Жазирамадан ўлаётган мигрантлар учун ким жавоб беради? - Дунё, янгиликлар, видео Yangiliklar, migrant

migrant
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Форс кўрфази бўйлаб аномал иссиқдан янада кўпроқ одамлар, айниқса, оиласини боқиш учун келган меҳнат муҳожирлари жабр чекмоқда.

Иқлим ўзгараётгани сабаб ҳаво ҳарорати 50 даражадан ортмоқда.

Жазирама иссиқ ҳаётга жиддий хавф солувчи турли касалликларга сабаб бўлмоқда.

Иссиққа одамларнинг юраги бардош беролмаяпти.

Би-би-си Араб хизмати Қатар ҳукумати кун уришидан ўлган меҳнат муҳожирларининг сонини қисқартириб кўрсатаётганини аниқлади.

Меҳнат қонунчилиги бузилаётганидан шикоят қилган мигрантларни эса қамоққа ташлашган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Қатарда ёз жуда иссиқ, жазирама бўлади. Мен 50 даража иссиқ ҳақида гапиряпман. Чидаш қийин, тўғриси чидаб бўлмайди", дейди бир вақтлар Қатарда ишлаган Малколм Бидали.

Форс кўрфази дунёдаги ўртача исишдан икки баравар тез қизимоқда. Ҳарорат мунтазам 50 даражага чиқади. Бундан энг кўп кўрфаздаги 14 миллион меҳнат муҳожири азият чекяпти.

Ситанинг эри Дҳан 2015 йили Форс кўрфазига ишлашга кетади.

"Илк кетганида тўнғич ўғлимга ҳомиладор эдим. Видео орқали гаплашганимизда доим терга ботарди. Иссиқдан бурни қонайдиган бўлди. Дўстлари уни ерда оғриқдан буралиб ётган ҳолда топишади. Шифохонага олиб боришган, аммо йўлда жони узилиб бўлган экан," дейди Сита Магар.

"Дҳан Баҳадурнинг ўлим сабабига "юрак тўхташи" деб ёзилган. Бироқ ҳамма юрак тўхташидан ўлади. 31 ёшли одамнинг ўз ажали билан ўлиши кутилмаган ҳолат. 40 даража ва ундан иссиқда силласи қуригунча ишлайдиган ҳар қандай мигрантнинг тўсатдан ўлиш эҳтимоли юқори", дейди катмандулик кардиолог профессор Ратна Мани Гажурел.

Қатарда 8 йил давомида 571 непаллик ишчи юрак-қон томир касалликларидан вафот этган.

Қарийб 200 нафари олдини олиш мумкин бўлган кун уришидан ўлган бўлиши мумкин.

"Ёзда ишлаш мутлақо тақиқланган. Мен буни қайта-қайта таъкидлайман.

Агар бир нафар ишчи ҳалок бўлса ҳам бу бизга катта муаммо. Бирми, мингми фарқи йўқ", дейди Қатар Меҳнат вазирлигидан Муҳаммад ал-Облаидли.

Ал-Облаидли вазирликда меҳнат муҳожирлари учун масъул. Биз унга Дҳаннинг ўлими ҳақида, оиласи ва шифокор бунга иссиқ сабаб бўлганига ишонишини айтдик.

"Агар ўлимининг асл сабаби кун уриши ва қуёш тиғи остида ишлаш бўлса, ширкат жазога тортилади. Ишчининг оиласига товон тўланади»", дейди у.

Аммо айрим мигрантлар учун ҳатто хавфсизлик хавотирларини айтиш ҳам таҳликали бўлган.

"Қатарда қўриқчи бўлганман. Бир пасда бошдан-оёқ терлаб кетасиз. Худди сувга тушгандай жиққа терга ботасиз. Ана шундай иссиқ", дейди кениялик Малколм Бидали.

Малколм Қатар қироллик оиласига алоқадор Қатар хайрия жамғармасига тегишли бинони қўриқлаган.

"Одамлар терга ботгани ва оёқда тик туришга қийналаётганини кўрардим.

Ҳар куни нималарни бошдан кечирганимиз ҳақида мақола ёздим. Ширкатим мендан воз кечди ва ҳукуматга топширди. Улар мени Қатар номини булғаш ва дезинформация тарқатиш учун хорижлик жосусларга ишлайди, деб ўйлашди. Илк икки ҳафта ҳеч ким билан гаплашмадим. Кўзимни боғлаб, қўлимга кишан тақишди. Шунинг учун қаерда эканлигимни ҳам билмадим. Умидсизликка тушгандим".

1 ой якка камерадан сўнг, Малколмга 6800 доллар жарима белгилашди.

Малколм ҳозир Кенияда. Бироқ кўрфаз бўйлаб ҳамон миллионлаб меҳнат муҳожирлари ишламоқда.

Биз Қатар Жамғармасидан Малколм Бидали даъволари бўйича изоҳ сўрадик. Унинг шўъба корхонаси Msheireb Properties жавоб берди.

Унда айтилишича, пудратчилар Қатар қонунлари, жумладан, 32.1 даражадан иссиқда ишни тўхтатиш ҳақидаги янги қонунга амал қилиши керак.

"Пудратчилар иссиқ хавфини баҳолаши, совуқ сув, соя ва танаффуслар билан таъминлашлари керак. Уни бузганлар жаримага тортилади", дейилади унда.

Биз Қатар ҳукуматидан Малколм Бидали иши бўйича изоҳ сўрадик. Улар жавоб беришмади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek