Ўзбекистон: Фаоллар ҳукуматни эркаклар ўртасидаги жинсий алоқага рухсат беришга чақирди ва инфляция ошиб кетиши олдиндан маълум эдими? – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Andijon shahar hokimligi
- Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ҳибсга олинди;
- Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳукуматни эркаклар ўртасидаги жинсий алоқага рухсат беришга чақирди;
- Инфляция ошиб кетишини олдиндан билар эдик - Абдулла Азизов;
- Дрон олиб келгани учун ушланган россиялик турист оқланди;
- Мўғулистондан чартер рейслар орқали гўшт олиб келиниши мумкин;
Қамоққа олинган ҳоким
Бундан аввал катта миқдорда ер майдонини ноқонуний ажратиш орқали давлат манфаатларига зарар етказишда айбланган Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ҳибсга олинган.
Ҳайдаров дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида тегишли тартибда ушлангани ҳақида Бош прокуратура маълумотига таяниб Kun.uz хабар берган.
Февраль ойида шаҳар ҳокими жами 19 минг квадрат метрдан зиёд ер майдонини ноқонуний ажратиш орқали давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўм зарар етказганликда айбланаётгани маълум бўлган эди.
Бунинг ортидан, ҳоким бир вақтнинг ўзида депутат бўлганлиги боис, Андижон вилояти прокуратураси уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига тақдимнома киритган.
28 май куни депутатлик дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум этилган Ҳайдаров муқаддам Андижон вилоят молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган вақтда шериклари билан 48 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-тарож қилгани аниқлангани ҳам хабар қилинган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Ҳозир ҳаммага қийин - нархлар кескин ошди
- Ўзбекистон: “Буханка”га навбат, 20 йил ўғил бола исмида яшаган қиз ва шакар нега қимматлашяпти? – янгиликлар
- Ўзбекистон: Президентнинг ваколат муддати ўзгартирилмайдими ва дон захираси қачонгача етади? – янгиликлар
- Geylar bayramida Oʻzbekiston bayrogʻi
2019 йил августидан бери Андижон шаҳрини бошқариб келган Ҳайдаров бунга қадар фуқарони ҳақорат қилгани ва журналистларга нисбатан муомаласи ортидан жамоатчилик назарига тушган.
Шу йилнинг февраль ойида ўтказаётган суриштируви доирасида изоҳ олиш учун Андижон шаҳар ҳокимлигига борган "Водий 24" нашри журналистлари аёл кишининг ҳужумига учраган, уларни ҳоким қабулхонасидан қувиб чиқаришга уринилган эди.
Эътибордаги гейлар ҳуқуқ

Сурат манбаси, Ferganews.com
Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Саломатлик, ҳуқуқлар, гендер ва жинсий хилма-хиллик бўйича Евроосиё коалицияси (EKOM) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) билан ҳамкорликда тайёрланган янги ҳисоботда мамлакатда қарама-қарши фикрларга сабаб бўлувчи мавзуга яна бир бор эътибор қаратилган.
Ҳисоботда гомосексуал ва бисексуал эркаклар ҳамда трансгендерларни таъқиб қилишда ички ишлар ходимлари асосий рол ўйнаши тилга олинган.
"Умуман жамиятда бўлгани каби, ички ишлар органларида ҳам гомо- ва трансфобия кенг тарқалган ва баъзи ички ишлар ходимлари жинсий озчиликка мансуб шахсларни фаол равишда излашади ва тажовузкорлик билан уларни таъқиб қилишадики, гўёки "гуноҳ"га қарши миссияни амалга оширишаётгандек.
Бошқалар эса, гомосексуалликни жиноийлаштириш ва унга боғланган жамоатчилик стигмасидан ўзларининг молиявий манфаатлари учун фойдаланадилар. Улар гей ёки бисексуал одамларни — оила аъзолари, қўшнилари, ҳамкасбларига ёки ижтимоий тармоқларда "фош қилиш" ва агар жабрланувчи пора бермаса, 120-модда бўйича жиноий иш қўзғатиш билан таҳдид қилишади", дейилади ҳисоботда.
Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон ҳукуматини эркаклар ўртасида ўзаро келишув асосидаги жинсий алоқани имкон қадар тезроқ декриминаллаштириш ёки де-юре мораторий жорий этиш ҳамда ЖКнинг 120-моддаси билан судланган барча шахсларни тез ва сўзсиз озод этишга чақирган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Инфляция ошиб кетишини билар эдик"

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Олмалиқ Кон-металлургия комбинати раиси ўринбосари Абдулла Азизов Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан Ўзбекистонда ҳам инфляция ошиши аввалдан маълум бўлганини айтган.
Азизов Daryo.uz нашри билан суҳбатда ҳужум куниёқ Олмалиқ Кон-металлургия комбинатида йиғилиш ўтказилгани ҳақида гапирган.
"Бугунги даврда инфляция кўтарилиши табиий ҳол. Буни аввалдан билардик. Чунки Россия ва Украина ўртасида низо бошланганда шундай бўлишини ҳамма тушуниб етган. Масалан, биз ўша куниёқ Олмалиқ Кон-металлургия комбинатида йиғилиш ўтказиб, келаётган жиҳозларни ёки хомашёларни қайтадан кўриб чиқишимизга тўғри келган. Чунки биз нархлар ўсиб кетишини билардик. Бундай ҳолларда нархлар ошиши табиий. Ҳар доим шундай бўлган", деган суҳбатда муқаддам Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари ва соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган Азизов.
Азизовнинг фикрича, инфляция оқибатларини юмшатишнинг энг муҳим йўлларидан бири тадбиркорларга янги бозорлар излашда кўмак беришдир.
"Масалан, мен биринчи ўринда Россия бозорида экспорт қаерга бўлгани ва қаерда тўхтаганини ўрганиб, таҳлил қилган бўлардим. Шу билан бирга, импортни ҳам ўрганган бўлардим. Чунки Европа ҳам импортни ёпди. Лекин талаб бирдан йўқолиб қолмайди. Ҳозир, масалан, мана шуни ўрганишимиз керак".
Азизов тадбиркорлар дастаклаш, уларга янги бозорлар топиш, экспортни оширишда ёрдам бериш ҳукуматнинг вазифаси эканини эсга олган.
Оқланган дрончи турист

Сурат манбаси, Instagram/@Siberian.in.china
Суд Ўзбекистонга дрон олиб кириши ортидан қўлга олинган россиялик туристни оқлаган.
17 май куни Ўзбекистонда россиялик тревел-блогер Полина Ермакова мамлакатга берухсат учувчисиз учар аппарат олиб киргани сабаб ушлангани хабар қилинган эди.
Тармоқда бундай ҳолатлар мамлакат обрўси учун уятли ҳол экани, дрондан фойдаланишга киритилган қатъий чеклов қайта кўриб чиқилиши лозимлиги масаласи кенг муҳокама қилинган.
Эндиликда, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига таяниб ТАССнинг хабар беришича, суд россиялик аёлни оқлаган, дрон мусодара қилинган, тревел-блогер эса аллақачон ўз ватанига қайтиб кетган.
Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан учувчисиз учадиган қурилмаларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланишга нисбатан тўлиқ тақиқ жорий этилган.
Шундан буён фақат рухсатномаси бор алоҳида юридик шахслар дронлардан фойдаланиши мумкин.
Чартер рейсда ташиладиган гўшт

Сурат манбаси, Qishloq xo'jaligi vazirligi
Мўғулистон чартер рейслар орқали Ўзбекистонга гўшт етказиб бериши мумкин.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Мўғулистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Батсумбер Мунхжин билан учрашув бўлган.
Мўғулистонда 70 миллион бошга яқин йирик ва қорамол мавжудлиги ҳақида гапирган Мунхжин мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқнинг янги йўлаги сифатида чартер рейсларини йўлга қўйиш таклифини билдирган.
Учрашув сўнггида Мўғулистондан гўшт ва гўшт маҳсулотлари, Ўзбекистондан эса озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришилгани хабар қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















