Грин картага чеклов бекор бўлди – АҚШ, Ўзбекистон ва минтақа, video, O‘zbekiston, Putin, Mirziyoyev, koronavirus, yangiliklar

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Энди Грин карта осон бериладими? - АҚШ қирғизистонликларга ҳам виза чекловларини бекор қилгани маълум бўлди. "Янги президент Жо Байден Трампнинг муҳожирларга таллуқли барча фармонларини бекор қилишни бошлади. Бироз вақт ўтганидан кейин, балки вазият ўзгарса, яна виза олишга ҳужжат топшириб, ҳаракат қиламан", - дейди Отабек.
Жо Байден ташқи сиёсати: Россия, Хитой, Эрон, Афғонистон, Шимолий Корея - BBC News O'zbekiston
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Янги президент ва янги фармон
Жо Байденнинг янги фармони Қирғизистонда илиқ қаршиланди.
Янги фармонга биноан энди Грин карта визаларидаги чекловлар олиб ташланади.
Кеча, 21 январь куни бу ҳақда АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси расман маълум қилган.
Қирғизистон ҳукуматининг ўз фуқароларини бир йил ичида хавфсиз паспорт билан таъминлашга қаратилган ҳаракатларини юқори баҳолаган.

Сурат манбаси, official
"Сўнгги 12 ой ичида Қирғизистон ҳукумати саёҳат хавфсизлигини сезиларли даражада яхшилаганини олқишлаймиз. Биометрик идентификация чипларини ўз ичига олган электрон паспортлари ишлаб чиқилган ва тайёргарликнинг сўнгги босқичи якунланиш арафасида. Ушбу паспортлар Қирғизистон фуқароларига хавфсиз ва қулай саёҳат қилиш имкониятини беради. Шунингдек, Қирғизистон ҳукумати Интерпол билан ҳамкорликни яхшилаб, жиноятчилик ва терроризм бўйича маълумот алмашишни кенгайтирди", дейилади элчихона сайтидаги расмий баёнотда.

Сурат манбаси, Reuters
Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари қирғиз халқининг хавфсизлиги, якдиллиги ва фаровонлигини ошириш учун ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга содиқ қолиши ҳам қўшимча қилинади баёнотда.
Қирғизистоннинг янги биометрик паспортлари электрон чип ва лазер технологияси билан жиҳозланган. У ўттиздан ортиқ хавфсизлик хусусиятларига эга ва халқаро фуқаро авиацияси стандартларига жавоб бериши айтилади.
Янги биометрик паспортлар фуқароларга жорий йилнинг апрел ойидан берилиши кутилмоқда.
Дональд Трамп маъмурияти ўтган йили январь ойида Грин Карта визаларини етти мамлакат фуқаролари: Беларусь, Мяньма, Нигерия, Судан, Эритрея, Танзания ва Қирғизистонга ҳам беришни чеклаган.
Трамп маъмурияти чекловларни Қирғизистон фуқароларининг биометрик паспортга эга эмаслиги билан изоҳлаганди.
Бироқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги биометрик паспортсиз 80 дан ортиқ давлатлар рўйхатига қирғизистонликлар ҳам киритилганидан расман норозилик билдирган.
Америка Қўшма Штатлари ўтган йили иммиграция сиёсатини нафақат биометрикага, балки "террор хуружларидан ҳимоя қилиш" мақсадида ҳам ўзгартиргани айтилади.
Бугунги кунда Америкада қанча қирғизистонлик яшаётганига оид аниқ рақамлар мавжуд эмас. Норасмий маълумотларга кўра, АҚШда 10 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқаролари истиқомат қилади.
Билвосита Қирғизистон паспорти

Сурат манбаси, Getty Images
Аввалроқ Қирғизистон паспортлари Туркия ва Россиядаги терактларнинг билвосита ва тўғридан-тўғри иштирокчиларига берилгани маълум бўлган.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон 2016 йилда Истанбул аэропортида содир бўлган бир қатор портлашларга Қирғизистон фуқаролари ҳам алоқадорлигини айтган.
2017 йилда Санкт-Петербург метросида содир этилган терактда қирғизистонлик ака-ука Азимовлар айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
2018 йилда Швециядаги терактни режалаштиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган олти кишидан бири Қирғизистон фуқароси бўлиб чиққан.
Расмий Бишкек хуш қаршилаган сўнгги ўзгаришлар борасида оддий қирғизистонликлар нима дейди?
Америка Қўшма Штатларининг 46 президенти этиб сайланган Жо Байденнинг ғалабаси қирғизистонликлар учун нимани англатади?

Сурат манбаси, Getty Images
Феруза Шамшитдинова, менежер
Байденнинг президент этиб сайлангани қирғизистонликлар учун фойда бўлади, деб ўйлайман. Иммиграцион қонунларни юмшатади. Танишим бир неча марта Грин карта ўйнаб, юта олмаяпти. Улар оиласи билан АҚШга кетиш ниятида. Бу лотерея миграцияга яхши йўл.
Мен ўзим ҳам ўтган йили Америкага боришни ўйлагандим, лекин маҳаллий ташкилотга ишга кириш учун ҳужжат топширгандим, ўшани натижасини кутиб қолдим. Ишга олишармикан деб, АҚШга кетишни ният қилиб, танишлардан йўл-йўриғини сўраб юрсам, 20 февралда ишга чақиришди. Шу бўйича Қирғизистонда қолдим. Агар ҳозирги ишим ёпилиб қолса, балки кейин кетишни ўйлаб кўрарман.
АҚШ қирғизистонликларга виза чекловларини бекор қилди, деб ўқиганда, бу мамлакат қандай манфаатни кўзлаётган бўлиши мумкин, деган гап ҳам хаёлимга келди. Бу, бир тарафдан, биз учун ҳам хавотирли эмасмикан, ниманингдир эвазига бу ишни қилмадимикан, балки яна авиабазасини киритиш шарти билан эмасмикан, келажакни ўйлаганда, сиёсий маънода бирор нарса эвазига йўл очмадимикан деган хаёлга бордим. Мендан кейин ўғлим, сингилларим бор, улар учун ҳам хавфсирадим.

Сурат манбаси, courtesy
Хуршид Рўзиматов, АҚШ
Америкада муҳожирлик мавзуси жуда катта муаммодир! Бу мавзу шу даражада мураккаблашиб кетганки, ҳозирда ечимсиз ҳолатга келиб, турли соҳа мутаxассислари бу муаммога ўзгача йўналишда қарайди. Бу борада сиёсатчиларни фикрлари ёки уларнинг ечимлари психлогларни, иқтисодчиларни ёки айтайлик xалқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлариникидан фарқлидир.
Энди тассавур қилинг, Америкада 11 миллиондан зиёд ҳужжатсиз яшаётган ноқонуний муҳожирлар бор. Уларнинг кўпчилиги 45чи Президентнинг ташаббуси билан ижро этилган қонунлар асосида катта жабр кўрган, ота-оналаридан ажралган ва қанчадан-қанча оилалар айрилишига сабаб бўлган!
Энди президент Жо Байденнинг келиши жуда кўп муҳожирларга порлоқ умид бўлмоқда. Байден Трампнинг қабул қилган иммиграцион борадаги чекловларини бекор қилмоқчи ва 2020 йилгача Америкада ноқонуний яшаб келаётган муҳожирларга фуқароликка йўл очмоқчи.
Отабек Соҳиб, Нодавлат ташкилот ходими
Мен 2012 йили Америкага туристик ва иш сафари визаси билан бориб, у ерда халқаро ташкилотлар билан учрашиб, уч ҳафтада қайтганман. Сафарим давомида ҳеч қандай қонун бузмаганман. Бироқ 2017 йили яна иш юзасидан Америкага виза олиш учун элчихонага кирганимда, беришмаган. Аниқ сабабини айтишмаган. 2018 йили икки марта, 2019 йили ҳам икки марта виза олмоқчи бўлдим, фойдасиз. Нима сабабданлигини айтишмади. Бир неча маротаба консуллик хизматига виза бермаслик сабабини сўраб, ҳаттоки элчининг ўзига ҳам хат ёздим. Барчасининг жавоби бирдек, гўёки мен АҚШ ноимиграцион қонунларида кўзда тутилган талабларга жавоб бермайман. Хуллас, охири чарчаганимдан визага ҳаракат қилмай ҳам қўйдим. Кейин билсам, бу Трамп маъмурияти тарафидан сўнги беш йилда амалда қўлланилган виза чекловлари билан боғлиқ экан. Кўпчиликка шундай рад қилинибди. Бу чеклов фақат 2020 йилнинг январида расман тасдиқланди. Аслида эса...
Янги президент Жо Байден Трампнинг муҳожирларга таллуқли барча фармонларини бекор қилишни бошлади. Бироз вақт ўтганидан кейин, балки вазият ўзгарса, яна виза олишга ҳужжат топшириб, ҳаракат қиламан.
Абдувоҳид Абдукаримов, АҚШ, ҳайдовчи
Байден Трапмни муҳожирлар бўйича фармонларини бекор қиламан деган. Америка муҳожирларга муҳтож. Қора ишчи кучи керак. Лекин, яна бир тарафдан, Америкада муҳожирлар содир этаётган жиноятлар назарда тутилиб, баъзи чекловлар амалда қолса керак.
Байден собиқ президент Барак Обама давридаги сиёсатни олиб борса, муҳожирлар учун кўп имкониятлар бўлади. У пайтда кўплаб ноқонуний муҳожирлар ҳам эркин ҳаракатлана олган. Уларнинг оиласи бор. Фарзандлари Америкада туғилган, давлат фуқароси. Фақат ота-онаси ноқонуний муҳожир. Трамп даврида бундай оилаларни қамаб, узоқ муддатли суд жараёнлари бўлган. Уларни оилавий давлатдан қувиб юбориш имкони бўлмаган. Чунки болалари Америка фуқаролари бўлишган.
Ҳозир Байден келиб, иммиграцион қонунларни енгиллаштирса, бундай оилаларга осон бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















