Дайжест: Ўзбекистонда рус тили ўқитувчилари кўпаяди, СССРдан кейинги мигрантларнинг даражаси нега тушиб кетди? O'zbekiston Rossiya migrantlar yangiliklar

Сурат манбаси, BBCUZBEK
- Ўзбекистонга яна рус тили ўқитувчилари юборилади;
- Мигрантлар ишга қайтиб, пул юбориш кўпайди;
- Кетма-кет сайловлар ва ўзаро кузатувчилар;
- Ўн йиллар олдинги мигрантлар яхшироқ ишларда эди;
Россиялик ўқитувчилар кўпаяди
Россия "Класс!" гуманитар лойиҳаси доирасида яна 100 нафар мутахассисни Ўзбекистонга юборишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Россия Таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. Вазирнинг биринчи ўринбосари Дмитрий Глушко Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан учрашуви якунлари бўйича бир қатор маълумотлар очиқланган.
Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистонда юзга яқин россиялик рус тили ўқитувчи ва мутахассислари бор.
2021 йилда 2,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ўқитувчилар рус тилини чет тили сифатида билиш ҳамда касбий ваколатлари бўйича синовдан ўтишган.
Бундан ташқари, россиялик ўқитувчилар ўзбекистонлик ҳамкасблари учун услубий семинарлар ўтказадилар.
Россиялик ўқитувчилар Ўзбекистон мактабларида сабоқ бериб, дарслар учун сценарийлар ва ўқув материалларини ишлаб чиқмоқдалар.
Дмитрий Глушко Усмон Шарифхўжаев билан музокаралар чоғида сўнгги ойларда Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш сифатини оширишда катта ютуқларга эришилганлигини таъкидлаган.
Пул юбориш ортмоқда

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонликлар йил бошидан буён ўз ватанларига $1,42 млрд юборишган.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, 2021 йилнинг январь-март ойларида республикага келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми қарийб 1,42 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 336 млн. долларга ёки 31% фоизга ошган.
Шунингдек, Ўзбекистондан чет элга юборилган халқаро пул ўтказмалари миқдори 353 млн. долларга етган.
"Натижада трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо қарийб 1,06 млрд. долларга етди", деб ёзади Марказий банкнинг Телеграмдаги расмий канали.
Сайловга тайёргарлик

Сурат манбаси, official
Бугун Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида делегациянинг Россияга расмий ташрифининг сўнгги куни.
Россия Давлат думаси матбуот хизмати хабарига кўра, Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан Москвада музокаралар ўтказган.
Володин ва Норбоева суҳбат чоғида икки мамлакат етакчилари Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев томонидан эришилган келишувларни амалга ошириш учун бор кучни ишга солиш зарурлигини таъкидлашди, дейилади хабарда.
Жорий йилнинг сентябрида Россияда Давлат думасига сайловлар бўлиб ўтади, Ўзбекистонда эса октябр ойида президент сайловлари режаштирилган.
Володин Ўзбекистон парламенти вакилларини Россиядаги сайловларни кузатишга келишга таклиф этган.
Шунингдек, хабарда томонларнинг россиялик депутатлар Ўзбекистон президенти сайловларига, ўзбекистонлик расмийлар эса Давлат думасига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этишга келишиб олишганлиги маълум қилинган.
Малакали мигрант керак эмасми?

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Россия меҳнат бозори чет элдан келган малакали мутахассисларга қизиқмайди. Мамлакатда хорижлик мутахассисларга бўлган талаб кескин тушган.
"Олий иқтисодиёт мактаби" Миллий тадқиқотлар университети иқтисодчилари Елена Варшавская ва Михаил Денисенко томонидан ўтказилган "Россия меҳнат бозоридаги чет эллик ишчиларнинг ҳаракати" тадқиқотининг натижалари шуни кўрсатадики, кейинги давр мобайнида (СССР қулаганидан бери) Россияга паст малакали мигрантлар келмоқда.
Иқтисодчи Дмитрий Прокофиев ўзининг Телеграм-каналида Россияга ХХ-ХХI асрлар бошида келганлар орасида ҳар бешинчи муҳожир (21,3%) олий маълумотга эга бўлганлигини таъкидлади. 2011 йилда улар 12 фоизга тушган.
Тадқиқотга кўра, 2000-йилларнинг бошларида Россия Федерациясига кирганлар орасида ўрта умумий маълумотга эга одамлар 39,5%, ўрта махсус - 31,4% ни ташкил этган.
2011 йилда эса ўрта маълумотли одамларнинг ярми (50,4%), ўрта махсус маълумотли - 24,1% бўлган.
Сўнгги ўн йил ичида малакасиз одамлар улуши 7,9% дан 13,6% гача кўтарилган, деб ёзади тадқиқотчи.
Шунингдек, олимларнинг ўрганишича, муҳожирларнинг иш жойлари ҳам ўзгарган.
Ўн йиллар олдин келганларга кўра ҳозиргилар тобора оддий касбларда ишлашмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















