Бокиралик текширилмайди, Россияга қарши айблов, Хитой алдадими ва уйғурларга яна бир қўллов - dunyo, koronavirus, jinsiy zo'ravonlik, uyg'urlar, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Бокиралик текширилмайди, Россияга қарши айблов, Хитой алдадими ва уйғурларга яна бир қўллов - суд ҳукми, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти энди нима қила олади ва Россия нимада айбланмоқда? Халқаро дайжест.
Хитой изн бермади
Расмий Пекин коронавируснинг келиб чиқишини ўрганаётган Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти гуруҳини Хитойга барибир киритмади.
Гуруҳ худди шу мақсадда Хитойнинг коронавирус дунёда илк бор расман қайд этилган Уҳан шаҳрига боришни режалаётган эди.
Аллақачон сафарини бошлаган гуруҳ аъзоларидан бирини Хитой ортга қайтариб юборган, бошқаси учинчи давлатда қолиб кетган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг айтишича, бунга виза билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлган.
Пекин бир неча ойлик музокаралар ортидангина, ўтган ой Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг текширувига розилик бергандек кўринганди.
Коронавирус 2019 йилнинг охирида Уҳанда топилган ва ўшанда унинг ёввойи ҳайвонлар бозоридан келиб чиққани айтилган.
Коронавирус манбаси борасидаги Хитой томонининг бу каби баёноти эса, ойларки, ташқи дунёда зиддиятли муносабатларга сабаб бўлиб келади.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус манбаси айнан қайси бир ҳайвон бўлгани ва унинг инсонларга қай йўл билан юққанига ойдинлик киритмоқчи.
Халқаро ташкилот худди шу мақсадда, ойларки, Хитойга 10 нафар халқаро экспертдан иборат гуруҳини юбориш учун иш олиб бораётганди.
Ўтган ой эса, ва ниҳоят, текширувларнинг 2021 йилнинг январида бошланиши маълум бўлганди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Хитой виза билан боғлиқ муаммоларни ҳали-ҳануз ҳал этмаганидан "жуда ҳафсаласи пир бўлгани"ни айтган.
Ҳозирга келиб, дунёда жами коронавирусга чалинганлар сони қарийб 90 миллион кишига етган. Вирус аллақачон икки миллионга яқин кишининг умрига зомин бўлган.
Парранда гриппи хавфи

Сурат манбаси, ANI
Дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлган Ҳиндистон энди парранда гриппи хавфи остида ҳам қолган.
Парранда гриппи аниқланиши ортидан, бутун мамлакат бўйлаб ўн минглаб ёввойи ғоз, қарға ва ўрдакларни йўқ қилишга киришган.
Масъуллар H5N8 штаммини ўтган ҳафта, турли штатларда қушлар галаси ўлик ҳолда топилиши ортидан аниқлашганди.
Федерал ҳукумат аллақачон "юқори огоҳлик" ҳолати эълон қилган, штатлардан парранда гриппи тарқалишининг олдини олиш учун "фавқулодда чоралар" кўришларини сўраган.
Кўплаб штаммлар одамлар учун хавфсиз эса-да, аҳолига ўлиб ётган ёки хаста кўринган қушлардан четда туриш маслаҳат берилди.
Парранда гриппига оид огоҳлик Ҳиндистон коронавирус пандемиясига қарши курашаётган бир пайтга тўғри келди.
Ҳозир пандемия Ҳиндистонда бироз сусая бошлаган, мамлакат эса, оммавий эмлаш дастурига ҳозирлик кўрмоқда.
Ҳиндистон келаси бир неча ой ичида юз миллионлаб одамларни коронавирусга қарши эмламоқчи.
Ҳиндистон Хитой билан бирга дунёнинг аҳолиси сони расман бир миллиарддан ошувчи иккита давлатидан биттаси бўлади.
Россияга қарши айбловлар

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ жосуслик идораларининг ишонишича, декабрь ойидаги "жиддий" кибер ҳужуми ортида Россия турибди.
Президент Трамп бундан аввал бу ишда Хитойни гумон қилган, аммо маъмуриятининг бошқа аъзолари айнан Москвага ишора қилишганди.
Жосуслик агентликларининг қўшма баёнотида айтилишича, кибер ҳужумдан ўнга яқин ҳукумат идораси зиён кўрган. Бошқа ташкилотларнинг маълумотларига ҳам дахл қилинган.
Уларга кўра, кибер ҳужуми кўламини аниқлаш учун ишлар ҳануз давом этмоқда. Кибер ҳужумдан мақсад эса, жосуслик маълумотларини тўплаш бўлган.
Янги тафсилотлар билан кибер ҳужумни ўрганишга масъул Cyber Unified Coordination Group чиққан.
Махсус ташкил этилган бу гуруҳ жосуслик агентликлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларини ўз ичига олади. Уларнинг орасида АҚШ Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Федерал Тергов Бюроси ҳам бор.
Бокиралик текширилмайди

Сурат манбаси, Getty Images
Фаоллар Покистон маҳкамасининг худди шу мазмундаги ҳукмини хуш қаршилашди.
Суд жинсий зўравонлик ҳолларини ўрганилаётган пайтда бокираликни текширишни маън этди.
Ҳукм Покистоннинг Панжоб вилоятида амал қилади, қизлик пардасининг бутун ёки бутун эмаслигини жисмоний - "икки бармоқ ёрдамида текшириш" амалиётига чек қўяди.
Лаҳор Олий суди ҳаками Ойша Малик бу каби текширувларни "хўрловчи", деб атаган. "Суд-тиббий экспертизаси учун бирор бир қиммати бўлмагани"ни айтган.
Фаоллар бу каби текширувларга чек қўйилишини анча пайтдан бери талаб қилишган, иккита петиция билан чиқишган ва алал-оқибат суд уларнинг талабларини қондирган.
Суд ҳукми Покистоннинг бошқа вилоятларида ҳам худди шу масала юзасидан Олий судларга мурожаат қилиш учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Жорий пайтда Синдҳ Олий суди ҳам бокиралик текшируви билан боғлиқ аризани кўриб чиқмоқда.
Лаҳор ишида петициячиларни ҳимоя қилаётган адвокат Самир Хосанинг Би-би-сига айтишича, суд ҳукми "жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳар қандай ишда бу каби текширувларнинг суд-тиббий экспертиза учун бирор бир аҳамиятга эга эмаслиги"ни аниқ белгилаб берган.
Адвокат энди тегишли идоралар "ўз фаолиятларини худди шу ҳукм асосида қайта кўриб чиқишлари ва бокиралик текширувларига буткул чек қўйилиши"га умид қилиб қолган.
Уйғурларга яна бир қўллов

Сурат манбаси, Getty Images
Бу гал Буюк Британиянинг асосан кийим-кечак сотишга ихтисослашган машҳур ширкати - Marks&Spencer Хитойнинг Шинжон Уйғур мухтор бўлгасидаги инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолларига қарши кампанияга ёзилган.
Ўтган йил декабрь ойида Би-би-си Хитой минглаб уйғурлар ва бошқа миллий озчиликларни Шинжонда мажбуран пахта йиғим-теримига жалб этаётганига оид янги далилларни ошкор қилганди.
Бу ҳам кийим-кечак сотиш билан шуғулланувчи ширкатларга Шинжон пахтасини олмасликка бўлган босимларни кучайтирганди.
Marks&Spencer нинг ўзи турли манбалардан йилига 40000 тоннага яқин пахта толасидан фойдаланади, аммо маҳсулотлари таркибида минтақада етиштирилган пахтанинг йўқлиги айтилади.
Ҳаракатга даъват эса, уйғур халқига нисбатан ҳуқуқбузарликларга барҳам беришни истаган фуқаролик жамияти ташкилотлари ва меҳнат жамоалари коалициясининг ташаббуси бўлади.
Коалициянинг таъкидлашича, ҳозирги пайтда ушбу ҳудуддан кийим-кечак, тўқимачилик, ип ёки пахтани етказиб берадиган ҳар қандай бренд инсон ҳуқуқлари бузилиши, шу жумладан, мажбурий меҳнатдан фойда кўрмоқда.
Anti-Slavery International ташкилоти сўнгги янгиликни мамнуният билан қабул қилган ва бошқа бошқа улгуржи кийим-кечак сотиш билан шуғулланувчи ширкатларни ҳам шу йўлдан боришга ундаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















