Иқлим ўзгариши: "Бу дўзах" ёки +50С ҳароратда ҳаёт қандай бўлади? Ўзбекистон ва дунё Dunyo iqlim o‘zgarishi yangiliklar

Қуёшга талпинаётган болакай

Иқлим инқирози келажакнинг эмас, бугунги куннинг хавотирли ҳодисасига айланиб улгурди. Дунёнинг кўплаб ҳудудларида у аллақачон бошланган.

Миллионлаб одамлар кескин ҳароратда, сув тошқини ва ўрмон ёнғинлари қаршисида яшамоқда.

Қуйида дунёнинг турли чеккаларида яшовчи беш инсон кескин ҳарорат уларнинг ҳаётини қандай ўзгартиргани ҳақида сўзлаб беради.

Алоқадор мавзулар

"Уйқусиз тунларимиз кўпайган"

Жазирама иссиқдан қийналаётган ҳиндистонлик аёл

Шакила Бано оиласи уйқуга кетаётганда ётоқларини Ҳиндистондаги бир қаватли уйлари томига солиб беради. Баъзи тунларда уй ичи жуда иссиқ бўлади. Том ҳам юрганда оёқни куйдирай дейди. "Жуда қийин, - дейди у. - уйқусиз тунларимиз кўпайган."

Шакила эри, қизи ва уч набираси билан Аҳмадободдаги деразасиз уйларида яшайди. Уйни салқин қилиш учун шифтда биргина вентилятор бор.

Иқлим ўзгариб, Ҳиндистондаги аксар шаҳарларда ҳарорат 50С ни уряпти. Аҳолиси зич, катта шаҳарларда айниқса кучли бўлмоқда. Бетон каби материаллар иссиқни тутиб қолиб, сўнг уни ўзидан чиқара бошлайди, ҳароратни кўтариб юборади. Тунда ҳам иссиқдан дам олиш йўқ, аксинча, ҳарорат кўтарилади.

Шакиланикига ўхшаган уйларда ҳарорат ҳозир +46С га етади. Иссиқдан бош айланади. Набираларига иссиқлик тошиб, иссиқдан чарчаб, диареяга чалинишади.

Танани салқин сақлаш учун қўлланадиган усуллар, айрон ва лимон сувлари ичиш ҳам иш бермай қўйган. Бунинг ўрнига улар томларини оққа бўяш учун қарз олишган. Оқ юзалар қуёш нурини кўпроқ қайтаради ва томдаги оқ бўёқ уй ичидаги ҳароратни 3-4 даража пастроқ бўлишига ёрдам беради.

Шакила учун фарқи катта. Хона салқинроқ ва болалар яхшироқ ухлайди. "У тушдан кейин ухлай олмайди, - дейди у ухлаб ётган набирасини кўрсатиб. - Ҳозир тинч ётибди."

"Ўтдек иссиқ"

Мавританиялик эркак

"Мен иссиқлик маконидан келганман", дейди Сиди Фадуа. Аммо ғарбий Африкадаги шимолий Мавритания ҳозир кўп одамлар учун яшаб ишлашга жуда иссиқ. Бу ерда иссиқлик одатий ҳол. "Ўтдек иссиқ".

Сиди 44 ёшда, Сахрои Кабирга ёндош жойлашган кичик бир қишлоқда яшайди. У шу ерга яқин жойдаги туз конида ишлайди. Иш жуда оғир. Иқлим ўзгариши сабабли ҳудуд янада исир экан, ишлаш ҳам оғирлашаверади. "Бунақа иссиққа дош беролмаймиз, - дейди у. - Биз машина эмасмиз."

Ёзда +45С ҳароратдан баланд бўлганда иссиқдан қочган Сиди тунда ишлай бошлади.

Иш топиш осон эмас. Чорва боқиб тирикчилик қилганлар ҳам ҳозир ундай қила олмайди, қўй ва эчкиларга ўтлаши учун яйловнинг ўзи йўқ.

Соҳилдаги Нуазибу шаҳрига кўчиб кетишни режалаётган кўплаб қўшнилари каби Сиди ҳам кўчишни кўзлаб юрибди. Океандан келаётган шабада шаҳарни салқинлатиб туради. Маҳаллий аҳоли у ерга қирғоққа туз ташийдиган, дунёдаги энг узун поездда йўлга чиқади.

"Одамлар бу ердан кетяпти, - дейди Сиди. - Улар иссиққа ортиқ бардош бера олмайди." 20 соатлик йўл юриш хавфли. Одамлар иссиқ ва қуёш нури уриб турган вагон устида ўтиради. Кечаси эса ҳарорат музлатадиган даражага боради.

У Нуазибуда балиқчилик саноатида иш топишга умид қилмоқда. Шабада одамга бироз хордиқ бериши мумкин, аммо борган сари кўпроқ одам иссиқдан қочиб, шаҳарга борар экан, иш топиш ҳам қийинлашиб бораверади. Сиди эса умидини сўндирмоқчи эмас.

"Дўзахни қандай ўчириш мумкин?"

Канадалик эркак

"Kanaka Bar First Nation" раҳбари Патрик Мичелл Канаданинг Британия Колумбиясидаги резервацияси яқинидаги ўрмонда бўлаётган хавотирли ўзгаришларни сеза бошлади. Дарёларда сув камайган, қўзиқоринлар чиқмай қолган.

Бу ёзда унинг қўрқувлари бежиз эмаслиги маълум бўлди. Шимолий Америка бўйлаб иссиқ ҳаво оқими ўтди. 29 июнда унинг она шаҳарчаси Литтонда ҳарорат рекорд даражага +49.6С га чиқди. Келаси куни унинг хотини +53С ни кўрсатиб турган термометр суратини юборди. Бир соат ўтиб унинг шаҳарчаси ўт ичида қолди.

Унинг саккиз ойлик ҳомиласи бор қизи Серена болалари ва уй ҳайвонларини машинага тиқди: Кийимлармизни елкамизга ташлаб қочдик. Шундай ёнгинамиздаги аланга уч қават биноча келарди".

Патрик балки уйимни асраб қоларман деган илинжда ортга қайтди. У ўрмон ёнғинларини кўриб катта бўлган. Аммо иқлим каби ёнғинлар ҳам ўзгариб кетганди. "Ўрмон ёнғини йўқ. Булар дўзах, - дейди у. - Дўзахни қандай ўчириш мумкин?"

Оилавий аҳволига қарамай, Патрик юз берган ҳодисани имконият сифатида кўрди: "Биз Литтонни келгуси асрдаги иқлимга мослаб қурамиз. Бу жуда қийин. Аммо менимча, ҳаммаси яхши бўлади".

"Болалигимда бунақа эмасди"

Нигериялик аёл

"Болалигимда об-ҳаво бунақа эмасди", дейди Жой. У Нигериядаги Нигер дельтасида яшайди. Бу ҳудуд ер юзидаги энг ифлосланган ҳудудлардан бири саналади, иссиқ кун ва тунлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Жой маниока ўсимлигидан олинган крахмални газ алангасида қуритиб, маҳаллий бозорда сотиб оиласини боқади. "Сочларим калта, чунки олов йўналиши ўзгарса ёки бирдан кучайса, куйиб кетиши мумкин", деб тушунтиради у.

Аммо газ алангалари муаммонинг бир қисми. Нефть компаниялари нефть учун ерни тешаётганда чиққан газни ёқади. Баландлиги олти метрга етадиган аланга иқлим ўзгаришига ҳисса қўшаётган глобал СО2 газининг асосий манбасидир.

Иқлим ўзгариши бу ерга ҳалокатли таъсирга эга, шимолдаги унумдор ерни саҳрога айлантирди, жанубда эса сув тошқини кўпайди. Одамлар бундай кескин ўзгаришни аввал кўришмаган.

"Бу ерда одамлар нима учун иқлим бу қадар тез ўзгараётганини тушунтириб бера оладиган даражада маълумотли эмас, - дейди Жой. - Аммо тўхтамай ёнадиган алангалардан шубҳамиз бор." У ҳукумат газ алангаларини тўхтатишини истайди, ҳатто оиласини таъминлаш учун шу алангаларга муҳтож бўлса ҳам.

Нефтдан келган бойлик Нигерияга деярли инвестиция қилинмайди. 98 миллион аҳоли қашшоқ яшайди бу ерда. Улар орасида Жой ва унинг оиласи ҳам бор. Беш кун ишлаб 6 доллар даромад қилишади.

У келажаги борасида умидли эмас. "Менимча ҳаёт ниҳоясига етмоқда", дейди у.

"Бу иссиқлик нормал эмас"

Қувайтлик аёл

Олти йил олдин Ом Найеф катта йўл ёқасидаги бир парча чўлга дарахт эка бошлади. У Қувайтнинг нафақадиги давлат хизматчиси бўлиб, ёз ҳавоси ўта исиб кетаётгани, саҳродаги бўронлар ҳам қаттиқлашаётганидан хавотир олмоқда.

"Мен айрим расмийлар билан гаплашдим. Улар қумга исталган нарсани экиб бўлмайди дейишди. Улар ер қумдан иборат, ҳарорат эса жуда баланд дейишди. Мен ҳаммани ҳайратда қолдирадиган бир иш қилишни истадим", дейди у.

Ом дунёнинг бошқа жойларидан кўра тезроқ исиб бораётган Яқин Шарқда яшайди. Қувайт чидам бўлмас иссиб бормоқда - у мунтазам +50С иссиқда яшайди. Айрим прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб, бу ҳарорат яна +4Сга ортади. Шунга қарамай, Қувайтнинг иқтисоди қазилма ёқилғиларга қарам.

Ом дарахт эккан иккита жой мўъжазгина бўлса ҳам, мақсадга хизмат қиляпти. "Дарахтлар чангдан ҳимоя қилади, ифлосланишни камайтиради, ҳавони тозалайди ва ҳароратни туширади", дейди у. Типратиканлар ва калтакесаклар бу ерга кела бошлади. "Бу ерда тоза сув ва соя бор. Гўзал жой", дейди у.

Айрим қувайтликлар ҳукумат кенг миқёсли яшил ҳудуд барпо қилишини истайди. Уларнинг ягона умиди Қувайт иқлим инқирозига тайёр бўлишидир. Омнинг айтишича, улар ерни қуритмасдан, муҳофаза қилишлари керак.

"Бу иссиқлик нормал эмас. Бу ота-боболаримиз ери. Биз ҳам унга нимадир беришимиз керак, у ҳам бизга бергани каби."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek