Ўзбекистон: Рекорд иссиқ кузатилди, аҳолига қандай қўллов бор? Россияда доллар тушиши - мигрантлар қайтиши, Тошкент арзон шаҳарми? - МДҲ, дунё, янгиликлар

- Ўзбекистонда жазирама: аҳолига қандай қулайлик берилади?
- Тошкент - Хорижлик мутахассислар учун арзон шаҳарлар рўйхатида.
- Россияда рубл мустаҳкамланаяпти, мигрантлар қайтаяпти.
Ўзбекистоннинг рекорд чилласи
29 июн куни Ўзбекистонда ҳароратнинг мутлақ рекорд кўрсатгичи қайд этилди.
Ўзгидромет маълумотига кўра, маҳаллий вақт соат 11:00 да Навоий вилоятидаги учта станция дунёнинг энг иссиқ нуқталаридан бўлган. Эрталабки соат 11:00 Хоразмнинг Бузавбойидаги кузатув станциясида ҳарорат 43.5 даража, Навоийнинг Томдибулоқ ва Нурота туманларида эса 42.4 ҳамда 42.2 даража иссиқ бўлган.
"Машиқудуқ" метеорология станциясида соат 13:20да ҳаво ҳарорати Целсий бўйича +47,1 даражага етган.
Соат 14:00 га келиб эса дунёдаги энг иссиқ нуқта қўшни Туркманистон Мари вилоятидаги ҳудуди бўлган. Вилоятнинг "Бахтиёрлиқ" кузатув станциясида +48 даража иссиқ ҳаво ҳарорати кузатилган.
Шу куни Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам +45, +46 даража иссиқ қайд этилган.
Ўзгидромет Ўзбекистон тарихида ҳароратнинг мутлақ рекордлари муқаддам 48-49°C билан Қизилқум чўлида (1983 йил, июлда) ва Термиз шаҳри ҳудудида (1914 йил июн-июл ойларида) энг юқори ҳарорат сифатида қайд этилганини билдирган. Тошкентда эса максимал ҳарорат 44,6° билан 1997 йил 18 июлда кузатилган.
Иш вақтини ўзгартириш ва бепул сув
Ўзбекистон иқлими учун ёзги меъёрий ҳаво ҳарорати қанча ва бу даражадан ошган ҳолатларда аҳоли саломатлиги учун қандай енгилликлар кўзда тутилган?
Бу борада расмий маълумотни Ўзбекистон Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтидан топдик.
Вазирликнинг «Юқори ҳароратли об-ҳаво шароитларида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчиларга ишлаш тартиби ва тавсиялар»ида ёзилишича, Ўзбекистонда юқори ҳарорат мезони 34,2° этиб белгиланган.
Алоқадор мавзулар:
- «Меҳнат шароитлари бўйича йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар иш категориясига мувофиқ ҳаво ҳарорати 34,2°C-36,0°C дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланиб, мазкур ҳолатда иш режимини ўзгартирган ҳолда, яъни иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчирган ҳолда ишни ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади», - деб ёзилган тавсияномада.
Хужжатда иссиқда ишлаётган ходимлар учун шароитлар яратилиши ҳам кўзда тутилган:
- «Агарда ходим очиқ майдонда (қурилиш майдонларда, далаларда) фаолиятини амалга ошириётган бўлса, иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари ажратилиши, иш режимини ўзгартирилиши (дам олиш вақтларини узайтириш ёки ишлаш соатларини ўзгартириши, иш вақтнинг қисқартирилиши), шунингдек ходимларни бепул тоза ичимлик (минерал) сув билан таъминланиши лозим. Шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолинади».
Чет эллик мутахассисларга қаерда яшаш арзон?

Тошкент, Душанбе ва Бишкек хорижлик мутахассислар учун дунёдаги энг арзон шаҳарлар рўйхатидан жой олди. Ушбу маълумот Cost of Living City Ranking рейтингида келтирилган.
Рўйхатда жами 227 та шаҳар мавжуд бўлиб, ҳисоблаш энг қимматидан энг арзонига қадар келтирилган. Унда Тошкент 221-ўринни эгаллаган.
Хорижлик мутахассисларнинг яшаши учун энг қиммат шаҳар сифатида Гонконг, энг арзони эса Анқара деб тан олинган.
Энг арзон шаҳарлар ўнлигига Жазоир, Тунис, Истанбул, Карачи, Исломобод, Олмаота (219), Душанбе (225) ва Бишкек (226) кирди.
Юқори нарх бўйича биринчи ўнликка бир вақтнинг ўзида Швейцариянинг тўртта шаҳри кирди: Цюрих, Женева, Базел ва Берн.
Гонконг эса хорижликлар учун дунёдаги энг қиммат шаҳар деб тан олинди. Топ 10 таликка Тел-Авив, Нью-Йорк, Сингапур, Токио ва Пекин ҳам кирди.
Бундай рейтинг ҳар йили мутахассисларнинг кўчиб ўтиш учун тузилади. Шаҳарлар 200 дан ортиқ товарлар ва хизматлар, жумладан, уй-жой ижараси, жамоат транспорти, озиқ-овқат, кийим-кечак ва кўнгилочар хизматлар қиймати бўйича баҳоланади.
Долларнинг тушгани - мигрантлар қайтганими?
Россия санкциялар босимида кун кўраётганига қарамай, меҳнат мигрантлари учун жозибадор мамлакатлигича қолаяпти. Асосий сабаб - рублнинг ўз ўрнини мустаҳкамлаб тургани.

Таҳлилчилар сўнгги икки ой ичида Марказий Осиёдан Россияга мигрантлар оқими яна орта бошлаганини билдиришмоқда. Айниқса, хорижликлар ташрифининг кўпайгани Москва шаҳри ва вилояти, Санкт-Петербург, Новосибирск ва Екатеринбургда кузатилган.
Қримнинг меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги сўнгги етти йил ичида Қримда аҳоли сони 43,5 минг кишига ўсганини маълум қилди.
"2021 йилда ўтказилган Бутунроссия аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотларига кўра, Қрим аҳолиси 1,935 миллион кишини, 2014 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра - 1,891 миллион кишини ташкил қилган", — дейилади хабарда.
Вазирлик маълумотларига кўра, соннинг кўпайиши аҳоли сонининг табиий қисқариши фонида миграциянинг ўсиши билан боғлиқ. Қримга мигрантлар асосан Украина, Ўзбекистон, Арманистондан келишгани маълум қилинган.
Расмий рақамларга кўра, айни пайтда Россияда 2 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ишлайди. Уларнинг 30 фоизи аёлларни ташкил этади. Ўзбекистонликлар асосан коммунал ва аҳолига хизмат кўрсатиш, қурилиш ва савдо соҳаларида меҳнат қилади.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















