Дайжест. Россия нотинч: яна намойиш, яна ҳибслар. СИЗОда ўзбекистонлик нимадан ўлди? Мигрантлар эса хурсанд: Россияга барибир кетамиз! O'zbekiston Rossiya migrantlar yangiliklar

Сурат манбаси, EPA/ARXIV
- Россиядаги ўзбекистонликлар намойиш жойларида бўлишдан огоҳлантирилмоқда;
- Жинсий зўравонликда айбланаётган ўзбекистонлик ҳибсда вафот этган;
- Ўзбекистонликлар арзонроқ йўл билан Россияга келишидан хурсанд;
- "Лексус" олиб қочаётган ўзбекистонлик автоҳалокатга учраган;
Намойиш жойларига борманг!
Бугун Россиянинг турли ҳудудларида Алексей Навальний тарафдорлари томонидан мухолифатчини қўллаб-қувватлашга қаратилган намойиш ўтказилиши кутилаяпти.
Сўнгги маълумотларга кўра, айни дамда мухолифат етакчисининг соғлиги ёмонлашгани боис, жазони ўташ жойидан хибсхона касалхонасига ўтказилган. Навальний 31 март куни очлик эълон қилган эди.
Бугун тонгданоқ намойишлар ўтказилиши режаланган майдон, кўчаларнинг панжаралар билан ўралгани ва у ерда кучишлатар тизимлар ходимлари, автозаклар тўплангани ҳақида суратли хабарлар ижтимоий тармоқларда кўрина бошлади.
Аллақачон Навальнийнинг сафдошлари Любовь Соболь ва Кира Ярмишлар ҳибсга олинган.

Сурат манбаси, EPA/ARXIV
"ОВД-Инфо" хабарига кўра, 21 апрелга мўлжалланган норозилик намойиши арафасида мамлакатнинг 20 га яқин шаҳарларида тинтувлар ва хибсга олишлар бошланган.
Россиядаги миграция бўйича ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбекистонлик муҳожирларни бу кунда норозилик намойишлари ўтказиладиган ҳудудларга яқин бормасликни тавсия этишмоқда.
Юристларга кўра, январь-февраль ойларидаги бу каби намойишлар ҳудудларидан тасодифан ўтаётиб хибс олинган мигрантлар ҳақида ёзиб, уларни турли кўнгилсизликлардан огоҳлантиришмоқда.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам бугун, 21 апрель куни расмий мурожаат билан чиққан.
Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмаслик, мамлакат қонунларига риоя этиш ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўраган.
Агентлик бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келишини эслатган.
Бундан аввал ҳам Россия бўйлаб Навальнийни қўллаб ўтказилган оммавий намойишлар фонида агентликнинг худди шунга ўхшаш мурожаат билан чиққани кўрилган.
Айланиш бўлсаям, арзонроқ йўл

Сурат манбаси, official
Ўзбекистондан Россияга қимматлашиб кетган авиабилетларни сотиб ололмаётган ўзбекистонликлар энди пандемия даврига қадар бўлганидек, қўшни мамлакатлар орқали Россияга ишлашга келишлари мумкин.
Россия ҳукуматининг янги қарорига кўра, Ўзбекистон фуқаролари учун Россияга 3-чи мамлакатдан келишига рухсат берилди.
Муҳими, янги қарор асосида рўйхатда келтирилган ҳар қайси давлатдан учиб келувчилардан Россияга киришга асос талаб қилинмайди.
Мазкур рўйхатда қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон, ўзбекистонликлар муҳожирликда кўп бўлиб турган Туркия каби давлатлар бор.
Аввалроқ, Россия Ўзбекистон билан авиақатновларни қисман тиклаганди.
Бунинг ортидан ўзбекистонликлар Би-би-си Ўзбек хизматига авиабилетлар нархи $1200 долларга чиқиб кетганидан нолишганини билдирганди.
Айни пайтда эса, Россиядан Ўзбекистонга $120-$150 доллар, Ўзбекистондан Россияга чипталар нархи $900-$1100 доллар атрофида эканини билдиришмоқда.
Пандемияга қадар ҳам ўзбекистонлик таниқли блогерлар, қолаверса, муҳожирларнинг айримлари ҳам Ўзбекистонга тўғри рейсларнинг нархлари қимматлиги боис, Қирғизистон ва Қозоғистон орқали учишни афзал кўришларини кўп бора таъкидлашган.
Ҳибсдаги ўзбекистонлик нимадан ўлди?

Сурат манбаси, VLADIMIR GERDO/TASS
Россиядаги ҳибсхоналарнинг бирида Ўзбекистон фуқароси вафот этди. Тахминларга кўра, айбланувчи ўз жонига қасд қилган.
38 ёшли ўзбекистонлик Сочидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида бўлган.
Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати мазкур воқеа юзасидан расмий сайтида маълумот берди.
Тергов бошқармасининг дастлабки тахминларига кўра, ўзбекистонлик айбланувчи ўз жонига қасд қилган.
Расмий сайт маълумотларида келтирилишича, марҳум жорий йилнинг январь ойида жинсий тажовузда гумон қилиниб ҳибсга олинган.
Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган Тергов қўмитаси.
Автоҳалокат жиноятдан қутқарадими?

Сурат манбаси, ANTON NOVODEREZHKIN/TASS
Санкт-Петербургда автоҳалокатга учраган ўзбекистонлик муҳожир Лексус машинасини ўғирлаб қочганликда айбланмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг аниқлашича, муҳожир бошқарувидаги хорижий автомашина ўғирланган бўлган.
Бахтсиз ҳодиса содир бўлганидан кейин машинани эгасига қайтариб берган, аммо бу мигрантни полиция билан учрашишдан қутқармаган, деб хабар қилди ИИВ Бош бошқармаси матбуот хизмати.
Хабарга кўра, ҳодиса ўтган ҳафта содир бўлган.
32 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳеч жойда ишламаган.
Aвтомобилнинг эгаси 30 ёшли савдо менежери бўлган, муҳожир уни кўчада автомобил ювадиган жойдан ўғирлаб қочган.
Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















