Дунё ва дин:Ҳайвон сўйиш ва хатна Европа мусулмон-яҳудийларини қандай бирлаштирмоқда?

A Muslim woman walks past halal shops in Vilvoorde, Belgium

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бельгиянинг айрим ҳудудларида жониворларни ҳалол ё кошер йўлида сўйиш тақиқланган

Тарихан, Европада яшовчи мусулмон ва яҳудийлар бир-бирини у қадар хушламаган, аммо сўнгги вақтда улар ўз эътиқодлари эркинлигига раҳна солади, деб кўрилган қонунларга қарши бирга бош кўтармоқдалар.

Шундай зиддиятли қонунларнинг охиргиларидан бири 1 январь куни Белгияда кучга кирди. Мазкур қонун ҳам кошер, ҳам ҳалол гўшт учун қатъий талаб бўлган ҳайвон сўйишнинг диний тартиб-қоидаларига таъсир кўрсатади.

Қонун ҳуши жойида бўлган ҳайвоннинг бўғзидан сўйиш орқали ўлдирилишини тақиқлайди.

Ҳайвон ҳуқуқлари ҳимоячилари узоқ вақт давомида ушбу қонуннинг қабул қилинишини талаб қилиб келган, лекин яҳудий ва мусулмон жамоатлари етакчилари биргаликда бу талабни либерал ниқобдаги аксил-ислом ва аксил-семит ҳаракат, деб атаганлар.

Адолф Ҳитлер ҳам Фашистлар Германиясида ҳайвонларнинг беҳуш ҳолга туширилмасдан олдин сўйилишига тақиқ қўйиб, 1933 йилда айни мазмундаги мунозараларга сабаб бўлган эди.

A halal butcher in Italy

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳайвонлар ҳуқуқлари диний эркинликка қарши

Европада мавжуд қонунда гўшти учун сўйилишидан олдин ҳайвоннинг бехуш ҳолга туширилиши, токи у азобланмаслиги ёки оғриқни ҳис қилмаслиги талаб қилинади.

Бироқ аксарият давлатлар ҳайвонларнинг диний таомилга биноан сўйилишига изн бериши мумкин. Бироқ бундай истисноли ҳолларда бир нарса талаб қилинади: ҳайвоннинг бўғзи ягона ва аниқ ҳаракатда узилиши шарт.

Ҳайвон ҳуқуқлари ҳимоячилар сўйиш жониворларга ўлим вақтида чексиз азоб келтиришини айтади, аммо диний раҳнамолар ўзларининг усули бирор оғриққа сабаб бўлмаслигини таъкидлайди.

Диний етакчилар сўйиш жараёни атиги лаҳзалар ичида кечиши, мазкур усул асрлар давомида айнан жониворларни азобланишдан сақлаш йўлида такомиллашиб келганини маълум қиладилар.

Ҳар икки мунозара олиб бораётган томоннинг ўртасида мувозанат юзага келиши учун Нидерландия, Германия, Испания ва Кипр каби Европа давлатлари диний қушхоналарга нисбатан қатъий тартиблар жорий этган.

Австрия ва Юнонистон каби давлатлар эса бўғизга пичоқ тортилиши заҳотиёқ ҳайвоннинг беҳуш ҳолга солинишини талаб қилади.

Белгиянинг икки ҳудуди - Фландрия ва Валлония - Дания, Швеция, Словения, Норвегия ва Исландиядан ўрнак олиб, ҳуши жойида бўлган бирор ҳайвоннинг сўйилишига тақиқ қўйди.

Бироқ фақат ҳайвонларни сўйишнинг тақиқланишигина Европа яҳудий ва мусулмонларини бирлаштирмаётир.

Consumers browse halal meat products in France

Сурат манбаси, Getty Images

Хатна бола ҳуқуқларига қарши

Ўтган йили Исландияда бирор тиббий сабаб юзага келмаган бўлса, болани хатна қилишни тақиқловчи қонун лойиҳаси таклиф қилинган, лекин бу жамоатчилик орасида кескин баҳсларга сабаб бўлиши ортидан мамлакат парламенти уни кўриб чиқишни бекор қилган эди.

Аммо бу масала кун тартибидан бутунлай ғойиб бўлгани йўқ.

Маълумки, мусулмонлар ҳам, яҳудийлар ҳам хатна таомилига амал қилади.

2012 йилда хатна Германияда қисқа вақтга тақиқ остига олинган эди.

Ўшанда немис суди тўрт яшар мусулмон болакайнинг ишини ўрганиб, гўдак танасини бир умрга жисмонан ўзгартириш боланинг ўз эътиқоди бўйича ўзи қарор олиш ҳуқуқини поймол этган, деган хулосага келган.

Суд на ота-онанинг фуқаролик ҳуқуқлари, на диний эркинлик ҳуқуқи «жисмоний яхлитликка жиддий ва қайта тикланмайдиган таъсир ўтказиш» амалини оқлай олмаслигини айтган.

Мусулмон ва яҳудий жамоатлари бу қарор уларнинг диний эътиқод эркинлигининг тақиқланишини англатишини айтиб, бонг уриши ортидан суд қарори бекор қилинган.

A father holds a baby's hand before circumcision

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исландия ва Германияда хатнага қарши қонунчилик учун тарғиботлар кучайган

Сиёсий масала

Видео тагсўзи, ОИТСдан сақланиш йўли - хатна

Юқоридаги каби диндор жамоатлар билан мубоҳасаларга сабаб бўлувчи ташаббусларнинг ўнгчи кайфиятдаги миллатчи партиялар томонидан қўлланилиши зиддиятларга сиёсий тус бериб юборади.

Ҳайвон ва бола ҳуқуқлари ҳимоячилари билан кучни бирлаштирган сиёсатчилар бундай масалалардан ўзларининг муҳожирларга қарши манфаатлари йўлида ҳам фойдаланиши мумкин.

Белгияда яқинда кучга кирган қонун миллатчи ва ҳайвон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлмиш Фландрия региони мобиллик ва жамоат ишлари вазири Бен Вейтснинг ташаббуси эди.

Ушбу қонун 2017 йилда ҳудудий парламент томонидан тасдиқлангандан сўнг жаноб Вейтс Twitter'да шундай хабар қолдирган: "Ҳайвонлар вазири бўлганимдан фахрланаман. Фламанд эканлигимдан фахрланаман."

2014 йилда у нацист коллабораторлардан бирининг 90 йиллик юбилейида иштирок этгани учун қаттиқ танқидга учраган эди.

New York Times нашри билан суҳбатлашган антверпенлик яҳудий руҳоний Яков Давид Шмал шундай дейди: «Бундай қонунлар Ҳитлер Германиясида қабул қилинганидан ҳозирги ҳолат Иккинчи Жаҳон Урушидан олдинги вазиятларни ёдга солмоқда.»

Two Orthodox Jewish men walking in Marseille

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Muslim and Jewish leaders say the measures can be a disguise for anti-Semitism and anti-Islamism

Шармандалик?

Бир гуруҳ исломий институтларни тамсил этувчи ҳуқуқшунос Жус Роэтс Times нашрига ушбу тақиқни ҳайвон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан кўра кўпроқ диний жамоатларни шарманда қилишга уриниш, деб атаган.

Бироқ Белгияда жойлашган Ҳайвон Манфаатлари Йўлида Глобал Ҳаракат номли ҳайвон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи бундай айбловларни кескин рад этади.

Гуруҳ Twitter'да шундай ёзади: "#Валлонияда бу қонун, ҳаттоки, марказчи-сўл партия томонидан илгари сурилган. Демак у МУТЛАҚО кескин ўнгчи овоз эмас!"

A protest by animal welfare activists in Holland

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Animal welfare activists say the legal requirement regarding slaughtering does not curb religious freedom

Фаоллар Белгияда қабул қилинган қонуннинг ҳайвонларни диний усулда сўйилишига тақиқ қўйишини ҳам рад этади.

Уларга кўра, ҳайвонни диний усулда сўйишнинг маъқулланган кўринишлари мавжуд. Масалан, бўғизга пичоқ тортилиши билан жониворнинг беҳуш қилиниши - лекин ўлдирилмаслиги - ҳолати.

Лекин фаолларнинг ушбу иддаосини мусулмон ва яҳудий диний етакчилари ҳар доим ҳам қабул қилавермайди.

Ҳозирча Белгияда фаоллар ва миллатчи сиёсатчиларнинг қўли баланд келмоқда. Уларнинг диний тартибларни кенг кўламда чеклашга чақируви эса Европа қонунлари ва диний қадриятларнинг янада шиддатли тўқнашувига сабаб бўлмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek