Жазирама иссиқ: Кимлар кўпроқ хавф остида, қандай жон сақлаш керак? O'zbekiston, yangiliklar

suv

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Жеймс Галлаҳер
    • Role, Би-би-сининг соғлиқ ва илм-фан бўйича мухбири

Дунё бўйлаб ёздаги ҳаво ҳарорати яна рекордларни урмоқда. Ўзбекистон ҳам аномал иссиқ сабаб поездлар тезлигига чеклов ўрнатди. Жазирама иссиқ кимлар учун кўпроқ хавфли ва ундан қандай жон сақлаш керак?

Би-би-сининг соғлиқ ва илм-фан бўйича мухбири Жеймс Галлаҳер мақоласи:

Расмийларнинг огоҳлантиришича, яқин кунларда юқори ҳарорат одамлар саломатлигига таъсир қилиши мумкин.

Бундай ғайриодатий иссиқ об-ҳаво шароитида одамлардан кексалар каби иссиқлик уриши хавфи юқори бўлган энг заиф қатламларга кўз‑қулоқ бўлиш сўралади.

Қуйида иссиқликнинг танага таъсири ва салқинликни қандай сақлаш ҳақида билишингиз керак бўлган маълумотлар.

Ўта иссиқлик танамизга қандай таъсир қилади?

Тана қизиб кетганда, қон томирлари кенгаяди. Бу қон босимини пасайтиради ва юракни бутун танага қон етказиши учун кўпроқ ишлашга мажбур қилади.

Бу қичишиш ёки қон томирларининг қайишқоқлиги камайиши натижасида оёқларнинг шишиши каби енгил аломатларга олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, терлаш суюқлик ва тузларнинг йўқолишига ва энг муҳими, улар орасидаги мувозанатнинг ўзгаришига олиб келади.

Бу паст қон босими билан биргаликда иссиқ уришига сабаб бўлиши мумкин. Унинг симптомларига қуйидагилар киради:

  • бош айланиши
  • кўнгил айниши
  • ҳушдан кетиш
  • ланжлик
  • мушаклар спазмлари
  • бош оғриғи
  • кучли терлаш
  • чарчоқ

Агар қон босими кўп тушса, юрак хуружи хавфи ортади.

Нега танамиз иссиққа бундай жавоб қайтаради?

Танамиз қор бўронида ёки иссиқлик тўлқинида бўлишимиздан қатъи назар, ички ҳароратни 37,5° С атрофида сақлашга интилади.

Бу бизнинг танамиз мослашган ҳароратдир.

Аммо об-ҳаво исиса тана паст ҳароратни сақлаб туриш учун кўпроқ ишлаши керак бўлади.

Иссиқликни ташқарига чиқариб юбориш учун тери яқинидаги қон томирлар очилади ва терлаш бошланади.

Тер буғланар экан, иссиқлик йўқотилишини кескин ошади.

Иссиқдан қандай ҳимояланиш керак?

Буюк Британия соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлиги баъзи маслаҳатлар берган:

  • Салқинлашга қийналаётганларга, масалан, кексалар, сурункали касалликлари борлар ва ёлғиз яшовчиларга эътибор беринг.
  • Қуёшга қараган хоналарда пардаларни ёпиб, хонани салқин тутинг.
  • Кўп суюқлик ичинг, аммо спиртли ичимликларни эмас.
  • Ҳеч кимни, айниқса чақалоқларни, кичик болаларни ва ҳайвонларни қулфланган транспорт воситасида қолдирманг.
  • Соат 11:00 дан 15:00 гача қуёш нурлари энг кучли бўлган вақтда салқинда бўлинг.
  • Сояда қолинг, юқори SPF ва UVA даражасига эга қуёш кремидан фойдаланинг ва кенг соябонли шляпа кийинг.
  • Куннинг энг иссиқ вақтида жисмоний машқлар қилишдан сақланинг.
  • Саёҳатда бўлсангиз, ўзингиз билан сув олинг.

Қандай қилиб тунда яхши ухлашим мумкин?

Юпқа чойшабдан фойдаланинг, пайпоқларингизни кийишдан олдин музлатгичда совутиб олинг ва одатдаги уйқу режимига риоя қилинг, дейди мутахассислар.

Иссиқ элитган одамни кўрсам нима қилишим керак?

Агар улар ярим соат ичида совутилиши мумкин бўлса, унда иссиқ уриши одатда жиддий эмас.

Миллий Соғлиқ Хизмати маслаҳати шундай:

  • Уларни салқин жойга олиб боринг.
  • Ётқизиб, оёқларини бироз кўтаринг.
  • Уларни кўп сув ичишга мажбур қилинг. Спорт ёки регидратацион ичимликлар ҳам қабул қилинади.
  • Уларнинг терисини совутиб олинг - совуқ сув билан артинг. Қўлтиқ ёки бўйин атрофига қўйиладиган совуқ компресслар ҳам яхши.

Бироқ, агар улар 30 дақиқа ичида тикланмаса, иссиқлик уриши кузатилади.

Бунда шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишингиз керак.

Иссиқ урган одамлар терламай қўйиши мумкин. Уларнинг тана ҳарорати 40 даражадан ошиб кетиши, қалтираши ёки ҳушдан кетиши мумкин.

suv

Сурат манбаси, Getty Images

Ким кўпроқ хавф остида?

Кексалар ёки айрим сурункали касаллиги бўлганлар, масалан, юрак касаллиги бўлганлар иссиқликнинг танага таъсирига чидамаслиги мумкин.

Қандли диабет танадаги сув тезроқ йўқотилишига олиб келади ва касалликнинг айрим асоратлари қон томирлари ва терлаш қобилиятини ўзгартириши мумкин.

Болалар ва камҳаракат бўлганлар ҳам кўпроқ ҳимоясиз бўлиши мумкин. Деменция каби мия касалликлари ҳам одамларнинг иссиқлик даражасидан ғофил қолиши ёки ҳеч нарса қила олмаслигига сабаб бўлиши мумкин.

Уйсизлар ҳам қуёш таъсирига кўпроқ нишон бўлади. Юқори қаватлардаги квартираларда яшовчилар ҳам иссиқроқ ҳароратни бошдан кечиришади.

Баъзи дорилар хавфни оширадими?

Ҳа, лекин одамлар одатдагидек дори-дармонларни қабул қилишда давом этишлари, салқинда ва сувсизланишдан эҳтиёт бўлишлари керак.

Баъзида "диуретик таблеткалар" - сийдик ҳайдайдиган дорилар танадан чиқариладиган сув миқдорини оширади. Бу дорилар кенг тарқалган, шу жумладан, юрак етишмовчилиги учун ҳам қабул қилинади. Юқори ҳароратларда улар сувсизланиш ва танадаги муҳим минералларнинг мувозанати бузилиши хавфини оширади.

Қон босимини пасайтирадиган дорилар иссиқлик таъсирида томирларнинг кенгайиши билан қўшилиб, қон босимининг хавфли пасайишига олиб келиши мумкин.

Эпилепция ва Паркинсон касаллиги учун баъзи дорилар терлашни тўсиб қўйиши ва тананинг совишини қийинлаштириши мумкин.

Литий ёки статинлар каби бошқа дорилар, агар суюқлик жуда кўп йўқолса, кўпроқ концентрацияланиши ва қон муаммоларига олиб келиши мумкин.

Иссиқлик ўлдирадими?

Ҳар йили Англияда юқори ҳарорат туфайли 2000 га яқин одам вафот этади.

Уларнинг аксарияти тана ҳароратини барқарор сақлашга уриниш натижасида келиб чиққан юрак ва қон томир билан боғлиқ сабабларга кўра вафот этади.

Юқори ўлим даражаси термометр 25-26°С дан ўтиб кетганда намоён бўла бошлайди.

Бироқ, далиллар шуни кўрсатадики, ўлим сабаби ёзнинг энг қизиган вақти эмас, балки баҳор ёки ёзнинг бошидаги иссиқроқ ҳароратдир.

Бу ёз фаслининг бошланиши билан кундалик хатти-ҳаракатларимизни ўзгартира бошлаганимиз ва иссиққа кўникишимиз билан боғлиқ бўлиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek