Ўзбекистон: Мирзиёев Жиззахда, Жиззахда қулаган уй, “заправка”да ёнган Дамас ва сувсиз қолган Андижон – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston prezidenti

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: Мирзиёев Жиззахда, Жиззахда қулаган уй, "заправка"да ёнган Дамас ва сувсиз қолган Андижон - президент таътилдан қайтди, Ўзбекистонда қурилишлар қанчалик хавфсиз, газ қуйиш шохобчасида ҳалокат, энди Жиззахда аёллар йўлни тўсди - bbcuzbek.com дайжести.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Жиззах вилоятига келган.

Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи Марказий ҳарбий округнинг артиллерия бригадасини бориб кўришдан бошланганини хабар қилди.

Бу Мирзиёев меҳнат таътилига чиққани тўғрисида 4 январь куни берилган маълумотдан сўнг президентнинг фаолиятига оид илк расмий хабар бўлмоқда.

Ташриф чоғида президент Мирзиёев ҳарбий қисмлар эшиклари эл учун очиқ бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

"Ёшларни бу ерга олиб келиб кўрсатиш, ўргатиш керак. Бу уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз тарихи ва қудрати ҳақида билимларини бойитишга хизмат қилади", деган президент.

Давлат раҳбари аскарларнинг ўқув-машғулотларини кўздан кечирган.

Жиззах шаҳрида кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушиши мамлакатда қурилиш хавфсизлиги масаласининг яна бир бор ўртага чиқишига сабаб бўлган.

Жиззахда қулаган уй

Jizzax

Сурат манбаси, videograb

10 январь куни кечга томон ижтимоий тармоқда ҳали қурилиши битмаган уйнинг қулаб тушгани тасвирлари тарқалган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолатга зудлик билан ойдинлик киритган.

Маълум этилишича, Жиззах шаҳрида хусусий тадбиркор томонидан қурилаётган 6 қаватли бино 10 январь соат 17.10 қулаб тушган.

ФВВ, кузатув камераларини ўрганган ҳолда, ҳодиса туфайли ҳеч ким жабр кўрмаганини маълум қилган.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси авария сабабларини ўрганишга киришган.

Жиззах вилояти прокуратураси ҳам ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаган.

Расмий хабарда илк икки қавати савдо дўкони, 3-6-қаватлари яшаш учун мўлжалланган хонадонлардан иборат уйнинг 7 та хонадони қулаб тушгани айтилган.

Ҳозирча, уйнинг қулашига сабаб бўлган омиллар юзасидан дастлабки хулосалар эълон қилинмаган.

Маҳаллий нашрлар авария оқибатида бинога туташ бўлган икки қаватли савдо дўконининг бир қисмига ҳам зарар етгани ҳақида ёзган.

Мазкур воқеа ортидан ижтимоий тармоқда ўзбекистонликлар янги бинолар хавфсизлик талабларига қанчалик риоя этилган ҳолда қурилаётгани устидан назоратни кучайтириш зарурлигини муҳокама қила бошлаганлар.

Сувсиз Андижон

Andijon

Сурат манбаси, official

9 январь куни Андижон шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи қувур ёрилиб кетган.

Оқибатда, Андижон шаҳри, Олтинкўл ва Андижон туманларидаги 20 дан зиёд маҳалла сувсиз қолган.

"Ўзсувтаъминот" АЖ фавқулодда ҳолатга "Хонобод-Андижон" марказий ичимлик суви қувурининг сув тақсимлаш зулфини об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида ёрилиб кетгани сабаб бўлганини маълум қилган.

Расмийлар носозлик 11 январь куни бартараф этилиб, аҳолига 12 январдан яна сув етказиб берилишини билдирган.

Айни вақтда вақтинча сувсиз қолган аҳолига махсус транспорт воситалари орқали сув етказиб берилаётгани хабар қилинган.

Бир вақтнинг ўзида Наманган шаҳрининг ўндан ортиқ маҳаллалари ҳам ичимлик суви таъминотисиз қолгани тўғрисида хабарлар юзага чиққан.

"Наманган сув таъминоти" МЧЖ юқори босимли магистраль тармоқларда носозлик юзага келганини билдириб, аҳолини сув таъминоти вақтинча узилишидан огоҳлантирган.

Қамоқдан чиққан мурожаатлар

Ombudsman

Ўзбекистонда қийноқлар масаласидаги мурожаатларнинг аксари қамоқхоналардан йўлланади.

Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Daryo.uz нашрига берган интервьюсида маълум қилган.

Ҳозирга келиб эълон қилинаётган интервьюда Омбудсман фуқаролар қийноқлар бўйича зудлик билан тегишли жойларга мурожаат қилишлари зарурлигини таъкидлаган.

"Ҳақиқатан қийноқлар масаласи бўйича фуқароларнинг мурожаатлари бизга кўп келади. Лекин мурожаатларда айтилаётган ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш жуда ҳам мураккаб.

Чунки фуқаролар бу масала юзасидан ўз вақтида эмас, балки орадан маълум муддат: уч, олти ой ёки бир йил ўтганидан сўнг кечиктириб мурожаат қилишади. Бу пайтда улар айтган гапларни фактсиз исботлашнинг имкони йўқ", деган у.

Шунингдек, Муҳаммадиев ушбу масаладаги мурожаатларнинг 90 фоизи тергов жараёнларини оид эканини билдирган.

"Яъни фуқаролар ўз мурожаатини қамоқдан туриб ёзиб юборади. Улар "Мен қамоққа тушгунимча тергов жараёнида, судгача бўлган даврда қийноққа солиндим, лекин менга ҳеч ким ёрдам бермади", деган мазмунда мурожаат қилади. Лекин улар маҳкум сифатида жазо ўтаяпти, бизга орадан анча вақт ўтиб, кечикиб мурожаат йўллайди. Улар айтган ҳолат бўйича аниқлик киритиш имкони йўқ. Чунки уни исбот қиладиган далиллар йўқ бўлади", деган Омбудсман нашр билан суҳбатда.

"Заправка"да ёнган Дамас

O'zbekiston

Сурат манбаси, videograb

Ижтимоий тармоқда автомобилларга газ қуйиш шохобчасига кириш учун навбатда турган Дамаснинг ёниб кетгани видеоси тарқалган.

Видеога берилган изоҳда ҳолат Наманган вилоятида содир бўлгани айтилган.

Тарқалган бир дақиқали видеода "заправка"га жуда яқин масофада, тиғиз қаторлашиб турган ўнлаб машиналар орасидаги Дамас салони шиддат билан ёнаётгани, одамлар ундан нарига қочаётгани кўринади.

Кейинроқ бир қанча одамлар ўт ўчириш воситалари ёрдамида оловни ўчиришга уринаётгани кўзга ташланади.

ИИВ ЙҲХБ берган маълумотларга кўра, ҳолат Тўрақўрғон туманининг Кумидон МФЙ ҳудудида юз берган.

Расмий хабарда ёнғин автомобиль двигатель қисмидаги электр симларининг қисқа туташуви оқибатида юз бергани, жабрланганлар йўқлиги айтилади.

10 январь куни ярим тунда эса Наманганнинг Косонсой туманидаги "заправка"да навбатда турган инсон йиқилиб туриш натижасида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинган эди.

4 январдан мамлакатдаги "метан заправка"лар чекланган тартибда ишлай бошлаши ортидан ўзбекистонликлар автомобилга ёқилғи қуйиш учун навбатлар бир неча соатга узаяётганини таъкидлаганлар.

Йўлни тўсган аёллар

Jizzax

Сурат манбаси, Screenshot/gazeta.uz

Ўзбекистонда газ ва свет талаб қилган маҳаллий аҳоли яна автомобиль йўлини тўсиб қўйгани видеоси тарқалган.

Видеога берилган кадрорти изоҳда йўл тўсиш ҳолати бу сафар Жиззах вилоятининг "Навбаҳор совхози" (Пахтакор тумани)да рўй бергани айтилган.

Видеода, асосан, аёллардан иборат бир неча ўнлаб инсонлар катта йўлнинг бир қисмини тўсиб тургани кўринади.

Бироқ видео муаллифи ушбу ҳолат айнан қачон содир бўлганига аниқлик киритмаган.Kun.uz нашрининг расмийларга таяниб ёзишича, ҳолат Пахтакор туманининг Навбаҳор МФЙ ҳудудидан ўтган йўлда содир бўлган.

Вилоят ҳокимлиги вакиллари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари зудлик билан воқеага жойига етиб борганлар.

Расмийлар аҳоли мурожаатини тинглаган, ҳозирда, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракат қайта тикланган.

Аҳоли талабини бажариш мақсадида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бошчилигида комиссия тузилган.

Ўтган йилнинг декабрь ойи давомида Бухоро, Андижон ва Фарғона вилоятларида газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози аёллар айни кўринишда ўз норозилигини билдирган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek