Тузумлар ўзгарганда, одамлар ҳам ўзгарадими? Ўзбекистон ва дунё O'zbekiston dunyo yangiliklar

Ўзбекистон

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

    • Author, Бахтиёр Турсун
    • Role, Мустақил журналист

"Ўзгариш фикрлашда илдамлик, мушоҳадага муштоқлик ва ҳодисага қадр-қиммати қандай баҳоланса-да, муносабатдадир", - дейди қаҳрамонларимиздан бири.

Ҳаёт оқимидаги бошида турғун вақтни ўтказиб, сўнг баъзида бир текис, баъзида кескин ўзгаришли манзараларга қараб, уни бир тушунчага боғлаш истаги туғилади.

Бу тафаккурда ҳис этилмаса, унга интилиш ҳам ўша ўзгаришнинг давомидек.

Тузумлар ўзгарганда ҳам кишилар олдинга қўйилган қандайдир баландпарвоз мақсад ёки ғоя атрофида оддий тирикчилик ташвишлари билан умр кечирадилар.

Бундан ҳеч қандай таъсир ва куч фориғ эта олмайди. Бирламчилик ва аслият ҳам шу.

Яъни ҳаёт жараёнига қўшилиб, бор мақсад-орзуларинг билан жамиятнинг бир аъзосига айланиб бораверасан.

"Адиблардан бири" олдинга қўйилган мақсад тушуникли бўлса, бир куни кўримсиз қайиқ улкан кемага айланур" деганди. Фикримча ҳам умримиздаги кечмишлар кун сайин, давр сайин мазмунга эга. Уларни фақат мутлақ бир рангда эмас, турлича рангларда ифодалаш мумкин. Шунинг ўзиёқ қизиқарли жараён, "-дейди термизлик ўқитувчи Дилсора Остонақулова.

Ўқитувчи аёл

Сурат манбаси, courtesy

Мураббийнинг фикрига кўра, ўзгариш фикрлашда илдамлик, мушоҳадага муштоқлик ва ҳодисага қадр-қиммати қандай баҳоланса-да, муносабатдадир.

"Ҳозир ўқитувчи ўқувчи билан бир қадамда одимламаса, шогирди ундан ўзиб кетиши мумкин, ҳатто шундай ҳолатлар ҳам учрайди. Яъни ахборот технологияси билан деярли тўлиқ хабардор ўқувчи устозига талабни кучлироқ қўяди. Бизнинг даврда мураббий ва шогирд ўртасида улкан масофа мавжуд эди. Унга ҳурматимиз алоҳида, ҳатто ҳайиқиброқ турардик. Ҳозир эса ўқувчилар билан бир ресторанда юзма-юз ўтириб қолишга тўғри келади. Тўйхоналарда "устоз, қалайсиз?" деб енгилгина кўришибам кетади. Бу ранжитади ва қайсидир маънода янги замоннинг бу тариқа хислатига шахсингни чархлашга ҳам мажбурият уйғотади", -дейди суҳбатдош.

Сиёсий ўзакнинг шакл-шамойилдан мағзи тўлиқ мазмунга етиб бориши аввало кишининг фикран ҳушёрлиги ва жиддийлигига боғлиқлиги ҳақидаги мушоҳадалар ҳам бугунги кун тошойнасида акс этади.

Пойтахт Тошкент

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

"Қонунлар онг орқали яратилди, шунинг учун онгимизда жуда мустаҳқам истаганимиз қонунлар ишлайди, истамаганимиз эса йўқ. Демак, қонунларнинг тамомила бажарилиши руҳий мўътадилликка боғлиқ. Ҳозирда Учинчи ренессанс ҳақида гапирилмоқда. Балким бу кескин ривожланиш даражасида содир бўлмай, эволюция меваси сифатида кейинги йилларда бўй кўрсатар, яъни эврилишлар давом этишига умид қиламиз," -дейди Термиз Давлат Университети талабаси Сабоҳат Сатторова.

Одатий турмуш маромида бир тарзни белгилаб бўлмайди, устига устак кутилмаган бўҳронлар содир бўлса, буни ҳам жараёнга қўшимча сифатида киритишга тўғри келади.

"Мактабимизда ҳар бир синфда деярли камида икки нафардан Афғонистондан қочиб келган болалар таҳсил олмоқда. Уларнинг ота-онаси эски ҳукуматда ишлаган амалдорлар, ҳарбийлар, тадбиркорлардир. Улар бу ердаги тенгдошларига ҳавас қилишади, Биз-ку иложини қилиб, чегарадан ўтиб келдик, лекин бунинг имконини тополмаган сон-саноқсиз фақир болалар таҳлика оғушида қолди, дея қайғуришади. Буям даврнинг бир ўзгариши, дунёқарашда фавқулодда тўхтамга жалб этадиган ҳолатдир."-дейди Дилсора Остонақулова.

Истиқбол учун қайғу бугундаги ҳар бир куюнишнинг моҳиятини ташкил этади.

Айниқса, ёш қатлам буни огоҳлантирувчи сигнал сифатида катта ёшдагиларга тушунтириш ниятида, зеро вақт талаби кечаги кундан, улар наздида, бениҳоя фарқлидир.

Талаба қиз

Сурат манбаси, courtesy

"Келгуси йил ўқишни тугаллаймиз. Келажакда ўзимизга лойиқ иш топиш ташвиши турибди. Кундалик ҳаёт даражаси киши савиясининг ўсишига қараб орзу-истакларини ошириб боради. Қаноатлантирадиган, шахсинг камолотини тўйдирадиган жиҳатлар турмуш ичида ўз ишингни топиб, иқтисодий рўшнолик кўришда кўринади. Ҳар бир кишининг алоҳида тўкислиги ўз давлати фаровонлиги қисмидир", -дейди талаба суҳбатдошимиз.

Оддий кишилар орасида у қадар жўшқин ва мураккаб туюлмайдиган кечмишу орзулар билан яшаётганлар аксариятдир.

Бироқ ҳаёт ичидаги улар қараши умумият мақсадига туташтиради.

"Бу йили ёзда ўғлим ва келиним икки фарзандини менга қолдириб, Россияга кетди. Ҳозир улар ишлаб, пул юборишмоқда. Турмуш учун қайғуришлар узвий, лекин бир қадар унинг аришини ҳам кўряпмиз. Бунга ўзда ирода топиш керак."-дейди уй бекаси Жамила опа.

Эртага учун бугун. Бунга ниятлар сўнмаслиги ҳам кишиларни яшашга тўлқинлантиради.

"Ҳозирда Янги йилни қандай ўтказишни режалаштиряпмиз. Чунки ўтган галгисини ҳаминқадар юпунроқ дастурхон атрофида нишонлагандик. Бу ёқда қишни хайрли уйда ўтказиш ғами, шунга ўтин тўплаяпмиз. Бу ердаги ўғилларим, келинларим ва набираларим билан иссиқ уйда Янги йилни кутиб олиш учун иштиёқ ва умидларим олам жаҳон", -дейди Жамила опа.

Замондошлар ўз чегарасидан ўтган мушоҳада ва ташвишларни дунёқарашларида бир шаклга солишга уриниб, бунда босиқлик, эртанги кунга бир қадар ишонч ҳиссини жо этишга ҳаракат қилишади.

Зеро мувозанатга уйғунлашиб, ҳар кимнинг табиий ҳаётдан бахтини топиш ҳоҳиши доим устундир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek