Ўзбекистон: Яқин соатларда электр узилиши кузатилади – вазирлик огоҳлантирди, янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон: Яқин соатларда электр узилиши кузатилади - вазирлик огоҳлантирди, об-ҳавонинг эса, айнан шу кунларда кескин совиб кетиши кутилмоқда. Хабарларга кўра, чироқ Ўзбекистондаги айрим ҳокимликларнинг ўзида ҳам йўқ. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири эса, ишдан ҳайдалди - bbcuzbek.com дайжести.
Вазирлик огоҳлантирди
Мамлакат бўйлаб яқин соатларда электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилади.
Бу ҳақда 5 январь куни кечқурун Энергетика вазирлиги огоҳлантириб чиққан.
4 январь куни Қашқадарёдаги нефть ва газ конлари электр таъминотидан узилиб қолган ва, оқибатда, иссиқлик электр станцияларига етказиб берилаётган табиий газ ҳажми қисқариб кетган эди.
Бунинг ортидан республика бўйлаб электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилган.
Энергетика вазирлиги носозлик 4 январь соат 23.00 гача бартараф этилишини билдирган бўлсада, узилишлар эртаси куни ҳам давом этган.
"Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар сабабли аварияга қарши автоматика ишлаган".
"Энергетик қурилмаларга шикаст етмаслик учун ускунанинг технологик ҳимояси автоматик равишда ишлаган ва айрим электр станциялардаги энергоблоклар ўчирилди", дея баёнот берган 5 январь куни вазирлик.
Вазирлик энергоблоклари ўчиб қолган электр станцияларида қайта тиклаш ишлари олиб борилаётганини билдириб, бир вақтнинг ўзида, истеъмолчиларни яқин соатларда электр энергияси таъминотидаги қисқа узилишлардан огоҳлантирган.
Ишдан ҳайдалган вазир

Сурат манбаси, Xalqaro Press Klub
Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарагани туфайли уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев лавозимидан ҳайдалган.
Газета.уз нашрининг ўз манбасига таяниб ёзишича, 4 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомитдинов иштирокида йиғилиш ўтказилган.
Йиғилиш ортидан президентнинг 5 январь кунги фармони билан уй-жой коммунал хўжалик вазири Музаффар Солиев «ишда йўл қўйган хато-камчиликлари, берилган огоҳлантиришлардан тегишли хулоса чиқармагани» учун лавозимидан озод қилган.
Нашр манбаси, бундан ташқари, президент Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиевга ҳайфсан эълон қилгани ҳамда қурилиш вазири Ботир Зокировга огоҳлантириш берганини маълум қилган.
Шунингдек, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқонов ҳам ишдан ҳайдалган.
Чироғи йўқ ҳокимлик

Сурат манбаси, official
Мамлакат бўйлаб кузатилган электр энергияси таъминотидаги ялпи узилишлар ортидан Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров туман аҳлига мурожаат билан чиққан.
У электр таъминоти яхшиланишини талаб атаётган одамларга туман ҳокимлиги биносида ҳам чироқ йўқлигини билдирган.
У ўз мурожаатида электр тақчиллиги ҳокимлик даражасида ҳал этиладиган муаммо эмаслигини билдириб, туман аҳолисидан вазиятга "очиқ кўз" билан қарашни сўраган.
"Бу муаммони бартараф этиш юзасидан туман ҳокимлиги номидан юқори турувчи Республика ташкилотларига, хусусан, Энергетика вазирлиги, таъминотчи соҳа раҳбариятига бир неча бор расман алоқага чиқиб,аҳволни яхшилаш тўғрисида талаблар қўймоқдамиз", ёзган ҳоким.
Зокиров туманда электр узилишидан маҳаллий раҳбарият ҳеч қандай наф кўрмаслигини таъкидлаган.
"Туман ҳокими сифатида шахсан мен ҳам шу туманда яшайман. Мавжуд ҳолат туфайли ҳокимият биносида ҳам электр таъминоти йўқ".
"Туманда чироқ бўлмаслигидан туман раҳбарияти учун ҳеч қандай манфаат йўқ", деган ҳоким ўз мурожаатида.
"Бутун ҳокимият тизимига кириб улгурдик"

Сурат манбаси, Screenshot
6 январь куни Сурхондарёда вилоят ҳокимлиги дохил ўндан зиёд шаҳар ва туманларнинг расмий сайтларига хакерлар ҳужум қилган.
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ушбу хабарни тасдиқлаб, айни вақтда, сайтларни қайта тиклаш ишлари кетаётганини маълум қилган.
Вилоят ҳокимлиги сайтида қолдириб кетилган хабарда ҳужум бўйича масъулиятни "Clone Security" хакерлар гуруҳи ўз зиммасига олгани кўринади.
Хабарда гуруҳ вилоят ҳокими Тўра Боболовга мурожаат қилиб, агар ҳокимликнинг ахборот технологиялари бўлимига малакали мутахассислар ишга олинмаса, ҳокимнинг "ёпиқ қарор ва фармойишлари"ни интернет бўйлаб "шармандаларча" тарқатиб юбориш билан таҳдид этган.
"Хавотир олманг, сизнинг "тупой" АКТ ходимларингиз шарофати билан биз бутун ҳокимият тизимига кириб улгурдик…"
"…агар ходимларни ишга олиш тартибини ўзгартирмасангиз, биз сизга гуруҳимиз номидан ваъда берамиз бутун бошли тизимни ишдан чиқарамиз», деган хакерлар қолдирилган хабарда.
Қашқадарёда портлаш юз берди

Сурат манбаси, official
6 январь тонгида Қарши шаҳридаги "Отчопар" маҳалласидаги хонадонлардан бирида портлаш юз берган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлаш газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юзага келганини маълум қилган.
Портлаш оқибатида бинонинг деворлари қулаб тушган.
Воқеа жойига етиб борган қутқарувчилар қидирув-қутқарув ишларини бошлаб юборган.
"Афсуски, ушбу ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаронинг жасади вайрон бўлган уй ичидан олиб чиқилган", дейилади ФВВ хабарида.
Конституцияга ўзгартириш киритилади

Сурат манбаси, official
Сенаторлар Конституцияга киритилаётган ўзгаришларни маъқуллаган.
6 январь куни иш бошлаган Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланган.
Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар, асосан, судлар фаолиятига оид бўлиб, 14 та ҳудудда умумюрисдикция судлари ташкил этилиши ва туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиши режаланмоқда.
"Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштирилиши, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга эришиш билан бир қаторда, энг аввало, фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосининг бир жойда ҳал қилиниши имконини беради", дейилади Сенат хабарида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















