Ўзбекистон ва сайлов: “Демократик бир аёл бор экан…” ёки “Уверенно президентимиз президент бўлади” - ўзбекистонликлар фикрлари видео O'zbekiston prezident saylovi 2021

Янгийўл шаҳри

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистонда мамлакат президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотига 20 сентябрдан старт берилган.

Марказий сайлов комиссияси яқинлашиб келаётган президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 миллиард сўм этиб белгиланганини эълон қилган.

Хусусан, президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқот ва тарғибот ишлари учун қарийб 15,5 миллиард сўм ёки ҳар бир номзодга 3,1 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Бундан ташқари, сайловга оид босма материаллари ва сайлов ташвиқотига оид ахборот ва маълумотларни чоп этиш учун қарийб 14 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Президентликка номзодлар 22 октябрга қадар Миллий телерадиокомпаниянинг республика ва маҳаллий телерадиоканаллари, марказий газеталар орқали ўз ташвиқотларини бепул олиб боришлари ҳам мумкин.

Бироқ миллиардлаган харажатлар, бепул эфир ва нашр майдонлари номзодларни одамларга танитишда, сайловнинг аҳамиятини англатишга хизмат қила олмоқдами?

Би-би-си ана шу саволга жавоб топиш мақсадида пойтахтдан атиги 20 чақирим нарида жойлашган Янгийўл шаҳрига борди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Демократик бир аёл бор экан…"

Янгийўл шаҳри

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Жума куни тушга яқин Янгийўлда ёмғир севалай бошлади.

Шаҳар марказидаги деҳқон бозорида одамлар у қадар кўп эмас.

Асосий йўл бўйлаб ўрнатилган каттакон банерларда эса президентликка номзодларнинг суратлари жойлаштирилган.

Кундалик турмуш ташвишлари билан банд янгийўлликлар бу банерлар остидан елиб ўтади.

"Президентликка номзодларни танийсизми?"

Бозор ёнида кутилмаганда янграган бу савол ва ўзига тутилган микрофондан ёши қирқларни қоралаган эркак эсанкираб қолади.

"Номзодларми? Президентимиз бор…"

"Яна кимларни танийсиз номзодлардан?"

"Ҳозир исмлари эсимда йўқ-ку, лекин партияларни ҳаммасини биламанда."

"Демократик бир аёл киши бор экан… Йўқ, мукаммал танимайман уларни", тан олади бозордан шошиб чиқиб кетаётган бошқа бир эркак.

Янгийўл шаҳри

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Президентликка номзодлари илгари сурилган мавжуд беш сиёсий партиянинг ҳар бири сайловолди ташвиқотига старт берилган кундан бери сайловчилар билан учрашувлар қизғин ўтаётганидан хабар бериб келмоқда.

"Сайловолди тарғибот тадбирлари энг чекка ҳудудларгача ўтказиляпти", дейилади ЎзЛиДеПнинг 2 октябрь кунги хабарида.

"Суратларини кўрганману, лекин исм-фамилияларини билмайман", дейди бир янгийўллик аёл "Номзодларнинг сайловолди ташвиқотларини кузатиб боряпсизми" деган саволга жавобан.

Микрофон тутилган 30 га яқин янгийўлликларнинг деярли бари амалдаги президент Шавкат Мирзиёевдан бошқа номзодни танимаслигини очиқ айтади.

"Бошқа номзодлар нима қилиб қўйибдики, биз уларни танисак?" хитоб қилади мевалар сотаётган бир эркак.

Ўзбекистон: Сайлов 2021

Президент сайлов кампанияси бошланди

Image copyright by President.UZ

Сайлов кампаниясининг расмий бошланиши. Ўз номзодини муваффақиятли рўйхатдан ўтказган сиёсий партияга давлат бюджетидан кампания мақсадлари учун 3,1 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳар бир партия Олий Мажлисда эгаллаган ўрни учун давлатдан оладиган йиллик маблағ устига қўшиладиган маблағдир.

