Тоҳир Йўлдош ўғли ўлдирилдими? – Ўзбекистон ва Афғонистон, O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Тоҳир Йўлдош
Сурат тагсўзи, Тоҳир Йўлдош

Тоҳир Йўлдош ўғли ўлдирилдими? - Афғонистон Мудофаа вазирлиги худди ана шундай баёнот билан чиққан. Вазирлик Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳамасосчиси ва ҳаметакчисининг ўғли ҳалок этилгани, набираси яраланганини айтмоқда.

Аммо Абдул Азиз Йўлдошнинг қандай ўлдирилгани борасидаги хабарлар ҳозирча бир-бирига зид.

Вазирлик баёнотида айтилишича, марҳум Тоҳир Йўлдошнинг ўғли бугун, пайшанба куни Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятининг Ғўрмоч туманида олиб борилган ҳарбий амалиёт чоғида ҳалок бўлган. Ҳикмат Азиз ўғли эса, яраланган.

Ғўрмоч, йилларки, Фарёбнинг энг беқарор туманларидан бири бўлиб келади.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги Абдул Азиз Йўлдош ўғли ва Ҳикмат Азиз ўғлига оид бошқа маълумотларни очиқламаган.

Тоҳир Йўлдош ўғлининг жасади ва яралангани айтилаётган набирасининг тақдири ноаён қолган, вазирлик ўз баёнотида бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган.

Вазирлик айнан нимага таяниб, бу каби хулосага келгани омилларини ҳам очиқламаган.

Ғўрмочда ҳарбий амалиёт нега йўлга қўйилгани, унда қанча жангарининг ўлдирилиб, ярадор қилингани ва уларнинг орасида яна Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ҳам ҳозирча маълум эмас.

Jangarilar

Сурат манбаси, video

Фарёб вилояти ҳокимининг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, Абдул Азиз Йўлдош Афғонистонда энг хатарли "террорчи"лардан бири сифатида кўрилган.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, у ўз вақтида ИШИД сафларига ҳам қўшилган.

"ИШИД билан ҳамфикрлиги сабаб, Абдул Азиз Йўлдош толиблар томонидан қамоққа ҳам ташланган, қамоқхонадан чиққанига олти ой бўлган. Ўшандан буён Фарёбда фаолият юритиб келган".

"Отаси сабаб, Афғонистоннинг қатор вилоятларидан бошпана топган асли ўзбекистонлик жангарилар унга катта ҳурмат кўрсатишган, ундан буйруқ олиб келишган", - дейди Фарёб вилояти ҳокими.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги ҳам ўз баёнотида Абдул Азиз Йўлдош ўғлининг Фарёбдаги қатор террорчилик ҳужумларида қўли бўлганини айтиб ўтган.

Ўз исм-шарифини ошкор этишни истамаган бошқа бир хавфсизлик манбасининг Би-би-сига айтишича эса, унинг ўлимига ички ихтилоф сабаб бўлган.

Манбага кўра, Абдул Азиз Йўлдош Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Имом Бухорий катибасига етакчилик қилган.

Аммо унинг қўл остида қанча жангариси бўлгани, қачондан бери, Афғонистоннинг қайси минтақаларида фаолият олиб боргани, таянч нуқталари, мақсади борасидаги тафсилотлар маълум эмас.

Ҳатто хавфсизлик манбаси Би-би-сига айтган шу маълумотларнинг ўзи ҳам шу пайтгача бошқа бирор бир ерда учрамаган.

Ҳаракат Покистондан Афғонистонга қайтган 2015 йилда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирганини эълон қилган.

Аммо орада сафлари парчаланиб, яна Афғонистондаги илк ва энг яқин иттифоқчиси бўлган Толибон ҳаракатига мойил ўзаги ажралиб чиққанига оид хабарлар олинган.

Бу гуруҳ ўзини қайта Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган, аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан янги лидерини номини очиқламасликни маъқул, деб топгани маълум бўлганди.

Сўнгги янгиликка ҳозирча на-да Ўзбекистон Исломий ҳаракати, на-да ИШИД ва на-да расмий Тошкент ўзининг муносабатини билдирган.

Тоҳир Йўлдошнинг ўғли...

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, COURTESY

Марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг Афғонистон шимолида эканига оид хабарлар илк бор 2017 йилнинг февраль ойида матбуотда бўй кўрсатган.

Хабарларда унинг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг бошқа бир шимолий вилояти - Сарипулнинг Сайёд туманига келиб жойлашиб олгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг бошлаётгани ҳақида айтилган.

Сарипуллик масъуллар, ўз таъбирларида, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этишган.

Сарипул вилоят ҳокими матбуот воизи Забиуллоҳ Омоний ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ўзбекистонлик бир қанча оила билан бирга бир неча ойча бурун Сайёд туманининг Шотут минтақасига келиб жойлашиб олгани, бунга ўзларига имконли бўлган жосуслик маълумотлари далолат қилганини билдирган.

Жаузжон

"Бу жангарилар ИШИД гуруҳи фаолиятини кенгайтиришга уриниб, маҳаллий аҳоли орасидан ўзларига янги аъзолар ёллашга ҳаракат қилишмоқда ва биз бундан ташвишдамиз", - деб айтганди матбуот воизи.

Орадан қисқа вақт ўтмай, Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум ҳам худди шундай баёнот билан чиққан.

Генерал Дўстум телевизион чиқишида Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятининг Дарзоб туманига ўтганини айтган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг сўзларидан Тоҳир Йўлдошнинг ўғлига оиласи билан бирга бўлган қатор жангарилар ҳам ҳамкорлик қилишгани маълум бўлган.

Аммо генерал Дўстум на-да уларнинг қачон, қандай мақсад билан Дарзобга келишгани ва на-да Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ўғлининг мақоми, ёши, исм-шарифига тўхталган.

Афғонистон биринчи вице-президенти бу каби ҳолат ИШИД жангариларига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини англатишини айтиш билан кифояланганди, холос.

Орада кечган вақт давомида Би-би-си Ўзбек хизматининг унинг тақдирига ойдинлик киритиш уринишлари эса, бирор бир самара бермай келаётганди.

Генерал Дўстум эса, ўтган ой "Ўзбекистон исломий ҳаракати"нинг собиқ раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг қизи Мукаррамахон Афғонистоннинг Тоғли Бадахшон вилоятида террорчи гуруҳларга раҳбарлик қилаётганини иддао қилган. Уларни ҳимоя қиладиган "эга"лари бор", деб айтган.

Бу ҳақда Озодликнинг Афғонистондаги мухбири Олим Кўҳкан хабар берганди.

Аммо Афғонистоннинг ҳозирда собиқ биринчи вице-президенти ўзининг чиқишида бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмагани англашилганди.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, COURTESY

Ўғлининг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий вилоятларида фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар отаси - Тоҳир Йўлдош ўлимидан қарийб ўн йилча ўтиб ўртага чиққан.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳамасосчиси ва дастлабки етакчиси 2009 йилнинг август ойида Афғонистонга бевосита қўшни Покистон шимоли-ғарбида америкаликларнинг дрон ҳужумларида ўлдирилган.

Тоҳир Йўлдошнинг ўрнига ҳаракат раҳбари этиб куёви Усмон Одил тайинлангани хабар берилган, аммо орадан уч йил ўтиб, унинг ҳам худди шу тариқа ўлим топгани маълум бўлганди.

Ўшандан буён Ўзбекистон Исломий ҳаракатига Усмон Ғозий исмли шахснинг етакчилик қилиб келаётгани айтилган эса-да, унинг марҳум Тоҳир Йўлдошга бирор бир алоқаси бор-йўқлиги маълум эмас.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, COURTESY

Худди шунингдек, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг оиласи ва Тоҳир Йўлдош ўлими ортидан, уларнинг кейинги тақдири нима бўлганига оид ишончли маълумотлар ҳам шу кунгача имконли эмас.

Aфғон ҳукумати сўнгги йилларда уларга қарши кенг кўламли қатор ҳарбий амалиётларга қўл урган, орада Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Толибон ўртасида қақшатқич жанглар кечганига оид хабарлар ҳам олинган.

"The Long War Journal"нинг ёзишича, лидерининг минтақадаги анъанавий иттифоқчиларидан воз кечиш қарори унинг тарафдорлари учун ҳалокатли бўлган.

Ўшандан буён ҳаракат раҳбари Усмон Ғозийнинг тақдири ҳам ноаёнлигича қолмоқда.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган. Ўз вақтида аъзолари бир неча мингга нисбат берилган.

Афғонистонлик экспертларнинг баҳоларига таянилса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳозирга келиб, жуда заифлашган.

Аксар жангарилари ўлдирилган ёки афғон ҳукумат кучларига таслим бўлган.

Ҳаракат сўнгги бор байъат келтирган Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи эса, деярли тўлиғича мавҳ этилган.

Каримов даври Ўзбекистони Афғонистонга ҳамиша хавфсизлик призмаси орқали қараб келган.

Янги Ўзбекистон Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятини изҳор этган, худди шу манзарада Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан хавотирлари ҳам ҳали буткул аримагани англашилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek