Ўзбекистон учун "хавфсизлик муҳим", Россия нима билан огоҳлантирди? - O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон учун "хавфсизлик муҳим", Россия нима билан огоҳлантирди? - Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосарининг бу сўзлари Россия Ташқи ишлар вазирининг навбатдаги огоҳлигидан унча кўп ўтмай янгради.
Содиқ Сафоев Халқаро пресс-клубнинг 30 декабрдаги сессиясида Афғонистоннинг Ўзбекистон учун нега муҳимлиги саволига хосан ойдинлик киритди.
Афғонистон билан ўзаро муносабатларни ривожлантиришдан кўзланган иккита муҳим нуқтага тўхталди, бу энг аввало хавфсизлик ва иқтисодий сиёсат масаласи эканини айтди.
"Афғонистоннинг Ўзбекистон учун муҳимлиги нимада? Биринчидан, албатта хавфсизлик масаласи", - деган Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари.
Унинг бу сўзларини Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрларидан бири бўлган kun.uz келтириб ўтган.
Содиқ Сафоевдан келтирилган иқтибосга таянилса, "Афғонистондаги тинчлик, у ердаги террористик, экстремистик гуруҳларга қарши кураш бу - Ўзбекистонга бевосита чегарадош бўлган давлатлар ҳудудида ўзлари учун хавфсизлик барпо этиш омили" бўлади.
Афғонистонга, йилларки, хавфсизлик призмасидан қараб келган Ислом Каримовдан фарқли равишда ҳали муваққат президент экан, Шавкат Мирзиёев беқарор жанубий қўшнилари билан ҳам ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятини изҳор этган.

Сурат манбаси, COURTESY
Ўзбекистонга бевосита чегарадош ва узоқ йиллик урушлар ичидаги Афғонистон дунёнинг ўзбек жангари гуруҳлари фаол ва бошпана топиб келаётган саноқли давлатларидан бири экани кўрилади.
Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосарининг бу сўзлари эса, Россия Ташқи ишлар вазирининг навбатдаги огоҳлигидан саноқли ҳафталар ўтиб янграган.
Сергей Лавров Афғонистон бўйича сўнгги халқаро Женева анжуманида онлайн чиқиш қиларкан, ИШИДнинг минтақага таҳдидидан яна бир бор огоҳлантирган.
Гуруҳ "ўз жангариларини Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолида тўплаётгани ва минтақада ёйилишга ҳозирлик кўраётгани"ни баён қилган.
"ИШИД худди шу мақсадда Афғонистон шимолида плацдарм яратиш ҳаракатларидан ҳали-ҳануз воз кечмаган"ини даъво қилган.

Сурат манбаси, COURTESY
ИШИД Афғонистонда экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати тўлиғича ва ошкора байъат келтирган сўнгги жангари гуруҳ бўлади.
Дастлаб Ўзбекистонда асос солинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўз вақтида дунёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳига ҳам қиёс берилган.
Бу Россия томонининг ИШИДнинг минтақага таҳдиди борасида биринчи огоҳлантириши эмас.
Расмий Москва, айниқса, сўнгги йилларда айни мазмундаги баёнотларини кучайтирган, Кремлнинг империалистик амбициялари манзарасида эса, бу каби чиқишлар минтақавий сиёсий таҳлилчилар орасида қарама-қарши баҳо, таҳлил ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Айниқса, Россия томонининг бу галги огоҳлиги Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи деярли тўлиғича мавҳ этилган, Афғонистондаги жангарилари асосан жон сақлаш мавқеида эканига оид баёнотлар манзарасида янграгани билан бу гал алоҳида аҳамият касб этган.
Россия бу билан нима демоқчи?

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов.
Таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
"Одатда, дунёдаги қудратли геосиёсий ўйинчилар, глобал ва минтақавий иштирокчилар ўзларининг йирик лойиҳалари, геосиёсий ва геостратегик иштирокларини маънавий жиҳатдан асослаш, легитимлаштиришга ҳар доим алоҳида урғу бериб келишган. Россия Федерацияси, одатига кўра, Марказий Осиё минтақаси ҳақида гап кетар экан, ҳар доим Афғонистондан келадиган, кутилаётган таҳдидлар тўғрисида муттасил гапириб келади.
Россия Федерацияси - демографик жиҳатдан секинлик билан сўниб бораётган, иқтисодий жиҳатдан ўзининг глобал салоҳиятига номутаносиб кичик улушга эга бўлган, дунё ишларида сиёсий улуши қисқариб бораётган давлат ҳисобланади. Шу сабаб, Россиянинг демографик, иқтисодий ва глобал миқёсдаги сиёсий салоҳиятининг қисқариб боришига нисбатан, "сўниб бораётган қудратли давлат" тарифи қўлланилади.
Бугунги Москва учун постсовет ҳудуди - алоҳида мақомдаги ҳудуд ҳисобланади. Россия геосиёсий концепциясига кўра, "Яқин хориж" - "Ближнее зарубежье" бу - собиқ СССР таркибига кирган давлатларга нисбатан ишлатилади, бу давлатлар тарихий, маданий ва сиёсий нуқтаи назардан Россия ташқи сиёсати учун устувор давлатлар ҳисобланади.
Постсовет ҳудудидаги энг катта географик ва демографик ҳудуд - бу Марказий Осиё саналади. Беш республикада жами бўлиб тахминан 75 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудий жойлашуви жиҳатдан минтақа давлатлари ниҳоятда улкан, аҳамиятли ҳисобланади. Бугун, айтиш мумкинки, Марказий Осиё минтақаси глобал геосиёсий чорраҳага айланиб бормоқда. Шиддат билан ўсиб бораётган Хитой Халқ Республикаси ва уни ўзига глобал рақиб кўраётган АҚШ, Ҳиндистон, Туркия, Эрон ва араб дунёси - буларнинг барчаси муносабатларида Марказий Осиёнинг ўрни ва аҳамияти ўсиб бормоқда.
Россия Федерациясининг 21-асрдаги тақдири учун Марказий Осиё, назаримда, мутлақ аҳамиятга эга. Москва ўзининг Марказий Осиё минтақасидаги геостратегик таъсирини ушлаб туриш ва парваришлаш мақсадида шу пайтгача ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий-сиёсий йирик лойиҳаларни шакллантирди. Россиянинг постсовет ҳудудидаги энг асосий ҳарбий-сиёсий лойиҳаси КХШТ бўлса, иқтисодий интеграцион лойиҳаси ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ҳисобланади. Бу лойиҳаларнинг пировард мақсади - постсовет ҳудудидаги давлатларни ўз назорати остида ушлаб туриш, Россия манфаатларига боғлаш ва йўналтириш ҳисобланади.
КХШТ ҳарбий-сиёсий блок сифатида ўзини маънавий оқлаши учун жамоатчилик кўз ўнгида легитим, яъни, асосли бўлиб кўриниши учун Марказий Осиё давлатларига жиддий ташқи таҳдидлар борлиги чуқур ва кенг асосланиши назарда тутилади. Бугунги кунда Россиянинг ўзи ҳам, АҚШ, Ўзбекистон ҳам толиблар билан муттасил мулоқот ва музокаралар олиб борар экан, Афғонистон билан боғлиқ хавотир ва таҳдидларни асослаш учун ягона восита қолади - бу ИШИД.
Аслида, кузатувчилар яхши билишадики, бугун Афғонистонда ИШИДнинг салмоқли таъсири мавжуд эмас. Бу гуруҳ Афғонистоннинг у-бу минтақаларида терактлар амалга ошириши мумкин. Лекин жиддий куч тўплаб ташқи давлатларга хужум қилиш қобилияти борлиги, бошқа давлатларнинг хавфсизлик тизимларига зарар етказиш қобилияти мавжудлигини ҳеч бир кузатувчи тасдиқламайди.
Ўтган йиллардан маълумки, Россия сиёсатчилари, ҳарбийлари Афғонистондан кутилаётган ИШИД таҳдидини ҳар доим алоҳида урғулаб келишади. Бу Россиянинг Марказий Осиё ва Афғонистон хавфсизлиги борасидаги доимий сиёсий технологияси ва кундалик баёноти ҳисобланади. Реал вазият қандай бўлишидан қатъиназар, Россия ўзининг минтақадаги иштирокини парваришлаш мақсадида бу баёнотларни ўта жиддийлик билан такрорлайверади. Лекин бугун ташқи дунё бу баёнотларнинг асосан сиёсий технология эканлигини яхши англайди ва шу сабаб, жиддий журналистлар ва экспертлар бу борада Россия сиёсатчиларига текширувчи аниқлик киритувчи саволлар ҳам бериб ўтиришмайди.
Агар келаси йиллари, Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сони жиддий қисқартирилган тақдирда ҳам, ИШИДнинг бу давлатда қайта илдиз отишига энг ашаддий қаршилик қилувчи анча қудратли куч - бу толиблар ҳисобланади. Толиблар ва ИШИД бир-бирини ўта аёвсиз рақиблар сифатида кўришади. Шу сабаб, Россия Ташқи ишлар вазирининг Афғонистондаги ИШИД борасидаги баёнотини бўрттирилган ва сиёсий йўналтирилган, деб қабул қилиш мумкин".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