ЕХҲТ кузатувчилари Ўзбекистонга келишди

Image copyright by GETTY Images

ЕХҲТ мамлакат бўйлаб 28 узоқ муддатли кузатувчи жойлаштиради

Мамлакат бўйлаб узоқ муддатли кузатувчиларнинг жойлаштирилиши

Ирландиялик сиёсатчи Еоган Мёрфи раҳбарлигидаги кузатувчилар ҳайъати сайлов жараёнига боғлиқ турли жараёнларни кузатиб боради. Буларга овоз берувчилар ва номзодларни рўйхатдан ўтказиш, кампанияни молиялаш, оммавий ахборот воситаларида ёритилиши, жойлардаги сайлов комиссияларининг фаолияти ва бошқалар киради.

Сайловчиларни рўйхатга олиш

Image copyright by GETTY Images

Фуқаролар ўзларининг овоз беришга тааллуқли ҳужжатларини онлайн ҳамда сайлови кунидан 15 кун илгари бевосита сайлов участкасининг ўзида текшира оладилар.

Сайлов кампаниясининг сўнгги куни

Сайловолди кампанияси расман овоз беришдан бир кун олдинги “сукут куни”да якунига етади. Овоз бериш куни барча сайлов тадбирлари тақиқланган.

Овоз бериш куни

Image copyright by GETTY

Овоз бериш маҳаллий вақт билан xx:xx да бошланади. Расман рўйхатга олинган 20,5 миллион сайловчи беш номзоддан бирини танлайдилар. Жорий Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилги президентлик сайловида қонуний сайловчиларнинг 88,6 фоизи овозини қўлга киритиб ғолиб бўлган эди.

Иккинчи давра сайлов - эҳтимолий

Image copyright by GETTY

Агар ҳеч бир номзод кўпчилик овозни эгаллай олмаса, энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида бир ой ичида иккинчи давра сайлов ўтади.

"Уверенно президентимиз президент бўлади"

Сайлов

"Эй, сайловни кўтариб нима қиласиз? Ундан кўра алимент ҳақида ёзсанглар бўлмайдими? Эзиб ташладику бу алимент! Янгийўлнинг ўзида, камида, 200 эркак гапиради агар шу ҳақида ёзаман десангиз!", ёзғиради йўловчилари журналист эканидан хабар топган таксичи.

Таксичи каби бутун мамлакат тақдири учун муҳим бўлган сайловдан кўра маиший муаммолар ечими билан андармон бўлишни афзал билиш кайфияти кўплаб янгийўлликларда ҳам кузатилади.

"Ҳозир участка кўтаряпман. Телевизор кўришга вақт йўқ - узр, номзодларни танимайман", хижолат чекади бозорда юрган эллик ёшлардаги эркак.

"Бошқаларни таниб нима қиламан? Уверенно ўзимизнинг президентимиз бўладилар", кулиб жавоб қайтаради ёш аёл.

"Албатта, сайловда қатнашаман", таъкидлайди Мирзиёевдан бошқа номзодни танимаслигини билдирган бир сотувчи аёл.

Номзодларни танимасангиз, сайловда овоз беришдан қандай маъно бор, деган саволга у шундай жавоб қайтаради:

"Ўша, халқимга хизмат қиламан, дейдиган инсонни танлайман".

Ижтимоий сўровда саволга тутилганлар орасида мамлакат навбатдаги президентни сайлаш арафасида турганидан бехабарлар ҳам учрайди.

"Билмадим, аҳамият бермабман. Бошқалардан сўраб кўринг, улар билса керак", хижолатомуз кулади сотувчи аёллардан бири.

"Ҳудудимизда нега юрганингиздан хабар бериб қўйингда!"

Янгийўлдаги можаро

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Янгийўл деҳқон бозорида одамлар билан суҳбат давом этар экан формасига "Маъмурият" сўзи битилган эркак камера томон яқинлашади.

"Мен бозор раҳбари муовини бўламан. Бир оғиз танишиб қўяйлик. Бизни курсга қўйинг, деяпман", яхши муомала билан гап бошлайди ўзини Муҳсин дея таништирган мулозим.

Иккинчи томондан келган қора курткали, кепка кийган ёш йигит чўнтагидан гувоҳнома чиқариб, кўрсата бошлайди.

Бозор муовинининг сўзларидан исми Рустам экани англашилган йигит Миллий гвардия ходими эканини билдиради.

Би-би-си мухбирининг ҳужжатлари билан танишган Рустам бозор "стратегик объект" экани, бундай жойга келган ОАВ вакиллари ишга киришишдан аввал маъмуриятни огоҳлантириб қўйиши лозим экани ҳақида гапира бошлайди.

Қонунда бундай талаб йўқ, деган жавобга Миллий гвардия ходими қайси қонунда шундай ёзилгани ҳақида сўрай бошлайди.

"Рустам, мен гаплашяпман. Ука, мен билан гаплашинг. Ҳали одамларимиз бундай даражага етиб бормаганда", вазиятни юмшатишга ҳаракат қилади бозор муовини.

Бозор ҳудудида ОАВ вакиллари хавфсизлигини таъминлашга масъул эканини билдирган мулозим одамлар билан суҳбатни давом эттиришда ёрдамини таклиф қилади.

Бозор муовини ҳамроҳлигида давом этган сўровнома иштирокчилари яна президентликка номзодларни танимаслиги ҳақида гапира бошлайди.

"Президентимиз келганларидан кейин бизни роса қийнаган мажбурий меҳнатдан қутилдик, инвестиция кира бошлади…" завқ билан президент Мирзиёев ислоҳотлари ҳақида гапиради ёши етмишдан ўтган отахон.

"Тасаввур қилайлик, сиз бошқа номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиқдингиз. Балки улар Мирзиёевникидан ҳам кўра яхшироқ ваъдалар бераётган бўлиши мумкин-ку?" деган саволга отахон шундай жавоб қайтаради:

"Гапингиз тўғри, лекин у кишининг тажрибалари барибир кўпда".

"Блогер бўлиши мумкин, провокатор бўлиши мумкин…"

Янгийўлдаги можаро

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Деҳқон бозорида бошланган сўровнома шаҳар кўчаларига кўчади.

Бироқ одамларнинг сайловолди кайфиятида ўзгариш мутлақо сезилмайди.

"Мирзиёевнинг ишларини кўряпмиз. Уни Каримов пайтидан бери таниймиз", сўзлайди сайловда кимга овоз беришини яширмаган катта ёшдаги аёл.

"Қолганлар нима иш қилиб қўйибдики, одамларни уларни танисин?" савол ила жавоб қайтаради у "Одамлар нега бошқа номзодларни танимаяпти, деб ўйлайсиз?" деган саволга.

Аёл билан суҳбат тугаган чоғ орқадан "Ҳей, ука!" деган овоз эшитилади.

"Мен Янгийўл шаҳар ҳокими ўринбосариман", ўзини таништиради қистовлардан сўнг фамилияси Ибрагимов эканини айтган эркак.

"Мана, рухсатноманглар бор экан. Қанақадир блогер бўлиши мумкин, провокатор бўлишинглар мумкин, деган мақсадда кимлигингларни сўраяпман", давом этади у мухбирнинг тегишли рухсатномаси билан танишиб чиққач.

Ибрагимов мухбирнинг фаолиятига ортиқча эътирози йўқлигини айтган пайт суҳбатга бошқа эркак қўшилади.

Аввалига ўзини таништирмаган, кейинроқ, фақат исми Алишер эканини маълум қилган эркак суратга олиш мақсадини тушунтиришни талаб қила бошлайди.

Мавжуд қонунчилик давлат хизматчисига журналистнинг фаолиятига аралашишни тақиқлаши ҳақидаги эслатма ортидан ҳокимлик ходими эканини билдирган Алишер талабларини юмшата бошлайди.

"Мана келибсиз. Бир оғиз сайлов бўйича одамларнинг кайфиятини билмоқчи эдим, менга бирор ходим ёки маҳалла раисини қўшиб беринглар, десангиз, биз таъминлаб беришимиз мумкин.

Бизнинг шаҳар ечилаётган масаладан хабаримиз бўлиши керакми ёки йўқми?" давом этади у.

Янгийўл шаҳри

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан танишувдан сўнг ҳам давом этган сўровнома мобайнида президентликка номзодлар ва уларнинг дастурлари билан таниш бўлган бирор янгийўллик учрамайди.

Нега миллиардлаб сарфланаётган маблағлар, мазкур сайловолди жараёнида номзодларнинг эътироф этилган фаоллиги ҳам одамларда сайловга бўлган қизиқиш уйғонишига туртки бермаётир, деган савол эса чуқур ўрганилиши зарур бўлган мавзуга дебоча ўлароқ қолаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek