуқбузарлик учун табиатга етказилган зарар 690 миллион сўм (тахминан, 68 минг $) ҳисоблаб чиқилган. 215 та ҳуқуқбузарлик учун 195,5 миллион сўм (19 минг $) миқдорида жарима ундирилган, шунингдек, 143 та ҳолатда табиатга етказилган зарар 242,8 миллион сўм (24 минг $)га тенг. 107 та ҳуқуқбузарлик учун жарима солиш ва табиатга етказилган зарарни қоплаш мақсадида 1 миллиард 892 миллион сўм (180 минг $) миқдоридаги йиғилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилган.

Сурат манбаси, facebook
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар турли идоралар томонидан бошқарилади
Ҳайвонлар фақат ҳимояланган ҳудудларда ўзларини нисбатан хавфсиз ҳис қилишади. Аммо, афсуски, уларнинг сони жуда оз. Бу атиги бутун Ўзбекистон ҳудудининг 8 фоиз қисми (448,900 км²)га тўғри келади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 7 та қўриқхона, 1 та буюртма қилинган ландшафт қўриқхонаси, 4 та табиий боғ, 1 та миллий боғ, 11 та табиий ёдгорликлар, 2 та биосфера қўриқхонаси, 12 та буюртма бўйича қўриқхона, 1 та "Жайрон" питомниги мавжуд. Уларнинг умумий майдони 2,07 миллион гектарни ташкил этади. Бундан ташқари, мамлакатда умумий майдони 11,5 миллион гектар бўлган 86 та ўрмон хўжалиги мавжуд.
Демак, Ўзбекистонда биохилмахилликни сақлаш учун атиги 13,5 миллион гектар майдон ажратилган. Яна бир муаммо шундаки, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар турли идораларнинг ваколатига киради. Шундай қилиб, Угам-Чотқол биосфера резервати "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига тегишли. Китоб давлат қўриқхонаси Давлат геология қўмитаси томонидан, Зомин, Зарафшон, Угам-Чотқол миллий боғлари эса Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан назорат қилинади.
Энди савол туғилади - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ёки Давлат геология қўмитаси қандай қилиб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиши мумкин?
- Ҳар бир қўриқланадиган ҳудуднинг ўз бошқарув органи, ҳудудни муҳофаза қилиш бўйича ходимлари бор, - дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қўриқланадиган ҳудудлар бўйича бўлим бошлиғи Халиллулло Шерматов. - Шунингдек, уларнинг фаолияти Давлат экология қўмитаси томонидан назорат қилинади. Уларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун услубий қўлланмалар берилди. Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4247-сонли "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан Чотқол биосфера, Зомин, Сурхон, Нурота ва Қизилқум давлат қўриқхоналари, шунингдек, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Давлат экология қўмитаси тассарруфига ўтказилди. Айни пайтда уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича улкан ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.12.2019 йилдаги 1000-сонли қарорига биноан 21687,5 гектар майдонни эгаллаган Хоразм миллий боғи ташкил этилди, у Давлат экология қўмитасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
Қолган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқа идоралар тассарруфида қолса, бу уларни самарали бошқариш ва ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишга имкон бермайди.
Янги ов тўғрисидаги қонун ва унутилган мораторий
2020 йил июнь ойида "Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Ҳозирги вақтда овчилик соҳасидаги муносабатлар 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда, бу эса ўз навбатида турли хил қарама-қаршиликлар ва изоҳларга ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчиликларни юзага келтиради. Бундан ташқари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларининг йўқлиги, ёввойи ҳайвонлар ҳолатини самарали мониторинг қилиш давлат тизими ва қонунчиликда овчилар ва овчилик хўжаликларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги нормаларнинг йўқлиги мавжуд ҳайвонлар ҳолатини аниқлашда жиддий тўсиқ бўлади. Бу ҳайвонлар популяциясини давлат томонидан кузатиб бориш тизими ривожланишини, ов қилинадиган ҳайвонлар сонини ва овланиш ҳажмини, ҳайвонларнинг репродуктив ҳолатини ўрганишни олдини олади.
Яна бир хусусият. Мамлакатдаги овчилик туризмининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, хусусан, чет эллик сайёҳларни овга жалб қилиш давлат бюджетига валюта тушумини, ов ҳайвонлари сонини кўпайтириш, боқиш ва парваришлаш харажатларини молиялаштириш зарур. "Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида"ги қонунда ушбу масалаларнинг ечими акс эттирилган.
Ўзбекистон ҳудудида ов мавсуми 1 сентябрдан бошланади ва 31 январгача давом этади. Бугунги кунда республикада 35 дан ортиқ овланадиган жойлар мавжуд бўлиб, уларда ҳайвонларни отиш ва ушлашга рухсат берилади. Угам-Чотқол миллий боғи энг машҳурларидан биридир. Ҳайвон ва балиқ ови Ўзбекистонда экотуризмнинг бир қисми бўлганлиги сабабли, ушбу боғ ҳар йили маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Сурат манбаси, official
Бугунги кунда чет эл овчиларига лицензия бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли "Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида"ги қарори билан тартибга солинади.
Унга кўра, "Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби"га киритилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан олиб ташлаш учун рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг розилигига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан табиатдан фойдаланувчининг аризаси асосида берилади.
Бунинг учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамасига хабарнома юборади. Тасдиқланганидан кейин Давлат экология қўмитаси маълум бир ҳақ эвазига Қизил китобга киритилган ҳайвонни овлашга рухсатнома бериб, у Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳисоб рақамига ўтказилади. Ёввойи ҳайвонларни овлашга квоталар Фанлар академияси ва Давлат экология қўмитаси билан биргаликда берилади.
Умуман олганда, Ўзбекистонда лицензияли овчилар томонидан ҳайвонларни отиш билан боғлиқ катта муаммолар мавжуд эмас.
Асосий хавф - ҳайвон ва қушларни овлайдиган браконьерлардир. Ўзбекистонда жамоатчилик босими остида, шунингдек, Экология давлат қўмитаси ва Экологик партиясининг таклифига биноан, 2023 йил 31 декабригача ов қилишга мораторий жорий қилиниши керак эди, мораторий даврида эса ҳайвонларни тутиш тақиқланади.
Бундан ташқари, давлат божи миқдорини, шунингдек, айниқса, Қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан ҳайвонларни сотиб олиш учун тўловларни, браконьерлик учун жавобгарликни оширишни, ов қилиш учун рухсат бериш тартибини электрон форматга ўтказишни кутишган эди.
Аммо экологларнинг умидлари пучга чиқди. Мораторий лойиҳаси маъқулланмади. Ҳайвон ва қушларни Ўзбекистонда том маънода қириш эса давом этмоқда.
Фазлулло Аъзамовнинг сўзларига кўра, мораторий бироз бўлса-да Ўзбекистонда ҳайвон ва қушлар сонининг кўпайишига омил бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда эса, табиатимизни браконерлардан ҳимоя қила оладиган, яхши ўқитилган, қуроллантирилган экоинспекторларни етиштириш жуда зарур.
Тирик табиат бу бир-бирига узвий боғлиқ бўлган занжирдир. Унинг биттагина халқасининг узилиши бошқа турларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади.
Мазкур, жуда нозик мувозанатни сақлаш учун инсоният унинг ҳар бир турини — ҳашаротдан тортиб, филгача, оддий тошбақадан тортиб, ўсимликкача муҳофаза қилиши, уларнинг яшаб, кўпайиши учуншароит яратиши лозим.
Табиат муҳофазаси фақатгина экоташкилотлар эмас, балки ҳар бир инсоннинг вазифасидир.
Хоҳ диний, хоҳ дунёвий томонидан олиб қаралганда, Она сайёрамиз фақатгина инсоннинг яшаши учун яратилмаган.
Муаллифнинг фикрлари таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















