Ўзбекистон: Ўз жонига қасд қилиш, жинсий тажовуз... Аёлни зўравонликдан қандай ҳимоя қилиш мумкин? Video O'zbekiston dunyo yangiliklar

Зўравонлик қаршисидаги аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўтган кунлар давомида Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан зўравонликларга учраган хотин-қизлар борасида қатор хабарлар юзага чиқди.

Улардан энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлгани - 16 ёшида икки бор зўрланиб, иши босди-босди қилиб юборилгани айтилган термизлик мактаб ўқувчиси ҳақидаги хабар.

Ўзбекистонликларни даҳшатга солган бошқа бир воқеа эса Хоразмда содир бўлган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бундай хабарлар ортидан Ўзбекистонда яна аёллар ҳуқуқлари у қадар ҳимоя қилинмаслиги, уларга нисбатан зўравонликларга кўз юмилиши масаласи яна қизғин муҳокама қилина бошланган.

Бироқ аёлларнинг зўравонликка учраши ҳолатлари ижтимоий тармоқда шов-шувга айланиб, расмийларнинг алоҳида назоратига олинмагунча эътибордан четда қолиб кетаётгани энг кўп баҳс қилинган мавзу бўлган.

"5 минг сўмга баҳоланган ҳаёт"

Саида Мирзиёева

Сурат манбаси, facebook

9 апрель куни ҳали балоғатга етмаган қиз ўтган йил давомида термизлик эркак томонидан икки бор зўрлангани, аммо қизнинг ота-онаси қанча ҳаракат қилмасин, ушбу иш бўйича 14 ой давомида бирор чора кўрилмагани тўғрисида хабар тарқалган.

Ушбу ҳолат Сенатда кўтарилиши ортидан кенг жамоатчилик эътиборига тушган.

Сенат мажлисида иш ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тинчитиб юборилгани тўғрисида маълумот берилган.

"Айниқса, Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан мазкур воқеа бўйича сифатсиз текширишлар ўтказилганлиги, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар қабул қилганлиги ҳамда жиноятни амалга оширган шахснинг дўстлари Термиз шаҳар ИИО ФМБда фаолият юритиши, шу сабабли иш бости-бости қилиб келинаётгани ота-онанинг сўнгги чора сифатида Сенатга мурожаат қилишига сабаб бўлган", дейилади расмий хабарда.

Ҳолатга, айниқса, президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Термиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини танқидга тутиши ортидан номусга тегиш ҳолати бўйича иш очилгани хабар қилинган.

"Жиноятчининг мансаби, ваколати ва алоқалари ҳеч қандай ҳолатда суд органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг адолатли бўлишига таъсир кўрсатмаслиги лозим," дея ёзган президент қизи.

Хоразмда юз берган бошқа бир воқеа эса ўзбекистонликларни бундан кам даҳшатга солмаган.

Унда йўлкирага қўшнилардан 5 минг сўм олгани туфайли турмуш ўртоғи ва унинг оила аъзолари томонидан калтакланган ва шундан сўнг ўз жонига қасд қилган 19 яшар келинчак ҳақида сўз боради.

Воқеага муносабат билдирган Саида Мирзиёева "ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳолангани" ҳақида ёзган.

Расмий маълумотларда на келинчак, на унинг яқинлари калтакланиш ҳолати бўйича бирор ерга арз қилмагани билдирилган.

Ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларда, аввало, аёлларнинг ўзи зўравонликлар тўғрисида сукут сақлашни афзал кўриши ёки тегишли жойларга мурожаат қилинганда ҳам, уларнинг арзига жиддий эътибор қаратилмаслиги ҳолатлари ҳануз учраётгани тилга олинган.

Одамлар нима дейди?

Ақида Ҳанум

Сурат манбаси, facebook

Жамоатчи фаол Ақида Ҳанумнинг Би-би-сига изоҳлашича, ўзбекистонлик аёлларнинг зўравонликлар борасида вақтида арз қилмаслигининг асосий сабабларидан бири ижтимоий босимдан қўрқувдир.

"Бизда шундай менталитет бор: агар мурожаат қилса, одамлар нима дейди, деб ўйлайди. Бундан ташқари мурожаат қилгудек бўлса, уйга қайтгандан кейин яна зўравонликларга учрашини яхши билади.

Ота-онасини уйига эса сиғмайди. Ўлигинг ўша уйдан чиқиши керак, дейишади", сўзлайди фаол.

Адабиётшунос, тадқиқотчи Диёра Абдужабборова эса ҳуқуқий саводхонлик даражаси пастлиги омили туфайли ҳам аёллар зўравонликлар ҳақида хабар бермаслигини таъкидлайди.

"Кўп аёлларимиз ҳуқуқ-тартибот органларига қандай мурожаат қилишни билмайди. Аёлларга ҳуқуқий кўмак берувчи ташкилот, фаоллар бўлса-да, одамларда улар ҳақида ҳам у қадар маълумот етарли эмас".

Диёра Абдужабборова, бир вақтнинг ўзида, кўпинча Ўзбекистонда аёлларнинг зўравонликка учрашиши ҳолати оилавий можаро ҳисобланганидан арз қилинган тақдирда ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари бундай масалаларга жиддий эътибор қаратмаслиги ҳақида гапиради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича юрист Дилфуза Куролова эса Би-би-си билан суҳбатда, асосий сабаб бўлмасада, бундай ҳолатлар бўйича иш очиб, тергов ҳаракатлари ўтказиш ва тегишли хулоса қабул қилиш ходимлар учун қўшимча юк бўлиши туфайли ҳам аризалар кўриб чиқилмаслиги ҳоллари учраб туришини айтади.

Шунингдек, у айрим орган ходимлари аёлларнинг зўравонликка учраши аҳамиятини яхши англамаслиги мумкинлигини тилга олади.

"Билишимча, мамлакатнинг барча туман [ички ишлар] бўлимларида бўлмаса ҳам, оиладаги зўравонлик масалалари бўйича ишлайдиган махсус мутахассислар бор. Лекин уларнинг сони етарли эмас. Борлари ҳам зўравонлик жабрдийдаларини ҳимоя қилиш қанчалик муҳим эканини яхши англамаслиги мумкин".

"Жиноятга тенглаштириш керак"

Дилфўза Куролова

Сурат манбаси, facebook

Дилфуза Куролованинг фикрича, ҳозирги қонунлар аёлларни зўравонликдан ҳимоя қила олмайди.

"Қандайдир даражада ҳимоя қилиши мумкин, лекин у ҳам вақтинчалик. Жабрланувчилар ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилганларидан сўнг янада кучайган зўравонликка дуч келадилар ва бу, ҳатто, ҳалокатли оқибатларга қадар олиб бориши мумкин.

Оиладаги зўравонликни жиноятга тенглаштириш керак! Зўравон ўз қилмишлари учун арзимас жарималар, ахлоқ тузатиш ишлари ёки кўпи билан 15 сутка ҳибс эмас, балки ҳақиқий жазо борлигини билмас экан, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди", қўшимча қилади юрист.

Бундан ташқари зўравонлик ҳолатларидаги учинчи шахсларга ҳам арз қилиш ва иш очтиришга рухсат бериш лозимлигини таъкидлайди.

"Ҳозир фақат жабрланувчигина судга арз қилиш ҳуқуқига эга".

Ақида Ҳанум эса ҳукумат зўравонлик ҳолатлари "босди-босди" бўлиб кетишининг олдини олиш механизмини ишлаб чиқиши даркорлигини айтади.

"Ҳатто, жабрланувчи аризасини қайтиб олган тақдирда ҳам, давлат ўша ишни охиригача олиб бориши керак", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek