Ўзбекистон: Қовун тушираётган номзодлардан қутилиш йўли топилдими?

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистонда бир гуруҳ фаол блогерлар декабр ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловларида ғолиб чиқиши аниқ бўлган номзодларга қарши овоз беришни тарғиб қилмоқда. Шу йўл билан улар гўёки ютиб чиқиши олдиндан маълум бўлган номзодларга зарба беришга умид қилмоқда.
Сайловда маълум номзодларга қарши "ақлли овоз бериш" тизими Россияда мухолифатчи Алексей Навальний томонидан олдинга сурилганди.
Шу йилнинг сентябр ойида Маҳаллий думаларда илк маротаба "Умное голосование" синаб кўрилди.
Бир номзодни қўйишга келиша олмаган мухолифат қудратдаги "Ягона Россия"дан бўлмаган бошқа кучли номзодга овоз бериш орқали Путин партиясига зарба беришни кўзлаганди.
Бунинг учун овоз берувчилар бюллетендаги "Ягона Россия" номзодига энг муносиб қаршилик кўрсата оладиган бошқа бир партиянинг номзодини танлаб олади.
Кейин барча тарафдорларни ўша номзодга овоз беришга чақиради.
Бошқа партиядан кучли номзодлар олдинги сайловдаги кўрсатгичларига қараб танланди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Буларнинг барчаси мухолифат томонидан очилган махсус веб сайтда мувофиқлаштирилиб турилди.
Демак, Навальний гуруҳининг маълум қилишича, "Ақлли овоз бериш" тизими кутилганидан ҳам аъло натижа берган.
Натижада маҳаллий думаларга бўлиб ўтган 2014 йилги сайлов билан солиштирганда "Ягона Россия" партияси 15,36 фоиз кам овоз олди.
"Ақлли овоз бериш тизими" билан қўллаб-қувватланган 776 номзоддан 145 нафари маҳаллий думада депутат бўлган.
Ҳатто, Хабаров шаҳри ва ўлкасида "Ягона Россия" бирорта ҳам овоз ололмаган. Навальний жамоаси сайлов натижаларини "фантастик ғалаба" дея баҳолаган.
Мухолифат ушбу тизимни кейинги каттароқ ва муҳимроқ парламент сайловида ҳам синаб кўришини маълум қилган.
Ўзбекистондаги айрим блогерлар таклиф қилаётган ақлли овоз бериш тизими россиялик мухолифатчи Навальнийдан илҳомланган бўлса-да, фарқ қилади.
Ўзбек блогерлари Россиядаги каби фақат бир партияга қарши овоз беришга чақирмаяпти.
Улар сайловда иштирок этаётган барча партияларнинг лидерлари ва партия юзи сифатида кўрсатилаётган номзодларга қарши овоз беришни олға суришяпти.
Бундай пайтда уларга муқобил номзод сифатида энг ёши танлаб олинади.
Энг ёш номзод камолотчи ёки амалдор номзод бўлса, бюллетень қоғозидаги аёл номзодга овоз бериш таклифи илгари сурилган.
"Эслаб қолинг, номзодларнинг қайси партияга тааллуқлилиги умуман муҳиммас. Чунки Ўзбекистонда партиялар йўқ", деб ёзади блогер.
Тошкентда беш болали оила 2,5 миллион сўмга бир ой яшай олади, деган гапи билан истеҳзоли кулги ва ижтимоий тармоқдагиларнинг нафратига сабаб бўлаётган ХДП раиси Улуғбек Иноятовнинг сайланадиган участкасида ақлли овоз бериш қандай бўлиши мисол тариқасида кўриб чиқилган.
Унга қарши номзодлар овози сўровномага қўйилганда "Адолат" партиясидан Дилбар Асқарова ва ЎзЛидеп партиясидан 31 ёшли Ёдгорбек Жўрабеков номзодлари етакчилик қилган.
Бироқ ушбу тажриба ҳозирча фақат Твиттер ижтимоий тармоғида кўтариляпти.
Ўзбекистондаги айрим блогерлар нима учун сайловда бевосита иштирок этиш ва ўзи истаган номзодга овоз бериш ўрнига самараси номаълум бўлган ақлли бериш каби мураккаб йўлдан фойдаланишга қарор қиляпти?
Лондондан таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрича, ҳукумат мухолифат партияларга сайловда қатнашиш имконини бермаяпти. Ҳатто ташаббускорлар ҳам мустақил равишда сайловда иштирок эта олмайди.
Илҳомовга кўра, натижада Ўзбекистонда сайлов номли спектакл қўйиляпти.
Чорасиз қолган блогерлар эса, ушбу спектаклга ўз норозилигини билдириш учун ақлли овоз бериш тизимини тарғиб қилаётган бўлиши мумкин.
Аммо бу тизим Ўзбекистонда ҳам Россиядагидек самара бериши мумкинми?
Бу саволга ижобий жавоб беришу учун асос йўқ. Ҳозирча.
Бунинг бир нечта сабаблари бор.
Ҳозирча "ақлли овоз бериш"га фақат Twitter даги фаоллар чақирмоқда. Сайлов қоғозлари керакли номзод фойдасига ўзгартириб қўйилмаслигини кузатиб турадиган мустақил кузатувчилар шакллантирилмаган.
Яна бир томони, амалдорлар истамаган номзод ғалаба қозонган тақдирда ҳам бу номзодлар ўз ғалабасини сақлаб қолиш учун курашга кириши гумон остида…
Сиз бу борада қандай фикрдасиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














