Ғаройиб дунё: Нега ялқовлар бунчалик ялқов?

ялқов

Сурат манбаси, Getty Images

Ялқовлар, ҳақиқатда, жуда ялқов жонзотлардир. Уларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳатто, кўзини очиб-юмиши ҳам секин кечади. Бунинг сабаби нимада?

Асосан, Марказий ва Жанубий Америка бўйлаб чўзилиб кетган ўрмонларда яшовчи ялқовлар умрининг катта қисмини камҳаракатда ва дарахтларда ўтказади.

Улар пастга фақат ҳожат учун тушади, холос.

Ялқовларнинг бунчалик ялқов бўлиб қолгани эволюцияга боғлиқдир.

Замонавий ялқовлар жуссаси аждодлариникидан анчайин кичик. Бундан 11 минг йил муқаддам - сўнгги музлик даврига қадар Ер юзида мавжуд бўлган қадимий ялқовларнинг вазни бир неча тоннага қадар етиши мумкин бўлган. Улар орқа оёқларида тик туриб, дарахтлар баргини узиб еганлар.

Германиялик ҳайвонот олами бўйича мутахассис Камила Маззонининг тушунтиришича, айнан барглар ялқовларнинг танбал ҳайвонга айланишига сабаб бўлган.

«Баргларда озуқа жуда кам ва танага кирадиган калория ҳам ўта паст. Шу туфайли ҳам ялқовлар жуда секин кечувчи метаболизм муаммосини кам ҳаракат қилиш билан енгишга мажбур.»

Барглар ялқовлар ҳаракатини секинлаштириши билан бирга уларнинг яшаш ҳудудини ҳам чеклаб қўйган.

Ҳозирги кунда мавжуд ялқовларнинг барча олти тури тропик ўрмонларда кун кечиради. Бу ўрмонлар иқлими шундоқ ҳам илиқ бўлганидан ялқовларнинг озуқани «ёқиш» билан ўз танасини иситишига ҳожат қолмайди.

Судралиб юрувчилар ва бошқа совуққонли жониворлардан фарқли ўлароқ сутэмизувчилар ўз танаси ички ҳароратини назорат қила олади. Бундай қобилият сутэмизувчиларнинг совуқ иқлим шароитида ҳам яшаб кетишига имкон яратади.

Аммо иссиққон бўлишнинг эволюция билан боғлиқ баъзи камчиликлари ҳам бор. Тананинг зарурий ҳароратини сақлаб туриш учун сутэмизувчилар тинимсиз овқатланиши ва мушакларни қиздириш йўлида кўп вақтини жисмонан ҳаракатланишда ўтказиши зарур.

Табиатда орттирилган ушбу эндотермик қобилият сутэмизувчиларнинг бошқа жонзотлар оилаларидан фарқли ўлароқ Ер юзи, ҳатто, энг қаҳратон ҳудудлар бўйлаб кенг тарқалишига замин яратган.

Бироқ айрим сутэмизувчилар эволюция инъом этган бу эндотермик сифатдан воз кечганлар. Бунинг ўрнига улар ҳаракатни камайтириш орқали тана қувватини сақлаб қолишни ўрганганлар, яъни кўпроқ совуққонли ҳайвонларга ўхшаб қолганлар.

"Тана ҳароратини меъёрда ушлаб туриш кўп қувват талаб этади, лекин ялқовлар камҳаракат бўлганидан уларга унчалик қувват зарур эмас. Бироқ бу уларнинг фақат тропик иқлим шароитида яшаши мумкинлигини англатади," сўзлайди Маззони хоним.

Дарахтда ўтувчи умр давомида ялқовлар, шунингдек, йиртқичлар ҳамласидан ҳам деярли ҳоли бўлади. Бу уларнинг дарахтдан тушмаслигига яна бир сабабдир.

Камила Маззонинг сўзларига кўра, ялқовлар тонгда дарахт учига чиқиб, қуёш нуридан тўйинишга ҳаракат қилади. Кун исиб кетгандан сўнг улар яна сояга кириб олади. Калтакесаклар ва илонлар каби совуққонлилар ҳам айни усул билан танасини иситади.

Коста Рика Ялқовларни Муҳофазалаш Фондида меҳнат қилувчи британиялик зоолог Бекки Клиф бу жониворларни ёввойи табиатда ўз кўзи билан кўрмагунча, одам уларнинг қанчалик секин ҳаракатланишига амин бўла олмайди, дейди.

"Улар танасининг бир қисмига қараш, ҳатто, кўзини юмишни ҳам жуда секин амалга оширади. Улар бу кичик ҳаракатларни бажаришини томош қилишга анча вақт кетиши мумкин."

Ялқовларнинг юнгига яхшилаб разм солган одам унинг яшил тусга эга эканини кўриш мумкин. Гўё дарахтларда ўсувчи йўсин ва мох уларнинг танасига ёпишиб қолгандек, туйилади.

Аммо Маззони хоним бу ҳолатни бошқача изоҳлайди.

"Уларнинг юнги учида йўсин ва мох ўсишини таъминлайдиган тешикчалар шаклланган. Биз ялқовлар ва йўсин ўртасида қандайдир ўзига хос алоқа юзага келганини биламиз."

Хўш, йўсин ялқовларга қандай фойда келтириши мумкин? Олимлар ҳозирда шу жумбоқ борасида бош қотирмоқда.

"Яшил тусдаги йўсин ва мох ялқовларнинг дарахтлар орасида беркинишига имкон бериб, камуфляж вазифасини ўташи мумкин," тахмин қилади Камила Маззони.

«Бундан ташқари ялқовлар йўсин билан ҳам озиқланиб, қўшимча қувват олиши мумкин,» давом этади бу жониворларнинг юнгини кўп ялашига эътибор қаратган мутахассис.

Шунингдек, йўсин ва мох ялқовлар териси ҳамда юнгини паразитлардан ҳимоя қилади, деган фараз ҳам мавжуд.

«Уларнинг юнги деярли сув ўтказмайди ва аксар паразитларнинг терига ўтишига тўсқинлик қилади. Ялқовларда паразитлар ўхшаш ўлчамдаги бошқа сутэмизувчилардан кўра анчайин кам,» давом этади Маззони хоним.

Ялқовларда ғойиб бўлган сутэмизувчиликнинг яна бир сифати - бу уларнинг зурриётини озиқлантириш учун кам сут ишлаб чиқариши.

«Она ялқовлар ўзида кўп миқдорда сут сақламайди. У боласини томчилаб эмизиш орқали озиқлантиради,» сўзлайди Клиф хоним.

Коста Рика чангалзорларида ялқовларни йиллар давомида кузатган Бекки Клиф улар борасида кўп билимларни ўзлаштирган.

«Ялқовлар сакрамайди, югурмайди. Бироқ уларнинг қўли жуда бақувват. Агар одам ва ялқов куч синашса, ялқовнинг ғолиб чиқиши аниқ.»

«Аммо серҳаракат бўлмаганидан ялқовларнинг оёқ мушаклари яхши ривожланмаган. Улар, ҳатто, тана вазнини ҳам кўтара олмайди,» давом этади британиялик зоолог.

Клиф хонимга кўра, ялқовлар энг дангаса ҳайвон эмас ва уларнинг ҳаёт тарзини танбалликка йўймаслик лозим.

«Ўрмонларда кун кечирувчи қичқироқ маймунлар бир кунда 18 соатга қадар ухлайди. Ялқовлар эса атиги 10 соат вақтини уйқуда ўтказади.»

Агар ялқовларнинг аждодлари иссиқ муҳитда қолиб кетмаганда, уларнинг замонавий авлодлари тезкорроқ ҳаёт тарзига эга бўлиши мумкин эди. Бироқ минг йиллар давомида бу ғаройиб жониворлар ҳозиргидек камҳаракатлик орқали омон қолишга кўникишдан ўзга илож топа олмаган.

«Уларга қараб бутун вақтни овқат излаш билан ўтказишга ҳожат йўқ эканини англайсиз. Ялқовлар энг хотиржам мавжудотдир,» дейди Клиф хоним.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek