Мулоҳаза: Ўқилмаган китоблар ёки Қодирийдан бошқаси O'zbekiston dunyo yangiliklar

Навоий ҳайкали
    • Author, Бахтиёр Турсун
    • Role, Мустақил журналист

Бир танишим айтиб қолди:

"Навоий ва Бобур таваллуд кунлари яқинлашаверса, умрим бир хил ўтиб кетяптими, деган гумонга бораман. Чунки ёшим 60 га яқинлашаётган бўлса ҳам, эсимни таниганимдан буён нуқул битта манзарага дуч келаман, бир хил рубоий ва ғазал эсланади."

"Ғурбатда ғариб..."," Камол эт касбким... "," Ҳар кимки вафо қилса... "...

Бир қаторда 5-6 та асарнинг ёдланавериши унинг муаллифларига нисбатан муносабатни ростдан ҳам совуқлаштиради.

Энг ёмони кишиларда адабиётшунослар салоҳияти ва савиясига шубҳани оширади.

Бу аслида Натан Маллаев тарафидан ўз диди ва танлови доирасида етмиш йилча илгари тортилган чизиқ.

Балким бу омадли чиққандир, лекин ундан хатлаб ўтишга ҳадлари сиғмайди ёки янгича изланишга маҳоратлари ожиз.

Алоқадор мавзулар:

Сиёсатчилардан бири ўз вақтида Ленин номини сийқалаштириш мамлакат ва ғоянинг парчаланишига олиб келди, деганди.

Тик-Токда ёш йигитлардан бирининг Навоий ҳайкали ёнида масхараомуз ҳазили худди шунга ўхшаш ҳол дея баҳоланиши мумкин.

Лекин майда жиноят сифатида тавсифланиб, у жазоланганига қарамай, мазкур воқеа беихтиёр бирга қўшилиб кулинадиган ижтимоий кўриниш, шунчаки беозор шўхликдек бўлди.

Ушбу мулоҳазаларни жиддий оҳангга йўналтирсак яна ҳам ёрқинроқ жиҳатлари очилиб кўринади. Масалан, узоқ даврлик стандарт қолип ва каттакон ботиқ муҳр оммага, ҳатто илмга ўзгармас қонун сифатида тиқиштирилди.

Кутубхона

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativtasvir

Айниқса, ўзбек насри деганда Абдулла Қодирий ва унинг атрофида бир неча номлардан иборат тўплам қайд этилади. Гўё айни мезондан бўлак ўрнакли ёхуд ўрганарли бошқа ҳеч ким йўқ деган тушунча сингдирилади. Бироқ аслида сон-саноқсиз муаллифлар китоблари жавонда ўз мутолаасини маҳтал кутмоқда. Улар бир қирраси билан жуда ҳам муҳим: уларда тугаллик ва керакли ечим мавжуд.

Ҳар бир мафкура қудрат ва ғояни адабиётдан олади. Унинг вазифаси эса реал ҳаётийликка инсонийлик ва нафислик бағишлаш бўлган.

Ҳозирда телевидение ва радиода берилаётган мавзу ва материалларга, яратилаётган кинофильмларга нигоҳимизни бурганимизда , чала-чулпа сюжет ва ечимсиз ҳаёт тарзини кўрамиз. Уларга қанчалар сўнгги вақтда янги технологик жимжимадорлик юкланмасин, тўлиқ маънода барибир саёзлиги ва пайдарпайлигини яшира олмайди. Ва улар кузатувчилар ва томошабинлар наздида "хонтахта" ва "оталар сўзи", дея кинояли ташбеҳланиши бежизга эмас.

Таниқли санъаткорлардан бири, қўшиқларини басталар экан, оҳангдаги мотивларни "Шошмақом" куйларидан олишини ва мусиқачиларга янги мусиқий асар яратишда мазкур мумтоз асарга мурожаат қилишларини тавсия этганди. Айнан кенг кўламдаги мотивация биз назарда тутаётган унутилган адабиётда беҳисоб жиҳатларда мавжуд.

Кутубхона

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativtasvir

2000 йил бошларида адабиётшунос Ботир Норбой матбуотда Ҳамид Ғулом ҳақида эслаб қолди. Тўғри, бу ёзувчини оммага қайтариш мақсадидан холи, ёзувчи шахсига бироз киноя босилган қизикарли эслаш эди. Балким шунинг ўзи пароканда туюлиб келган адабий оламни уйғотишга туртки ғоя бўлган бўлса, эҳтимол. Сўнгра эса шундан кейин барибир жараёнда бир бутун ҳолат юз бермади.

Икки-уч йил олдин Иброҳим Раҳимнинг " Одам қандай тобланди" романининг русча нашри қўлимга тушиб қолди. Унга кўз югуртирганимда воқеаларининг изчиллиги ва самимийлиги билан тезда ўзига тортди. Ва ўша онда унинг аслиятини ўзбек тилида12-13 ёшда ўқиганим ёдимга тушди. Мазкур ёзувчининг яна " Оқибат" каби романи эътибордан четда қолдирилгани қандайдир аламли ва ачинарли туюлди.

Жонрид Абдуллахоновнинг "Борса келмас" трилогияси, Жуманиёз Шариповнинг "Хоразм" тетралогияси , Неъмат Ёқубовнинг "Кўнгил пиёласи" дан тортиб "Ҳубоб" қиссаларигача адабиёт қаърига шунчаки эсдан чиқариб юбориш учун ташланган асарлардир. Ва бундай асарлар қаторини шунчаки номларини билганлик сабабли эмас, уларни ўқиб чиққаним учун истаганча келтириш мумкин.

Инсон хаёлоти замон шиддаткорлигида турли қалтисликларга рўбарў келади. Шунда биз адабиёт ва санъатга суянамиз. Лекин бу дидсиз, жўн, оддий сўз билан айтганда, майда-чуйда маиший гап-сўзлардан иборат бўлса - зарур саволларга жавобни топа олмаймиз. Яна ҳам алоҳида мезонга бўйсундирилса кўнгилни заъда қилувчи кайфият юзага келиши мумкин.

Янги тадқиқи ва мутолаасига муштоқ ўзбек адабиётининг турли намуналари етук маданият ва оддий бир тугал савиядаги сифатли маҳсулот тарзида ҳаётнинг рангбаранг туйғуларидан баҳраманд бўлишга хизмат қилади.

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek