Инсон тана аъзоларининг ҳайвон ичида ўстирилиши истиқболлари

Кашфиёт чўчқа ичида...
Сурат тагсўзи, Кашфиёт чўчқа ичида...

Мен жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган хонадаман. Яшил ниқоблар кийган жарроҳ ва мутахассислар гуруҳи амалиётга ҳозирланишмоқда. Аммо, бу - шифохона эмас, Япония қишлоқ ҳудудларида жойлашган чорва фермаси. Жарроҳлик столида эса, олти ойлик урғочи чўчқа ётибди.

Жаррохлик тиғи Профессор Нагашиманинг қўлида. У чўчқанинг қорнини эҳтиёткорлик билан очади ва бачадонини ташқарига чиқаради. Мен учун бу ичак-чавоқдан фарқи йўқ, аммо у менга чўчқаларнинг бачадони шундай шаклда бўлишини тушунтиради. Кейин у бачадон ичига шприц ва найча орқали 40та ҳомилани киритишни бошлайди.

Беҳуш чўчқа суррогат онага айланмоқда. Ва у қорнида кўтарадиган эмбрионлар жуда муҳим. Улар икки хил мавжудотнинг генларини ўзида жамлаган жониворлар.

Профессор Нагашима яқин атрофдаги оғилда ўзининг энг арзанда жониворларини кўрсатди. Бунинг учун мен махсус кийим-бош кийишимга тўғри келди. Бу у ерда ўсаётган антиқа чўчқаларни ҳимоя қилиш мақсадида эди.

Оқ панжара ортида 29-рақамли йирик, тукли чўчқани кўрдим. У аслида оқ чўчқа эди, аммо сирти қора қаттиқ тук билан қопланган. Энг муҳими унинг ичидаги ошқозоности бези қора чўчқага тегишли.

Қанақасига?

Бу Профессор Нагашиманинг айтишича, “ошқозон ости эмбриони” яратиш билан бошланади.

Оқ чўчқа эмбриони ичида эса ҳайвоннинг ошқозон тизими пайдо қиладиган гени “ўчириб қўйилади”.

Кейин эса япониялик мутахассислар гуруҳи қора чўчқанинг ўзак ҳужайраларини эмрионга жойлаштиришади. Шундан кейин чўчқа улғайиши билан унинг ошқозон ости безидан ташқари барча аъзолари генетик жиҳатдан қора чўчқаники каби бир хил бўлади.

Аммо бу илк қадамдир.

Токио университетининг профессори Ҳиро Накаучи эса таъбир жоиз бўлса, иккинчи қадамни қўйиб улгурди.

Профессор Накаучи вояга етган жигарранг каломушдан тери ҳужайраларини олиб, генни манипуляция қилади ва уларни “iPS” аталмиш ҳужайраларга пайванд қилади.

Қизиғи шундаки, бу плюрипотент ҳужайралар эмбрион ҳужайралари билан деярли бир хил табиатга эга бўлади.

Соддароқ айтсак, бу йўл билан ҳайвоннинг истаган аъзосини ўстириш мумкин бўлади.

IPS ҳужайралар биринчи марта 2006 йилда кашф этилган эди.

Кашшоф доктор Яманака 2012 йилда Нобел мукофоти соҳиби бўлди.

Ўз лабораториясида профессор Накаучи бу iPS ҳужайралар билан оқ сичқон ичида жигарранг каломушнинг ошқозон ости безини ўстирди.

Хўп, бу нима учун муҳим?

Профессор Накаучининг орзулари мўл
Сурат тагсўзи, Профессор Накаучининг орзулари мўл

Асосий мақсад, инсон тана аъзоларини чўчқалар ичида ўстириб кўришдир.

Шунинг ўзиёқ илм соҳасида инқилобга тенг амал бўлур эди.

Аммо профессор Накаучи истаётгани бундан ҳам каттароқдир.

Унинг мақсади инсон тана аъзосини қайтадан ўстириш ва бу аъзо лозим бўлган бошқа бир инсоннинг ирсияти билан бир хил бўлишига эришиш...

Агар бу мақсадга эришилса, унда ойлаб ва йиллаб донор тана аъзоларини кутиш жараёни якун топадаги деганидир.

Аммо муаммолар ҳам йўқ эмас... Биринчи муаммо, чўчқалар ва одамлар бир-бирларига яқин мавжудотлар эмас.

Қора чўчқанинг ошқозон ости безини оқ чўчқа ичида ўстириш билан инсон ошқозон ости безини шу йўлда ўстириш ўртасида фарқ катта...

Аммо профессор Накаучи бир кун бу мақсадни амалга оширишига ишонади.

Бунинг учун профессорга кўра, камида беш йил керак, аммо бундан ҳам узоқроқ чўзилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас...

Бошқа бир муаммо эса айни амалга рухсат олиш билан боғлиқ.

Японияда инсон ва ҳайвон гибридини яратиш ноқонуний саналади.

Профессор эса бу қонунни ўзгартириш йўлида ҳам ҳаракат қилмоқда.

Аммо агар унга рухсат беришмаса, профессор ўз тадқиқотларини Америкага кўчиришига тўғри келади.