Ўзбекистонда бошқа тилларда китоб чиқариш

Китобга муносабат ҳам 1980-йиллардагидан фарқ қилади.
Сурат тагсўзи, Китобга муносабат ҳам 1980-йиллардагидан фарқ қилади.

Тошкентдаги “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётининг 2013 йил нашр режасига кўра болалар учун бирданига уч тилда жаҳоннинг машҳур эртакларини нашр этиш мўлжаллаган.

Мазкур режага мувофиқ "Алибобо ва қирқ қароқчи", "Этик кийган мушук", "Уйқудаги гўзал" каби эртаклар китоб шаклида бирданига уч тилда - ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилади.

"Бизнинг мақсадимиз, эртак мазмунидан кўра, болалар онгида муҳрланган эртак персонажлари баҳона, уларни инглиз тилига ўргатиш, бу борада уларга илк сабоқ беришдир. Ҳар бир саҳифада инглиз, ўзбек, рус тилларида эртакнинг қисқартирилган шакли баён этилади ва унга монанд ишланган ажойиб расмлар берилади. Китоб охирида инглиз тилини ўзлаштиришга қаратилган эртак мазмуни билан боғлиқ безакли масалалар, топишмоқлар, муҳим сўзлар луғати келтирилган", дея шарҳ берилган нашриёт режасида.

Эртаклар камида 10 минг нусхада чоп этилиши кўзда тутилган.

Айни шу нашриёт режасига кўра етти тилда – ўзбек, рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман, қорақалпоқ тилларида мактаблар учун дарсликлар нашр этилади.

"Шўролар пайтида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзбек тилидаги дарсликлардан бошқа дарсликлар ўша пайтдаги иттифокдош республикалардан юбориларди. Лекин Ўзбекистонда миллий ғоя яратишга киришилгач, мактаб дарсликларини мамлакатнинг ўзида яратиш маъқул топилди", дейди дарсликлар яратишда қатнашишини айтган суҳбатдош.

Айни бир пайтда Ўзбекистонда ўзбек тилидан бошқа тилларда бадиий китоблар нашр этиш масаласида гап кетганда, турлича фикрлар янграйди. Жумладан, тожик ва қозоқ тилларида босилаётган бадиий адабиётлар Шўролар пайтидагига нисбатан кўпайгани турлича изоҳланади.

Мустақиллик шарофатими ё бозор иқтисодига мослашиш

Мен фикрини сўраганим ўзбекистонлик ўн нафар суҳбатдошдан етти нафарига кўра масалан, тожик тилидаги бадиий адабиётлар тез-тез босилаётганлигининг сабаби мамлакат истиқлоли туфайлидир. Лекин икки нафар суҳбатдош бунинг боисини нашриётларнинг тижорат йўлига ўтишлари сабаб деб билади.

"Бозор иқтисоди, деб қўйишибди. Пулинг бўлса, китоб чиқаришинг мумкин", дейди суҳбатдошлардан бири.

"Шўролар пайтида тожик тилидаги бадиий китобларни ҳам Ўзбекистонга Тожикистондан юборишарди. Ўша йиллари мен Жонибек Қувноқ ва бир-икки кишини ҳисобга олмаганда, Ўзбекистоннинг ўзида яшаб, ижод қилаётган тожик ижодкорларини билмасдим. Эндиликда китобини чиқаришга муваффақ бўлаётган тожик ижодкорларининг сони анча ошган", дейди Тошкент вилоятида яшайдиган Бахтовар исмли киши.

Тошкентдаги "Шарқ" нашриёт бирлашмасида нашр этилган тожик тилидаги "Гулистони адаб" тўпламига 50 нафардан ортиқ замонавий тожик ёзувчи ва шоирларининг асарлари киритилган. Мазкур тўплам Ўзбекистондаги тожик мактаблари ўқувчилари учун мўлжалланган.

Ўзбекистонда яшаб, ижод қилаётган тожик ижодкорлари орасида Озармеҳр (Жуманазар Эшонқулов)нинг номи тез-тез тилга олинади. Қирқ ёшли бу шоир "Бухоро" нашриётида нашр этилган "Рози дил" ва "Чашми дил" китоблари билан танилган.

Тожик тилида энг сўнгги марта нашрдан чиққан китоблардан бири эса, Жаъфар Муҳаммад Термизийнинг "Тажарруд" китобидир. У ўтган йилнинг охирроғида китобхонлар қўлига етиб борди.

"Ҳозирда мустақил Ўзбекистон тупроғида бир қатор тожик ижодкорлари ўз аждодларига муносиб тарзда ижод қилишмокда. Уларнинг китоблари Ўзбекистоннинг турли томонларидаги нашриётларда нашр қилинмоқда", деб ёзилган "Гулистони адаб" тўплами сўзбошисида.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда нашр этилган тожик тилидаги бадиий китоблар Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги, Бухородаги "Бухоро", Самарқанддаги "Самарқанд", "Суғдиён", Термиздаги "Жайҳун" нашриётларида чоп этилган.

"Ҳар йили тожик тилида бир неча китоб қўлимизга келиб тегмоқда. Лекин бу китобларнинг тиражи жуда оз. Устига китоблар орасида савияси бадиий жиҳатдан баланд деб бўлмайдиганлари ҳам анчагина", дейди Сирдарё вилоятида яшайдиган Маъруф Мажидов.

Достоевскийни ўқиш яхшими ё олди-қочди воқеаларни?

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тожик тилидаги китоблар нашр этиш кўпайган бўлса, аксинча рус тилидаги китоблар чоп этиш Шўролар давридагига қараганда камайиб кетган.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида китоб дўконларида рус тилларидаги китобларни истаганча топиш мумкин эди. Бора-бора рус классиклари ва жаҳондаги таниқли адиб ва шоирларнинг китоблари ўрнини саргузашт-кечинма китоблар эгаллай бошлади.

Бундан ўн-ўн икки йил олдин Тошкент шаҳрида ўша пайтдаги марказий универсал магазин ортидаги эски китоблар дўконида арзон нархда сотилаётган Достоевский асарлари тўла тўпламини кўрганимни эслайман. Бу китоблар нархини икки-уч марта сўрасамда, қулоқларимга ишонмадим. 1980-йилларда обуна бўлиш мушкул бу бебаҳо китобларнинг нархи арзимас бир пул эди… Қайси бир ҳашамга ўч одамнинг китоб токчаларига вақтида чиройли қилиб териб қўйилган, оҳори кетмаган китоблар…

Агар бошқа қўшни мамлакатлар – Тожикистон ва Туркманистон билан солиштирганда Ўзбекистонда ҳали руслар ва рус тилида сўзлашаётганлар сони кўп эканлиги ҳисобга олинса, уларнинг рус тилидаги китобларга нисбатан эҳтиёжлари ҳам маълум бўлади.

Лекин сотувда бўлган рус тилидаги бадиий китобларнинг асосий қисми Россиядан келтирилади.

"Рус тилида бадиий китоблар деярли чиқарилмайди. Илмий адабиёт кўп чиқарилади. Лекин ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва адибларнинг ўзлари замонавий ўзбек адабиётини жаҳонга танитиш учун таржима қилишнинг вақти етганлигини англаб етишди", дейди таржимон ва адабиётшунос олима Саодат Комилова.

Шам ёруғида китоб ўқиётган рус аёл

Саодат Комилова ўзбек ижодкорларининг асарларини рус тилига ўгириб келади. Унинг бу таржималардан ташкил топган китоби анчадан бери нашрга тайёр. Лекин таржимоннинг маблағи йўқлиги боис ҳали-ҳозирча бу китоб нашр этилмай турибди.

"Менимча рус тилидаги бошқа китобларнинг тақдири ҳам менинг китобимга ўхшаш бўлиши мумкин. Ноширлар рус тилидаги китобларни нашр этишни унчалик хушлашмайди. Уларни инглиз, немис, турк тилларига қилинган таржима китоблар ёки бошқа тиллардан ўзбек тилига қилинган таржималар қизиқтиради", дейди Саодат Комилова.

Таниқли ижодкор, мохир таржимон Аъзам Обидовнинг фикрича эса, кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг ўзида рус тилида ижод қилаётган адиб ва шоирларнинг асарлари ҳам тез-тез босилмоқда.

"Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида рус ва қозоқ секциялари борлигидан хабарим бор. Рус секцияси кейинги ойларда анча фаоллашди, у рус тилида ижод қиладиган ижодкорлар, асосан, Есенин музейида тадбирлар ўтказиб турадиган ёзувчи-шоирларни бирлаштиради", дейди Аъзам Обидов.

Руслардан бошқа миллатларнинг рус тилидаги китобларга муносабати ҳақида гап кетганда Аъзам Обидов шундай дейди:

Менимча, Ўзбекистонда рус тилидаги китобларни асосан совет замонида катта бўлган авлод ва рус мактабини тугатганлар ўқияпти, аммо улар жуда кўп деб айтолмасам керак. Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди: бир рус хотин бўларди, кечқурунлари чиқинди ташлашга чиқсам, қачон қарама, ахлатхона бурчидаги митти кулбада шам ёруғида у аёл китоб ўқиб ўтирарди. Мен бу ажойиб китобхон ҳақида бир шеър ҳам ёзгандим, у Колумбияда қўлма-қўл бўлиб кетган".

Замонавий қозоқ ижодкорлари асарларини топиш осонми?

Ўзбекистонда қозоқ тилидаги мактаблар бир неча юздан ортиқ.

С. Халилова - Конимех туманидаги 23-мактаб директори.

"Мактабимизда таълим қозоқ тилида олиб борилади. Фанлар ойлиги доирасида буюк ўзбек мутафаккири Алишер Навоий ҳамда таниқли қозоқ шоири Абай ижодига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Унда юқори синф ўқувчилари икки буюк ижодкорнинг бебаҳо асарларидан намуналар ўқиб, бадиий саҳна кўринишларини намойиш этишди", дейди С.Халилова.

Юқорида айтилганидек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида қозоқ секцияси иш кўрмоқда. Лекин Ўзбекистонда яшаётган қозоқлар ўз тилларида Қозоғистондаги замонавий қозоқ ижодкорлари китобларини топиш қийинлигидан ёзғирадилар.

Мухторият имтиёзлари

Ўзбекистонда яшаётган халқлар орасида қорақалпоқ тилида энг кўп ва мунтазам тарзда китоблар нашр этилади.

Бу мамлакатда Қорақалпоғистон мухтор республикасининг борлиги ва бундан келиб чиқадиган имтиёзлар, имкониятлар билан боғланади.

Қорақалпоқ ижодкорларининг асарлари ўзбек тилига ҳам тез-тез таржима қилиб турилади. Масалан, таниқли қорақалпоқ шоири Бахтиёр Генжамуроднинг "Офтобнинг умри" (1987), "Саратон" (1990), "Ўқ қадалган ой" (1997) шеърий тўпламлари қорақалпоқ тилида, "Ўкуздарё битиклари", «Мадэ хон сўзи ёхуд Чин ипагидаги битик" (2006) каби асарлари ўзбек тилида нашр этилган.

Лекин қорақалпоқ ижодкорлари орасида ҳам бозор иқтисодидан норози бўлаётганлар, узоқ йиллардан буён асарлар тўпламини чиқариш учун имконият топа олмаётганини айтаётганлар ҳам оз эмас.

(Мақолани тайёрлашда интернет-манбалардан ҳам фойдаланилди).