Сигир ва эшак паспорти - Германия қонунига бўйсунаётган ўзбек муносабати

Ўзбекистонда "Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар миқдори ва шартлари тўғрисидаги низом»ни тасдиқлаш ҳақидаги қарор" ижтимоий тармоқларда кўпларнинг норозилиги ва кулгусига сабаб бўлди.
Бу низомга кўра, ҳайвонларни идентификация қилиш хизматлари учун ҳайвонларнинг эгаларидан тўловлар ундирилади.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, яъни тамғалаш, жетонлаш ва уларга чип ўрнатиш орқали ҳайвонларни аниқлашни англатади. Идентификация қилинган ҳар бир ҳайвон учун паспорт берилади.
Германияда яшовчи ўзбекистонлик политолог ва тадбиркор Хуршид Ҳабиб айни масалага муносабат у ишлаётган давлатда қандай экани ҳақида ёзди.
Товуғимнинг паспорти
Ҳайвонларни мажбурий паспортизация қилиш ҳақидаги хабар тарқалгач Фейсбукчию Телеграмчилар авжига минишди. Ёзмаган одам қолмади.
Айниқса ҳазил, эрмак, калака, луқма ва масхара жанрида ижод қилувчиларга худо бериб қолди. Бирон жойда мавзуга яқин таҳлил ёхуд мушоҳада кўрмадим.
Мен Германияда уч йилдан ортиқроқ вакт мобайнида ем қўшимча моддалари ва премикслар ишлаб чиқарувчи компанияда экспорт менежери бўлиб ишлаганман. Мижозларимиз асосан ем ишлаб чиқарувчилар, ветеринарлар ва катта катта фермер хўжаликлари эди.
Бу маълумотни сиёсат ва иқтисод ўқиган бўлсам-да, чорвачиликдан ҳам озгина хабарим бор деган маънода ёзяпман, холос.
Менинг ишимдан хабар топган ўзбекистонлик таниш-билишлар зотли қорамол олиб келишда ёрдам сўрашди.

Сурат манбаси, Xurshid Habib
Германияга келиб ҳайратдан ёқа ушлашди: "Қаранг-а, ҳаммасининг паспорти, туғилган йили, ойи, куни, жойи ҳақида маълумоти бор экан. Иши пишиқ-да немисларнинг, шунга ривожланган, қойил. Сотувчига ҳам осон, олувчига ҳам".
Бу реакцияларнинг бир қисми ва биринчи мисол.
Иккинчи мисол: Ҳовлим катта бўлгани учун товуқ боқаман. Магазиндаги тухум ва гўшт уйда етиштирилган товуқникидан арзон аслида. Болалар бахтли товуқларнинг (немисчада шунақа ибора бор) тоза тухуми ва гўштини ейишсин деб боқаман.
Бошида товуқларни суғуртасиз боққаним ва товуқ катакни рухсатсиз қурганим учун шахар ҳокимияти менга жарима солди.
Билмовдим деган гап ўтмади. Товуқларни эпидемияга карши суғурталадим. Постимдаги суратларда жарима ва тўловларнинг квитанциялари.
Мен ёздим, хулоса сиздан. Ўзбекистонда ҳам яхши ўйлаб чиқарилган қонунлар кўп. Фақат уларни ҳеч ким бажармайди: авом ҳам, ҳукмдор ҳам.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












